Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-209-сон Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг:
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг (кейинги ўринларда — Уюшма) ташкилий тузилмасини 1-иловага мувофиқ;
Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши таркиби, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларининг намунавий таркибини 2-иловага мувофиқ тасдиқлаш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Маълумот учун қабул қилинсинки:
Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши (кейинги ўринларда — Республика кенгаши) маҳаллаларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгиловчи, даромад ва харажатлар ҳамда дастурларни тасдиқловчи олий орган ҳисобланади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Республика кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари жамоатчилик асосида фаолият юритади, ишчи органи тегишлича Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳисобланади;
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)
Республика кенгаши ҳар олти ойда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳар уч ойда, туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳар ойда камида бир маротаба Уюшма ва бошқа давлат ташкилотлари, уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари фаолиятини баҳолаш ва муаммоларни комплекс ҳал қилиш юзасидан йиғилади;
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Конференцияси Уюшманинг юқори органи бўлиб, камида уч йилда бир марта чақирилади;
Уюшманинг раиси Республика кенгашининг тақдимномасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан камида ўн нафардан шаклланадиган делегатлардан (фуқаролар йиғинлари раислари) иборат Конференция орқали лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Уюшма раисининг ўринбосарлари Республика кенгашининг тақдимномасига асосан Уюшма раиси томонидан лавозимга тайинланади ва Республика кенгаши билан келишилган ҳолда лавозимидан озод этилади;
Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари Уюшма раиси томонидан, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Уюшма ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари юридик шахс ҳисобланади.
3. Белгилансинки:
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 667 та штат бирликлари қисқартирилиб, Уюшма, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳалла еттилиги» фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилади;
Уюшманинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг ҳамда туман (шаҳар) бўлимларининг тузилмалари 982 штат бирликлари доирасида Уюшма раиси томонидан мустақил тасдиқланади.
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмаларининг 320 та штат бирликлари қисқартирилиб, Уюшма ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Уюшма ва маҳаллалар фаолиятини молиялаштиришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:
маҳаллалар фаолиятини жорий таъминлаш (маҳалла раисининг иш ҳақи, коммунал тўловлар, канцелярия моллари ва бошқалар) ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади;
Уюшма ҳар йили 15 июлга қадар Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига (кейинги ўринларда — Жамоат фонди) ўзининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларини ҳамда тизим ташкилотларини сақлаш, маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини жорий таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган маблағлар ҳажми бўйича Республика кенгаши томонидан тасдиқланган буюртмани тақдим этади;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 28 октябрдаги 5005-IV/КҚ-842-IV-сонли «Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қўшма қарори.
Жамоат фонди томонидан буюртмага мувофиқ субсидия ажратилади;
Уюшманинг раҳбарияти ва ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари Уюшма таклифига биноан Республика кенгаши томонидан тасдиқланади;
Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарларига шахсий бириктирилган хизмат автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимитлар ажратилади;
Уюшма ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари учун ғазначиликда бошқа бюджетдан ташқари давлат жамғармалари сифатида шахсий ғазна ҳисобварағи очилади.
5. Белгилаб қўйилсинки:
Уюшма ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари ҳисоб ва ҳисоботлари юритилишига бюджет ташкилотлари учун белгиланган тартиблар татбиқ этилади;
Уюшма томонидан унинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларининг молиявий ҳисоботлари Жамоат фондига топширилади. Бунда, Жамоат фонди томонидан молиявий ҳисоботлар белгиланган тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилади.
6. Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, Уюшманинг туман (шаҳар) бўлимлари:
Жамғарма ва Жамоат фонди томонидан ажратиладиган субсидия маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботларини юритади;
«Маҳалла бюджети» тизими доирасида амалга оширилган харажатлар тўғрисидаги маълумотларни ҳар ой якуни билан келгуси ойнинг 5-санасига қадар «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштириб боради.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) ёшларга тадбиркорлик фаолиятини юритиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун нотурар жой ижара харажатлари учун субсидия ажратиш бўйича ҳужжатлар ёшлар етакчиси томонидан шакллантирилади;
б) «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан қўшимча қуйидаги харажатлар қоплаб берилади:
чекка қишлоқ ва овулларда илм-фан, спорт, санъат ва маданият, китобхонлик йўналишларидаги тўгаракларни ташкил этиш учун зарур жиҳозлар харид қилиш;
ногиронлиги бўлган ёки бемор ёшларга зарур бирламчи тиббий анжомлар ва дори воситаларини ижтимоий ходим билан биргаликда харид қилиш.
8. Уюшма манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, 2024 йил 1 мартга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқсин:
ҳудудларнинг тарихий хусусиятлари ва аҳоли пунктларининг географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда маҳаллаларни ташкил қилишнинг аниқ мезонларини белгилаш;
«маҳалла еттилиги»нинг ўзаро ҳамкорликда ишлаш механизмлари ҳамда уларнинг коллегиал масъулияти ва жавобгарлиги доирасини аниқ белгилаш, маҳалла раисининг уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва йўналтириш, рағбатлантириш ва интизомий жазолаш бўйича ваколатларини мустаҳкамлаш;
маҳалла томонидан жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича оширилган коэффициентлар қўллаш юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларига таклиф киритиш;
«маҳалла еттилиги» таркибидаги лавозимларга тайинлашда ушбу маҳаллада яшовчи номзодларга устуворлик бериш;
маҳалла раисининг сўровига жавоб бермаслик ёки тақдимномасида қўйилган масалани кўриб чиқмаслик учун жавобгарлик белгилаш;
халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига маҳалла раислари ўз фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйганда, уларга нисбатан ишончсизлик билдириш ва ушбу масалани кўриб чиқиш ваколатларини бериш ва бошқалар;
б) «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш:
маҳалла раиси сайловини аҳоли томонидан умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказиш;
маҳалла раисининг маълумоти (олий) ва малакаси бўйича қўйиладиган талаблар;
маҳалла раисининг ваколат муддатини 3 йилдан 5 йил муддатга узайтириш ва бошқалар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)
10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларини зарур бино ва иншоотлар ҳамда зарур техникалар, шунингдек, автотранспорт воситалари билан таъминлаш чораларини кўрсин.
Бунда, ажратилган бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳалар 2024 — 2026 йиллар Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритилади.
11. Уюшма:
уч ой муддатда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим, солиқ инспектори учун қулай ва ихчам биноларни ўзида мужассам қилувчи маҳалла идораларининг намунавий биноси лойиҳасини ишлаб чиқсин;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари, давлат-хусусий шериклик ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан ўз биносига эга бўлмаган маҳаллаларда уч йил муддатда намунавий маҳалла биноларини босқичма-босқич молиялаштириш орқали, қуриб топширилишини таъминласин;
Адлия вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2024-2025 йилларда маҳаллаларда 4-иловада кўрсатилган давлат хизматларининг агентлар томонидан кўрсатилишини йўлга қўйсин;
маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2024 йил 1 мартга қадар мавжуд маҳаллалар фаолияти ташкилий ва молиявий жиҳатдан тўғри йўлга қўйилганлиги, бошқарув жиҳатидан ўзини оқлаши юзасидан ўрганиш олиб борсин ҳамда ушбу талабларга жавоб бермайдиган маҳаллаларни бирлаштириш ва ихчамлаштириш чораларини кўрсин.
12. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
13. Уюшма Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Истиқлол кўчаси, 51-уй манзили бўйича оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мазкур бинонинг 2 632 квадрат метр қисмида (кадастр рақами 10:04:03:01:01:0072) бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 февралдаги ПФ-41-сонли Фармонига асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.02.2024 й., 06/24/41/0166-сон)
14. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 21 декабрь,
ПҚ-402-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги ПҚ-402-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари

«Маҳалла» газетаси, «Маҳалла кўзгуси» журнали

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимлари

«Маҳалла медиа» масъулияти чекланган жамияти

Маҳаллалар

«Навбаҳор сиҳатгоҳи мажмуаси» масъулияти чекланган жамияти

«Маҳалла биноларини қуриш ва капитал таъмирлаш дирекцияси» масъулияти чекланган жамияти

(1-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги ПҚ-402-сон қарорига
2-ИЛОВА
Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши
ТАРКИБИ

1.

А.Н. Арипов

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Республика кенгаши раиси

2.

Ғ.Ғ. Мирзаев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси, Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

3.

К.К. Куранбаев

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси, Республика кенгаши раиси ўринбосари

4.

М.П. Оллоёров

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори

5.

З.Б. Махкамова

Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси

6.

А.А. Ташпулатов

ички ишлар вазири

7.

Б.Э. Захидов

камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири

8.

А.З. Саъдуллаев

Ёшлар ишлари агентлиги директори

9.

Ф.Ж. Пулатов

Солиқ қўмитаси раиси

10.

О.А. Мирзаев

Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

11.

Д.Х. Аллаев

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари, Республика кенгаши масъул котиби

Изоҳ: Республика кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
(2-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги ПҚ-402-сон қарорига
3-ИЛОВА
Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур низом Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш, улардан фойдаланиш, ҳисоб ва ҳисоботини юритиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва ҳар бир фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи (кейинги ўринларда — МФЙ) ҳузурида ташкил этилади.
3. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимида (кейинги ўринларда — маҳалла уюшмаси) бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклида очилган ғазна ҳисобварақларида йиғилади ҳамда МФЙлар учун очилган тегишли ғазна ҳисобварақларига белгиланган тартибда тақсимланади.
4. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари бюджетга олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда фойдаланилади.
2-боб. Шахсий ғазна ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш
5. Харажатлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлари маҳалла уюшмаси томонидан ҳар бир МФЙ бўйича алоҳида очилади.
6. Жамғарма маблағлари ҳисобидан харажатлар харажатлар сметасида кўзда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
7. Маҳаллалар бирлашганда, бўлинганда ёки қайта ташкил этилганда ғазна ҳисобварақлари белгиланган тартибда очилади ёки ёпилади.
МФЙ фаолиятининг тўхтатилганлиги, қайта ташкил этилганлиги ҳақидаги ҳужжатлар маҳалла уюшмаси томонидан молия органига тақдим этилади.
3-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
8. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг (нотурар жойлар бўйича ундириладиган мол-мулк ва ер солиғи бундан мустасно) 10 фоизи;
Кейинги таҳрирга қаранг.
маҳалла идоралари орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун ундирилган йиғимнинг 10 фоизи;
Олдинги таҳрирга қаранг.
маҳалла ҳудудида санитария қоидаларини бузганлик ва ноқонуний қурилиш учун ундирилган жарималарнинг 10 фоизи;
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли Фармонига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 июль)
Бунда, ушбу маблағлар автоматик тарзда маҳаллий бюджет ва тегишли туман (шаҳар) Жамғармасига тақсимланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
маҳалладаги ҳудуди 5 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳокими ёрдамчисининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда;
(8-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)
маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар;
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджети прогнозининг ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан;
хорижий ва халқаро молия институтлари ҳамда бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
9. Ҳар ой якунлари бўйича туман (шаҳар) солиқ инспекцияси томонидан маҳаллалар кесимида ундирилган тўловлар тўғрисида Ғазначиликка рўйхат тақдим этилади.
