Ҳужжат кучини йўқотган " " 08.07.2024
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2024 йил 8 июлдаги ПФ-99-сонли «Яширин иқтисодиётга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Сўнгги йилларда аҳолининг турмуш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган бунёдкорлик ишлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Бизнес юритишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда ва институциявий механизмлари такомиллаштирилмоқда, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда, бу эса олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бозор муносабатларининг бугунги ривожи ҳамда инсофли тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш зарурати иқтисодий жиноятларга қарши курашиш, «хуфёна иқтисодиёт»нинг шаклланиш механизмларини, чет эл валютасининг назоратсиз чиқиб кетиш каналларини ўз вақтида аниқлашнинг шакл ва усулларини тубдан қайта кўриб чиқишни, шунингдек, импортни оптималлаштириш ва миллий товарлар экспортини рағбатлантириш бўйича тизимли ишларни кучайтиришни ҳам талаб этмоқда.
Шу муносабат билан, фаолияти иқтисодиёт ривожи, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашишнинг замонавий воқеликка тўлиқ жавоб бермаётган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг вазифалари, функциялари ва ваколатларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурати пайдо бўлди.
Бизнесни юритиш ва инвестицияларни жалб этиш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва улардан самарасиз фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) этиб қайта ташкил қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, Департамент:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида иқтисодий ва коррупциявий жиноятлар, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари бўйича тезкор-қидирув фаолияти, терговга қадар текширув ва суриштирувни, шунингдек, мазкур жиноятлар содир этилиши оқибатида етказиладиган иқтисодий зарарнинг қопланишини амалга оширувчи мустақил ихтисослаштирилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича махсус ваколатли давлат органи;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, жумладан халқаро шартномалари бўйича вориси ҳисобланади.
2. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
биринчидан, иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш ҳамда қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги ПФ-5690-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.03.2019 й., 06/19/5690/2772-сон)
учинчидан, бюджет тизими бюджетлари маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларида нархларни ошириб юбориш, давлат органлари ва ташкилотларида дебитор ҳамда кредитор қарздорликнинг асоссиз ортиши ҳолатларини аниқлаш, етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўриш;
тўртинчидан, ёқилғи-энергетика комплексида, банк-молия, солиқ, транспорт, қурилиш ва ижтимоий соҳаларда иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;
бешинчидан, давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашиш, чет эл валюта маблағлари ноқонуний равишда чиқиб кетиши, олиб кирилиши ва олиб чиқилиши, уларнинг ноқонуний муомаласи, «хуфёна иқтисодиёт»ни шакллантиришнинг турли схемалари ва каналларини аниқлаш;
олтинчидан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, шунингдек, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларга қарши курашиш;
еттинчидан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг самарали ижро этилишини таъминлаш;
саккизинчидан, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича чет давлатларнинг ваколатли органлари, халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот алмашиш;
тўққизинчидан, иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг олдини олиш бўйича кенг тушунтириш ва профилактика ишларини амалга ошириш.
3. Департамент тузилмасида:
Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси ва Айдар-Арнасой кўллари тизими ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими негизида Ижтимоий соҳада коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Иқтисодий соҳада коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 январдаги ПФ-1-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.01.2024 й., 06/24/1/0001-сон)
Йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси негизида Тизимли таҳлил бўлими ва Ташкилий-назорат бўлими ташкил этилсин.
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 январдаги ПФ-1-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.01.2024 й., 06/24/1/0001-сон)
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2018 йил 1 июлдан бошлаб:
«Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК (кейинги ўринларда — Марказ) импорт шартномаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурлари лойиҳаларини Марказ томонидан экспертизадан ўтказишда аниқланган шубҳали операциялар тўғрисида Департаментга зарур ахборотни мунтазам равишда тақдим этади;
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги ПФ-5624-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.01.2019 й., 06/19/5624/2471-сон)
Департамент органлари томонидан ўтказилган тафтишлар ва текширувлар натижалари бўйича аниқланган ҳамда Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикасининг давлат мақсадли жамғармалари даромадига ундирилган давлат органлари ва ташкилотлари, бюджет маблағларини олувчилар томонидан амалга оширилган ноқонуний харажатларнинг, талон-торож, растраталар, камомадлар суммасининг 10 фоизи Департаментнинг махсус бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади.
6. Департаментга:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигидан банк ҳисобварақлари ва ягона ғазна ҳисобварағи бўйича давлат пул маблағларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ маълумотларни сўраб олиш;
тезкор-қидирув фаолияти натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларини, донор мамлакатлар, халқаро, чет эл ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитларини сарфлаш масалалари бўйича давлат ташкилотлари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналарда, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик юритувчи субъектларда белгиланган тартибда текширувларни ўтказиш ташаббуси билан чиқиш;
иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, чек қўйиш ва бартараф этиш мақсадида қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш;
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июндаги ПФ-6252-сонли Фармонига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.06.2021 й., 06/21/6252/0617-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонунининг 5-боби, Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Қонунининг 5-боби.
давлат ташкилотлари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналардан, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик юритувчи субъектлардан бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларни тақсимлашда суиистеъмолликлар ва коррупция ҳолатларини аниқлаш учун зарур бўлган маълумотларни ва тушунтиришларни талаб қилиб олиш;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги маълумотларни қабул қилиш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, текшириш ва сақлаш, шунингдек, етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш тўғрисида кўрсатма бериш, мазкур функцияни фақат Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармасига юклаш;
Департамент зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиладиган давлат органлари ва ташкилотларнинг маълумотлар базасидан фойдаланиш;
миллий ва чет эл валютасидаги бюджетдан ташқари маблағларни, шунингдек, Департамент органларининг депозит ҳисобварақларида бўлган маблағларни Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозитларига жойлаштириш ҳуқуқлари берилсин.
