Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Халқ таълими тизимидаги ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимидаги ташкилотларда бюджетдан ташқари жамғариладиган маблағларни шакллантириш ва улардан самарали фойдаланиш, биринчи синф ўқувчилари ҳамда касаллиги туфайли якка тартибда уйида таълим оладиган ногирон болалар, шунингдек, кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчиларни замонавий ягона мактаб формаси тўпламлари билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Халқ таълими тизимидаги ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳамда улардан фойдаланиш йўналишларини белгилаш;
жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
жамғарма маблағларнинг харажатлари ижросини назорат қилиш.
2. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йилдан бошлаб мактаблардаги барча 1 — 11-синф ўқувчиларининг 15 фоизидан кўп бўлмаган кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчиларни замонавий ягона мактаб формаси тўпламлари билан бепул таъминланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими таълим вазирлиги бир ой муддатда:
биринчи синф ўқувчилари ҳамда касаллиги туфайли якка тартибда уйида таълим оладиган ногирон болалар учун бериладиган ўқув қуроллари тўплами билан текин таъминлаш тартибини;
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда кам таъминланган оилаларга мансуб 1 — 11-синф ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси тўпламлари билан текин таъминлаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 27 апрель,
243-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 апрелдаги 243-сон қарорига

1-ИЛОВА
Халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом халқ таълими муассаса ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари (кейинги ўринларда — жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
2. Ушбу Низом халқ таълими тизимидаги барча давлат таълим муассаса ва ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
халқ таълими муассаса ва ташкилотларининг кўчмас мол-мулкини ижарага беришдан балансда сақловчига тушадиган маблағлар;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.12.2023 й., 09/23/660/0938-сон)
ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича қўшимча таълим беришдан олинган даромадлар;
халқ таълими муассаса ва ташкилотлари фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
вақтинча бўш турган миллий валютадаги маблағларни тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
муассаса ва ташкилотларнинг илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимларининг лавозим маошига белгиланган қўшимча ҳақни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг молия йили якунига қадар ишлатилмай қолган бюджет маблағлари;
халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
4. Жамғарма маблағлари тасдиқланган даромадлар ва харажатлар режасида назарда тутилган мақсадлар учун молиялаштирилади.
Бунда халқ таълими муассасаси ва ташкилоти раҳбарини моддий рағбатлантириш ва халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасига йўналтириладиган маблағлар ҳисобга олиниши лозим.
Жамғармага йўналтирилган муассаса ва ташкилотларнинг илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимларининг лавозим маошига белгиланган қўшимча ҳақни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг молия йили якунига қадар ишлатилмай қолган бюджет маблағлари қуйидаги мақсадларга сарфланади:
ташкилотнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, бино ва иншоотларни, илмий лабораторияларни техник шартлар асосида жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш, халқаро илмий ахборот базалари ва кутубхона ресурсларига уланиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш;
ходимларни етакчи миллий ва жаҳонда энг юқори мингталик рейтингга кирувчи ёки йўналишлар бўйича жаҳонда энг юқори юзталик рейтингга кирувчи хорижий илмий-таълим муассасаларига қайта тайёрлов, малака ошириш ва амалиётга юбориш орқали кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, ходимларнинг хорижий илмий анжуманларда маъруза билан иштирок этиши ва қатнашиши, халқаро тан олинган маълумотлар базасидаги етакчи илмий журналларда илмий-тадқиқот ишлари натижаларини нашр қилиш.
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар режасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар фақат халқ таълими муассасаси раҳбарининг асосли ёзма мурожаати асосида умумтаълим муассасасининг Кузатув кенгаши розилиги билан амалга киритилади.
Мазкур банднинг олтинчи хатбошисида белгиланган муассасалардан бошқа халқ таълими муассаса ва ташкилотлари жамғармаларининг даромадлар ва харажатлар режасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш уларнинг раҳбари томонидан амалга оширилади.
Халқ таълими муассасалари ва ташкилотлари раҳбарлари жамғарма маблағларини эркин йўналтириш ҳуқуқига эга.
5. Жамғармага ойлик, чораклик ёки йиллик тушган маблағлар бўйича (мақсадли ҳомийлик хайрияларидан ташқари) жами суммадан ўн фоизгача бўлган миқдори мазкур муассаса ва ташкилот раҳбарини моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади.
Бунда муассаса ва ташкилот раҳбарини моддий рағбатлантиришга йўналтириладиган маблағни ҳисоблашда илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимларнинг лавозим маошига белгиланган қўшимча ҳақни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг молия йили якунига қадар ишлатилмай қолган бюджет маблағлари ҳисобга олинмайди.
6. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан жамғармага кўрсатилган ҳомийлик хайриялари, агар ҳомий билан аниқ мақсадлар учун йўналтирилиши келишилмаган бўлса, муассаса ва ташкилот раҳбари ва бухгалтери томонидан харажатлар режасига ўзгартириш тайёрланиб, умумтаълим муассасаси учун Кузатув кенгаши розилиги билан, бошқа халқ таълими муассаса ва ташкилотлари учун раҳбар томонидан халқ таълими муассасаси ва ташкилоти харажатларига сарфланади.
4-боб. Жамғарма маблағларини ҳисобга олиш ва ҳисоб-китобини юритиш
7. Жамғарма маблағларининг ҳисоби марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати (муассаса ва ташкилот бухгалтери) ёки муассаса ва ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобини юритувчи бухгалтери томонидан юритилади. Бунда муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобини юритувчи бухгалтер штатини сақлаш бўйича барча харажатлар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига қопланади.
8. Жамғарма маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар режаси муассаса раҳбари ва бухгалтери томонидан тайёрланиб, умумтаълим муассасасининг Кузатув кенгашига келишиш учун киритилади.
Умумтаълим муассасаси Кузатув кенгашининг розилиги олингандан сўнг даромадлар ва харажатлар режаси муассаса раҳбари томонидан тасдиқланади.
Мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида белгиланган муассасалардан бошқа халқ таълими муассаса ва ташкилотларида жамғарма маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар режаси уларнинг раҳбари ва бухгалтери томонидан тайёрланади ва тасдиқланади.
9. Жамғарма тушумлари (мақсадли ҳомийлик хайрияларидан ташқари) қуйидаги тартибда йўналтирилади:
республика даражасидаги муассаса ва ташкилотлар тушумларининг беш фоизи Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасига;
ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг тўғридан-тўғри бўйсинувидаги муассаса ва ташкилотлар тушумларининг беш фоизи Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг жамғармаларига;
туман (шаҳар) даражасидаги муассаса ва ташкилотлар тушумларининг икки фоизи Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари жамғармаларига, уч фоизи туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузуридаги Халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармаларига.
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тушумлари уларнинг ихтиёрида қолдирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
91. Жамғарма маблағлари ташкилотларнинг «4001» маблағлар манбаси бўйича тегишли ғазначилик шахсий ҳисобварағида шакллантирилиб, барча харажатлар ушбу ҳисобварақ орқали амалга оширилади.
(91-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2022 й., 09/22/425/0712-сон)
5-боб. Жамғарма маблағларнинг харажатлари ижросини назорат қилиш
10. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси томонидан назорат қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари Жамғарма маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш юзасидан дастлабки ва жорий назоратни амалга оширади.
11. Жамғарма маблағларидан фақат таълим муассасаси раҳбари томонидан берилган ёзма мурожаатга асосан, барча зарур ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг туман (шаҳар) халқ таълими бўлими марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати ёки муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобини юритувчи бухгалтер томонидан фойдаланилади.
Мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган муассасалардан бошқа халқ таълими муассаса ва ташкилотлари раҳбари топшириғига асосан уларнинг бухгалтери ёки бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобини юритувчи бухгалтер томонидан фойдаланилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда шартномаларни имзолаш, маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) турларини танлаш, маҳсулотларни (ишлар, хизматларни) сифатли қабул қилиб олиш таълим муассаса ва ташкилоти раҳбари томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Амалга оширилган ишлар учун таълим муассасаси ва ташкилоти раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.
(11-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
12. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари:
тегишлилиги бўйича халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг жамғармаларига маблағларнинг тушумлари (пуллик хизматлар, ижара, ҳомийлик хайриялари, грантлар ва бошқалар) тўғрисидаги батафсил маълумотларни олишга;
халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотлар томонидан маблағлар ғайриқонуний сарфланганда, шунингдек, молиявий ҳисоботлар ва бошқа белгиланган ҳисобот тақдим этилмаганда, бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ички аудит ва молиявий назорат бошқармасини ёки ушбу вазирлик раҳбариятини хабардор қилган ҳолда бюджетдан ташқари маблағлар харажатларини молиялаштиришни (тўлашни) чеклаш ва зарур ҳолларда тўхтатиб қўйишга ҳақли.
Жиноят аломатлари бўлган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари текшириш материалларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириши лозим.
6-боб. Якунловчи қоидалар
13. Жамғарма маблағларини тасарруф этиш ёки бошқа мақсадларга йўналтириш (ишлатиш) билан боғлиқ ҳар қандай кўринишдаги аралашиш тақиқланади.
14. Халқ таълими муассаса ва ташкилотларининг раҳбарлари ва бухгалтерлари Жамғарма маблағлари тўғри шакллантирилганлиги, улардан самарали, оқилона ва тўғри фойдаланиш, мазкур маблағларнинг ҳисоб-китобининг тўғри юритилиши бўйича шахсан жавоб берадилар.
Халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Халқ таълими муассаса ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъект

Тадбирлар

Бажариш муддати

1-босқич

Муассаса ва ташкилот

Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

халқ таълими муассаса ва ташкилотларининг кўчмас мол-мулкини ижарага беришдан тушган маблағлар (Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий органлари ҳузуридаги Давлат мулкини ижара бериш маркази давлат унитар корхоналарига тўланган 1 фоизи ва электрон савдо майдончаси операторига тўловдан ташқари);

ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича қўшимча таълим беришдан олинган даромадлар;

халқ таълими муассаса ва ташкилотлари фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

вақтинча бўш турган миллий валютадаги маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

муассаса ва ташкилотларнинг илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимларнинг лавозим маошига белгиланган қўшимча ҳақни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг молия йили якунига қадар ишлатилмай қолган бюджет маблағлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Йил давомида

2-босқич

Муассаса ва ташкилот

Жамғарма маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар режаси муассаса раҳбари ва бухгалтери томонидан тайёрланиб, умумтаълим муассасасининг Кузатув кенгаши муассасаларнинг раҳбарига келишиш учун киритилади.

Жамғарма маблағлари фақат тасдиқланган даромадлар ва харажатлар режасида назарда тутилган мақсадлар учун молиялаштирилади.

Календарь йили бошида

3-босқич

Муассаса ва ташкилот

Умумтаълим муассасасининг Кузатув кенгаши даромадлар ва харажатлар режасини кўриб чиқиб, розилигини беради.

Бошқа халқ таълими муассаса ва ташкилотларида раҳбар томонидан кўриб чиқилиб, розилик берилади.

2 кун давомида

4-босқич

Муассаса ва ташкилот

1. Кузатув кенгаши розилиги олингандан сўнг даромадлар ва харажатлар режаси халқ таълими муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади.

Бошқа халқ таълими муассаса ва ташкилотларида жамғарма маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар режаси уларнинг раҳбари ва бухгалтери томонидан тайёрланади ва тасдиқланади.