Ушбу рўйхат асосида Ғазначилик бўлинмаси ҳар бир маҳалла учун очилган ҳисобрақамларга маблағларнинг тегишли қисмини ўтказади.
10. Жамғарма маблағларидан маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида ва ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ фойдаланилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Жамғарма маблағлари қуйидаги йўналишларга сарфланади:
маҳалла ҳудудидаги ички йўллар, ёритиш тизими, электр энергияси ҳамда табиий газ тармоқлари, ичимлик ва оқава сув тизимини таъмирлаш ва тиклаш;
маҳалла ҳудудидаги ички йўлларни шағаллаштириш, таъмирлаш ва тиклаш билан боғлиқ харажатлар (ёқилғи-мойлаш материаллари);
пиёдалар йўлакчаларини барпо этиш ва таъмирлаш;
тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш;
маҳалла фуқаролар йиғини биносини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш;
маҳалла ҳудудида спорт майдони, нуронийлар чойхонаси, ёшлар маркази, болалар майдончаси, кутубхона, маданият марказини қуриш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни тегишлича инвентарь, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш;
маҳаллалар томонидан миллий қадриятларни тарғиб қилиш, шунингдек, ҳар бир маҳаллада соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришга қаратилган тарғибот тадбирларини ўтказиш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож ва Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга моддий кўмаклашиш ҳамда уларнинг турар жойларини таъмирлаш ва жиҳозлаш;
маҳалла ҳудудида маҳалла боғларини ташкил қилиш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мева ва манзарали дарахт кўчатлари, буталар ва гул кўчатлари харид қилиш, экиш ва парваришлаш;
маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда оммавий ҳашарлар ўтказиш учун зарур бўлган товар (иш, хизмат)лар харид қилиш;
зарур ҳолларда маҳаллалар фаолиятини жорий таъминлаш (коммунал тўловлар, канцелярия моллари, рақамлаштириш харажатлари ва бошқалар);
Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашининг қарорига асосан Жамғарма маблағларининг 10 фоизини Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармасига ўтказиш.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)
12. Маҳалла уюшмаси туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими ҳамда Мажбурий ижро бюроси туман (шаҳар) бўлими билан биргаликда ҳар йили декабрь ойида келгуси йил учун Жамғарма даромадлари прогнозини ҳисоблайди. Даромадлар прогнозидан келиб чиққан ҳолда харажатлар сметаси тузилади.
13. Маҳалла уюшмаси томонидан Жамғарманинг йил якунидаги қолдиқ маблағлари ва келгуси йил даромадлари прогнозидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир МФЙ учун харажатлар смета тузилади ва МФЙ раиси билан биргаликда тасдиқланган ҳолда молия органига тақдим этилади.
Жамғарманинг ҳақиқатда даромадлари тушумидан келиб чиққан ҳолда маҳалла уюшмаси тегишли МФЙлар билан келишган ҳолда харажатлар сметасига ўзгартириш киритиши мумкин.
14. МФЙлар тасдиқланган сметага асосан маҳалла уюшмасига маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида талабнома тақдим этади.
Маҳалла уюшмаси талабноманинг харажатлар сметасига мослигини текширади ва мавжуд маблағлар доирасидаги талабномани қабул қилиб олади.
Маҳалла уюшмаси белгиланган тартибга мувофиқ маблағларни молиялаштиради.
15. МФЙлар ҳар ойда камида бир маротаба смета харажатларининг бажарилиши ҳолати бўйича (қолдиқ маблағлар, молиялаштирилган ва тўланган маблағлар бўйича) маълумот олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисобот
16. Жамғармаси маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар маҳалла уюшмаси томонидан юритилади.
17. Жамғармаси даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 163-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
18. Туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлимлари томонидан бюджет ижроси ҳисоботини шакллантириш даврида Жамғарма ҳисоботи ҳам қабул қилинади.
19. Маҳалла уюшмаси ҳар чоракда Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига ҳисобот беради.
6-боб. Якунловчи қоидалар
20. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясининг ҳудудий бўлинмалари мазкур Низом доирасида МФЙларда амалга ошириладиган ишлар учун ажратилган маблағлар самарали ва мақсадли ишлатилиши устидан назорат ўрнатади.
21. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва харажатларини амалга ошириш
СХЕМАСИ

