Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг
Қарори
Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 21 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3041]
Ўзбекистон Республикасининг «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги 287-сон «Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қарор қилади:
1. Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Б. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 26 июнь,
6-сон
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2018 йил 26 июндаги 6-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги 287-сон «Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни (бундан буён матнда номзодлар деб юритилади) махсус тайёргарликдан ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Номзодлар экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиш учун махсус тайёргарликдан ўтишлари лозим.
2. Махсус тайёргарликдан ўтказиш номзодларни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритиши учун зарур ва етарли бўлган ҳажмдаги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришига кўмаклашиш мақсадида амалга оширилади.
3. 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари махсус тайёргарлик курсларига қабул қилинади.
4. Номзодлар махсус тайёргарликдан бепул ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш соҳасида:
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 мартдаги 9-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3788, 16.03.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.03.2026 й., 10/26/3788/0242-сон)
номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказишга доир тадбирларни, таълим мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни белгилайди;
номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш бўйича ўқув-режа ва дастурларни тасдиқлайди;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш масалаларида, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантиришда ҳамкорлик қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тадбирларини молиялаштириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Қўмитанинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг кадрларни махсус тайёрлаш учун мақсадли бадаллари, ҳомийлик хайриялари, номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш учун жалб этиладиган грантлар ҳисобидан амалга оширилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 мартдаги 9-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3788, 16.03.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.03.2026 й., 10/26/3788/0242-сон)
2-боб. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш
7. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиш истагини билдирган номзодлар яшаш жойидаги фуқаролар йиғинларининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш комиссияларига (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) ёки экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотига ариза билан мурожаат қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Номзоднинг аризаси Комиссия йиғилишида ёки экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларидан бирининг вакили иштирокида кўриб чиқилади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонуни.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Фуқаронинг номзоди маъқулланган тақдирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки нодавлат нотижорат ташкилоти (бундан буён матнда буюртмачи деб юритилади) Қўмита ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказига (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) номзодни махсус тайёргарлик курсларига юбориш тўғрисида расмий хат киритади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 мартдаги 9-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3788, 16.03.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.03.2026 й., 10/26/3788/0242-сон)
10. Расмий хатга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(10-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг 2023 йил 22 июлдаги MH-9-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3041-1, 09.08.2023 й.) асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2023 й., 10/23/3041-1/0584-сон)
номзодни махсус тайёргарлик курсларига юбориш тўғрисида Комиссия йиғилиши баённомаси ёки нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари буйруғидан кўчирма;
буюртмачининг буюртмаси.
11. Марказ жойлардаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб тақдим этилган буюртмалар асосида махсус тайёргарлик курсларидан ўтиши лозим бўлган номзодлар рўйхатини шакллантиради, махсус тайёргарлик курсларини ўтказиш вақти ва жойини белгилайди ҳамда номзодларни ҳудудлар бўйича тақсимлайди.
12. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш бевосита Марказ томонидан амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоятларда яшовчи номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
(12-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 мартдаги 9-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3788, 16.03.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.03.2026 й., 10/26/3788/0242-сон)
13. Марказ буюртмачиларни махсус тайёргарлик курслари бошланишидан 10 кун аввал махсус тайёргарлик курсларини ўтказиш муддатлари тўғрисида хабардор қилиши лозим.
14. Буюртмачилар номзодларнинг ўқишга Марказ томонидан белгиланган муддатларда етиб келишларини таъминлашлари лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Махсус тайёргарлик курсларида ўқитиш Қўмита томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар бўйича амалга оширилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 мартдаги 9-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3788, 16.03.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.03.2026 й., 10/26/3788/0242-сон)
16. Махсус тайёргарлик курсларида ўқитиш муддати 1 ҳафта — 36 соатни ташкил этади.
17. Махсус тайёргарлик курслари кундузги шаклда амалга оширилади.
Асосий иш жойига эга бўлган номзодлар махсус тайёргарлик курсларига ишдан ажратилган ҳолда жалб қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Махсус тайёргарлик курсларида номзодларга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва жамоатчилик назорати тўғрисидаги билимлар ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик тадбирларни амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштироки юзасидан таянч тушунча ва билимлар берилади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
19. Ўқув жараёни 60 нафаргача бўлган номзодлардан иборат ўқув гуруҳларига бўлинган ҳолда, Марказ раҳбари томонидан тасдиқланган машғулотлар жадвали асосида олиб борилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш жараёнига тегишли олий таълим муассасалари ўқитувчилари, Қўмита тизими ходимлари ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг тажрибали мутахассислари жалб қилиниши мумкин.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 мартдаги 9-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3788, 16.03.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.03.2026 й., 10/26/3788/0242-сон)
21. Номзод махсус тайёргарлик курсларига узрли сабабларга кўра кела олмаган тақдирда, у 6 ой ичида навбатдаги махсус тайёргарлик курсларига қабул қилиш тўғрисида ариза билан Марказга мурожаат қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Марказ томонидан номзоднинг аризаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқилиб, навбатдаги махсус тайёргарлик курсларидан ўтиши лозим бўлган номзодлар рўйхатига киритилади ҳамда бу ҳақда буюртмачи 3 кун ичида хабардор қилинади.
(21-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни.
22. Номзодлар қуйидаги ҳолларда махсус тайёргарлик курсларидан четлаштирилади:
ўз хоҳишига биноан;
сабабсиз 6 соат дарс қолдирганда;
саломатлиги туфайли (тиббий маълумотнома асосида);
вафот этган тақдирда.
23. Марказ номзодни махсус тайёргарлик курсларидан четлаштирилганлиги тўғрисида буюртмачини 3 кун ичида хабардор қилиши лозим.
24. Номзодлар ўқув режа ва дастурни тўлиқ ўзлаштириб бўлгандан сўнг, уларга махсус тайёргарлик курсларидан муваффақиятли ўтганлиги тўғрисида сертификат берилади ва ушбу сертификат номзодга экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномаси берилишига асос бўлади.
3-боб. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312 –– 315-моддалари.
26. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги, Сув ҳўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан келишилган.
Соғлиқни сақлаш вазири А. ШАДМАНОВ
2018 йил 18 июнь
Ички ишлар вазири П. БОБОЖОНОВ
2018 йил 18 июнь
Қишлоқ хўжалиги вазири Б. ЮСУПОВ
2018 йил 18 июнь
Сув хўжалиги вазири Ш. ХАМРАЕВ
2018 йил 18 июнь
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси А. АБДУЛЛАЕВ
2018 йил 18 июнь
Давлат ветеринария қўмитаси раиси в.б Б. НОРҚОБИЛОВ
2018 йил 18 июнь
«Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғи Б. ГУЛЯМОВ
2018 йил 18 июнь
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи И. ЭРГАШЕВ
2018 йил 18 июнь
Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б. АЛИХОНОВ
2018 йил 18 июнь
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ш. ЖАВЛОНОВ
2018 йил 18 июнь
Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси И. НАСРИЕВ
2018 йил 18 июнь
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.07.2018 й., 10/18/3041/1551-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 10.08.2023 й., 10/23/3041-1/0584-сон; 16.03.2026 й., 10/26/3788/0242-сон)