1. 1 кун давомида

2. Жамғарма тушумлари (мақсадли ҳомийлик ва хайрия маблағларидан ташқари) қуйидаги тартибда йўналтирилади:

республика даражасидаги муассаса ва ташкилотлар тушумларининг 5 фоизи Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасига;

ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг тўғридан-тўғри бўйсинувидаги муассаса ва ташкилотлар тушумларининг 5 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг жамғармаларига;

туман (шаҳар) даражасидаги муассаса ва ташкилотлар тушумларининг 2 фоизи ҳудудий халқ таълими бошқармалари жамғармаларига, 3 фоизи туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузуридаги Халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармаларига;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тушумлари уларнинг ихтиёрида қолдирилади.

2. Маблағ тушумига кўра

3. Жамғарма маблағларининг ҳисобини юритиш марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати (муассаса ва ташкилот бухгалтери) ёки муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобини юритувчи бухгалтер томонидан юритилади.

3. Режага мувофиқ

4. Муассаса раҳбари томонидан туман (шаҳар) халқ таълими бўлими марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматига ёзма мурожаат берилади, зарур ҳужжатлар тақдим этилади ва ушбу режада белгиланган харажатларга маблағлар сарфланади.

Бошқа халқ таълими муассаса ва ташкилотларида тасдиқланган режага мувофиқ уларнинг раҳбари томонидан сарфланади.

4. Йил давомида

5-босқич

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати

Жамғарма маблағларидан фақат муассаса раҳбари томонидан берилган ёзма мурожаатга асосан барча зарур ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг туман (шаҳар) халқ таълими марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати томонидан фойдаланилади.

Режага мувофиқ йил давомида

Изоҳ. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати таркибига кирмаган муассаса ва ташкилотлар (алоҳида бюджет маблағлари ҳисобидан бухгалтер лавозими киритилган) даромадлар ва харажатлар режалари ижросини мустақил равишда амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 апрелдаги 243-сон қарорига

2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 сентябрдаги 490-сон қарори билан тасдиқланган Махсус таълим-тарбия муассасаларидаги алоҳида меҳнат шароитлари учун қўшимча ҳақ белгиланган педагог ходимлар лавозимлари рўйхатига, мазкур тўловларнинг турлари ва миқдорларининг I-бандига қуйидаги мазмундаги ўнинчи хатбошиси қўшилсин:
«е) инклюзив таълим тизими жорий қилинган ва таянч коррекцион синфлар очилган умумтаълим мактабларининг махсус педагогларига уларнинг базавий тариф ставкасига ҳар ойда 50 фоиз устама ҳақ тўланади.».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўқитувчилар ва ўқувчилар моддий шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1997 йил 20 августдаги 409-сон қарорининг:
а) 5-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«5. Халқ таълими вазирлиги 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидагиларни ҳар йили:
биринчи синф ўқувчилари ҳамда касаллиги туфайли якка тартибда уйида таълим оладиган ногирон болалар учун бериладиган ўқув қуроллари тўплами;
мактаблардаги барча 1 — 11-синфлар ўқувчиларининг 15 фоизидан кўп бўлмаган кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчиларни замонавий ягона мактаб формаси тўпламлари билан бепул таъминлаш жорий қилинсин»;
б) 1- ва 2-иловалар чиқариб ташлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 майдаги 325-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон)
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида» 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 12-сон, 63-модда):
иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«а) синфдаги ўқувчилар сонига кўра синф раҳбарлиги учун:
15 нафар ўқувчигача — 26,4 фоиз;
16 нафардан 20 нафар ўқувчигача — 31,6 фоиз;
21 нафардан 25 нафар ўқувчигача — 36,9 фоиз;
26 нафардан 30 нафар ўқувчигача — 42,1 фоиз;
31 нафар ва ундан кўп ўқувчи бўлганда — 52,8 фоиз;»;
қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Бунда ўқитувчилар ёзги йиллик меҳнат таътилидан қайтгандан кейин уларга янги ўқув йили бошлангунга қадар дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик ҳамда информатика кабинети мудирлиги учун қўшимча ҳақ тўловлари амалга оширилмайди»;
б) 1-илова қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Халқ таълими муассасалари педагог ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий тариф ставкалари миқдорлари

