Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек, бутунжаҳон Интернет тармоғида (кейинги ўринларда Интернет тармоғи деб аталади) ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларини муҳофаза қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 121-моддасига мувофиқ веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайтлардан ва (ёки) саҳифаларидан фойдаланиш махсус ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан қуйидаги ҳолларда чекланиши мумкинлиги маълумот учун қабул қилинсин:
Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;
миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
(1-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 34-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/34/2486-сон)
порнографияни тарғиб қилиш;
қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш схемаси 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 255-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2021 й., 09/21/255/0402-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи Реестрини (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) шакллантирувчи ва юритувчи ваколатли орган этиб белгилансин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июндаги 457-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.06.2019 й., 09/19/457/3235-сон)
4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
Реестрга киритилган Интернет тармоғи ресурсларидан фойдаланишни чеклаш бўйича ташкилий ва техник чора-тадбирлар кўрсин;
Реестрни юритиш бўйича идоралараро ахборот алмашиниш ва Реестрга киритилган Интернет тармоғи ресурсларидан фойдаланишни чеклаш бўйича тезкор чоралар кўришни таъминловчи ахборот тизимини уч ой муддатда ишлаб чиқсин ва жорий этсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
41. Белгилансинки, ушбу қарорнинг 1-бандида келтирилган ҳолатлар веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасида жойлаштирилган ахборотга ушбу веб-сайт фойдаланувчилари томонидан қолдирилган шарҳлар матнида, шунингдек ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларда аниқланса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази томонидан веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юборилади.
(41-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 807-сонли қарорига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.12.2020 й., 09/20/807/1665-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
42. Веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартиби 21-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(42-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 807-сонли қарорига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.12.2020 й., 09/20/807/1665-сон)
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Х. Тангриев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 5 сентябрь,
707-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотга (кейинги ўринларда тақиқланган ахборот деб аталади) эга бутунжаҳон Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан (кейинги ўринларда Интернет тармоғи ахборот ресурслари деб аталади) фойдаланишни чеклаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш мумкин бўлган барча Интернет тармоғи ахборот ресурсларига татбиқ этилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Интернет тармоғи барча ахборот ресурслари идентификация маълумотлари — ноёб домен номлари, Интернет ахборот тармоғида идентификациялашга имкон берадиган веб-сайт саҳифалари кўрсаткичлари ва тармоқ манзиллари;
фойдаланишни чеклаш — фойдаланувчининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муайян Интернет тармоғи ахборот ресурсидан фойдаланишини тўхтатишга доир ташкилий ва дастурий-техник чора-тадбирлар мажмуаси;
тақиқланган ахборот мавжуд бўлган бутунжаҳон Интернет тармоғи ахборот ресурслари Реестри (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) — тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурслари рўйхати.
4. Интернет тармоғи ахборот ресурсларидан фойдаланишни чеклаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурсларини аниқлаш;
тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларини Реестрга киритиш;
Интернет тармоғи ахборот ресурсидан фойдаланишни чеклаш.
2-боб. Тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурсларини аниқлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурсларини аниқлаш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда Интернет тармоғи ресурсларининг мониторинги юритилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июндаги 457-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.06.2019 й., 09/19/457/3235-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сонли «Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
6. Интернет тармоғи ресурсларининг мониторинги, шунингдек, Марказга белгиланган тартибда келиб тушган юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари асосида ҳам олиб борилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни.
7. Мониторинг натижасида тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси аниқланган тақдирда Марказ томонидан бир иш куни мобайнида Интернет тармоғи ахборот ресурсида тақиқланган ахборот мавжудлиги юзасидан хулоса тайёрланади.
8. Марказ хулосасида қуйидагилар акс этган бўлиши керак:
хулоса қабул қилинган сана;
мониторинг ўтказиш учун асос;