Босқич

Масъул орган

Чора-тадбир

Ижро муддати

I. Жамғарма маблағларини шакллантириш жараёни

1-босқич

Маҳалла уюшмаси, туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими, МФЙлар

1. Жамғарма даромадлари прогнози (ойлар кесимида) ҳисобланади.

2. Даромадлар сметаси тузилади.

Декабрь

2-босқич

Маҳалла уюшмаси, МФЙлар

1. Харажатлар сметаси тузилади ва молия органига тақдим этилади.

Январь

2. Жамғарма қолдиқ маблағлари ва даромадлар тушумидан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш киритилади.

Доимий

3-босқич

Туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими

Харажатлар сметаси ахборот тизимига киритилади.

Январь

II. Жамғарма харажатларини амалга ошириш жараёни

4-босқич

МФЙлар

Тасдиқланган сметага асосан маҳалла уюшмасига тегишли асословчи ҳужжатларни (фуқаролар йиғини кенгаши қарори ва бошқа ҳужжатлар) илова қилган ҳолда талабнома тақдим этади.

Доимий

5-босқич

Маҳалла уюшмаси

1. Тақдим этилган талабнома ҳар бир МФЙнинг сметасига мослиги, асословчи ҳужжатларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги текширилади.

2. Хато-камчиликлар аниқланганда ҳужжатлар тегишлилиги бўйича қайтарилади.

3. Ғазначилик талаблари бўйича харидлар ва маблағларни молиялаштириш амалга оширилади.

Доимий

III. Жамғарма маблағлари ҳаракати ҳисобини юритиш тартиби

6-босқич

Маҳалла уюшмаси

1. Жамғарманинг даромадлари, харажатлари ва қолдиқ маблағлари ҳисоби юритилади.

Доимий

2. Жамғарманинг маблағлари ҳаракати бўйича ҳисобот Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларига шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этиб борилади.

Кейинги ойнинг 5-санасига қадар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги ПҚ-402-сон қарорига
4-ИЛОВА
2024-2025 йилларда маҳаллаларда агентлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари
РЎЙХАТИ

Т/р

Давлат хизматининг тури

1.

