Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби ҳамда Давлат геодезия назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 831 ва 84-моддалари, «Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 7 сентябрдаги ПҚ-4819-сон, «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 24 февралдаги ПҚ-5006-сон ва «Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 21 февралдаги ПҚ-138-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат ер назоратини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва махсус ваколатли давлат органлари (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги) томонидан амалга ошириш тартиби;
(1-банд «а» кичик бандининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат кадастр назоратини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан амалга ошириш тартиби;
(1-банд «а» кичик бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органларининг вазифа ва функциялари, ушбу органлар мансабдор шахслари таркиби, назорат тадбирлари иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, давлат ер ва кадастр назоратини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби;
(1-банд «а» кичик бандининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва жамоатчилик назорати субъектларини базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (жарима миқдоридан ошмаган) миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантириш тартиби;
(1-банд «а» кичик бандининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
давлат ер ва кадастр назорати натижасида ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи;
б) Давлат геодезия назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат геодезия назоратини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги (махсус ваколатли давлат органи) томонидан амалга ошириш тартиби;
(1-банд «б» кичик бандининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш, шунингдек, геодезия ва картографияга оид ишларни, геодезия пунктларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олишни ташкил этиш, давлат картография-геодезия фондининг фаолият юритишини таъминлашни давлат геодезия назоратининг асосий вазифалари этиб белгилаш;
давлат геодезия назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органининг вазифа ва функциялари, ушбу орган мансабдор шахслари таркиби, назорат тадбирлари иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, давлат геодезия назоратини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби;
давлат геодезия назорати натижасида ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ерга оид муносабатларда коррупциявий омилларни бартараф этиш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 18 сентябрдаги ПҚ-287-сон қарори билан қуйидагилар:
давлат ер назорати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда — махсус ваколатли давлат органлари) томонидан амалга оширилиши;
ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик даражасига қараб, уларни «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифалардаги ҳудудларга бўлиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
12. Белгилансинки, махсус ваколатли давлат органлари томонидан:
ўтказиладиган мониторинг кузатувларида ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш бўйича аниқланган ҳолатлар белгиланган тартибда «E-YER NAZORAT» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади ҳамда дастлабки маълумотлар тегишлилиги бўйича махсус ваколатли давлат органларига юборилади. Бунда мониторинг кузатувлари «қизил» тоифадаги ҳудудларда ҳар чоракда, «сариқ» тоифадаги ҳудудларда ҳар олти ойда ҳамда «яшил» тоифадаги ҳудудларда бир йилда бир маротаба ўтказилади;
аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш орқали ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш ҳолатлари даражаси ҳар чоракда 15 фоиздан кам бўлмаган миқдорда тушириб борилади.
(11 ва 12-бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 154-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.04.2026 й., 09/26/154/0331-сон)
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 14 апрель,
183-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 183-сон қарорига
1-ИЛОВА
Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат ер назорати — юридик ва жисмоний шахслар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида ваколатли органлар томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар мажмуи;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат кадастр назорати — юридик ва жисмоний шахслар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан давлат кадастрлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида ваколатли органлар томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар мажмуи;
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
ер участкаси — ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисми;
Олдинги таҳрирга қаранг.
электрон график имзо (кейинги ўринларда — ЭГИ) — электрон ҳужжатни замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида тасдиқлайдиган электрон ҳужжатдаги шахс томонидан қўлда (ёзма равишда) амалга ошириладиган графикли имзо;
электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) — электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгаришлар натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик мавжуд эмаслигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо калитининг эгасини идентификация қилиш имконини берадиган имзо;
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарорига асосан бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси — фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларсиз, шу жумладан, бундай ҳужжатлар йўқолган ёки тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳолда эгаллаб келинаётган ёки ортиқча эгалланган ер участкаси;
(2-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
ўзбошимчалик билан қурилган иморат — қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида қурилган уй-жой, бошқа бино ва иншоот;
«Е-YERNAZORAT» автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Е-YERNAZORAT» ААТ) — ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳужжатлар тўпламини шакллантириш ва уларни ўз вақтида ва объектив кўриб чиқиш мақсадида электрон ҳужжатлар алмашинуви, шунингдек ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этишгача бўлган ҳолатларни кузатиб бориш имконига эга бўлган интеграциялаштирилган ахборот тизими.
3. Давлат ер ва кадастр назорати Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Юридик ва жисмоний шахслар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш давлат ер назоратининг асосий вазифаси ҳисобланади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
5. Давлат кадастрларини юритишга масъул бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат кадастрлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш давлат кадастр назоратининг асосий вазифаси ҳисобланади.
6. Давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширадиган давлат органлари қонунбузилишининг олдини олиш мақсадида ер ва кадастр тўғрисидаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш тадбирларини амалга оширади.
2-боб. Давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширувчи ваколатли органлар
7. Давлат ер назорати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, махсус ваколатли давлат органлари томонидан ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан давлат ер назорати қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
юқори турувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қуйи турувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ер тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
халқ депутатлари Кенгашлари томонидан маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва уларга бўйсунувчи давлат органлари фаолиятида ер тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Қуйидагилар давлат ер назорати бўйича махсус ваколатли давлат органлари ҳисобланади:
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда — «Ўзагроинспекция») ва унинг ҳудудий органлари — қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифаси бўйича;
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (кейинги ўринларда — Экология қўмитаси) ва унинг ҳудудий органлари — муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эгаллаган ерлар, устувор равишда экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш мақсадларида фойдаланиладиган ерлар, ўрмонлар, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган зоналар, табиий сув ҳавзалари, хавфли чиқиндилар кўмилган ҳамда сақланаётган махсус омбор ва чиқинди полигонларига мўлжалланган ерлар бўйича;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари — биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга тақиқлар (чекловлар) белгиланган зоналарда ушбу ишларни бажариш ёки аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига зид равишда (бош режаларда назарда тутилмаган) бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуриш ҳолатлари бўйича;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда — Қурилиш ва коммунал хўжалиги инспекцияси) ва унинг ҳудудий органлари — кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилган кўп квартирали уйга туташ ер участкалари, Қурилиш ва коммунал хўжалиги инспекцияси рухсатномаси талаб этиладиган қурилиш объектлари бўйича;
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда — Кадастр агентлиги) ва унинг ҳудудий органлари — қолган барча тоифалар бўйича.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 154-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.04.2026 й., 09/26/154/0331-сон)
9. Кадастр агентлиги давлат кадастр назорати бўйича махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
3-боб. Давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органларининг асосий вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар Кадастр агентлиги органларининг давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширишдаги асосий вазифалари ҳисобланади:
ер тоифасидан қатъи назар, барча турдаги ер участкалари ҳамда бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш;
ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва ушбу ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморат қурилишини аниқлаш;
ер участкаси чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўриш;
ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва чора кўриш;
давлат кадастрларини юритиш тартибларига риоя қилинишини таъминлашга қаратилган давлат кадастр назоратини амалга ошириш.
11. Кадастр агентлиги органлари давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширишда ўзларига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
ерлардан мақсадли фойдаланиш бўйича давлат назоратини амалга оширади;
ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга қаратилган ер назоратини амалга оширади;
ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга оширади;
ер участкаси чегараларини (чегара нуқталарини) ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўради;
аэрокосмик суратлар ва учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда ерларни масофадан туриб зондлашни, шунингдек, геодезик ўлчов ускуналари ёрдамида ерларни ўрганишни ташкил этади ва амалга оширади;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга қаратилган самарали кадастр назоратини ташкил этади ва амалга оширади;
кадастр йиғмажилди (паспорти) белгиланган тартибда шакллантирилиши ва расмийлаштирилишини назорат қилади;