Лавозимлар номи

Тариф ставкалари миқдорлари:

олий малака тоифали

биринчи малака тоифали

иккинчи малака тоифали

олий маълумотли

ўрта махсус маълумотли

1. Умумтаълим муассасаларининг бошланғич ва юқори синфлари ўқитувчиси, ўқитувчи-логопеди, логопедия шохобчаси мудири, ўқитувчи-дефектолог, инклюзив таълим тизими жорий қилинган ва таянч коррекцион синфлар очилган умумтаълим мактабларининг махсус педагоги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари қошидаги методика кабинетлари, давлат таълим стандартлари мониторинги бўлимлари ҳамда ўқувчиларни касбга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис марказлари ходимлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг методик таъминлаш, ўқувчиларни касбга йўналтириш ва давлат таълим стандартлари мониторинги гуруҳлари ходимлари

2 881 828

2 607 826

2 340 317

2 090 399

1 954 033

1.1. Ёшлар етакчиси, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи

2 090 399

2. Республика муассаса ва ташкилотлари методистлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари методистлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари қошидаги методика кабинетлари, давлат таълим стандартлари мониторинги бўлимлари ҳамда ўқувчиларни касбга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис марказлари методистлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари методистлари

2 881 828

3. Мактабдан ташқари муассасанинг ўқитувчи-тренери, олий спорт маҳорати мактаблари, спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган олимпиа захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг, болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг инструктор-методистлари, спорт психологи

2 117 518

1 978 039

1 851 265

1 725 279

1 603 710

4. Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси

2 197 828

2 056 958

1 916 981

1 781 907

1 652 203

5. Болалар мусиқа ва санъат мактаби концертмейстери

1 916 981

1 781 907

1 652 203

1 527 724

1 410 683

6. Халқ таълими барча типдаги муассасаларининг тарбиячиси, катта тарбиячиси (тарбиячи-методист)

2 881 828

2 607 826

2 340 317

2 090 399

1 465 523

6.1. Умумий ўрта типдаги муассасалар психологлари, «Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчалари психологлари

2 282 408

2 151 458

2 014 709

1 881 360

1 758 629

6.2. Халқ таълими барча типдаги муассасаларининг психологи (6.1.-бандда кўрсатилган ташқари) ва мактабдан ташқари муассасалар инструктор-методисти

1 277 984

1 187 933

1 101 470

1 018 482

940 454

7. Халқ таълими барча муассасаларидаги методист (3-бандда кўрсатилгандан ташқари), педагог-ташкилотчи, тўгараклар, студиялар, секциялар раҳбарлари, барча ихтисосликлар инструкторлари, катта вожатий, аккомпониатор, мусиқа раҳбари, экскурсовод, маданият ишлари бўйича ташкилотчи

1 124 607

1 034 572

948 124

865 627

787 178

8. «Баркамол авлод» болалар мактабларининг тўгарак раҳбарлари, инструктор-методистлар ва методистлар, «Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчалари тўгарак ва мусиқа раҳбарлари, меҳнат ва тренер йўриқчиси

1 939 949

1 784 640

1 635 515

1 493 207

1 357 882

9. Кутубхона мудири

х

х

х

1 251 639

1 147 152

10. Кутубхоначи

х

х

х

1 047 107

994 752

Мактабдан ташқари муассасалар бўлим, секция, лаборатория, кабинет мудирининг иш ҳақи миқдори (контингентдан қатъи назар) иккинчи малака тоифали тўгарак раҳбарининг иш ҳақига тенг миқдорда белгиланади.»;
в) 2-илова қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Халқ таълими муассасалари раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий тариф ставкалари миқдорлари

