Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Майнинг-пул фаолиятини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 20 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3507]
Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3150-сон «Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ва 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ буюраман:
1. Майнинг-пул фаолиятини амалга ошириш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2024 йил 19 февраль,
17-сон
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2024 йил 19 февралдаги 17-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Майнинг-пул фаолиятини амалга ошириш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар майнинг-пул фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
майнинг-пул — майнинг жараёнини таъминлаш мақсадида ҳисоблаш қувватларини бирлаштирувчи электрон платформани тақдим этувчи ташкилот;
майнинг фаолияти (бундан буён матнда майнинг деб юритилади) — ҳисоблаш операцияларини бажариш орқали маълумотларнинг тақсимланган реестрини юритиш, блокларнинг яхлитлигини яратиш ва тасдиқлаш фаолияти;
миллий майнер — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида майнингни амалга ошириш учун рухсатнома олган (бундан буён матнда рухсатнома деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахс;
хорижий майнер — Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида майнинг билан шуғулланувчи жисмоний ёки юридик шахс;
майнинг-пулнинг электрон платформасига уланиш — майнинг-пулнинг электрон платформасига уланиш ва майнинг-пул иштирокчиси мақомини олишга мўлжалланган ташкилий-техник чора-тадбирлар мажмуи;
майнинг-пул иштирокчиси — майнингни амалга ошириш учун белгиланган тартибда майнинг-пулнинг электрон платформасига уланиш тартибидан ўтган миллий ва хорижий майнер;
листинг — майнинг-пул томонидан крипто-активларни майнинг-пулнинг электрон платформасига мазкур крипто-активларни майнинг қилиш учун қўшиш жараёни;
делистинг — крипто-активларни майнинг-пулнинг электрон платформасидан чиқариб ташлаш жараёни;
майнинг-пулнинг электрон платформаси — қуйидаги жараёнлар амалга ошириладиган ахборот тизими ва (ёки) аппарат-дастурий комплекси:
майнинг-пулнинг электрон платформасига уланиш;
майнинг-пул иштирокчиларининг ҳисоблаш қувватларини бирлаштириш;
крипто-активларни майнинг-пул иштирокчилари ўртасида тақсимлаш;
крипто-активларни майнинг-пул иштирокчиларининг крипто-ҳамёнларига чиқариш;
листинг ва делистинг;
майнинг операциялари бўйича ҳисобот ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда шакллантириш;
майнинг билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш ва ошкор қилиш;
майнинг-пулнинг тўплаган қувватларини турли крипто-активлар майнинги учун тақсимлаш;
майнинг жараёнларини қулайлаштиришга қаратилган бошқа ташкилий-техник ишлар;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги.
2. Майнинг-пул фаолиятини ташкил этиш Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3380, 2022 йил 15 август) мувофиқ амалга оширилади.
Майнинг-пул ўз фаолиятини фақатгина майнинг-пулнинг электрон платформаси орқали амалга оширади.
3. Майнинг-пул:
ўз электрон платформасининг зарур даражада ишлашини таъминлаши;
майнинг-пул иштирокчилари операциялари ҳисобини алоҳида юритиши;
миллий ва хорижий майнерларни ўзининг электрон платформасига уланиш бўйича талабномаларини кўриб чиқиш;
майнинг-пул иштирокчиларининг, майнинг-пулнинг электрон платформасида улар томонидан майнингни амалга оширишда топилган крипто-активларини чиқариш бўйича талабномалари ижросини таъминлаши;
ўзининг электрон платформасининг ахборот хавфсизлигини таъминлаши;
майнинг-пул иштирокчиларининг реестрини олиб бориши;
ҳар куни кун якуни бўйича майнинг-пул иштирокчилари томонидан амалга оширилган операциялар ҳақидаги барча маълумотларнинг (электрон ташувчи воситаларда) захира нусхасини яратиши;
майнинг-пул ходимлари ва майнинг-пул томонидан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилинган шахсларнинг майнинг-пул фаолиятини тартибга солувчи, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва майнинг-пул томонидан тасдиқланадиган локал ҳужжатларни (бундан буён матнда локал ҳужжат деб юритилади) билиш даражасини доимий ошириб бориши;
крипто-активларни реклама қилиш ва ўз фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларга риоя этиши лозим.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни.