давлат кадастрларини юритиш тартибларига риоя қилинишини назорат қилади.
Кадастр агентлиги органлари ўз ваколатлари доирасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифа ва функцияларни ҳам амалга оширишлари мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. «Ўзагроинспекция» органларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш бўйича давлат назорати соҳасидаги функциялари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Экология вазирлиги органларининг ерларни муҳофаза қилиш бўйича давлат назорати соҳасидаги функциялари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
4-боб. Давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахслари
14. Давлат ер ва кадастр назорати Кадастр агентлиги, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг қуйидаги мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади:
Кадастр агентлиги директори — ер ва кадастр назорати бўйича Ўзбекистон Республикасининг бош давлат инспектори;
Кадастр агентлиги директори ўринбосари — ер ва кадастр назорати бўйича Ўзбекистон Республикасининг бош давлат инспектори ўринбосари;
Кадастр агентлигининг ер ва кадастр назоратига масъул бошқармаси бошлиғи — ер ва кадастр назорати бўйича Ўзбекистон Республикасининг катта давлат инспектори;
Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармаси бошлиқлари — ер ва кадастр назорати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат инспекторлари;
Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармаси бошлиғи ўринбосарлари — ер ва кадастр назорати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг катта давлат инспекторлари;
Кадастр агентлигининг туман (шаҳар) бўлими бошлиқлари — ер ва кадастр назорати бўйича туман (шаҳар) бош давлат инспекторлари;
Кадастр агентлигининг ер ва кадастр назоратига масъул бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиқлари ва мутахассислари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаси ер ва кадастр назоратига масъул бўлими бошлиғи ва мутахассислари, туман (шаҳар) бўлимларининг бош ва етакчи инспекторлари — ер ва кадастр назорати бўйича давлат инспекторлари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Ўзагроинспекция ва Қорақалпоғистон Республикаси Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, вилоятлар бошқармалари ва туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимларининг мансабдор шахслари қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар ҳисобланади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Экология вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари бош давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари, катта давлат инспекторлари ва давлат инспекторлари ўз ваколатларига мувофиқ Экология вазирлиги органларининг ерларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслари ҳисобланади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Давлат ер ва кадастр назорати соҳасида қонунийликни таъминлаш юзасидан махсус ваколатли давлат органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
5-боб. Давлат ер ва кадастр назорати тадбирлари иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
18. Давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахси, давлат ер ва кадастр назорат тадбири ўтказилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакили ёхуд жисмоний шахс назорат тадбирининг иштирокчилари ҳисобланади.
19. Давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширишда махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
юридик ва жисмоний шахслардан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни талаб қилиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда юридик ва жисмоний шахслардан белгиланган тартибда сўраб олиш;
(19-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
зарур ҳолларда, давлат ер ва кадастр назорати тадбирларида юзага келган масалаларни тушунтириш учун махсус билимларга эга бўлган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мутахассисларини белгиланган тартибда жалб қилиш;
(19-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
давлат ер ва кадастр назорати тадбирлари жараёнларини фото ва видеотасвирга тушириш, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар)дан белгиланган тартибда фойдаланиш, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланган ҳоллар бундан мустасно;
зарур ҳолларда, давлат ер ва кадастр назорати тадбирларини ўтказиш чоғида юридик ва жисмоний шахслар томонидан фойдаланилаётган кадастр объектларини кўздан кечириш ва назорат ўлчовларидан ўтказиш;
давлат ер ва кадастр назорати масалаларида юридик ва жисмоний шахслардан зарур ахборотлар, маълумотлар, тушунтиришлар олиш;
давлат ер ва кадастр назорати тадбирларини ўтказиш чоғида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларини, жисмоний шахсларни махсус ваколатли давлат органига давлат ер ва кадастр назорати билан боғлиқ масалаларда тушунтиришлар беришга чақириш;
давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган ҳаракатларнинг олдини олишда ёки уларни тўхтатишда, шунингдек, ер тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахсларни аниқлашда ички ишлар органларига мурожаат қилиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига, шунингдек, жисмоний шахсларга давлат ер ва кадастр назорати соҳасида аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш ҳақида кўрсатмалар бериш;
кадастр объектларига оид ҳужжатларнинг қалбаки ёки сохталиги ҳақида шубҳа туғилган ҳолларда, уларни ҳақиқийлиги ёки тўғрилигини аниқлаш мақсадида олиб қўйиш.
Давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширишда махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахслари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
20. Давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширишда махсус ваколатли давлат органларнинг мансабдор шахслари қуйидагиларга мажбур:
давлат ер ва кадастр назорати амалга оширилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатиш;
юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилини ёхуд жисмоний шахсни давлат ер ва кадастр назорати мақсади ва уни амалга ошириш асослари билан таништириш;
юридик ва жисмоний шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;
ўтказилган давлат ер ва кадастр назорати натижаларини далолатнома билан расмийлаштириш ҳамда бир нусхасини юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга тақдим этиш.
Махсус ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг зиммасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
21. Давлат ер ва кадастр назорати тадбири ўтказилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси (вакили) ёки жисмоний шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:
махсус ваколатли давлат органи мансабдор шахсларининг назорат масалаларига алоқаси бўлмаган талабларини бажармаслик;
махсус ваколатли давлат органларига ер ва кадастр тўғрисидаги қонунчилик ижросига тааллуқли масалалар бўйича тушунтиришлар бериш;
махсус ваколатли давлат органи мансабдор шахсининг рухсати билан экспертиза ўтказишда иштирок этиш ва экспертга тушунтиришлар бериш, экспертнинг хулосаси билан танишиш;
давлат ер ва кадастр назорати материаллари билан танишиш ва назорат далолатномасини олиш;
махсус ваколатли давлат органи мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш.
Давлат ер ва кадастр назорати ўтказилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки жисмоний шахс қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
22. Давлат ер ва кадастр назорат тадбири ўтказилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси (вакили) ёки жисмоний шахснинг мажбуриятлари:
махсус ваколатли давлат органларининг давлат ер ва кадастр назорати билан боғлиқ қонуний талабларини бажариш, улар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик;
назорат тадбирини ўтказаётган махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахсларига назорат билан боғлиқ, шу жумладан, электрон ахборот жисмларида сақланадиган ҳужжатлар ва ахборотни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш имкониятини таъминлаш;
назорат тадбирини ўтказувчи мансабдор шахснинг талабига кўра ер ва кадастрга оид ҳужжатларни тақдим этиш.
Юридик шахснинг мансабдор шахси ёки жисмоний шахс ўз зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6-боб. Давлат ер назоратини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
1-§. Умумий қоидалар
23. Давлат ер назорати Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида махсус ваколатли давлат органлари томонидан «Е-YER NAZORAT» тизимида амалга оширилади. Бунда:
Кадастр агентлиги «Е-YER NAZORAT» тизимининг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини ҳамда махсус ваколатли давлат органларининг тизимдан самарали фойдаланишларини таъминлаш бўйича масъул орган;
«Компьютерлаштириш, геоахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш маркази» давлат муассасаси «Е-YER NAZORAT» тизимининг оператори ҳисобланади.
24. «Е-YER NAZORAT» тизими ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими (edo.ijro.uz), «E-maʼmuriy ish», «Adolat», «E-material» ахборот тизимлари, Ижро иши юритувлари ягона электрон базаси билан интеграция қилинади.
Аэрокосмик мониторинг қилиш учун зарур маълумотлар давлат ер назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигига (кейинги ўринларда — «Ўзбеккосмос» агентлиги) беғараз тақдим этиб борилади.
25. Қуйидагилар давлат ер назоратини амалга ошириш учун маълумотлар манбаи ҳисобланади:
ер мониторинги жараёнида ер тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши кузатилганда;
махсус автоматлаштирилган ахборот тизими ҳамда аэрокосмик суратларни солиштириш орқали эҳтимолий ер тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши қайд этилганда;
жисмоний ёки юридик шахсларнинг ер тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ҳолатлари ҳақидаги асосланган мурожаатларига мувофиқ;
оммавий ахборот воситалари ёки бошқа ташқи манбаларда (ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтларда) ерга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;
суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ерга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида далолат берувчи ахборот келиб тушганда;
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнида рад этилган объектлар «Eʼtirof» ахборот тизими орқали маълумот келиб тушганда.
Давлат ер назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органлари ерга оид қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ер тўғрисидаги қонунчилик талаблари юзасидан доимий равишда тушунтириш тадбирларини амалга оширади.
2-§. Ерга оид қонунбузилиш ҳолатларини давлат космик мониторинг натижаларини қайта ишлаш орқали аниқлаш ҳамда маълумотларни «E-YER NAZORAT» тизими орқали махсус ваколатли давлат органларига электрон шаклда манзилли юбориш тартиби
26. «Ўзбеккосмос» агентлиги:
давлат космик мониторинг қилиш бўйича тасдиқланган лойиҳалар доирасида ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, бундай ерларда эҳтимолий ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатларини бир йилда икки маротаба аэрокосмик мониторинг орқали аниқлайди. Заруратга кўра, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қўшимча аэрокосмик мониторинг ўтказилиши мумкин;
амалга оширилган космик мониторинг натижаларида аниқланган ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш эҳтимоли юқори бўлган ҳолатларга оид дастлабки маълумотларни «Е-YER NAZORAT» тизими орқали махсус ваколатли давлат органларига электрон шаклда манзилли тақдим этиб боради.