ўрганиш предмети (тақиқланган ахборот аниқланган ахборот ресурслари рўйхати);
ўтказилган мониторинг натижалари.
9. Мониторинг натижаларини экспертизадан ўтказиш учун Марказ Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 августдаги 228-сон қарори билан ташкил этилган Оммавий коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясига (кейинги ўринларда Эксперт комиссияси деб аталади) мурожаат қилишга ҳақли.
10. Интернет тармоғи ахборот ресурсининг идентификация маълумотлари Реестрга киритилишига асос бўлган Марказ хулосаси ёки Эксперт комиссияси қарори юзасидан судга мурожаат қилиниши мумкин.
3-боб. Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларини Реестрга киритиш тартиби
11. Реестрни шакллантириш ва юритиш Марказ томонидан электрон шаклда амалга оширилади.
12. Тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларини Реестрга киритиш учун қуйидагилар асос бўлади:
Интернет тармоғи ахборот ресурсида тақиқланган ахборот мавжудлиги юзасидан Марказ хулосаси;
бутунжаҳон Интернет тармоғида тарқатилаётган ахборотни тақиқланган деб эътироф этиш тўғрисида Эксперт комиссиясининг қарори.
13. Хулоса тайёрлангандан кейин ёки Эксперт комиссиясининг тегишли қарорини олгандан кейин Марказ кечиктирмай тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларини Реестрга киритади. Бунда тегишли асос — хулоса (қарор) кўрсатилиши шарт.
14. Реестрга киритилган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотлари ўзгарган тақдирда, Марказнинг олдинги хулосаси ёки Эксперт комиссияси қарори янги аниқланган ўзгарган маълумотларни Реестрга киритиш учун асос бўлади.
4-боб. Интернет тармоғи ахборот ресурсларидан фойдаланишни чеклаш
15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Интернет тармоғи ахборот ресурсларидан фойдаланишни чеклаш бўйича махсус ваколатли орган (кейинги ўринларда махсус ваколатли орган деб аталади) ҳисобланади.
16. Махсус ваколатли орган Реестрга киритилган Интернет тармоғи ахборот ресурсларидан фойдаланишни чеклашга доир ташкилий ва дастурий-техник чора-тадбирлар кўради.
17. Фойдаланишни чеклаш фақат идентификация маълумотлари Реестрга киритилган Интернет тармоғи ахборот ресурсларига нисбатан татбиқ этилади.
18. Фойдаланишни чеклаш чораларини кўриш Интернет тармоғи ахборот ресурслари идентификация маълумотлари Реестрга киритилгандан кейин ўн икки соат мобайнида амалга оширилади.
19. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилиши чекланган Интернет тармоғи ахборот ресурслари Ўзбекистон Республикаси фойдаланувчилари мурожаатларига жавобан махсус ваколатли орган қуйидаги маълумотлар берилишини таъминлайди:
тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларининг Реестрга киритилгани ҳақида хабар;
мурожаат учун боғланиш маълумотлари.
5-боб. Тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларини реестрдан чиқариш тартиби
20. Қуйидагилар Марказ томонидан тақиқланган ахборот мавжуд Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларининг бир сутка давомида Реестрдан чиқарилиши учун асос бўлади:
Интернет тармоғи ахборот ресурси эгасининг тақиқланган ахборотни Интернет тармоғи ресурсидан ўчирилгани тўғрисида ёзма (электрон) мурожаати;
тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотларининг Реестрга киритилиши учун асос бўлган Марказ хулосаси ёки Эксперт комиссияси қарорини асоссиз деб ҳисоблаш ёки бекор қилиш тўғрисида суд қарорининг қонуний кучга кириши.
Шу билан бирга Реестрда тегишли маълумотлар ва уларнинг ўзгариши тарихи сақланади.
21. Интернет тармоғи ахборот ресурси эгасининг тақиқланган ахборотнинг Интернет тармоғи ресурсидан ўчирилгани тўғрисида ёзма (электрон) мурожаати олингач Марказ бир сутка мобайнида ҳолатни текширади ва Интернет тармоғи ахборот ресурси тегишли идентификация маълумотларини Реестрдан чиқаради.
22. Интернет тармоғи ахборот ресурси идентификация маълумотлари Реестрдан чиқарилгач, махсус ваколатли орган фойдаланишни чекловчи тўсиқларни бир сутка мобайнида олади.
6-боб. Реестр маълумотларидан фойдаланиш
23. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига уларнинг ваколатлари доирасида, шунингдек, Интернет тармоғи ахборот ресурси эгаси бўлган юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг мурожаатларига кўра Реестр маълумотларидан фойдаланишга рухсат этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
24. Реестр маълумотларидан фойдаланишга рухсат бериш тартиби Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан белгиланади.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июндаги 457-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.06.2019 й., 09/19/457/3235-сон)
7-боб. Якунловчи қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июндаги 457-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.06.2019 й., 09/19/457/3235-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон қарорига
21-ИЛОВА
Веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш
ТАРТИБИ
1. Мазкур Тартиб веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасида жойлаштирилган ахборотга ушбу веб-сайт фойдаланувчилари томонидан қолдирилган шарҳлар матнида, шунингдек ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларда (кейинги ўринларда ахборот ресурслари деб аталади) Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотлар аниқланган ҳолатда веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга ушбу ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Тартибнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш имкони мавжуд бўлган ахборот ресурсларига нисбатан татбиқ этилади.