4. Майнинг-пул қуйидагиларни тартибга солувчи локал ҳужжатларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши лозим:
майнинг-пулга уланиш;
майнингни, топилган крипто-активларни майнинг-пул иштирокчилари ўртасида тақсимлаш ва уларнинг крипто-ҳамёнларига чиқариш жараёнларини амалга ошириш;
майнинг-пулнинг электрон платформасида крипто-активлар листинги ва делистингини амалга ошириш;
майнерларни идентификациядан ўтказиш қоидалари.
5. Майнинг-пулнинг электрон платформасида қуйидагиларни амалга ошириш таъқиқланади:
майнингни амалга ошириш жараёнида топилган крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) бошқа крипто-активларга айирбошлаш бўйича операциялари;
майнинг-пул иштирокчиларининг крипто-активларини сақлаш;
муқаддам муомалага киритилган крипто-активларни майнинг-пул ва майнинг-пул иштирокчиларининг крипто-ҳамёнларига ўтказиш;
аноним крипто-активлар майнинги ва бошқа операцияларни амалга ошириш.
6. Майнинг-пул майнинг-пул иштирокчиларининг майнингни амалга оширишда топилган крипто-активларини (шу жумладан уларнинг номидан) крипто-активлар билан бошқа операцияларни амалга ошириш мақсадида ишлатишга ҳақли эмас.
2-боб. Хорижий ва миллий майнерлар билан муносабатларни ташкил этиш
7. Хорижий ва миллий майнерлар билан муносабатларни ташкил этиш майнинг-пулнинг локал ҳужжатлари ҳамда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ шартнома асосида амалга оширилади.
8. Хорижий ва миллий майнерлар майнинг-пулнинг электрон платформасига уланиш ва майнингни амалга ошириш учун мажбурий идентификациядан ўтади.
9. Миллий майнерлар мажбурий идентификациядан ўтиш учун қуйидаги ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этадилар:
а) майнерга, майнингни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ваколатли орган томонидан тақдим этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг нусхаси;
б) солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
в) юридик шахснинг тўлиқ номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли;
г) юридик шахснинг жойлашган ери (почта манзили), телефон рақами, электрон почта манзили;
д) майнингни амалга оширишда топилган крипто-активларни чиқариш мўлжалланаётган крипто-активнинг крипто-ҳамён манзили;
е) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа маълумотлар.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни.
10. Хорижий майнерлар, мажбурий идентификациядан ўтиш учун қуйидаги ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этадилар:
а) хорижий майнер — жисмоний шахс:
фамилияси, исми, отасининг исми;
жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;
боғланиш маълумотлари (яшаш манзили, электрон почта манзили ва телефон рақами);
майнингни амалга оширишда топилган крипто-активларни чиқариш мўлжалланаётган крипто-активнинг крипто-ҳамён манзили;
б) хорижий майнер — юридик шахс:
юридик шахснинг тўлиқ номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли;
тўлиқ почта манзили, телефон рақами ва электрон почта манзили;
давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами ва берилган санаси;
юридик шахснинг банк реквизитлари;
майнингни амалга оширишда топилган крипто-активларни чиқариш мўлжалланаётган крипто-активнинг крипто-ҳамён манзили.
11. Миллий ва хорижий майнернинг аризада электрон почта манзилини кўрсатиши унинг барча хабарнома ва қарорларни электрон ҳужжат шаклида олишга розилигини англатади.
12. Майнинг-пул қуйидагилар билан шартнома тузишга ҳақли эмас:
Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган жисмоний шахслар;
ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;
мазкур Қоидаларнинг 8-бандида назарда тутилган мажбурий идентификациядан ўтмаган миллий ва хорижий майнерлар;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига асосан террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахслар.
13. Майнинг-пул шартнома тузиш шартлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда шартноманинг матнини ўзининг электрон платформасида жойлаштиради. Бунда, шартнома тузиш шартлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда шартноманинг матни мижозларга шартнома тузилишидан олдин оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда етказилиши лозим.
14. Майнинг-пул шартнома тузишдан олдин миллий ва хорижий майнерларни қуйидаги шартлар ҳақида хабардор қилиши шарт:
майнинг-пул ва майнинг-пул иштирокчилари фаолиятига тегишли бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни ваколатли органга юборилиши мумкинлиги;
майнинг-пул иштирокчилари билан музокаралар уларнинг розилиги билан аудио- ёки видеоёзув шаклида ёзиб борилиши, шунингдек ёзишмалар тарихи сақлаб қўйилиши;
майнинг-пул иштирокчиларининг шартномада назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
15. Майнинг-пул ва миллий ёки хорижий майнер ўртасида шартнома тузилган тақдирда, унга майнинг-пулнинг электрон платформасида ҳисобга олиш ёзуви (шахсий кабинет) яратилади.