27. «Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан юборилган ерга оид қонунбузилиш эҳтимоли юқори бўлган ҳолатларга оид дастлабки маълумотлар тегишли махсус ваколатли давлат органининг «Е-YER NAZORAT» тизимидаги кабинетига автоматик тарзда тақсимланади.
28. Махсус ваколатли давлат органлари келиб тушган маълумотларни белгиланган тартибда ўрганиб чиқади ҳамда ўз ваколатлари доирасида тегишли чораларни кўради.
«Е-YER NAZORAT» тизимига келиб тушган маълумотларнинг махсус ваколатли давлат органлари томонидан асоссиз равишда қайтарилишига йўл қўйилмайди.
3-§. Махсус ваколатли давлат органлари томонидан «Е-YER NAZORAT» тизимида ерга оид қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги ишларни юритиш, давлат ер назорати ҳужжатларини расмийлаштириш, кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш ёки «Е-YER NAZORAT» тизими орқали ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколатига эга органга юбориш тартиби
29. Махсус ваколатли давлат органлари томонидан ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳужжатлар тўпламини шакллантириш, уларни ўз вақтида ва холисона кўриб чиқиш мақсадида электрон ҳужжатлар алмашинуви «Е-YER NAZORAT» тизимидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.
Ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши кузатилганда, махсус ваколатли давлат органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) «Е-YER NAZORAT» тизимида электрон тарзда шакллантирилиб, давлат ер назоратини амалга ошириш тўғрисидаги тасдиқланган буйруғига асосан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда давлат ер назорати амалга оширилади.
Давлат ер назоратини амалга ошириш тўғрисидаги буйруқда юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, назорат амалга ошириладиган ер участкаси жойлашган манзил, назоратни амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, назоратни амалга ошириш муддати ва мақсадлари кўрсатилади, ушбу банднинг тўртинчи хатбошиси бундан мустасно.
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ушбу ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморат қуриш билан боғлиқ давлат ер назоратини амалга ошириш тўғрисидаги буйруқда юридик ва жисмоний шахсларнинг номи кўрсатилмайди.
Давлат ер назоратини амалга ошириш тўғрисидаги буйруққа назорат объектининг WGS-84 координаталар тизимидаги геолокацияси илова қилиниши лозим.
Давлат ер назоратини амалга ошириш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу назоратни амалга ошириш муддатининг бошланиши ҳисобланади.
30. Агар давлат ер назоратида махсус ваколатли давлат органининг икки ёки ундан ортиқ назоратчи мансабдор шахслари қатнашганда, давлат ер назоратини амалга ошириш тўғрисидаги буйруқда фамилияси биринчи кўрсатилган мансабдор шахс назорат жараёнини бошқариш ва натижаларини умумлаштиришга жавобгар шахс ҳисобланади.
Махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахслари давлат ер назорати тадбирларида ўз ваколатлари доирасидан четга чиқмаслиги ҳамда назорат предметига алоқадор бўлмаган ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилмаслиги лозим.
31. Ерга оид ҳужжатларнинг қалбаки ёки сохталиги ҳақида шубҳа пайдо бўлган ҳолларда, давлат ер назоратини амалга ошираётган махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахси томонидан уларнинг ҳақиқийлиги ёки тўғрилигига аниқлик киритиш мақсадида олиб қўйилиши мумкин.
Бунда ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисида махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахси томонидан баённома тузилади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:
баённома тузилган вақти ва жойи;
баённомани тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;
ҳужжатлари олиб қўйилган шахс тўғрисидаги маълумотлар (юридик шахс номи, унинг мансабдор шахси ёки ҳужжатларни олиб қўйишда иштирок этган вакили ёхуд жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, манзили ва шу кабилар);
ҳужжатларни олиб қўйишда иштирок этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар (агар улар бўлса);
олиб қўйилаётган ҳужжатнинг номи (мазмуни), санаси, рақами, уни қабул қилган (расмийлаштирган) орган, ташкилот номи ҳамда ҳужжатнинг варақлари сони.
Ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённома планшет ёки компьютер ёрдамида «Е-YER NAZORAT» тизими орқали электрон тарзда расмийлаштирилади.
Ушбу баённома юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакили ёхуд жисмоний шахс томонидан имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия (бармоқ изи), ёки ERI) билан тасдиқлангандан сўнг, баённома ушбу шахсларга электрон алоқа воситаси ёки почта хизмати орқали юборилади.
Юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакили ёхуд жисмоний шахс ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённомани имзолашдан бош тортган ҳолларда, бу ҳақида баённомага тегишли ёзув киритилади ва баённома ушбу шахсларга электрон алоқа воситаси ёки почта хизмати орқали юборилади.
32. Давлат ер назорати доирасидаги ҳаракатларни юридик ёки жисмоний шахс рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган ёхуд назорат тадбири ўтказилаётган жойнинг ўзида расмийлаштириш имкони бўлмаса, ушбу ҳаракатлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ёки махсус ваколатли давлат органининг биносида планшет ва компьютер ёрдамида расмийлаштирилиши мумкин.
Махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари томонидан давлат ер назорати натижалари бўйича «Е-YER NAZORAT» тизимида қуйидагиларни илова қилган ҳолда электрон тарзда далолатнома тузилади:
назорат тадбири ўтказилган жой, далолатнома тузилган сана;
назорат тадбири ўтказиш учун асос;
назорат тадбирини ўтказган мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг манзили ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
давлат ер назорати соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг аниқ манзили, WGS-84 координаталар каталоги, ҳолати ва ҳажми, шунингдек, ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг тегишли нормасига ҳавола этилган ҳолдаги батафсил тавсифи;
ерга оид ҳуқуқбузарлик оқибатларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этиш тўғрисида кўрсатма.
Далолатномага махсус ваколатли давлат органи мансабдор шахси томонидан ер назорати тадбирида олинган фотосуратлар, видеоёзувлар ва бошқа материаллар илова қилинади.
Ушбу далолатнома юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакили ёхуд жисмоний шахс томонидан имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия (бармоқ изи) ёки ERI) билан тасдиқлагандан сўнг, далолатнома ушбу шахсларга электрон алоқа воситалари ва почта хизмати орқали юборилади.
Юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакили ёхуд жисмоний шахс далолатномани имзолашдан бош тортган ҳолларда, бу ҳақида далолатномага тегишли ёзув киритилади ва далолатнома ушбу шахсларга уч иш кунидан кечиктирмасдан электрон алоқа воситалари ҳамда почта хизмати орқали юборилади.
Далолатнома юридик ёки жисмоний шахсга топширилган кун ёки унга юборилган кун давлат ер назорати тадбири якунланган вақт деб ҳисобланади.
Давлат ер назорати далолатномасини қоғоз шаклида расмийлаштириш зарурати юзага келганда, ушбу далолатнома белгиланган тартибда давлат ер назорати тадбири тугалланган кундан эътиборан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан «E-YER NAZORAT» тизимига электрон шаклда киритилади.
Ер тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун юридик шахснинг мансабдор шахси ёки жисмоний шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим бўлса, махсус ваколатли давлат органларининг ер назоратини амалга оширган мансабдор шахси аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.
Аниқланган ҳуқуқбузарликлар ваколат доирасига тегишли бўлмаган ҳолларда назорат қилувчи орган беш кун муддатда мазкур ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколатига эга органга юборилаётганлиги тўғрисида маълумотни киритган ҳолда «E-YER NAZORAT» тизими орқали ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколатига эга органга юборади.
4-§. Ерга оид қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва улар юзасидан ўтказилган давлат ер назорати тадбирлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш ва таҳлил қилиш қоидалари
33. Ерга оид қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва улар юзасидан ўтказилган давлат ер назорати тадбирлари тўғрисидаги маълумотлар (ёзма кўрсатма, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, жарималарни қўллаш тўғрисидаги қарорлар ва суд қарорлари) бевосита «Е-YER NAZORAT» тизимининг махсус ва ўзгармас ID-рақам билан шакллантирилади ва тўпланади.
«Е-YER NAZORAT» тизимининг «Ҳуқуқбузарликни жойига чиқиб ўрганиш» бўлимида расмийлаштирилган буйруқ, ҳуқуқбузар тўғрисидаги маълумотлар, ноқонуний қурилма расмлари, ҳуқуқбузарнинг тушунтириш хати ва расмийлаштирилган далолатнома ва бошқа ҳужжатлар шакллантирилади ва тўпланади.
331. Ҳуқуқбузарлик бўйича расмийлаштирилган маъмурий баённома ва қабул қилинган маъмурий жазо қўллаш ҳақидаги қарор Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ягона электрон иш юритув тизимида («E-maʼmuriy ish») шакллантирилади ҳамда интеграция қилиш орқали «Е-YER NAZORAT» тизимининг «Чора кўриш» бўлимида тўпланади.
332. Ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларини мажбурий тартибда бўшатиш ҳамда ноқонуний қурилмаларни буздириш бўйича фуқаролик ва иқтисодий судларга киритилган даъво аризалари, шунингдек, фуқаролик ва иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқиш тамомланиб, қонуний кучга кирган суд қарорлари «Е-YER NAZORAT» тизими ва «Adolat» ахборот тизимининг интеграцияси орқали «Е-YER NAZORAT» тизимида автоматик шакллантирилади ва тўпланади.
333. Ерга оид қонунбузилиш ҳолатлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман, шаҳарлар бўйича ҳисобот жадваллари «Е-YER NAZORAT» тизимида мавжуд маълумотлар асосида шакллантирилади.
Бунда ҳуқуқбузарлик содир этилган туман (шаҳар)лар, МФЙ, манзили, ҳуқуқбузар шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, идентификацияловчи ID-картаси (паспорт) маълумотлари, ижрочи инспектор, расмийлаштирилган далолатноманинг санаси, ҳуқуқбузарлик бўйича расмийлаштирилган электрон баённома ва қабул қилинган қарор санаси, суд органларига киритилган даъво аризалари санаси, маъмурий жарима қўллаш тўғрисидаги баённома, қарор, ваколат доирасида бошқа идораларга юборилган ҳолатлар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига юборилган маъмурий ишлар маълумотларидан фойдаланилади.
Аниқланган ҳар бир ҳуқуқбузарлик бўйича амалга оширилган ишларни туман (шаҳар) даражасидан республика даражасигача бўлган вертикал назорат ва таҳлил қилиш имконияти яратилади.
334. Ерга оид қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва улар юзасидан ўтказилган давлат ер назорати тадбирлари тўғрисидаги «Е-YER NAZORAT» тизимида шакллантирилган ҳужжатлар ва маълумотлар «Е-YER NAZORAT» тизимида сақланади.
Бунда қоғоз шаклидаги маълумотлар махсус ваколатли давлат органларида, уларнинг электрон нусхалари «Е-YER NAZORAT» тизимида сақланади.
335. Махсус ваколатли давлат органига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тегишлилигига кўра «Е-YER NAZORAT» тизимида сақланаётган ҳужжатлар ва маълумотларни кўриш ва таҳлил қилиш имконияти яратилади.
336. «Е-YER NAZORAT» тизимида ерга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида киритиш ва ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш учун Кадастр агентлиги ва ахборот тизимлари «Е-YER NAZORAT» тизимига интеграция қилинадиган ваколатли давлат органлари масъул ҳисобланади.
