|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 31.01.2020
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗБЕКИНВЕСТ» ЭКСПОРТ-ИМПОРТ МИЛЛИЙ СУҒУРТА КОМПАНИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги 46-сонли ««Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясини ташкил этиш тўғрисида» 1997 йил 18 февралдаги ПФ-1710-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
миллий экспорт қилувчиларнинг иқтисодий манфаатларини чет элларда хорижий шериклар томонидан қабул қилинган контракт мажбуриятларининг бажарилишига тўсқинлик қилувчи сиёсий, тижорат ва тадбиркорлик таваккалчиликларидан суғуртавий ҳимоя қилишни таъминлаш;
технологиялар, товарлар ва хизматлар экспортини маблағ билан таъминлаш учун кредитлар ажратувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган тижорат банкларига экспорт кредитларини суғурта қилишнинг халқаро принципларига мувофиқ суғурта кафолатлари бериш;
технологиялар, товарлар ва хизматлар халқаро бозорини ривожлантиришнинг аҳволи ва истиқболларини комплекс маркетинг таҳлилини ташкил қилиш;
миллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини таҳлил қилиш ҳамда технологиялар, товарлар ва хизматларнинг халқаро бозорларга кириб бориш стратегиясини ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига сармоя сарфлаётган хорижий инвесторларнинг мулкий ва шахсий манфаатларини комплекс суғуртавий ҳимоя қилишни таъминлаш;
чет мамлакатларнинг давлат экспорт-суғурта агентликлари ва компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатиш;
Ўзбекистоннинг экспорт имкониятларини ҳамда технологиялар, товарлар ва хизматларнинг ташқи бозорларга кириб бориши бўйича биргаликдаги фаолиятни ахборотлар воситасида ёритиш мақсадида элчихоналар, савдо ваколатхоналари, банклар, фирмалар, бизнес-марказлар ва бошқа чет эл ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
мамлакатимиз технологиялари, товарлари, хизматларини экспорт қилиш бўйича таклифлар нуқтаи назаридан халқаро бозорлар эҳтиёжлари ва кўлами тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот банкини шакллантириш ҳамда халқаро реклама-савдо ахборот тармоқларига изчил кириш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда халқаро конференциялар, семинарлар, тақдимотларни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг экспорт потенциалини ва инвестиция имкониятларини ёритувчи ихтисослаштирилган каталоглар ва бизнес гайдлар чиқариш;
(1-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 июлдаги 499-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 29-сон, 693-модда)
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда чет элларда Ўзбекистон савдо уйлари ташкил этиш, технологиялар, товарлар ва хизматларни халқаро бозорларга жадал киритиб бориш мақсадида кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш;
(1-банднинг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 июлдаги 499-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 29-сон, 693-модда)
халқаро, чет эл, мамлакатимизнинг давлат ва хусусий суғурта ташкилотлари билан бевосита ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликдаги суғуртавий фаолиятни ва қайта суғурта қилиш операцияларини амалга ошириш.
2. Белгилаб қўйилсинки, Директорлар кенгаши компаниянинг юқори раҳбар органи ҳисобланади, унинг таркибига лавозимига кўра қуйидагилар киради:
Молия вазири — Кенгаш раиси;
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раиси — Кенгаш раисининг ўринбосари;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири — Кенгаш раисининг ўринбосари;
(2-банднинг тўртчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 июлдаги 499-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 29-сон, 693-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Макроиқтисодиёт ва статистика вазири;
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 27 ноябрдаги 413-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2002 й., 22-сон, 180-модда)
Компаниянинг Бош директори.
Компания Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот беради.
3. «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Устави иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекинвест» компанияси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги сармоялар, товарлар ва хизматларни экспорт қилувчиларга суғуртавий қопламалар бериш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар, бунда экспорт кредитлари берувчи тижорат банкларини рағбатлантиришнинг халқаро амалиётда қабул қилинган шартларини назарда тутсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Марказий банки, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясини малакали мутахассислар билан таъминлашда кўмаклашсинлар ҳамда унга экспорт прогнозлари ва уларнинг ижроси тўғрисидаги зарур ахборот-таҳлилий материалларни тақдим этсинлар.
