Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
«ЎЗБЕКИНВЕСТ» ЭКСПОРТ-ИМПОРТ МИЛЛИЙ СУҒУРТА КОМПАНИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Экспорт ўсишини янада рағбатлантириш, ўзбекистонлик экспорт қилувчиларни суғуртавий ҳимоя қилишни таъминлаш, Ватанимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг технология, товарлар ва хизматлар халқаро бозорларига комплекс маркетинг орқали кириб боришини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг «Ўзбекинвест» миллий суғурта компаниясини «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясига айлантириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси барча мулкий ва номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича «Ўзбекинвест» миллий суғурта компаниясининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
2. Қуйидагилар «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
сармоя, технологиялар, товарлар ва хизматларни миллий экспорт қилувчиларни халқаро бозорларда сиёсий, тижорат ва тадбиркорлик таваккалчиликларидан суғуртавий ҳимоя қилишни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган тижорат банклари томонидан технологиялар, товарлар ва хизматлар экспортини маблағ билан таъминлаш учун ажратиладиган экспорт кредитларини қоплашга суғурта кафолатлари бериш;
комплекс маркетинг таҳлилини ва Ватанимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг технологиялар, товарлар ва хизматлар халқаро бозорларига самарали кириб бориши стратегияси ишлаб чиқилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг устувор тармоқларига жалб қилинаётган чет эл инвестицияларини комплекс суғуртавий ҳимоя қилиш.
3. «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг устав сармояси муассислар томонидан 60 млн. АҚШ долларига тенг миқдорда эълон қилинганлиги ва устав сармояси қуйидагилар ҳисобига шаклланиши маълумот учун қабул қилинсин:
а) Молия вазирлигининг 50 млн. АҚШ долларига тенг миқдордаги таъсис бадали, бу бадал:
қайта ташкил этилаётган «Ўзбекинвест» компаниясининг 30 млн. АҚШ долларига тенг миқдордаги ўз маблағларидан;
«Ўзбекинвест Интернэшнл» (Лондон шаҳри) қўшма компаниясининг 1996-1997 йиллардаги фаолиятидан олинган дивидендлардан ва «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси фаолиятидан олинган 10 млн. АҚШ долларига тенг миқдордаги ўз фойдасини сармояга айлантиришдан;
компаниянинг ўз фойдасини ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 10 млн. АҚШ долларига тенг миқдордаги 1998 йилда қўшиладиган маблағларини сармояга айлантиришдан ҳосил бўлади;
б) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг 10 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 1997 йилда қўшиладиган таъсис бадали.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги ПФ-5296-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.01.2018 й., 06/18/5296/0534-сон)
5. Белгилансинки, давлат экспорт суғуртаси халқаро нормаларига мувофиқ «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан келишилган суғурта мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кафил ҳисобланади.
6. «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ва унинг ҳудудий шуъба корхоналари даромаддан олинадиган солиқдан ва мулк солиғидан беш йил муддатга озод қилинсин, солиқ солишдан озод қилинган барча маблағлар компаниянинг устав сармоясини ҳамда унинг суғурта (захира) жамғармасини кўпайтиришга йўналтирилиши белгилаб қўйилсин.
7. Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан бир ҳафта муддатда қарор қабул қилсин.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги 46-сонли ««Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 18 февраль,
ПФ-1710-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 3-сон, 80-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.01.2018 й., 06/18/5296/0534-сон)