5-§. Давлат ер назорати тўғрисидаги маълумотларнинг ягона марказлаштирилган электрон тизимини юритиш тартиби
34. «Е-YER NAZORAT» тизимини юритишда давлат ер назорати тўғрисидаги ишлар бўйича гувоҳ, жабрланувчи, холис ва ҳуқуқбузар уларнинг электрон рақамли имзосидан (бармоқ изи ёки график имзо) фойдаланган ҳолда идентификация қилинади ҳамда ишни кўриб чиқаётган махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан назорат тадбири натижаси тўғрисидаги ишлар ва ишга тааллуқли ҳужжатлар QR-код билан тасдиқланади.
341. Кадастр агентлиги томонидан давлат ер назорати тўғрисидаги ишлар бўйича электрон шаклдаги маълумотлар архиви (иш ҳужжатларининг электрон шакли) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда сақланади.
342. Махсус ваколатли давлат органлари томонидан ер қонунчилигига риоя қилмаслик, жумладан, ерлардан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш ҳолатларини барвақт аниқлаш, уларга тегишли чоралар кўриш доирасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича ундирилган жарималарнинг икки фоизи «Е-YER NAZORAT» тизими операторига йўналтирилади.
343. «Е-YER NAZORAT» тизимидаги маълумотлар махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахслари фойдаланадиган маълумотлар ҳисобланади ҳамда мазкур мансабдор шахслар «Е-YER NAZORAT» тизимидаги маълумотлар билан фақат қонунчилик ҳужжатлари асосида зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун танишиши ва фойдаланиши мумкин.
6-§. Ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар даражасига қараб ҳудудларни тоифаларга ажратиш мезонлари
35. Ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик даражасига қараб туман (шаҳар)лар қуйидагича ҳудудларга бўлинади:
«қизил» тоифадаги ҳудуд — ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш эҳтимоли юқори ҳудудлар;
«сариқ» тоифадаги ҳудуд — ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш эҳтимоли ўрта ҳудудлар;
«яшил» тоифадаги ҳудуд — ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш эҳтимоли паст ҳудудлар.
351. Туман (шаҳар)лар давлат ер назоратини амалга ошириш учун маълумотлар манбалари орқали тақдим этиб бориладиган маълумотлар асосида ҳар чорак якуни билан тоифаларга бўлинади.
Йиғилган маълумотлар манбалари орқали ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик сони энг кўп бўлган туман (шаҳар) аниқланади.
Бунда ушбу ҳудудда аниқланган ҳуқуқбузарликларнинг умумий сонидан:
75 фоиз ва ундан ошган туман (шаҳар) — «қизил» тоифадаги ҳудуд;
50 фоиздан 75 фоизгача бўлган туман (шаҳар) — «сариқ» тоифадаги ҳудуд;
50 фоиз ва ундан кам бўлган туман (шаҳар) — «яшил» тоифадаги ҳудуд деб белгиланади.
352. «Қизил» тоифадаги ҳудудларда ҳар чоракда камида бир маротаба махсус учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда, «сариқ» тоифадаги ҳудудларда ҳар олти ойда камида бир маротаба махсус самолёт ёрдамида мониторинг кузатувлари ўтказилади.
Ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш ҳолатларини аниқлаган давлат органи томонидан ўз ваколати доирасида чора кўрилади ёки аниқланган маълумотлар тегишлилиги бўйича «Е-YER NAZORAT» тизими орқали махсус ваколатли давлат органларига чора кўриш учун юборилади.
Аниқланган ерга оид қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилгунга қадар махсус ваколатли давлат органларининг давлат ер назорати йўналишидаги асосий куч ва воситалари сафарбар этилади.
(6-боб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 154-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.04.2026 й., 09/26/154/0331-сон)
7-боб. Давлат кадастр назоратини амалга ошириш тартиби
36. Давлат кадастр назорати «Давлат кадастрлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Кадастр агентлиги органлари томонидан амалга оширилади.
37. Давлат кадастр назорати давлат кадастрларини юритишга масъул бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Давлат кадастрлари ягона тизимига киритиш учун тегишли ахборот тақдим этиш, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат кадастрларини юритишга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилишдан иборат.
38. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларга кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик билан боғлиқ кадастр назоратида «Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими» маълумотларидан фойдаланилади.
39. Давлат кадастрларини юритиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш ва ишни кўриб чиқиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни юритиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ амалга оширилади.
8-боб. Давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлиги
Олдинги таҳрирга қаранг.
40. Махсус ваколатли давлат органлари томонидан уларнинг зиммаларига юклатилган вазифалар республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилади.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ер тўғрисидаги ва кадастр тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш ҳамда ерга оид ҳуқуқбузарликларга барҳам беришда махсус ваколатли давлат органларига кўмаклашишлари шарт.
(40-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
41. Махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ерга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида бир-бирини хабардор қилади, шу жумладан, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишдан фойдаланган ҳолда хабардор қилади, шунингдек, ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида бошқа ахборотлар билан алмашишни амалга оширади.
42. Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар, кадастр муҳандислари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўзларига ошкор бўлган ер тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши, шу жумладан, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолатлари тўғрисида тегишли махсус ваколатли давлат органини зудлик билан хабардор қилади.
43. Давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган ҳаракатларнинг олдини олиш ёки уларни тўхтатиш ёхуд ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаган шахсларни аниқлаш ва ушлаб келтириш бўйича тезкор ҳаракатлар ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.
9-боб. Ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда жамоатчилик назорати ва жамоатчилик назорати субъектларини рағбатлантириш тартиби
44. Жамоатчилик назорати субъектлари ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини ўз ваколатлари доирасида амалга оширадилар.
Жамоатчилик назорати субъектлари махсус ваколатли давлат органига ерга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида фотосуратлар, видеоёзувларни илова қилган ҳолда ахборот тизими орқали аризалар ва шикоятлар билан мурожаат қилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари тўғрисида маълумот берган шахслар, уларнинг берган маълумотлари асосида ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (жарима миқдоридан ошмаган) миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
(44-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
45. Жамоатчилик назорати субъектлари томонидан махсус ваколатли давлат органига тақдим қилинган ерга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги видеоёзувларда содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати, ҳуқуқбузар шахс тўғрисидаги маълумотлар аниқ акс эттирилиши ҳамда қуйидаги талабларга мос бўлиши керак:
видеофайлнинг намойиш этиш имконияти 720х480 пикселдан кам бўлмаслиги;
видеоёзув давомийлиги 30 секунддан кам бўлмаслиги ва 10 дақиқадан ошмаслиги;
видеоёзув маълумотларида сана ва вақт кўрсатилиши.
46. Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган видеоёзувларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Ўзгартириш киритилган видеоёзувлар кўриб чиқилмайди, ҳажмини қисқартириш мақсадида видеоёзувнинг бевосита ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган қисмини кесиб олиш бундан мустасно.
47. Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган видеоёзувларни ахборот тизими орқали юборишда қуйидагилар тўлиқ кўрсатилиши лозим:
фуқаронинг исми, фамилияси, отасининг исми, доимий яшаш манзили, юридик шахснинг номи, жойлашган ери (почта манзили), банк ҳисобварағи (видеоёзув юридик шахс вакили номидан тўлдирилганда);
уяли телефон рақами ёки банк пластик картаси рақами ва электрон манзили;
ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, сана ва вақт.
48. Ахборот тизимига келиб тушган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилган видеоёзувлар махсус ваколатли давлат органи томонидан уч иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
Ҳуқуқбузарлик мавжуд бўлган тақдирда мазкур Низомнинг 23 — 35-бандларига мувофиқ ўн иш куни мобайнида давлат ер назорати тадбири ўтказилади ва натижаси бўйича мурожаатни юборган шахсга бир иш кунида электрон тарзда жавоб юборилади.
49. Қуйидаги ҳолларда видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувлар асосида маъмурий иш юритилмайди:
видеоёзувлар мазкур Низомнинг 45-бандида белгиланган талабларга жавоб бермаганда ёки сифатсиз бўлганда;
видеоёзувларга ўзгартиришлар киритилган бўлса, мазкур Низомнинг 46 бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
видеоёзувлар ахборот тизимига мазкур Низомнинг 47-бандида белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда юкланганда;
видеоёзувда қайд этилган ҳуқуқбузарлик бўйича қарор қабул қилинган ёки маъмурий иш юритилаётган тақдирда.
50. Рағбатлантириш ҳуқуқбузардан жарима ундирилгандан сўнг фуқаронинг уяли телефон рақами ҳисобига ёки банк пластик картасига, юридик шахснинг эса банкдаги ҳисобварағига махсус ваколатли давлат органининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобварағига ўтказилган маблағлар ҳисобидан автоматик тарзда пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
51. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
10-боб. Якунловчи қоидалар
52. Давлат кадастрлари ягона тизимига киритиладиган давлат кадастрларининг ахборотини тақдим этиш тартибини бузиш ҳамда ерга оид қонунбузилиш ҳолатлари содир этилганда, Кадастр агентлиги уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
53. Ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ва ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш тўғрисидаги Кадастр агентлиги органларининг кўрсатмаси жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўн беш кун муддатда ихтиёрий равишда бажарилган тақдирда, махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатлар бартараф этилганини қайд этиш тўғрисида электрон шаклдаги далолатнома «E-YERNAZORAT» ААТ орқали расмийлаштирилиб, махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари томонидан ЭРИ билан тасдиқланади.
Мазкур кўрсатмалар бажарилмаган тақдирда, Кадастр агентлиги органлари Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 36-моддасига мувофиқ ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳамда ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш (бузиб ташлаш) юзасидан тўғридан тўғри судга мурожаат қилишга ҳақли.
(53-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
54. Мазкур Низом талаблари асосида ўтказилган ер назорати тадбирлари натижалари бўйича махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахсларини рағбатлантириш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
55. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Давлат ер назоратини амалга ошириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Бажариш муддатлари