Пенсия миқдори ҳақида маълумотнома

2.

Иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномасини бериш

3.

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш

4.

Манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш

5.

Фуқаро пенсия олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида маълумотнома

6.

Электр энергиясини ҳисобга олиш тизимини пломбалаш ва электр таъминоти шартномасини тузиш

7.

Электр таъминоти лойиҳасини келишиш

8.

Газ тизимини пломбалаш ва газ таъминоти шартномасини тузиш

9.

Газ таъминоти лойиҳасини келишиш

10.

Ичимлик ва оқова сув ҳисоблагичини пломбалаш ва шартнома тузиш

11.

Ичимлик ва оқова сув тизими лойиҳасини келишиш

12.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва малака сертификатини бериш

13.

Иш ҳақини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномасини бериш

14.

Мавзули сўровлар тўғрисида маълумотнома бериш

15.

Олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш

* ушбу рўйхат адлия вазирининг буйруғи билан тўлдирилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги ПҚ-402-сон қарорига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р

Чора-тадбирлар ва ташаббуслар

Мазмуни

Амалга ошириш шакли

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» ҳамда эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш бўйича

1.

Аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш

1. Аҳолига «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» орқали ижтимоий ёрдам (моддий ёрдам, субсидия учун тавсиянома, кафиллик ва бошқалар) кўрсатишни «маҳалла еттилиги»га бериш.

Бунда, ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарорни «маҳалла еттилиги» томонидан коллегиал қабул қилиш тартибини жорий этиш.

2. «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»га киритиш ва чиқариш бўйича тартибларни қайта кўриб чиқиш.

3. Қонунчилик ҳужжатларига жорий қилинаётган тизимдан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари

2024 йил февраль

Вазирлар Маҳкамаси,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси,

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги

2.

Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш

1. Енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун субсидия ажратишда субсидия олувчи томорқа ер эгаси бўлиши лозимлиги ҳақидаги талабни бекор қилиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2024 йил февраль

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси

3.

Маҳалла раиси мақомини ошириш

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторининг фаолиятига баҳо беришда маҳалла раисининг иштирокини таъминлаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2024 йил март

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

4.

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш

Маҳаллалар функцияларининг ягона рўйхатини тасдиқлаш ва улар жавобгарлигининг аниқ чегарасини белгилаш.

Амалдаги Қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, таҳлил қилиш ва унинг нормаларини янгилаш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Қонун лойиҳаси

2024 йил апрель

Вазирлар Маҳкамаси,

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

5.

Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар олий маълумотга эга бўлиши шартлигини белгилаш

«Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар олий маълумотга эга бўлиши шартлигига оид талабни киритиш.

Шунингдек, номзодларни асосан тадбиркорлик соҳасида катта ютуқларга эришган ва ташкилотчилик қобилиятлари юқори бўлган фуқаролар орасидан танлаш амалиётини жорий қилиш.

Қонун лойиҳаси

2024 йил апрель

Вазирлар Маҳкамаси,

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

6.

«Маҳалла еттилиги» фаолиятини такомиллаштириш

1. «Маҳалла еттилиги» низомини ишлаб чиқиш ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг намунавий тузилмасига киритиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2024 йил январь

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

2. «Маҳалла еттилиги» таркибидаги лавозимларга тайинлашда ушбу маҳаллада яшовчи номзодларга устуворлик бериш.

Амалий чора-тадбирлар

Доимий

7.

«Маҳалла еттилиги» фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини такомиллаштириш

«Маҳалла еттилиги» фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича алоҳида баҳолаш.

Бунда:

кўрсаткичларни мазкур ходимларнинг иш берувчилари томонидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан келишилган ҳолда тасдиқлаш;

маҳалладаги тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга берилган ҳимоя ордери сони бўйича хотин-қизлар фаолининг КРIини қайта кўриб чиқиш;

олис ҳудудларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиларининг «янги ташкил қилинган субъектлар» кўрсаткичини қайта кўриб чиқиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2024 йил февраль

Вазирлар Маҳкамаси,

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Ички ишлар вазирлиги,

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

8.

Маҳалла фуқаролар йиғини учун алоҳида бинода «маҳалла еттилиги»ни бир масканда жойлаштиришни таъминлаш

1. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ҳамда солиқ инспектори учун қулай ва ихчам биноларни ўзида мужассам қилувчи маҳалла идораларининг намунавий биноси лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2024 йил февраль

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

2. Намунавий лойиҳа бўйича туманлар кесимида маҳалла идораларини давлат-хусусий шериклик асосида ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қуриш, реконструкция қилиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2024 йил апрель

9.