Лавозимлар номи

Тариф ставкалари

миқдорлари

I гуруҳ

II гуруҳ

III гуруҳ

IV гуруҳ

1. Раҳбар ходимлар:

1.1. Умумтаълим муассасаси директори

3 467 983

3 278 418

3 091 716

2 895 520

1.2. «Меҳрибонлик» уйи директори

3 091 716

2 895 520

х

х

1.3. Мактабдан ташқари муассаса директори

1 277 984

1 187 933

1 101 470

х

1.4. «Баркамол авлод» болалар мактаби директори

1 980 876

1 841 297

1 707 277

х

1.5. Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги «Меҳрибонлик» уйлари республика соғломлаштириш оромгоҳи раҳбари

2 782 545

2 605 968

2 605 968

х

1.6. Олий спорт маҳорати мактаби, спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган олимпиа захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори

2 260 662

х

х

х

1.7. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори

2 117 518

1 978 039

1 851 265

х

1.8. Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори

2 637 392

2 468 349

х

х

2. Раҳбарларнинг ўринбосарлари:

2.1. Умумтаълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, ихтисослаштирилган фанлар бўйича ўринбосари, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, спорт ишлари бўйича ўринбосари

3 278 418

3 091 716

2 895 520

2 704 330

2.2. Умумтаълим муассасаларининг Ватанпарварлик руҳида ёшларни тайёрлаш бўйича директор ўринбосари-Ҳарбий чақириққача тайёргарлик раҳбари

2 090 399

2.3. «Меҳрибонлик» уйи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

2 895 520

2 704 330

х

х

2.4. Мактабдан ташқари муассаса директорининг ўринбосарлари (2.9.-банддан ташқари)

1 187 933

1 101 470

1 018 482

х

2.5. «Баркамол авлод» болалар мактаби директорининг ўринбосарлари (2.9.-банддан ташқари)

1 841 297

1 707 277

1 578 649

х

2.6. Олий спорт маҳорати мактаби, спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактаби директорининг ўринбосари

2 117 518

Х

х

х

2.7. Болалар-ўсмирлар спорт мактаби директорининг ўринбосари, филиал директорлари

1 978 039

1 851 265

1 725 279

х

2.8. Болалар мусиқа ва санъат мактаби директорининг ўқув-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

2 468 349

2 300 378

х

х

2.9. Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари

1 473 637

1 360 575

1 251 639

1 147 152

».

г) 3-илованинг 10-бандида:
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«а) синфдаги ўқувчилар сонига кўра синф раҳбарлиги учун:
15 нафар ўқувчигача — 26,4 фоиз;
16 нафардан 20 нафар ўқувчигача — 31,6 фоиз;
21 нафардан 25 нафар ўқувчигача — 36,9 фоиз;
26 нафардан 30 нафар ўқувчигача — 42,1 фоиз;
31 нафар ва ундан кўп ўқувчи бўлганда — 52,8 фоиз;»;
қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Бунда ўқитувчилар ёзги йиллик меҳнат таътилидан қайтгандан кейин уларга янги ўқув йили бошлангунга қадар дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик ҳамда информатика кабинети мудирлиги учун қўшимча ҳақ тўловлари амалга оширилмайди».
д) 3-иловага қуйидаги мазмундаги 20-банд қўшилсин:
«Ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати асосида ўқитувчиларга бир ярим ставка миқдоригача белгиланган дарс соатларининг бир ставкадан ортиқ бўлган қисми бўш иш ўринлари сифатида қайд этилмайди.»
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2006 йил 16 февралдаги 25-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 6-7-сон, 39-модда;):
а) қарор муқаддимасидаги «шунингдек, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига мувофиқ» сўзлари чиқариб ташлансин;
б) Мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими тузилмасида:
«А. Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти» сўзлари «Халқ таълими вазирлигининг А. Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти» сўзлари билан алмаштирилсин;
«Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари» сўзлари «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари, педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотлари» сўзлари билан алмаштирилсин;
«Истеъдод» жамғармаси» сўзлари «Эл-юрт умиди» жамғармаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
«Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари» сўзлари «туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари» сўзлари билан алмаштирилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.10.2021 й., 09/21/638/0962-сон)
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларда енгил хизмат автомашиналаридан фойдаланишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 26 майдаги 153-сон қарорининг рус тилидаги матнида:
а) 1-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«При этом, учреждениям и организациям системы народного образования, финансируемым из Государственного бюджета, разрешается использование и приобретение легковых автомобилей и других видов автотранспортных средств свыше утвержденного предельного количества служебных легковых автомобилей, при условии их содержания (содержание водителя, обеспечение горюче-смазочными материалами, техническое обслуживание и прочее), за счет внебюджетных средств.».
б) 1-илованинг 11-позицияси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«