 

 

 

1-босқич

Махсус ваколатли давлат органлари

Давлат ер назорати Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида махсус ваколатли давлат органлари томонидан «Е-YER NAZORAT» тизимида амалга оширилади.

Доимий

2-босқич

«Ўзбеккосмос» агентлиги

Ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, бундай ерларда эҳтимолий ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатларини аэрокосмик мониторинг орқали аниқлайди ва «Е-YER NAZORAT» тизими орқали махсус ваколатли давлат органларига юборади.

Бир йилда икки маротаба

3-босқич

Махсус ваколатли давлат органлари

Давлат ер назорати ер тўғрисидаги қонунчилик бузилиши кузатилганда махсус ваколатли давлат органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) тасдиқланган буйруғи «Е-YER NAZORAT» тизимида электрон тарзда шакллантирилади ва ваколат доирасида тегишли чоралар кўради.

Ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда

4-босқич

Махсус ваколатли давлат органлари

1. Давлат ер назорати натижалари бўйича «Е-YER NAZORAT» тизимида электрон тарзда далолатнома тузади.

2. Далолатнома юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакили ёхуд жисмоний шахс томонидан белгиланган тартибда тасдиқлангандан сўнг ёки улар далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, бу ҳақида далолатномага тегишли ёзув киритилган ҳолда ушбу шахсларга электрон алоқа воситалари ва почта хизмати орқали юборилади.

10 иш куни мобайнида

5-босқич

Махсус ваколатли давлат органлари

1. Ер тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун юридик шахснинг мансабдор шахси ёки жисмоний шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим бўлса, махсус ваколатли давлат органларининг ер назоратини амалга оширган мансабдор шахси аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган муддатларда

2. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар ваколат доирасига тегишли бўлмаган ҳолларда, мазкур ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколатига эга органга «E-YER NAZORAT» тизими орқали юборади.

5 кун муддатда

(1-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 154-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.04.2026 й., 09/26/154/0331-сон)
Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашда жамоатчилик назорати ва жамоатчилик назорати субъектларини рағбатлантириш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқич

Субъект

Тадбир

Муддат

1-босқич

Жамоатчилик назорати субъектлари

Ерга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида фотосуратлар, видеоёзувларни илова қилган ҳолда ахборот тизими орқали аризалар ва шикоятлар билан мурожаат қилади.

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

Махсус ваколатли давлат органи

Келиб тушган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилган аризалар ва шикоятларни кўриб чиқади.

Уч иш куни мобайнида

3-босқич

Махсус ваколатли давлат органи

Ҳуқуқбузарлик мавжуд бўлган тақдирда Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 23 — 35-бандларига мувофиқ давлат ер назорати тадбири ўтказилади.

Ўн иш куни мобайнида

4-босқич

Махсус ваколатли давлат органи

Кўриб чиқиш натижаси бўйича мурожаатни юборган шахсга электрон тарзда жавоб юборилади.

Бир иш куни мобайнида

5-босқич

Махсус ваколатли давлат органи

Рағбатлантириш фуқаронинг уяли телефон рақами ҳисобига ёки банк пластик картасига, юридик шахснинг эса банкдаги ҳисобварағига махсус ваколатли давлат органининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобварағига ўтказилган маблағлар ҳисобидан пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Ҳуқуқбузардан жарима ундирилгандан сўнг автоматик тарзда

