Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби;
ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари;
ўзини ўзи банд қилган шахслар ва уларнинг хизматларидан (ишларидан) фойдаланувчилар ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига «Номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш (маданият марказлари таркибида фаолият юритаётган шахслар бундан мустасно)» ҳамда «Уй шароитида хонаки товуқларни етиштириш ва кўпайтириш» фаолият турлари киритилсин.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги 595-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.09.2021 й., 09/21/595/0900-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 23 декабрь,
806-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ўзини ўзи банд қилган шахсларни хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ишлар (хизматлар) буюртмачилари — ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома шартларига ёки иш муомаласи одатларига асосланган хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қиладиган жисмоний ва юридик шахслар;
махсус мобил илова — мобил телефонлар (планшетлар) учун мўлжалланган «мобил идентификация қилиш» билан шахсни идентификациялаш имконини берувчи дастур;
Олдинги таҳрирга қаранг.
солиқ тўловчининг шахсий кабинети — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган, солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органларининг солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ўзаро муносабатларни электрон тарзда амалга оширишни таъминлайдиган ахборот ресурси;
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
ўзини ўзи банд қилган шахслар — меҳнат даромади олишга йўналтирилган, жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинмаган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар;
ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг маълумотлар базаси (регистр) — «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган ўзини ўзи банд қилганлар тўғрисидаги ўзаро боғлиқ ахборотни сақлаш, ўзгартириш ва қайта ишлаш учун мўлжалланган тизимлаштирилган маълумотлар базаси;
ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома — ўзини ўзи банд қилган шахсга махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали юбориладиган ва фуқаронинг ўзини ўзи банд қилган шахс сифатидаги меҳнат мақомини белгилаб берадиган электрон шаклдаги маълумот.
3. Ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотлар базаси (регистр) давлат солиқ хизмати органлари томонидан яратилади ва параллел равишда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида шакллантириладиган жисмоний шахснинг шахсий ишга жойлашиши тарихига интеграция қилинади.
4. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахснинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши талаб этилмайди.
5. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳамда тадбиркорлик субъектларига ёлланган ходим сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.
6. Ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди.
7. Ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолиятидан ташқари олинган даромадларига Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ солинади.
2-боб. Ўзини ўзи банд қилган шахсни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзини ўзи банд қилган шахс махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд солиқ хизмати органига ёки Давлат хизматлари марказига келган ҳолда, шунингдек, белгиланган тартибда давлат реестрига киритилган ва солиқ хизмати органига интеграция бўлган электрон платформалар (маркетплейслар) орқали рўйхатга олувчи органлардан рўйхатдан ўтиши мумкин.
(8-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда сўровнома ўзини ўзи банд қилган шахс томонидан махсус мобил илова ёки шахсий кабинет ёхуд белгиланган тартибда давлат реестрига киритилган ва солиқ хизмати органига интеграция бўлган электрон платформалар (маркетплейслар) орқали электрон шаклда электрон рақамли имзо ёки имзо сифатида тан олинадиган биометрик идентификация ва аутентификация қилиш имконини берадиган «Face-ID» ва бошқа шу каби усуллар ёрдамида мустақил равишда, шунингдек, солиқ хизмати органига ёки Давлат хизматлари марказига келганда эса тегишли ходим томонидан тўлдирилади.
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
Электрон тижорат платформалар (маркетплейслар) юзи орқали биометрик идентификация қилишда Ўзбекистонда «Киберхавфсизлик» ДУК ижобий хулосаси берилган тизимлардан фойдаланиши шарт.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 декабрдаги 847-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.12.2024 й., 09/24/847/1056-сон)
9. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
10. Сўровномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, рўйхатдан ўтказиш электрон рақамли имзо орқали амалга оширилган ҳолатлар бундан мустасно;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сон қарорига илова билан тасдиқланган Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари;
ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини юритишнинг мўлжалланаётган манзили;
ўзини ўзи банд қилган шахснинг мобил телефон рақами ва у билан боғланиш мумкин бўлган бошқа маълумотлар.
Сўровномада ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базаларида мавжуд маълумотлар асосида автоматик тарзда шакллантирилади.
11. Ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнат фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд бўйича давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсга ушбу Низомга 2-иловада келтирилган намунавий шаклда махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали шунингдек, Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилганда) ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотнома (кейинги ўринларда — маълумотнома) юборилади.
(12-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
Бунда маълумотнома давлат тилида расмийлаштирилади. Шахснинг хоҳишига кўра маълумотнома рус ва инглиз тилларида ёки имкон бўлса, бошқа тилда расмийлаштирилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Ўзини ўзи банд қилган шахслар маълумотномани махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали юклаб олишлари ёхуд давлат солиқ хизмати органига шунингдек, Давлат хизматлари марказига келган ҳолда қоғоз шаклида ҳам олишлари мумкин.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
14. Ўзини ўзи банд қилган шахсларга маълумотнома чекланмаган муддатга берилади.
15. Ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказишда ҳақ ундирилмайди.
3-боб. Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат стажи ҳисобланиши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўланади.
(16-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг XIV бўлими.
Ушбу сумма тўлиғича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.
17. Агар ўзини ўзи банд қилган шахс ўз меҳнат фаолиятини тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар давлат солиқ хизмати органига фаолиятни тўхтатиш тўғрисидаги билдиришномани махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали юборади.
18. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олинган ўзини ўзи банд қилган шахснинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисидаги билдиришнома ўзини ўзи банд қилган шахс меҳнат фаолиятини амалга оширмайдиган даврда ижтимоий солиқни тўлашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.
19. Ўзини ўзи банд қилган шахслар махсус мобил илова орқали қуйидаги имкониятлардан фойдаланиши мумкин:
буюртмаларни ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни қабул қилиш;
юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш;
мобил илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан, кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш;
ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш;
кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилиши.
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Ўзини ўзи банд қилган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат-касса техникаси ва банк пластик карточкалари орқали ҳисоб-китоблар бўйича тўлов терминалларидан фойдаланади ҳамда тижорат банкларида ҳисобварақлари очиши мумкин.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Махсус мобил илова орқали даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритаётган ўзини ўзи банд қилган шахсларга тижорат банклари томонидан кредитлар якка тартибдаги тадбиркорлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида берилади.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
22. Ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган маълумотнома ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун норезидентлардан чет эл валютасидаги тўловларни тижорат банкларидаги ҳисобварақларига кирим қилиш учун асос ҳисобланади.
4-боб. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ва уларнинг хизматларидан (ишларидан) фойдаланувчилар ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш
23. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ва ишлар (хизматлар) буюртмачилари ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар шартнома шартларига ёки иш муомаласи одатларига асосланади.
24. Ўзини ўзи банд қилган шахс билан ишлар (хизматлар) буюртмачиси ўртасидаги иш муомаласи одатларига асосланган ўзаро муносабатларда оғзаки шаклда битим (шартнома) тузишга йўл қўйилади.
Шартнома шартларига асосланган ўзаро муносабатларда ёзма шаклда шартнома тузиш талаб этилади.
25. Битим (шартнома) тузишда томонлар унинг шартларини, шу жумладан, ундан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш ва уни бекор қилиш шартларини мустақил белгилаб оладилар.
26. Битим (шартнома) иштирокчилари унинг томонлари ҳисобланадилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ мажбуриятларни бажарадилар.
27. Битимни (шартномани) бажариш билан боғлиқ низолар томонларнинг ўзаро розилиги билан ёки суд тартибида ҳал этилади.
5-боб. Якунловчи қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(28-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтиш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддати


 

1-босқич

Ўзини ўзи банд қилган шахс

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш учун махсус мобил илова ёки шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига шунингдек, Давлат хизматлари марказига келган ҳолда сўровномани тўлдириш.

Ўзини ўзи банд қилган шахснинг хоҳишига кўра


 

2-босқич

Давлат солиқ хизмати органлари

Мавжуд маълумотлар (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар) асосида давлат солиқ хизмати органларида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотномани юбориш.

1. Реал вақт режимида

2. Автоматик тарзда


 

3-босқич

Ўзини ўзи банд қилган шахс

Махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали давлат солиқ хизмати органларида шунингдек, Давлат хизматлари марказида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотномани юклаб олиш.

Ўзини ўзи банд қилган шахснинг хоҳишига кўра

(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида
‎МАЪЛУМОТНОМА №______

Фуқаро __________________________________________________________________ га

(жисмоний шахснинг тўлиқ фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлганда)

20__ йил «____» ________да ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида берилди.
‎Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами

(ЖШШИР):

_____________________

Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР):

_____________________

Фаолиятни амалга ошириш манзили: ___________________________________________
‎‎___________________________________________________________________________

Т/р

Амалга ошириладиган
‎фаолият тур(лар)и

Фаолият
‎бошланган сана

Фаолият тўхтатилган сана

1.

2.

‎‎

‎‎...

‎‎ ‎‎

Маълумотнома ___________________________________________ томонидан берилган.

(рўйхатга қўйилган давлат солиқ хизмати органининг тўлиқ номи)

QR-код

Ушбу маълумотнома Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестридаги маълумотлар асосида шакллантирилган электрон ҳужжатнинг нусхасидир.