11.

Министерство народного образования

436

770

242

113

415

Центральный аппарат

5

9

7

2

-

Областные звенья

28

28

14

14

-

Районные звенья

209

562

206

28

358

Подведомственные организации

194

128

15

69

57

49

25

».

8. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 мартдаги 67-сон қарори билан тасдиқланган Умумтаълим муассасаларининг чет тиллар ўқитувчилари касб маҳоратини ошириш ҳар ҳафталик курсларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда:
3-банддаги «институтлар» сўзлари тегишли келишикдаги «марказлар» сўзлари билан алмаштирилсин;
7-банднинг биринчи хатбошисидаги «А. Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Марказий институти» сўзлари «Халқ таълими вазирлигининг А. Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти» сўзлари билан алмаштирилсин.
7 — 10 ва 27-бандлардаги «Марказий институт» сўзлари тегишли келишикдаги «Институт» сўзи билан алмаштирилсин;
16, 23 ва 27-бандлардаги «ҳудудий институт ректори» сўзлари «ҳудудий марказ директори» сўзлари билан алмаштирилсин;
27-банддаги «ҳудудий институтлар томонидан Марказий институтга» сўзлари «ҳудудий марказлар томонидан Институтга» сўзлари билан алмаштирилсин.
9. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомда:
15-банднинг еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаб ва мактаб-интернатлар) (ўқитиш муддати 11 йил: I — XI синфлар) (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда (ўқиш муддати 9 йил: I — IX синфлар);».
30-банддаги «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари «Халқ таълими вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин.
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 6 апрелдаги 187-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 14-сон, 230-модда):
а) қарор муқаддимасидаги «ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига» сўзлари «қонунига» сўзи билан алмаштирилсин;
б) 1-илованинг 2-банди тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
в) 2-илованинг 2-банди тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
г) 5-илованинг 1-бандидаги «, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлари» сўзлари «қонуни» сўзига алмаштирилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 августдаги 498-сонли қарорига асосан 11-банднинг ўз кучини йўқотиш санаси — 2025 йил 7 ноябрь — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.08.2025 й., 09/25/498/0698-сон)
12. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги 795-сон қарори билан тасдиқланган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторининг рус тилидаги матни 2-иловасида (Хизматчиларнинг асосий лавозимлари таснифи):
1531-позиция қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«

1531.

Воспитатель в специализированных образовательных учреждениях для детей с ограниченными возможностями

2349

С

В/О

5110900

»;