(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 183-сон қарорига
2-ИЛОВА
Давлат геодезия назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат геодезия назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) — ахборотни қайд этиш тури ва усулидан қатъи назар, геодезия ва картография фаолияти амалга оширилаётганда олинган геодезия, нивелир, гравиметрия ўлчовларининг, аэрокосмик ва картографик тасвирларнинг барча якуний ва оралиқ натижалари;
геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) экспертизаси — геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек, геодезия ва картографияга оид ишларни бажаришнинг техник лойиҳалари (дастурлари) талабларига мувофиқлигини аниқлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
геодезия ва картография фаолияти субъектлари — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда — Кадастр агентлиги), Мудофаа вазирлиги, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахслар, геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) сақловчи юридик ва жисмоний шахслар;
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)
давлат геодезия назорати — геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида ваколатли органлар томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар мажмуи.
3. Давлат геодезия назорати Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
4. Геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш, шунингдек, геодезия ва картографияга оид ишларни, геодезия пунктларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олишни ташкил этиш, давлат картография-геодезия фондининг фаолият юритишини таъминлаш давлат геодезия назоратининг асосий вазифалари ҳисобланади.
5. Кадастр агентлиги — геодезия ва картография фаолиятининг барча субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширадиган махсус ваколатли давлат органи (кейинги ўринларда — махсус ваколатли давлат органи) ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати тизимидаги геодезия ва картография фаолияти субъектлари бундан мустасно.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати тизимидаги геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
6. Махсус ваколатли давлат органи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади, уларга методик ва бошқа ёрдам кўрсатади.
7. Махсус ваколатли давлат органи геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик юзасидан профилактик тадбирларни амалга оширади.
8. Махсус ваколатли давлат органи томонидан геодезия ва картография соҳасида қонунийликни таъминлаш юзасидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
2-боб. Махсус ваколатли давлат органининг асосий вазифалари ва функциялари
9. Қуйидагилар давлат геодезия назоратини амалга оширишда махсус ваколатли давлат органининг асосий вазифалари ҳисобланади:
геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига, геодезия ҳамда картографияга доир материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш;
геодезия ва картографияга оид ишларни, геодезия пунктларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олишни ташкил этиш;
давлат картография-геодезия фондининг фаолият юритишини назорат қилиш.
10. Махсус ваколатли давлат органи давлат геодезия назоратини амалга оширишда ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан назорат қилади;
картографияга доир материалларда ҳамда бошқа ҳужжатларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси ва ҳудуди тўғри акс эттирилганлиги устидан назорат қилади;
геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатдан ўтказади;
геодезия пунктларини ҳисобга олади;
давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларидаги геодезия пунктларининг, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа геодезия пунктларининг бут сақланиши ва уларнинг муҳофаза зоналари режимига риоя этилиши устидан назорат қилади;
геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан давлат картография-геодезия фонди ҳамда идоравий картография-геодезия фондлари материалларининг (маълумотларининг) сақланиши устидан назорат қилади;
геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия координаталари, баландликлари, гравиметрия ўлчовлари давлат тизимларининг ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қатори, маҳаллий координаталар ҳамда бошқа координаталар тизимларининг қўлланилиши устидан назорат қилади;
геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) давлат картография-геодезия фондига топширилиши, шунингдек, бу субъектларнинг ушбу фонддан олган материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиши устидан назорат қилади;
геодезия ва картографияга оид бажарилган ишлар тўғрисидаги техник ҳисоботларга доир талабларни белгилайди;
геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) экспертизадан ўтказади;
Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирликлар навбатчи харитаси юритилишини назорат қилади;
рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига амал қилинганлигини доимий назорат қилади.
Махсус ваколатли давлат органи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифа ва функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
11. Геодезия пунктларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олишни ташкил қилиш тартиби ҳамда давлат картография-геодезия фондининг фаолият юритиш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
3-боб. Давлат геодезия назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари
12. Давлат геодезия назорати Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади.
13. Давлат геодезия назорати Кадастр агентлигининг қуйидаги мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади:
Кадастр агентлиги директори — геодезия назорати бўйича Ўзбекистон Республикасининг бош давлат инспектори;
Кадастр агентлиги директори ўринбосари — геодезия назорати бўйича Ўзбекистон Республикаси бош давлат инспекторининг ўринбосари;
Кадастр агентлигининг геодезия назоратига масъул бошқармаси бошлиғи — геодезия назорати бўйича Ўзбекистон Республикасининг катта давлат инспектори;
Кадастр агентлигининг геодезия назоратига масъул бошқармаси ходимлари — геодезия назорати бўйича давлат инспекторлари.
14. Давлат геодезия назоратини амалга оширишда Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлими мутахассислари жалб қилиниши мумкин.
4-боб. Давлат геодезия назорати тадбирлари иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
15. Махсус ваколатли давлат органи мансабдор шахслари, геодезия ва картография фаолияти субъектлари (уларнинг вакиллари) давлат геодезия назоратининг иштирокчилари ҳисобланади.
16. Давлат геодезия ва картография фаолияти соҳасида қонунийликни таъминлаш юзасидан махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
геодезия ва картография ишлари белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмасдан ёхуд фаолиятни техник жиҳатдан тартибга солувчи норматив ҳужжатлар талаблари бузилган ҳолда олиб борилаётган бўлса, ушбу ишларни белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш;
геодезия ва картография ишлари ҳамда топография хариталари, режалари, геодезия пунктлари координатлари ва баландликлари тўғрисидаги маълумотларни сақлаш билан боғлиқ хоналарга белгиланган тартибда кириш;
геодезия ва картография фаолияти субъектлари раҳбарлари ёки мансабдор шахсларига геодезия ва картография ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш, шунингдек, ушбу ишларни бажариш ва аэрокосмик суратга олишлар натижалари бўйича олинган материаллар (маълумотлар)ни тўплаш, ҳисобини юритиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;
давлат геодезия назоратини амалга ошириш билан боғлиқ текширишларни ўтказиш учун экспертларни белгиланган тартибда жалб этиш;
геодезия ва картография фаолияти субъектларидан ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур ахборотларни сўраб олиш;
геодезия ва картография фаолияти субъектларининг геодезия ва картографияга доир ахборот ресурслари, географик ахборот тизимлари, маълумотлар (геомаълумотлар) базалари, реестрларидан фойдаланиш, улардан маълумотлар ва (ёки) ахборотларни текин олиш;
рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига жисмоний ва юридик шахсларнинг риоя этишини текширишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган, қонунчиликда белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказиш;
рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахслардан зарур ахборотни сўраш ва олиш;
текширувлар натижалари асосида геодезия ва картография фаолияти субъектлари йўл қўйган рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига доир қоидабузарликларни кўрсатган ҳолда далолатномалар тузиш;
геодезия ва картография фаолияти субъектлари зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш;
геодезия ва картография фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабардор қилувчининг фаолиятини (ҳаракатларини) тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиш, уларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисида, шунингдек, фаолиятини (ҳаракатларини) амалга оширишни тақиқлаш тўғрисида судга ариза бериш;
рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима солиш тўғрисида судга ариза бериш;
рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатларни амалга ошириш учун судга давлат божи тўламасдан аризалар бериш.
Махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
17. Махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари қуйидагиларга мажбур:
давлат геодезия назорати амалга оширилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга текшириш ўтказиш махсус гувоҳномасини кўрсатиш;
юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилини ёхуд жисмоний шахсни давлат геодезия назорати мақсади ва уни амалга ошириш асослари билан таништириш;
юридик ва жисмоний шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;
ўтказилган давлат геодезия назорати натижаларини далолатнома (кейинги ўринларда — далолатнома) билан расмийлаштириш ва бир нусхасини юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга тақдим этиш.
Махсус ваколатли давлат органи мансабдор шахсларининг зиммасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
18. Давлат геодезия назоратини ўтказишда геодезия ва картография фаолияти субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат геодезия назорати инспекторларининг назорат масалаларига алоқаси бўлмаган талабларини бажармаслик;
давлат геодезия назоратини ўтказишда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш;
давлат геодезия назорати инспекторининг рухсати билан экспертиза ўтказишда иштирок этиш ва экспертга тушунтиришлар бериш, экспертнинг хулосаси билан танишиш;
давлат геодезия назорати материаллари билан танишиш ва далолатномани олиш;
текширишларни рўйхатга олиш китобига тегишли ёзувлар киритилишини (ёки электрон тизимда қайд этилишини) талаб қилиш;