Майнинг-пулнинг электрон платформасида майнинг-пулнинг бир иштирокчисига фақат битта ҳисобга олиш ёзуви (шахсий кабинети) яратилиши мумкин.
16. Майнинг-пул иштирокчиси шартнома ва майнинг-пулнинг локал ҳужжатлари талабларини бузган тақдирда, майнинг-пул томонидан унинг электрон платформада майнингни амалга ошириш имконияти уч ой муддатга чекланади.
17. Майнинг-пул билан унинг иштирокчилари ўртасидаги шартнома улар майнинг-пулнинг электрон платформасида рўйхатдан ўтган вақтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
18. Майнинг-пул иштирокчилари майнинг-пулнинг электрон платформасида рўйхатдан ўтганидан сўнг ўзларининг майнинг ускуналарини майнинг-пулнинг электрон платформасига улашга ҳақли.
19. Майнинг-пул иштирокчиларини майнинг-пулнинг электрон платформасидан узиш қуйидагилар асосида амалга оширилади:
майнинг-пул иштирокчисининг аризаси;
майнинг-пул ва майнинг-пул иштирокчиси ўртасида тузилган шартноманинг талаблари бузилганда
ваколатли органнинг рухсатномани амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш ҳақидаги қарори.
Майнинг-пул майнинг-пул иштирокчиси бўлган миллий майнерни майнинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатноманинг муддати тугаганидан сўнг 1 иш куни ичида электрон платформадан узиб қўйиши лозим.
20. Майнинг-пул майнинг-пул иштирокчиларини майнинг-пулнинг электрон платформасига киришини чеклаш ёки майнинг-пул электрон платформасининг фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун ичида:
майнинг-пул иштирокчиларининг электрон почта манзилига хабарнома юбориш орқали хабардор қилиши;
ўзининг веб-ресурсида хабарномани (фақат майнинг-пул электрон платформасининг ишлаш фаолияти тўхтатилган тақдирда) эълон қилиши лозим.
3-боб. Майнинг-пул иштирокчиларининг даромадларини тақсимлаш
21. Майнингни амалга оширишдан тушган даромадларни майнинг-пул иштирокчилари орасида тақсимлаш қоидалари майнинг-пулнинг локал актлари билан белгиланади. Мазкур қоидалар мажбурий равишда майнинг-пул ва майнинг-пул иштирокчиси ўртасида тузилган шартномада акс эттирилиши лозим.
22. Майнинг-пул даромадларни майнинг-пул иштирокчилари ўртасида фақат майнинг-пул иштирокчиси томонидан майнингни амалга оширишда топилган крипто-активларда тақсимлайди ҳамда шартномада белгиланган шартлар ва муддатларда уларни майнинг-пул иштирокчисининг рўйхатдан ўтишда тақдим этган крипто-ҳамён манзилига чиқаради.
23. Майнинг-пул майнинг-пул иштирокчиси билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ кўрсатган хизматлари учун хизмат ҳақини крипто-активларда олиши мумкин.
4-боб. Майнинг-пул иштирокчиларининг реестрини юритиш
24. Майнинг-пул қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган майнинг-пул иштирокчиларининг реестрини электрон шаклда юритади:
майнинг-пул иштирокчилари томонидан мазкур Қоидаларнинг 9 ва 10-бандларига мувофиқ тақдим этилган маълумотларни;
майнинг-пул иштирокчиларининг умумий сони;
миллий ва хорижий майнерларнинг сони (маълумотлар алоҳида тақдим этилиши лозим);
миллий майнерлар томонидан топилаётган крипто-активларнинг номланиши ва умумий ҳажми, ва улар томонидан майнинг-пулнинг электрон платформасига уланувчи майнинг ускуналарининг номланиши ва сони;
хорижий майнерлар томонидан топилаётган крипто-активларнинг номланиши ва умумий ҳажми, ва улар томонидан майнинг-пулнинг электрон платформасига уланувчи майнинг ускуналарининг номланиши ва сони.
25. Мазкур реестрга киритилган маълумотлар ваколатли органга унинг сўровида кўрсатилган муддатларга мувофиқ бепул тақдим этилиши лозим.
5-боб. Якуний қоида
26. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1555-моддаси.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.03.2024 й., 10/24/3507/0237-сон)