3. Ушбу Тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
мессенжер — фойдаланувчиларнинг онлайн режимда Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали матн, аудио, аудиовизуал ва бошқа хабарлар ва материаллар, бошқа маълумотлар орқали дарҳол алмашиш, тарқатиш ва узатиш, шунингдек улар ўртасидаги масофадан мулоқот учун мўлжалланган дастур, мобил илова ёки веб-хизмат;
веб-сайт ва (ёки) мессенжернинг саҳифаси — веб-сайт ва (ёки) мессенжернинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги бир қисми (гуруҳлар, каналлар ва бошқалар), унга кириш домен номи ва белгиларидан ташкил топган кўрсаткич бўйича, шунингдек номи орқали амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази (кейинги ўринларда — Марказ) томонидан ахборот ресурсларида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотлар аниқланганда Марказ томонидан 24 соатдан кечиктирмасдан ахборот ресурслари эгаси, шунингдек блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома (кейинги ўринларда хабарнома деб аталади) юборилади.
5. Хабарнома Марказнинг расмий ахборот ресурслари (электрон почта, ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлардаги расмий саҳифа) орқали электрон шаклда юборилади.
6. Хабарномада Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот жойлаштирилган ахборот ресурсининг номи, ахборот жойлаштирилган сана кўрсатилади, тақиқланган ахборотга ҳавола ва унинг экрандаги тасвири нусхаси илова қилинади, шунингдек қўшимча равишда ушбу ахборотни тарқатиш учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик тўғрисида маълумотлар келтирилиши мумкин.
7. Ахборот ресурси эгаси, шунингдек блогер хабарномани олган вақтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаши, шунингдек бу тўғрида Марказни унинг расмий ахборот ресурслари орқали электрон шаклда ёки қоғоз шаклида хабардор қилиши лозим.
8. Агар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот ушбу Тартибнинг 6-бандида кўрсатилган муддатда ахборот ресурси эгаси, шунингдек блогер томонидан олиб ташланмаса, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки Марказ томонидан ушбу ахборотни олиб ташлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот жойлаштирилган ижтимоий тармоқ ёки мессенжер маъмурига ёки даъво аризаси билан судга мурожаат қилиниши мумкин.
(21-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 807-сонли қарорига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.12.2020 й., 09/20/807/1665-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2011 йил 5 августдаги 228-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 й., 8-сон, 70-модда):
а) 1-иловадан ўнинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши қўшилсин:
«эксперт хулосаларини ўрганади ҳамда халқаро Интернет тармоғи ахборот ресурсларининг идентификация маълумотларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи Реестрига киритиш юзасидан қарор қабул қилади»
саккизинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
6-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«материалларни кўриб чиқиш ҳамда халқаро Интернет тармоғи ахборот ресурсларининг идентификация маълумотларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи Реестрига киритиш юзасидан қарор қабул қилиш»;
9-банднинг бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«материалларни экспертизадан ўтказиш ва зарур ҳолларда экспертиза хулосаларини судда ҳимоя қилиш учун эксперт (экспертлар) белгилаш»;
учинчи хатбошига «Комиссия томонидан белгиланган тартибда, шу жумладан электрон кўринишда мажлис натижаларини рўйхатга олиш ва ўтказиш» сўзлари қўшилсин;
бешинчи ва олтинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;
учинчи хатбошига «шу жумладан, Комиссия томонидан белгиланган тартибда электрон ҳужжат айланиши тартибида» сўзлари қўшилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«зарур материалларни ўз вақтида тайёрлашни таъминлайди ҳамда материаллар Ишчи органга тушган санадан бошлаб 15 кун муддатда экспертиза ўтказади»;
13-банднинг саккизинчи хатбошига «шу жумладан, Комиссия томонидан белгиланган тартибда электрон ҳужжат айланиши йўли билан» сўзлари қўшилсин;
14 — 16-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Комиссия раиси жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳар бир аниқ мурожаати юзасидан материаллар олинган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида Комиссия ишчи органи таклифи билан жалб этилган экспертлардан экспертни (экспертларни) тасдиқлайди.
15. Экспертиза материаллар олинган санадан бошлаб 15 кун мобайнида ўтказилади.
16. Эксперт (экспертлар) тақдим этилган материалларни беш кун муддатда ўрганиб чиқади ва эксперт хулосаси беради»;
18 ва 19-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«18. Зарурат бўлганда Комиссия бажарилган ишлар юзасидан Ишчи органнинг амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқади.
19. Комиссия қарори мажлисда иштирок этган барча Комиссия аъзолари томонидан имзоланган баённома асосида, шу жумладан Комиссия томонидан белгиланган тартибда электрон ҳужжат алмашинуви воситасида расмийлаштирилади»;
20-банддаги «Комиссия» сўзи «эксперт (экспертлар)» сўзлари билан алмаштирилсин;
21-банддаги «материаллар экспертизага тушишига» сўзлари «заруратга» сўзи билан алмаштирилсин;