156-позициянинг «Наименование должностей служащих» устунидаги «детского дома» сўзлари «домов Меҳрибонлик» сўзлари билан алмаштирилсин.
13. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 февралдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисида низомда:
а) 9-банднинг учинчи хатбошисидаги «А. Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти» сўзлари «А. Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 11-банднинг «8)» кичик бандида:
учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«умумтаълим муассасалари директорларини лавозимга тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишиш учун номзодларни тавсия қилади ва белгиланган тартибда уларни эгаллаган лавозимидан озод этиш бўйича таклифлар киритади;»;
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши қўшилсин:
«умумтаълим муассасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарини лавозимга туман (шаҳар) маънавият-маърифат маркази тавсиясига асосан тайинлайди;»
тўртинчи — олтинчи хатбошилар тегишлигича бешинчи — еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши қўшилсин:
«Халқ таълими вазирлигининг А. Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари, педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари томонидан халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағлар республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимлаш.»
в) 18-банднинг еттинчи хатбошисидаги «умумтаълим муассасаларининг кузатув кенгашларига» сўзлари «тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги йигирма тўртинчи хатбоши қўшилсин:
«умумтаълим муассасасининг бўш турган бинолари ва ер майдонларини ишончли бошқарувчига ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш;»;
йигирма тўртинчи — ўттиз биринчи хатбошилар тегишлича йигирма бешинчи — ўттиз иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
ўттиз биринчи хатбошидаги «кузатув кенгашларига» сўзлари «тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига» сўзлари билан алмаштирилсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотганҚонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.09.2021 й., 09/21/572/0891-сон)
15. Вазирлар Маҳкамасининг «Tashkent International University of Education» халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида» 2020 йил 23 июндаги 404-сон қарорининг 3-бандига қуйидаги мазмундаги «в» «г» ва «д» кичик бандлар қўшилсин:
«в) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги потенциал инвестор танлангандан сўнг:
бир ой муддатда ушбу банднинг «б» кичик бандида белгиланган шартлар асосида инвестор билан объектни «ноль» харид қийматида сотиш бўйича олди-сотди шартномаси тузилишини;
ўн кун муддатда объектни топшириш-қабул қилиш далолатномаси тақдим этилгандан кейин беш иш куни мобайнида потенциал инвесторга «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» белгиси билан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери берилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига илтимоснома юборилишини;
потенциал инвестор томонидан қабул қилинган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши юзасидан мониторинг олиб борилишини;
инвестициявий мажбуриятлар тўлиқ бажарилган деб эътироф этилган пайтдан ва пеня (юзага келган тақдирда) тўлиқ ҳажмда тўланган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда белгиланган тартибда объектни «тасарруф этиш ҳуқуқи» белгиси киритилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига илтимоснома юборилишини таъминласин;
г) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Халқ таълими вазирлигининг илтимосномаси асосида объектни потенциал инвесторга сотиш бўйича вазирлик ва потенциал инвестор ўртасида тузилган шартнома ва топшириш-қабул қилиш далолатномаси тақдим этилгандан кейин беш иш куни мобайнида потенциал инвесторга «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» белгиси билан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини, шунингдек, ушбу шартнома бўйича потенциал инвестор томонидан инвестициявий мажбуриятлар қабул қилинганлиги тўғрисида баённома ва потенциал инвестор томонидан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерининг асли тақдим қилинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда «тасарруф этиш ҳуқуқи билан» белгиси киритилишини таъминласин;
д) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2014 йил 6 октябрдаги 279-сон қарори, истисно тариқасида, мазкур қарорнинг бажарилиши доирасида татбиқ этилмаслиги белгилансин.»

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 апрелдаги 243-сон қарорига

3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 7 июндаги 110-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2006 й., 23-сон, 208-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2006 йил 2 октябрдаги 207-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 10-сон, 73-модда) 1-илованинг 30-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2011 йил 20 июндаги 183-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 й., 6-сон, 55-модда) илованинг 6, 7, 11 ва 13-бандлари.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими тизимидаги муассасаларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 22 апрелдаги 344-сон қарори.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 30 сентябрдаги 822-сон қарорига илованинг 5-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2021 й., 09/21/243/0388-сон, 17.09.2021 й., 09/21/572/0891-сон, 13.10.2021 й., 09/21/638/0962-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 03.08.2022 й., 09/22/425/0712-сон; 15.12.2023 й., 09/23/660/0938-сон; 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон; 06.08.2025 й., 09/25/498/0698-сон)