Маҳалла раисларининг ваколатларини кенгайтириш

Ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторининг ишга келиб кетиши тўғрисидаги давоматни (табелни) маҳалла раиси томонидан юритиш тартибини жорий этиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2024 йил январь

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

10.

Маҳалла фаолиятини рақамлаштириш

Ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси томонидан алоҳида юритилаётган тарқоқ платформалар ўрнига Маҳалланинг ягона платформасини жорий қилиш.

Бунда:

платформага маҳалла аҳолиси саломатлиги кўрсаткичларини, оилавий шифокор ва ҳамширалар томонидан жойларда кўрсатилаётган патронаж хизматлари маълумотларини киритиш;

«Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» платформаларини ўзаро интеграция қилиш;

платформани Персоналлаштириш агентлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Кадастр агентлиги, Солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, таълим вазирликлари базалари билан интеграция қилиш.

Амалий чора-тадбирлар

2024 йил апрель

Рақамли технологиялар вазирлиги,

Уюшма,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

II. Маҳалла тизими вакиллари фаолиятини рақамлаштириш

11.

Қоғоз шаклидаги ҳужжатларни расмийлаштиришни бекор қилиш

Ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси томонидан йиғилишлар, тадбирлар, сўровномалар ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларни қоғоз шаклида юритиш талабини бекор қилган ҳолда тўпланаётган, бироқ давлат органида мавжуд маълумотларни (паспорт, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома, никоҳ гувоҳномаси каби) хатловдан ўтказиш, шунингдек, мазкур маълумотларни онлайн-платформага интеграция қилиш орқали автоматик шакллантириш.

Амалий чора-тадбирлар

2024 йил май

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

12.

Маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспекторларининг фаолиятини самарали ташкил этиш ва баҳолаш (KPI) учун ахборот тизими ишлаб чиқиш

Маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспекторлари иш олиб боришлари учун реал вақт режимида фойдаланиш мақсадида «Маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти» ахборот тизимини жорий этиш.

Бюджетга қўшимча даромад манбаларини аниқлаш, маҳаллий бюджет тушумларини кўпайтириш ва бошқа натижалардан келиб чиқиб, маҳалла солиқ инспекторларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш (KPI), уларни эришилган кўрсаткичлар асосида рағбатлантириш тизимини жорий этиш.

Бунда, тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ инспекторларининг фаолиятини баҳолаш имконини яратиш, улар томонидан берилган баҳо солиқ инспекторлари фаолиятининг муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан бири этиб белгилаш.

Мазкур тадбирларни амалга ошириш ҳамда дастурий маҳсулларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Амалий чора-тадбирлар

2024 йил январь

Солиқ қўмитаси,

Рақамлаштириш вазирлиги

13.

Кредит ва субсидия ажратиш жараёнларини рақамли шаклга ўтказиш

Кредит ва субсидия ажратиш учун ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси томонидан қоғоз шаклида расмийлаштирилаётган ҳужжатлар ва хизматларни тўлиқ рақамли шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатишни йўлга қўйиш.

Бунда:

ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси томонидан фуқароларнинг аризасини кўриб чиқиш натижасида расмийлаштириладиган далолатнома ва тавсияномаларни планшет орқали электрон шакллантириш;

хизмат кўрсатиш жараёнида фуқароларни ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчисининг планшети орқали биометрик маълумотларни солиштириш (бармоқ изи, Face-ID ёки бошқа) тизими воситасида идентификация қилиш.

Амалий чора-тадбирлар

2024 йил апрель

Рақамлаштириш вазирлиги,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги

III. Маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш

14.

«Маҳалла бюджети» тизимини амалиётга жорий этилишида мавжуд муаммоларни бартараф этиш

1. «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилган туманларда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғидан ундирилган маблағлардан тегишли қисмини тегишли маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаларига ўтказиш.

Амалий чора-тадбирлар

2023 йил декабрь

Вазирлар Маҳкамаси,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Уюшма

2. 2024 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғидан ундирилган маблағларни давлат молияси ахборот тизими орқали автоматлашган ҳолда маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаларига ўтказиш тартибини жорий этиш.

Амалий чора-тадбирлар

2023 йил декабрь

3. «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилган туманлардаги маҳалларда йиғилган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилиш.