30-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«30. Комиссия фаолиятини таъминлаш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этиш ҳамда экспертизалар ўтказиш Комиссиянинг ишчи органи томонидан, шу жумладан Комиссия томонидан белгиланган тартибда электрон ҳужжат алмашинуви йўли билан амалга оширилади».
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом мулкдор ва (ёки) операторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилиши, тизимлаштирилиши ва сақланишига оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 февралдаги 71-сонли қарори билан тасдиқланган Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестри тўғрисидаги низом.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари — Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилиши, тизимлаштирилиш ва сақланишига оид шартлар;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 февралдаги 71-сонли қарори билан тасдиқланган Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестри тўғрисидаги низом.
фойдаланишни чеклаш — мулкдор ва (ёки) операторларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ресурсдан фойдаланишини тўхтатишга ёки тезликни камайтиришга доир ташкилий ва дастурий-техник чора-тадбирлар мажмуаси;
шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот;
шахсга доир маълумотлар базаси — таркибида шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган ахборот тизими тарзидаги маълумотлар базаси;
шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори (кейинги ўринларда — мулкдор) — шахсга доир маълумотлар базасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;
шахсга доир маълумотлар базасининг оператори (кейинги ўринларда — оператор) — шахсга доир маълумотларга ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;
Олдинги таҳрирга қаранг.
шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги;
(2-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
шахсга доир маълумотлар субъекти (кейинги ўринларда — субъект) — шахсга доир маълумотлар ўзига тааллуқли бўлган жисмоний шахс;
Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри — Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларига риоя этмаган шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдорлари ва (ёки) операторларининг рўйхати;
шахсга доир маълумотларга ишлов бериш — шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш бўйича бир ҳаракатни ёки ҳаракатлар мажмуини амалга ошириш.
3. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларига риоя этилиши устидан давлат назорати Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрини (кейинги ўринларда — Реестр) юритиш орқали амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришнинг алоҳида шартларига риоя этилиши устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (кейинги ўринларда — «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси) томонидан амалга оширилади.
5. «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси:
мулкдор ва (ёки) операторларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларига риоя этишини ўрганиш ва текшириш ҳамда мониторинг ва таҳлил қилиш ишларини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришнинг алоҳида шартлари бузилган тақдирда ушбу қонун бузилиш ҳолатини бартараф этиш юзасидан давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;
фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов берувчи мулкдор ва (ёки) операторларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларини бузганликлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомаларни тузади ва кўриб чиқиш учун судга юборади;
мулкдор ва (ёки) операторларнинг ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида шахсга доир маълумотларга ишлов бериш фаолиятлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради;
Реестрни юритади ҳамда хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар билан шахсга доир маълумотлар соҳасида ҳамкорликни амалга оширади.
2-боб. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларини бузган мулкдор ва (ёки) операторларни Реестрга киритиш тартиби
6. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларини бузган мулкдор ва (ёки) операторларни Реестрга киритиш ва Реестрдан чиқариш ушбу Низомга схемага мувофиқ амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази (кейинги ўринларда — Марказ) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 2 февралдаги ПФ-5653-сон Фармонига асосан ўз зиммасига юклатилган вазифалар доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришнинг алоҳида шартлари бузилиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида Интернет жаҳон ахборот тармоғида шахсга доир маълумотларга ишлов берувчи мулкдор ва (ёки) операторлар фаолияти мониторингини амалга оширади.
8. Марказ томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғида шахсга доир маълумотларга ишлов берувчи мулкдор ва (ёки) операторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари бузилганлиги ҳолатлари аниқланганда, бу ҳақда, 24 соат давомида шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органига хулоса бериш учун маълумот киритади.
9. Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи Марказ томонидан тақдим этилган маълумотни олгандан сўнг 24 соат ичида «Ўзкомназорат» давлат инспекциясига шахсга доир маълумотларга ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов берувчи мулкдор ва (ёки) операторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари бузилганлиги юзасидан хулоса тақдим этади.
10. Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи хулосасида қуйидагилар акс этган бўлиши керак:
хулоса қабул қилинган сана;
ўрганиш предмети (Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларини бузган мулкдор ва (ёки) операторлар ресурслари рўйхати);
ўтказилган мониторинг натижалари (бузилган қонунчилик ҳужжатлари бандлари кўрсатилган ҳолда);
Реестрга киритиш ва шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдорлари ва (ёки) операторларига нисбатан чоралар кўриш юзасидан таклифлар.
11. «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси тақдим этилган хулоса келиб тушган кундан бошлаб бир кун муддатда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан шахсга доир маълумотлар базаси мулкдори ёки операторига аниқ муддат белгилаган ҳолда тегишли кўрсатма беради.
12. Шахсга доир маълумотлар базаси мулкдори ёки оператори кўрсатмада келтирилган камчиликларни бартараф этиш чорасини кўриши ва «Ўзкомназорат» давлат инспекциясига ўз вақтида маълумот киритиши лозим.
13. «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси кўрсатмасида белгиланган муддат ичида кўрсатмада назарда тутилган қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилмаган тақдирда, мулкдор ва (ёки) оператор тўғрисидаги маълумотлар Реестрга киритилади.
14. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришнинг алоҳида шартларини бузган мулкдор ва (ёки) операторларни Реестрга киритилишига асос бўлган шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат орган хулосаси устидан судга шикоят қилишга ҳақли.
3-боб. Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузган мулкдор ва (ёки) операторларни фаолиятини Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментида чеклаш
15. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришнинг алоҳида шартларини бузган мулкдор ва (ёки) операторлар фаолиятини Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментида чеклаш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан амалга оширилади.
16. Фойдаланишни чеклаш идентификация маълумотлари Реестрга киритилган шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори ва (ёки) операторининг Интернет жаҳон ахборот тармоғи ахборот ресурсларига нисбатан татбиқ этилади.
17. «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси Реестрга киритилгандан сўнг 12 соат давомида шахсга доир маълумотлар базаси мулкдори ёки операторининг Интернет жаҳон ахборот тармоғи ахборот ресурсларидан фойдаланишини чеклаш бўйича Вазирликка тақдимнома беради.
18. Вазирлик Реестрга киритилгандан сўнг 12 соат давомида шахсга доир маълумотлар базаси мулкдори ёки операторининг Интернет жаҳон ахборот тармоғи ресурсларидан фойдаланишини чеклашни амалга оширади.
4-боб. Шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдор ва (ёки) операторни Реестрдан чиқариш тартиби
19. «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси томонидан шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдорини ва (ёки) операторини Реестрдан чиқарилиши учун қуйидагилар асос бўлади:
Марказ маълумотига асосан шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органининг мулкдор ва (ёки) оператор томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ресурсида камчиликлар бартараф этилганлиги юзасидан хулосаси;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришнинг алоҳида шартларини бузган мулкдор ва (ёки) операторларни Реестрга киритилиши учун асос бўлган шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи хулосасини бекор қилиш тўғрисида суд қарорининг қонуний кучга кириши.
20. «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси Интернет жаҳон ахборот тармоғи ресурси эгасининг Интернет жаҳон ахборот тармоғи ресурсида камчиликлар бартараф этилганлиги юзасидан билдирган ёзма (электрон) мурожаатини ўрганиб, бир кун муддатда шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органига хулоса бериш учун тақдим этади.
21. Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи Марказ билан биргаликда мулкдор ва (ёки) оператор томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ресурсида камчиликлар бартараф этилганлиги юзасидан маълумотини 24 соат давомида ўрганиб чиқади ва «Ўзкомназорат» давлат инспекциясига хулоса беради.
22. «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси мазкур Низомнинг 16-бандида келтирилган ҳолатлар асосида 24 соат давомида шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдорини ва (ёки) операторини (ёки ахборот ресурси идентификация маълумотларини) Реестрдан чиқаради.
23. Шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдорини ва (ёки) операторини (ёки ахборот ресурси идентификация маълумотларини) Реестрдан чиқарилгач, Вазирлик «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси тақдимномаси асосида фойдаланишни чекловчи тўсиқларни 12 соат давомида олади.
24. Реестрда қайд этилган, ишлов берилган ва бошқа амалга оширилган маълумотлар ҳамда уларнинг ўзгариш тарихи ўрнатилган тартибда сақланади.
7-боб. Якунловчи қоида
25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларини бузган мулкдор ва (ёки) операторларни Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритиш ва ундан чиқариш тартиби
СХЕМАСИ