давлат геодезия назорати инспекторининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш.
Геодезия ва картография фаолияти субъектлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
19. Давлат геодезия назоратини ўтказишда геодезия ва картография фаолияти субъектлари қуйидагиларга мажбур:
давлат геодезия назорати билан боғлиқ қонуний талабларини бажариш, улар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик;
давлат геодезия назоратини ўтказаётган давлат геодезия назорати инспекторларига текширув билан боғлиқ, шу жумладан, электрон ахборот жисмларида сақланадиган, ҳужжатлар ва ахборотни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш имкониятини таъминлаш;
давлат геодезия назорати инспекторининг талабига кўра геодезия ва картография фаолиятига оид шартномалар, шартномада кўрсатилган ишларни бажарилганлигини, техник лойиҳа ва ҳисоботлар, зарур ҳолатларда бажарилган ишлардан намуналар кўрсатиш.
Геодезия ва картография фаолияти субъектлари ўз зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
5-боб. Давлат геодезия назоратини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
20. Давлат геодезия назорати «Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
21. Махсус ваколатли давлат органи томонидан давлат геодезия назорати қуйидаги асосларга кўра белгиланган тартибда ўтказилади:
геодезия ва картография ишларини рўйхатдан ўтказилмаганлиги;
картография материалларида ва бошқа ҳужжатларда Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг ҳамда маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини нотўғри акс эттирилганлигини;
геодезия ва картография фаолиятининг субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ фаолият юритилмаганлиги;
давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларидаги геодезия пунктларининг, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа геодезия пунктларининг бут сақланиши ва уларнинг муҳофаза зоналари режимига риоя этилишини таъминламанганлиги;
давлат геодезия тармоғи пунктларининг қайта тикланишини таъминлаш бўйича тадбирларнинг бажарилмаганлиги;
рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига амал қилинмаганлиги;
геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) давлат картография-геодезия фондига топширилмаганда;
геодезия ва картография фаолияти субъектларининг давлат картография-геодезия фондидан олинган материаллардан (маълумотлардан) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилмаганлиги аниқланганда;
жисмоний ёки юридик шахсларнинг геодезия тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги асосланган мурожаатларига мувофиқ;
оммавий ахборот воситалари ёки бошқа ташқи манбаларда (ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтларда) геодезия ва картографияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;
суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотлардан геодезия ва картографияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида далолат берувчи ахборот тушганда;
назорат қилувчи органларнинг «хавфни таҳлил этиш» тизими орқали ҳуқуқбузарликлар аниқланганда.
22. Давлат геодезия назорати махсус ваколатли давлат органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғига асосан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Давлат геодезия назоратини амалга ошириш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу назоратни амалга ошириш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.
23. Агар давлат геодезия назоратида махсус ваколатли давлат органининг икки ёки ундан ортиқ назоратчи мансабдор шахслари қатнашганда, буйруқда фамилияси биринчи кўрсатилган мансабдор шахс назорат жараёнини бошқариш ва натижаларини умумлаштиришга жавобгар шахс ҳисобланади.
24. Махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари давлат геодезия назорати тадбирларида ўз ваколатлари доирасидан четга чиқмаслиги ҳамда назорат предметига алоқадор бўлмаган ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилмаслиги лозим.
25. Геодезия ва картографияга доир материалларнинг (маълумотларнинг) қалбаки ёки сохталиги ҳақида шубҳа туғилган ҳолларда, давлат геодезия назоратини амалга ошираётган махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахси томонидан уларни ҳақиқийлиги ёки тўғрилигига аниқлик киритиш мақсадида олиб қўйилиши мумкин.
26. Ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисида махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахси томонидан баённома тузилади, унда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
баённома тузилган вақти ва жойи;
баённомани тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;
ҳужжатлари олиб қўйилган шахс тўғрисидаги маълумотлар (юридик шахс номи, унинг мансабдор шахси ёки ҳужжатларни олиб қўйишда иштирок этган вакили ёхуд жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, манзили ва шу кабилар);
ҳужжатларни олиб қўйишда иштирок этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, агар улар бўлса;
олиб қўйилаётган ҳужжатнинг номи (мазмуни), санаси, рақами, уни қабул қилган (расмийлаштирган) орган, ташкилот номи ҳамда ҳужжатнинг варақлари сони.
Ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённома икки нусхада расмийлаштирилади ва унинг бир нусхаси юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга имзо қўйдириб топширилади.
Юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакили ёхуд жисмоний шахс ҳужжатлар олиб қўйиш тўғрисидаги баённомани имзолаш ва (ёки) олишдан бош тортган ҳолларда, бу ҳақида баённомага тегишли ёзув киритилади ва юридик ёки жисмоний шахсга почта орқали буюртма хат билан юборилади.
27. Давлат геодезия назорати доирасидаги ҳаракатларни юридик ёки жисмоний шахс рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган ёхуд назорат тадбири ўтказилаётган жойнинг ўзида расмийлаштириш имкони бўлмаса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки махсус ваколатли давлат органининг биносида расмийлаштирилиши мумкин.
28. Давлат геодезия назоратини ўтказишда зарур ҳолларда белгиланган тартибда малакали мутахассислар ва таржимонлар жалб этилиши, шунингдек, экспертиза тайинланиши мумкин.
29. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги буйруқ махсус ваколатли давлат органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан давлат геодезия назорати инспекторининг илтимосномаси асосида қабул қилинади.
30. Малакали мутахассислар ва таржимонни жалб қилиш учун махсус ваколатли давлат органи томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилинади.
31. Малакали мутахассислар ва таржимонлар шартнома асосида махсус ваколатли давлат органининг маблағлари ҳисобидан жалб қилиниши мумкин, маблағ ажратиш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.
32. Махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари томонидан давлат геодезия назорати натижалари бўйича қуйидагилар кўрсатилган ҳолда камида уч нусхада далолатнома тузилиши керак:
назорат тадбири ўтказилган жой, далолатнома тузилган сана;
назорат тадбири ўтказиш учун асос;
назорат тадбирини ўтказган мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг манзили ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
геодезия ва картография соҳасидаги ҳуқуқбузарлик оқибатларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этиш тўғрисида кўрсатма.
Далолатномага махсус ваколатли давлат органи мансабдор шахси томонидан геодезия назорати тадбирида олинган фотосуратлар, видеоёзувлар ва бошқа материаллар илова қилинади.
33. Давлат геодезия назоратини ўтказиш натижасида геодезия ва картография тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилишлари аниқланмаган бўлса, бу ҳақида далолатномада қайд этилади.
34. Далолатноманинг барча нусхалари махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари томонидан имзоланади ҳамда унинг бир нусхаси юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади.
35. Юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакили ёхуд жисмоний шахс далолатномани олишдан бош тортганда, далолатномага тегишли ёзув киритилади ва унинг бир нусхаси юридик ёки жисмоний шахсга уч иш кунидан кечиктирмасдан почта орқали буюртма хат билан юборилади ва юборилганидан эътиборан уч кун ўтгач, топширилган ҳисобланади.
36. Давлат геодезия назорати ўтказилган шахс (унинг вакили) далолатномада баён этилган ҳолатларга ва (ёки) текширувчиларнинг хулосалари ҳамда таклифларига рози бўлмаган тақдирда, далолатномани олган кундан эътиборан ўн кун ичида Кадастр агентлигига мазкур далолатнома бўйича умуман ёки унинг айрим ҳолатлари юзасидан ёзма эътирозларини тақдим этишга ҳақли.
37. Геодезия ва картография фаолияти субъектлари ўз эътирозларининг асосланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини) ёзма эътирозларга илова қилишга ёки келишилган муддатда ваколатли органга топширишга ҳақли.
38. Далолатнома геодезия ва картография фаолияти субъектига топширилган кун ёки унга юборилган кун давлат геодезия назорати тадбири якунланган вақт деб ҳисобланади.
39. Далолатнома махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда тугалланган кундан эътиборан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан рўйхатдан ўтказилиши лозим.
40. Давлат геодезия назоратини ўтказиш материалларини кўриб чиқиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
41. Геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун геодезия ва картография фаолияти субъектининг раҳбари ҳамда мансабдор шахси ёки жисмоний шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим бўлса, ваколатли органнинг геодезия назоратини амалга оширган мансабдор шахси аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
42. Давлат геодезия назорати натижасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллаш тааллуқлилиги бўйича махсус ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ амалга оширилади.
Агар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш пайтида махсус ваколатли давлат органи (мансабдор шахси) томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари бор деган хулосага келинган тақдирда, тегишли материаллар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
Рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
43. Махсус ваколатли давлат органининг кўрсатмалари, тақдимномалари ва бошқа ҳужжатларини бажармаслик, шунингдек, давлат геодезия назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар фаолиятига асоссиз аралашиш ҳамда юклатилган вазифалар ва функцияларнинг қонуний ижро этилишига тўсқинлик қилиш мақсадида уларга ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ва бу қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
44. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Давлат геодезия назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Давлат геодезия назоратини амалга ошириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Махсус ваколатли давлат органи