6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда:
«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясини Тошкент шаҳар, Академик X,. Сулаймонова кўчасидаги 49-уйга ва 4-Лисунов даҳасидаги 68-уйга жойлаштирсин.
«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг маъмурий биноси қурилиши учун Шаҳрисабз ва Академик Х. Сулаймонова кўчалари кесишган жойда ер участкаси ажратсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси билан биргаликда, республиканинг экспорт имкониятларини кенгайтириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида, компаниянинг ҳудудий шуъба корхоналари фаолияти учун зарур шароитлар яратиш чора-тадбирларини кўрсинлар.
8. «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Адлия вазирлиги билан биргаликда амалдаги норматив ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштириш тўғрисида бир ой муддатда, белгиланган тартибда таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 28 февраль,
113-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 25 февралдаги 108-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг
УСТАВИ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Экспорт-импорт миллий суғурта компанияси (бундан кейин матнда «Компания» деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 18 февралдаги ПФ-1710-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган.
2. Компания Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекинвест» миллий суғурта компаниясининг барча мулкий ва номулкий ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
3. Қуйидагилар Компаниянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
миллий экспорт қилувчиларнинг иқтисодий манфаатларини чет элларда хорижий шериклар томонидан қабул қилинган контракт мажбуриятларининг бажарилишига тўсқинлик қилувчи сиёсий, тижорат ва тадбиркорлик таваккалчиликларидан суғуртавий ҳимоя қилишни таъминлаш;
технологиялар, товарлар ва хизматлар экспортини маблағ билан таъминлаш учун кредитлар ажратувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган тижорат банкларига экспорт кредитларини суғурта қилишнинг халқаро принципларига мувофиқ суғурта кафолатлари бериш;
технологиялар, товарлар ва хизматлар халқаро бозорини ривожлантиришнинг аҳволи ва истиқболларини комплекс маркетинг таҳлилини ташкил қилиш;
миллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини таҳлил қилиш ҳамда технологиялар, товарлар ва хизматларнинг халқаро бозорларга кириб бориш стратегиясини ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига сармоя сарфлаётган хорижий ва мамлакатимиз инвесторларининг мулкий ва шахсий манфаатларини комплекс суғуртавий ҳимоя қилишни таъминлаш;
чет мамлакатларнинг давлат экспорт-суғурта агентликлари ва компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатиш;
Ўзбекистоннинг экспорт имкониятларини ҳамда технологиялар, товарлар ва хизматларнинг ташқи бозорларга кириб бориши бўйича биргаликдаги фаолиятни ахборотлар воситасида ёритиш мақсадида элчихоналар, савдо ваколатхоналари, банклар, фирмалар, бизнес-марказлар ва бошқа чет эл ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
мамлакатимиз технологиялари, товарлари, хизматларини экспорт қилиш бўйича таклифлар нуқтаи назаридан халқаро бозорлар эҳтиёжлари ва кўлами тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот банкини шакллантириш ҳамда халқаро реклама-савдо ахборот тармоқларига изчил кириш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда халқаро конференциялар, семинарлар, тақдимотларни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг экспорт потенциалини инвестиция имкониятларини ёритувчи ихтисослаштирилган каталоглар ва бизнес гайдлар чиқариш;
(3-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 июлдаги 499-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 29-сон, 693-модда)
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда чет элларда Ўзбекистон савдо уйлари ташкил этиш, технологиялар, товарлар ва хизматларни халқаро бозорларга жадал киритиб бориш мақсадида кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш;
(3-банднинг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 июлдаги 499-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 29-сон, 693-модда)
халқаро, чет эл, мамлакатимизнинг давлат ва хусусий суғурта ташкилотлари билан бевосита ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликдаги суғуртавий фаолиятни ва қайта суғурта қилиш операцияларини амалга ошириш.