Амалий чора-тадбирлар

Доимий

15.

Маҳаллаларнинг даромад манбаларини кенгайтириш

1. Маҳаллалар томонидан тадбиркорлик субъектларига консультатив хизматлар кўрсатиш, уларга маҳсулотини реализация қилишга кўмаклашиш.

Амалий чора-тадбирлар

Доимий

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Уюшма,

Бизнес-омбудсман,

Савдо-саноат палатаси

2. Эҳтиёжманд оилалар учун хайрия маблағларини жалб қилиш ва тақсимлаш.

Амалий чора-тадбирлар

Доимий

3. Маҳалла аҳолиси учун маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш.

Амалий чора-тадбирлар

Доимий

16.

Маҳалларда содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш

1. Кузатув камералари ўрнатиладиган маҳаллалар рўйхатини шакллантириш.

Амалий чора-тадбирлар

2024 йил январь

Ички ишлар вазирлиги,

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

2. Маҳалла ҳудудларида, айниқса, унинг кириш ва чиқиш жойларига кузатув камераларини ўрнатиш.

Амалий чора-тадбирлар

2024 йил март

IV. Маҳаллалар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича

17.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш

1. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш.

Амалий чора-тадбирлар

2023 йил декабрь

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Адлия вазирлиги

2. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Конференциясини чақириш.

Амалий чора-тадбирлар

2024 йил январь

18.

Маҳалла фаолларининг масъулиятини ошириш

Ҳар чорак якуни билан «маҳалла еттилиги» аъзоларининг амалга оширган ишлари бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш амалиётини жорий қилиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2024 йил март

Уюшма,

Адлия вазирлиги,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

19.

Солиқ органлари томонидан маҳалла даражасида ишлаш тизимини жорий қилиш

Барча маҳаллаларга солиқ инспекторлари бириктирилиб, «тадбиркорбай» ишлаш ва уларнинг кунлик масалаларини жойида ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий қилиш.

Бунда, Қўмитанинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари тузилмасига бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида тегишли ўзгартиришлар киритиш.

Амалий чора-тадбирлар

2024 йил январь

Солиқ қўмитаси

20.

Маҳаллаларда фуқаролар хонадонларини ижарага бериш тартибини соддалаштириш

Амалдаги солиқ идорасига бориб рақамли имзо олиш ҳамда ижара шартномасини расмийлаштириш тартибидан воз кечиб, ижарага бериш тизимини тўлиқ электронлаштириш.

Амалий чора-тадбирлар

2024 йил январь

Солиқ қўмитаси,

Ички ишлар вазирлиги

21.

Аҳолини вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тизимини такомиллаштириш

1. Аҳолини вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тизимини тўлиқ электрон тизимга ўтказиш.

Амалий чора-тадбирлар

2024 йил февраль

Ички ишлар вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

2. Аҳолини вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда профилактика инспекторининг таъсир чораларини кенгайтириш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2024 йил март

22.

«Энг намунали маҳалла раиси» танловини ўтказиш

Маҳалла раислари фаолиятини рағбатлантириш, вазифаларини амалга оширишда қўшимча шароитлар яратиш мақсадида маҳалла раислари орасида «Энг намунали маҳалла раиси» танлови ўтказилиб, натижаларига кўра ҳар йили 22 март — Маҳалла тизими ходимлари куни арафасида:

Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши томонидан 14 нафаргача маҳалла раисига «Энг намунали маҳалла раиси» фахрий ёрлиғи ва 10 миллион сўм пул берилишини;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари томонидан 5 нафаргача маҳалла раисига «Энг намунали маҳалла раиси» фахрий ёрлиғи ва 5 миллион сўм пул берилишини;

туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари томонидан 3 нафаргача маҳалла раисига «Энг намунали маҳалла раиси» фахрий ёрлиғи ва 3 миллион сўм пул берилишини;

ҳар бир тумандан 7 нафаргача бўлган энг фаол маҳалла раислари учун мамлакатимиз бўйлаб зиёрат ёки экотуризм ташкил этилишини йўлга қўйиш.

Амалий чора-тадбирлар

Ҳар йили

Уюшма

23.