Босқич

Субъект

Тадбирлар

Ижро муддати

1-босқич

Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича Марказ ва шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари бузилиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида Интернет жаҳон ахборот тармоғида шахсга доир маълумотларга ишлов берувчи мулкдор ва (ёки) операторлар фаолияти мониторингини амалга оширади.

Доимий

равишда

Юридик ёки жисмоний шахслар

Марказга ўрнатилган тартибда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари бузилиши мавжуд Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифалари ҳамда ресурсларида шахсга доир маълумотларга ишлов берувчи ташкилотлар ҳақида мурожаат қилиш орқали маълумот бериш.

Доимий

равишда

2-босқич

Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича Марказ

Интернет жаҳон ахборот тармоғида шахсга доир маълумотларга ишлов берувчи мулкдор ва (ёки) операторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришнинг алоҳида шартлари бузилганлиги ҳолатлари аниқланганда, бу ҳақида шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органига хулоса бериш учун маълумот киритади.

Аниқланган

муддатдан

бошлаб

24 соат

давомида

Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи

Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи Марказ томонидан тақдим эгилган маълумотни олгандан сўнг «Ўзкомназорат» давлат инспекциясига шахсга доир маълумотларга ишлов берувчи мулкдор ва (ёки) операторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари бузилганлиги юзасидан хулоса тақдим этади.

Аниқланган

муддатдан

бошлаб

24 соат

давомида

3-босқич

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси

Тақдим этилган хулоса асосида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан шахсга доир маълумотлар базаси мулкдори ёки операторига аниқ муддат белгилаган ҳолда тегишли кўрсатма беради.

Хулоса келиб

тушган кундан

бошлаб бир кун

муддатда

Шахсга доир маълумотлар базаси мулкдор ёки оператор

Шахсга доир маълумотлар базаси мулкдори ёки оператори кўрсатмада келтирилган камчиликларни бартараф этиш чорасини кўради ва «Ўзкомназорат» давлат инспекциясига ўз вақтида маълумот киритади.

Тақдимномада

белгиланган

муддатларда

4-босқич

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси

Кўрсатмада белгиланган муддат ичида кўрсатмада назарда тутилган қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилмаган тақдирда, шахсга доир маълумотлар базаси мулкдор ва (ёки) оператор тўғрисидаги маълумотлар «Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри»га киритилади.

Кўрсатмадаги

муддатдан сўнг

5-босқич

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси

«Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар Реестри»га киритилгандан сўнг шахсга доир маълумотлар базаси мулкдори ёки операторининг Интернет тармоғи ахборот ресурсларидан фойдаланишини чеклаш бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тақдимнома беради.

12 соат

давомида

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

«Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар Реестри»га киритилгандан сўнг шахсга доир маълумотлар базаси мулкдори ёки операторининг Интернет тармоғи ахборот ресурсларидан фойдаланишини чеклашни амалга оширади.

12 соат

давомида

6-босқич

Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича Марказ ва шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи

Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат орган Марказ билан ҳамкорликда мулкдор ва (ёки) оператор томонидан Интернет тармоғи ахборот ресурсида камчиликлар бартараф этилганлиги юзасидан маълумотини ўрганиб чиқади ва «Ўзкомназорат» давлат инспекциясига хулоса беради.

24 соат

давомида

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси

Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи хулосасига асосан Интернет тармоғи ахборот ресурсини «Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри»дан чиқаради ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тақдимнома беради.

24 соат

давомида

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

Шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдорини ва (ёки) операторини (ёки ахборот ресурси идентификация маълумотларини) «Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар Реестри»дан чиқарилгач, Давлат назоратини амалга оширувчи орган тақдимномаси асосида фойдаланишни чекловчи тўсиқларни олади.

12 соат

давомида

(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 255-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2021 й., 09/21/255/0402-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.09.2018 й., 09/18/707/1839-сон; 16.01.2019 й., 09/19/34/2486-сон, 04.06.2019 й., 09/19/457/3235-сон; 24.12.2020 й., 09/20/807/1665-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2021 й., 09/21/255/0402-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)