4. Компания ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Уставга амал қилади.
5. Компания юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банк муассасаларида счётларга эга бўлади, ўз номидан шартномалар тузишга, мулкий ва номулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятлар олишга, судларда даъвогар ва жавобгар бўлишга ҳуқуқлидир.
6. Компания ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли барча мол-мулклар билан жавоб беради.
Давлат экспорт суғуртаси халқаро нормаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Компаниянинг Ҳукумат билан келишилган суғурта мажбуриятлари бўйича кафил ҳисобланади.
7. Компания ўз фаолиятини тўлиқ хўжалик мустақиллиги шароитларида амалга оширади.
8. Компаниянинг Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган, ўз номи ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган муҳри, иш юритиш қоғозлари ва товар рамзи бўлади.
II. АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ
9. Компания ўзига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширади:
9.1. Таваккалчиликнинг қуйидаги турлари бўйича суғурта қопламаси беради:
Сиёсий таваккалчиликлар — хорижий шерикнинг мамлакатидаги ёки балки учинчи мамлакатнинг сиёсий, молиявий ёки макроиқтисодий аҳволида хорижий шерик томонидан қабул қилинган контракт мажбуриятларининг бажарилишига тўлиқ ёки қисман тўсқинлик қилувчи ноқулай ўзгаришлар натижасида пайдо бўлган ва қуйидагилар оқибатида рўй берган таваккалчиликлар;
мулкни экспроприация қилиш, шунингдек хорижий шерикнинг мамлакати жорий этган, мулкнинг олиб қўйилишига, унинг устидан ёки ундан олинадиган даромадлар устидан назоратнинг йўқолишига хорижий шерикнинг мамлакати ҳукумати ўз ҳудудида иқтисодий фаолиятни тартибга солиш мақсадида жорий этган умумий равишда қўлланадиган камситмовчи чоралардан ташқари, олиб келувчи ҳар қандай қонунчилик ёки маъмурий чора-тадбирлар;
хорижий шерикнинг мамлакатида ёки товарлар ҳудуди орқали ўтадиган мамлакатда эълон қилинган ёки эълон қилинмаган уруш, фуқаролар ғалаёнлари, инқилоблар, қўзғолонлар, зўравонлик ҳодисалари, бузғунчилик;
импорт ёки экспортга эмбарго жорий этиш;
хорижий шерик мамлакати ҳукуматининг тузилган контракт шартларининг умуман ёки қисман бажарилишига тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатлари, шу жумладан Ўзбекистонга нисбатан камситувчи тусдаги янги қонунлар, ҳужжатлар, фармонлар жорий этилиши;
хорижий шерик мамлакатида қаттиқ валюта етишмаслиги туфайли трансферанинг тўхтаб қолиши, хорижий шерик мамлакатининг Ўзбекистондан ёки тўлов ўзи орқали амалга ошириладиган учинчи мамлакатдан ташқи қарзига умумий моратория эълон қилиниши, шунингдек Ўзбекистон билан хорижий шерик мамлакати ўртасидаги тўловларни чекловчи қонун, декрет ёки қоиданинг жорий этилиши.
Тижорат ва тадбиркорлик таваккалчиликлари — хорижий шерикнинг бевосита иқтисодий ва молиявий аҳволидан келиб чиқадиган ҳамда ўз ичига қуйидагиларни оладиган таваккалчиликлар:
хорижий шерикнинг тўловга қодир эмаслиги ёки банкрот бўлиши ҳамда унинг контракт бўйича қабул қилинган молиявий мажбуриятларни бажаришининг мумкин эмаслиги;
табиий офатлар, ҳалокатлар, авариялар ва бошқа умумий таваккалчиликлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9.2. Ўзбекистон Республикасининг суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суғуртанинг бошқа турларини амалга оширади.