QR-кодни мобил қурилма орқали сканер қилиб маълумотларнинг тўғрилигини текшириб кўришингиз мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 19 февралдаги 30-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисидаги низомда:
«б» кичик банднинг саккизинчи хатбошисига «якка тартибдаги тадбиркорлар» сўзларидан кейин «, ўзини ўзи банд қилган шахслар» сўзлари қўшилсин;
«в» кичик банднинг тўртинчи хатбошисига «тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи» сўзларидан кейин «ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга» сўзлари қўшилсин;
б) 12-банднинг олтинчи хатбошисига «тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган» сўзларидан кейин «ўзини ўзи банд қилган» сўзлари қўшилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.10.2022 й., 09/22/592/0919-сон)
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 17-бандга қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши қўшилсин:
«Якка тартибдаги тадбиркор, оилавий тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада жисмоний шахснинг фотосурати акс эттирилган бўлиши керак»;
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:
«Бунда жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда юридик шахслар — тадбиркорлик субъектларининг рўйхатдан ўтказиш маълумотларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан ортиқ солиқ қарзи мавжуд бўлмаган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади»;
иккинчи — ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича учинчи — ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
в) 5-иловадаги «I. Умумий маълумотлар» бўлимининг 1 — 20-позициялари қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«

1-20.

Солиқ режими

Айланмадан олинадиган солиқ

Қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи

»;

г) 6-илова қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
6-ИЛОВА
д) 6а-илова қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
6а-ИЛОВА
е) 7-илованинг 5-позицияси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«

5.

Жойлашган жойининг (почта манзилининг) ўзгариши (базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан ортиқ солиқ қарзи мавжуд бўлмаган тақдирда).

ўзгарган пайтдан бошлаб

10 кун мобайнида


»;

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслардан олинадиган солиқлар йиғилишини амалга ошириш учун участка солиқ инспекторларини тўлов терминаллари билан таъминлаш тўғрисида» 2017 йил 16 октябрдаги 832-сон қарорида:
а) қарорнинг номидан ва 1-бандидан «участка» сўзи чиқариб ташлансин;
б) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«2. Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний шахслардан олинадиган солиқ тўловлари ҳисобига маблағлар электрон платформада ишлашга мослаштирилган кўп функцияли махсус тўлов дастурлари ёхуд тўлов терминаллари орқали бевосита банк пластик карточкалари ва нақд пул шаклида ундирилиши тартиби белгилансин.»;
в) 3-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«электрон платформада ишлашга мослаштирилган кўп функцияли махсус тўлов дастурлари ёхуд тўлов терминаллари орқали тўланган пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг даромадлар бўйича тегишли ғазна ҳисобварақларига кейинги банк иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ўтказилишини таъминласинлар».
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ишга жойлаштиришга муҳтож аҳоли сонини аниқлаш, шу жумладан, уй хўжаликларини меҳнат билан бандлик масалалари бўйича ўрганишлар ўтказиш, шунингдек, меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини шакллантириш методикасини такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 22 декабрдаги 1011-сон қарорида:
а) 2-илованинг 4-позицияси «Маълумотлар мазмуни» устунидаги «фуқаролар учун амалдаги вақтинчалик меҳнат гувоҳномасига эга бўлган фуқароларнинг» сўзлари «шахсларнинг» сўзи билан алмаштирилсин;
б) 4-илованинг 3-банди «г» кичик бандига «тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар» сўзларидан кейин «ўзини ўзи банд қилган шахслар» сўзлари қўшилсин;
в) 9-банднинг тўртинчи хатбошисидаги «фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасига эга бўлган фуқаролар» сўзлари «шахслар» сўзи билан алмаштирилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 706-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.11.2025 й., 09/25/706/1024-сон)
7. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрдаги 971-сон қарори билан тасдиқланган «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-банди олтинчи хатбошисидаги «ўзини ўзи банд қилганнинг вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси олинганлиги» сўзлари «ўзини ўзи банд қилганлиги» сўзлари билан алмаштирилсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарорида:
а) 1-бандга «хўжалик юритувчи субъектлар» сўзларидан кейин «(белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатга олинганлар бундан мустасно)» сўзлари қўшилсин;
б) 1-илованинг 8-бандига «хўжалик юритувчи субъектларга» сўзларидан кейин «(белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатга олинганлар бундан мустасно)» сўзлари қўшилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида» 2019 йил 9 июлдаги 566-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2020 йил 19 июндаги 391-сон қарорига 1-илованинг 23-банди.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.12.2020 й., 09/20/806/1662-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.09.2021 й., 09/21/595/0900-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 14.10.2022 й., 09/22/592/0919-сон; 24.12.2024 й., 09/24/847/1056-сон; 08.11.2025 й., 09/25/706/1024-сон; 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)