«Маҳалла баланси»ни шакллантириш

Қуйидаги имкониятларга эга «Маҳалла баланси» ягона электрон платформасини ишга тушириш:

уйма-уй юриш орқали аҳолининг муаммоларини ўрганаётган хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари томонидан йиғилган маҳалла аҳолиси балансини шакллантириш;

маҳалла аҳолисига «маҳалла еттилиги» томонидан кўрсатилаётган ёрдам кўлами ва манзиллилигини ўрганиш ҳамда улар фаолиятига баҳо бериш имконини яратиш;

маҳалла аҳолисига кўрсатилиши мумкин бўлган ижтимоий ёрдам ва ушбу ёрдамдан фойдаланган шахслар, ёрдам турлари кесимида маълумотлар билан танишиш;

маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини ягона баҳолаш;

касбга ўқитилган ҳамда тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида субсидия, грант ва кредит маблағлари олган шахслар ҳамда уларнинг кейинги фаолиятининг мониторинги натижаларини кузатиш;

Ягона миллий меҳнат тизими электрон базаси асосида иш берувчи ва иш изловчиларни бир-бири билан боғлаш;

маҳалла ҳудудида жойлашган уй-жой бўйича амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисида нотариал идоралар томонидан маълумотларни киритиш;

маҳаллада яшовчилар томонидан никоҳ тузиш бўйича ариза берилганлиги, тузилганлиги ва бекор қилинганлиги тўғрисида ФХДЁ органлари томонидан маълумотларни киритиш;

миграцияга кетиш истагидаги ёшларнинг ўзи яшаётган маҳалладаги ёшлар етакчисига хабарнома бериш тизимини жорий этиш;

«Хориждаги ёшлар баланси»ни шакллантириш ва хорижий давлатларда таҳсил олаётган фуқароларни «Ёшлар дафтари»га киритиш имконини яратиш;

уйма-уй юриб йиғилган иш изловчи шахслар тўғрисидаги маълумотларни хусусий бандлик агентликларига мунтазам ва бепул тақдим этиб бориш.

Амалий чора-тадбирлар

2024 йил апрель

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги,

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси,

Ички ишлар вазирлиги,

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги,

Солиқ қўмитаси

24.

Кўчабоши ва уйбошилар фаолиятини тартибга солиш ва уларнинг нуфузини ошириш

Маҳаллалар фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган кўчабоши ва уйбошиларнинг фаолиятини тартибга солиш ва уларнинг нуфузини ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2024 йил март

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

25.

Ижтимоий шартнома амалиётини жорий қилиш

«Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» орқали ёрдам берилган шахслар билан ижтимоий шартнома тузиш амалиётини жорий қилиш масаласи юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш.

Маълумотнома

2024 йил январь

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги,

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси,

Уюшма

26.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг ваколатхоналарини очиш

Ёшлар сони нисбатан кўп бўлган хорижий давлатларда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг ваколатхоналарини очиш масаласини ўрганиб чиқиш ва таклиф киритиш.

Маълумотнома

2024 йил январь

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги

27.

Инвестиция дастурларини шакллантиришда «маҳалла еттилиги» иштирокини таъминлаш

Инвестиция дастурларини шакллантиришда «маҳалла еттилиги» томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиш амалиётини йўлга қўйиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2024 йил март

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги,

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси

28.

«Темир дафтар»ни юритиш ва «Саховат ва кўмак» жамғармаси фаолиятини қайта кўриб чиқиш

Қуйидагиларни:

«Темир дафтар»ни юритиш ҳамда унга ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятларини баҳолаган ҳолда киритиш ва чиқариш тартибини;

«Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2024 йил февраль

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги,

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси

29.

Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартиришнинг барқарор мезонларини белгилаш

Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартиришнинг барқарор мезонларини белгилаш. Бунда:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида идоралараро доимий комиссиялар тузиш;

маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ўтказиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2024 йил февраль

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

30.

Маҳаллада давлат органлари ва жамоат тузилмаларининг ҳамкорлигини таъминлаш

Маҳаллада давлат органлари ва жамоат тузилмаларининг ҳамкорлигини таъминлашга оид Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш. Бунда:

маҳалла раиси томонидан ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори фаолиятини мувофиқлаштириш, баҳолаш, уларни ҳудуддаги биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни бартараф этишга йўналтириш ҳамда бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш тизимини жорий этиш;

маҳалла раиси томонидан ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори фаолияти натижалари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ахборот киритиб бориш;

ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, профилактика инспекторининг маҳалла раиси билан келишган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш назарда тутилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2024 йил февраль

Уюшма,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги,

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2023 й., 07/23/402/0967-сон; 29.02.2024 й., 06/24/41/0166-сон; 27.12.2025 й., 06/25/258/1223-сон; 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)