((9.2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 27 ноябрдаги 413-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2002 й., 22-сон, 180-модда)
9.3. Директорлар кенгаши билан келишилган ҳолда, компанияга юкланган вазифаларни энг тўлиқ ҳал этиш мақсадида шуъба ишлаб чиқариш ва тижорат тузилмаларини, шу жумладан мамлакатимиз ва хорижий инвесторлар иштирокида ташкил қилади.
9.4. Суғурта операцияларини самарали амалга ошириш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ инвестиция фаолиятини амалга оширади;
(9.4-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 27 ноябрдаги 413-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2002 й., 22-сон, 180-модда)
экспорт-импорт юк ташувларини суғурта қилади;
суғурта тўловлари ва суғурта суммаси миқдорини белгилайди, уларни белгиланган тартибда тўлайди;
суғурта ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган огоҳлантириш (превентив) тадбирларини амалга оширади;
суғурта қилиш шартлари ва тартибини белгилайди, ихтиёрий суғурта турлари бўйича тарифларни белгилайди;
шартномалар тузади ва ҳисоб-китобларни амалга оширади, агентларни тайинлайди ва уларга воситачилик ҳақи тўлайди;
авария комиссари функцияларини бажаради;
белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иктисодий фаолият миллий банкида миллий ва хорижий валюталарда счётлар очади ва уларни ёпади ҳамда бу банкнинг корреспондентлик счётлари тармоқларидан хорижий банклар ва мижозлар билан ишлашда фойдаланади;
оператив ва бухгалтерия ҳисобини юритади, тегишли ҳисоботларни тузади.
9.5. Юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган ва фаолият мақсадларига мос келувчи бошқа фаолиятни амалга оширади.
III. МАБЛАҒЛАРИ, МОЛ-МУЛКИ ВА ФОЙДАНИ ТАҚСИМЛАШ
10. Компаниянинг маблағлари устав сармоясидан ва фойда (даромад)дан, шу жумладан чет эл валютасидаги фойда (даромад)дан ҳосил бўлган бошқа жамғармалардан иборат бўлади.
11. Операция фаолиятини таъминлаш ва уставда белгиланган вазифаларни ҳал этиш учун мўлжалланган устав сармояси миқдори 60 (олтмиш) миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги суммада белгиланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 50 млн. АҚШ долларига тенг суммадаги таъсис бадали ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иктисодий фаолият миллий банкининг 10 млн. АҚШ долларига тенг суммадаги таъсис бадали ҳисобига шаклланади.
Устав сармояси миқдори Компаниянинг ўз фойдаси ҳисобига Директорлар кенгашининг қарорига кўра кўпайтирилиши мумкин. Устав сармояси миқдорини қўшимча ташқи инвестиция ҳисобига кўпайтириш тўғрисидаги қарорни Компания Директорлар кенгашининг тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси қабул қилади.
12. Компаниянинг суғурта операциялари бўйича эҳтимол тутилган зарарларни қоплаш учун қўшимча манба ҳисобланган суғурта (захира) жамғармаси Компаниянинг молия-хўжалик фаолияти якунлари бўйича Компаниянинг даромади (фойдаси)дан йиллик ажратмалар ҳисобига ташкил этилади.
13. Компания шунингдек, бошқа жамғармалар ҳам ташкил этади, уларни шакллантириш ва сарфлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.
14. Олинган даромадлар билан сарфлар (суғурта тўловлари, олдини олиш тадбирларига сарфлар, суғуртага ва бошқа захираларга ажратмалар, ишни юритиш сарфлари ва бошқа сарф-харажатлар) ўртасидаги фарқ сифатида белгиланадиган даромад (фойда) Компания молия-хўжалик фаолиятининг асосий умумлаштирувчи кўрсаткичи ҳисобланади.
Бюджетга солиқлар тўлангандан кейин қоладиган даромад (фойда) Компаниянинг ўз мулки ҳисобланади, ундан махсус мақсаддаги жамғармалар ҳамда муассисларнинг Компания устав сармоясида қатнашиши улушига мутаносиб равишда муассисларнинг даромадлари шаклланади.