Давлат геодезия назоратини амалга оширади.

Доимий

2-босқич

Махсус ваколатли давлат органи

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилгандан сўнг, давлат геодезия назоратини амалга ошириш тўғрисидаги махсус ваколатли давлат органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи қабул қилинади.

Геодезия ва картография фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши кузатилганда

3-босқич

Махсус ваколатли давлат органи

Махсус ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари давлат геодезия назоратини амалга оширади ва натижалари бўйича далолатнома тузади.

10 иш куни мобайнида

4-босқич

Махсус ваколатли давлат органи

Далолатномани имзолайди ҳамда унинг бир нусхасини юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширади.

1 иш куни мобайнида

5-босқич

Махсус ваколатли давлат органи

Юридик шахснинг мансабдор шахси (вакили) ёхуд жисмоний шахс далолатномани олишдан бош тортганда, далолатномага тегишли ёзувни киритади ва унинг бир нусхасини юридик ёки жисмоний шахсга почта орқали юборади.

3 иш кунидан кечиктирмай

6-босқич

Махсус ваколатли давлат органи

Рухсат бер?ш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳуқуқбузарликлар «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ кўриб чиқилади.

Белгиланган тартибда

7-босқич

Махсус ваколатли давлат органи

Геодезия соҳасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чорасини қўллаш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига мувофиқ амалга оширилади.

Белгиланган тартибда

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 183-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари
РЎЙХАТИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2011 йил 24 августдаги ПФ-4354-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 25 августдаги ПҚ-1604-сон қарори)» 2011 йил 2 ноябрдаги 294-сон қарорига илованинг 28-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 31 майдаги ПФ-5065-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3024-сон қарори)» 2017 йил 29 августдаги 679-сон қарорига илованинг 8-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 21 апрелдаги ПФ-5024-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 21 апрелдаги ПҚ-2915-сон қарори)» 2017 йил 14 ноябрдаги 915-сон қарорига 1-илованинг 26-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 14 мартдаги ПФ-5379-сон Фармони)» 2018 йил 29 майдаги 396-сон қарорига илованинг 34-банди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида («Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2018 йил 24 июлдаги ЎРҚ-487-сон Ўзбекистон Республикаси Қонуни)» 2019 йил 12 февралдаги 117-сон қарорига илованинг 1-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.04.2022 й., 09/22/183/0308-сон; 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон; 09.04.2026 й., 09/26/154/0331-сон)