Хўжалик фаолияти натижасида барпо этилган ёки қонун йўл қўядиган бошқа асослар бўйича сотиб олинган мол-мулк Компаниянинг мулки бўлади.
IV. КОМПАНИЯНИ БОШҚАРИШ
15. Компания Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот беради.
16. Директорлар кенгаши Компаниянинг юқори раҳбар органи ҳисобланади, унинг таркибига лавозимларига кўра қуйидагилар киради:
Молия вазири — Кенгаш раиси;
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Бошқаруви раиси — кенгаш раиси ўринбосари;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири — Кенгаш раиси ўринбосари;
(16-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 июлдаги 499-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 29-сон, 693-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мақроиқтисодиёт ва статистика вазири;
(16-банднинг бешинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 27 ноябрдаги 413-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2002 й., 22-сон, 180-модда)
Компания бош директори.
17. Компания Директорлар кенгаши:
Компания фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;
Компаниянинг ўз маблағлари ҳисобига устав сармоясини кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилади;
Вазирлар Маҳкамасига Ватанимиздаги муассисларнинг ташқи инвестициялари ҳисобига устав сармояси миқдорини кўпайтириш тўғрисидаги таклифни тасдиқлаш учун киритади;
Компания Бош директорининг ваколатига бериладиган суғурта қопламаси бериш лимитини тасдиқлайди;
Компания Бош директорининг ваколати лимитидан ошадиган суммада суғурта қопламаси бериш тўғрисида қарор қабул қилади;
Компания бош директорининг тақдимотига кўра молиявий йил якунларини, шунингдек даромадни тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартибини тасдиқлайди;
Бош директорнинг ҳисоботларни эшитади.
18. Компания оператив раҳбарликни Кенгаш раисининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган Бош директор амалга оширади.
Компания Бош директорининг Директорлар кенгаши томонидан тасдиқланадиган ўринбосарлари бўлади.
19. Компаниянинг тузилмаси ва штатлари, шунингдек лавозим схемаси, меҳнатга маош тўлаш ва мукофотлаш тартиби Компаниянинг Директори томонидан тасдиқланади.
20. Компаниянинг Бош директори Компания Уставига биноан ўзига берилган ваколатларга мувофиқ Компания фаолиятига раҳбарлик қилади ва Компанияга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
21. Компания Бош директори:
Компания фаолиятининг барча масалаларини мазкур Уставга мувофиқ ҳал қилади;
Компаниянинг номидан ишончномасиз иш кўради, республиканинг барча органларида, корхоналари ва ташкилотларида, шунингдек давлатларда суғурта фаолияти масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида Компания номидан вакиллик қилади;
Компаниянинг мол-мулкини бошқаради;
Шартномалар, битимлар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади;
Ишончномалар беради;
Компаниянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;
Компания фаолиятининг бошқа масалаларини кўриб чиқади, ҳал этади.
V. ҲИСОБ, ҲИСОБОТ ВА ФАОЛИЯТНИ ТАФТИШ ҚИЛИШ
22. Компания Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилаётган фаолият бўйича ҳисоб ва ҳисоботни таъминлайди.
23. Компаниянинг операция йили 1 январдан бошланади ва 31 декабрда тамом бўлади. Ҳар бир йил тамом бўлгандан кейин матбуотда эълон қилинадиган баланс ҳамда фойда ва зарарлар ҳисоби тузилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
24. Ҳужжатлар асосида таҳлил қилиш ва Компания фаолиятини текширишни мустақил аудиторлик ташкилотлари ва қонун ҳужжатларга мувофиқ бундай текширишларни амалга оширишга вакил қилган бошқа назорат қилувчи органлар амалга оширадилар.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 27 ноябрдаги 413-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2002 й., 22-сон, 180-модда)
VI. ФАОЛИЯТНИНГ ТЎХТАЛИШИ
25. Компаниянинг фаолияти халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон Республикаси нормаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига биноан тўхтатилади.