Белгилансинки:
Департаментнинг ҳудудий тузилмалари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан операциялар бўйича хабарлар олиш, кўрсатмалар ва сўровлар юборишга ҳақли эмас;
маблағларни жойлаштиришдан олинган даромадлар ушбу даромадларни моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадларга йўналтирган ҳолда Департаментнинг махсус бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади.
7. Белгилаб қўйилсинки:
пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар раҳбарлари Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари (кейинги ўринларда — Қоидалар) талаблари ижроси учун шахсан жавобгардир;
Қоидаларга риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда Департамент томонидан, жумладан ушбу Қоидаларни тасдиқлаган органлар билан ҳамкорликда амалга оширилади;
валюта назоратини амалга оширувчи органлар ягона марказлашган ҳисобни юритиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ чораларни кўриш учун зарур бўлган валюта ҳуқуқбузарликлари тўғрисидаги маълумотларни Департаментга тақдим этиши шарт;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 170, 171-моддалари, Жиноят кодексининг 176, 177-моддалари.
солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича жиноят ишлари Департамент томонидан хўжалик юритувчи субъект ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги ва етказилган зарар ҳажми тўғрисида Департаментнинг хабарини олган кундан бошлаб ўттиз кун ўтгандан кейингина, шунингдек, ушбу муддат давомида солиқлар ва йиғимлар, жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар шаклидаги давлатга етказилган зарар қопланмаган тақдирда, шунингдек, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш оқибатлари бартараф этилмаган ва етказилган моддий зарар қопланмаганда қўзғатилади. Бунда мазкур талаб шунга ўхшаш жиноятларни муқаддам содир этган хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан татбиқ этилмайди.
(7-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 июлдаги ПФ-110-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2023 й., 06/23/110/0506-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги ПФ-5690-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.03.2019 й., 06/19/5690/2772-сон)
9. Департамент ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
бир ой муддатда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги шубҳали операциялар, шунингдек, чет эл валютасининг асоссиз чиқиб кетиши хавфи юқори бўлган операциялар тўғрисидаги хабарларни саралаш ва қайта ишлашни автоматлаштириш учун дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқсин ҳамда жорий этсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Департамент зиммасига юкланган вазифаларни самарали бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда бошқа идораларнинг маълумотлар базалари ва ахборот тизимларидан Департаментнинг ҳудудий бошқармалари фойдаланишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш манбаси этиб белгилансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:
а) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда:
Департаментнинг харажатлар сметалари ва штат жадвалига мазкур Фармонга мувофиқ ўзгартишлар киритсин;
янги ташкил этилаётган бўлинмаларни мебель, компьютер техникаси ва бошқа моддий-техника ресурслари билан таъминласин;
Департамент ходимларини ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни лозим даражада бажарганлиги учун моддий рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
б) икки ой муддатда Департаментнинг янги ташкил этилаётган тармоқлари таҳлилий ва тезкор-қидирув фаолияти бўйича юксак кўникмаларга, ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий сифатларга эга юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.
11. 2018 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 февралдаги «Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5343-сон Фармонининг 3-банди биринчи — тўртинчи хатбошилари Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига татбиқ этилсин.
Бунда ушбу бандда кўрсатилган тадбирларни ижро этиш билан боғлиқ харажатлар 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги ПФ-6118-сон Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.11.2020 й., 06/20/6118/1562-сон)
12. Департамент Банк-молия академияси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси билан биргаликда Департамент ходимларини молиявий-иқтисодий хавфсизлик, тезкор-қидирув фаолияти, шунингдек, жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик ҳамда махсус техника воситаларидан ва ўқотар қуролдан фойдаланиш соҳаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича махсус курсларни беғараз асосда ташкил этиш чораларини кўрсин.
14. Департамент Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, бошқа вазирлик ва идораларнинг бюллетенлари, статистик ахборотномалари мажбурий тартибда жўнатиладиган реестрга киритилсин.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.09.2020 й., 06/20/6075/1330-сон)
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда прокуратура органларининг ролини кучайтириш тўғрисида»ги ПФ-5019-сон Фармонига 4-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ушбу Фармондан келиб чиқадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини киритсин;
2018 йил якунлари бўйича ушбу Фармоннинг ижро этилиши самарадорлигини ўргансин ҳамда зарурат туғилганда Департамент фаолиятини ва ташкилий-штат тузилмасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритсин.
18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 23 май,
ПФ-5446-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади):
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (кейинги ўринларда Бош прокуратура деб юритилади) ҳузурида иқтисодий жиноятлар ва коррупция, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари бўйича тезкор-қидирув фаолияти, терговга қадар текширув ва суриштирувни амалга оширувчи, шунингдек, мазкур жиноятлар содир этилиши натижасида етказилган иқтисодий зарарнинг қопланишини таъминловчи мустақил ихтисослаштирилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Департаментнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармони таҳририда)
3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг (кейинги ўринларда Бош прокурор деб юритилади) буйруқ ва кўрсатмаларига амал қилади.
4. Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияни аниқлаш ҳамда олдини олиш бўйича процессуал ҳаракатларнинг узвийлиги ва изчиллиги жиноят иши қўзғатишдан бошлаб уни судда кўриб чиққунга қадар, Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг жиноятларни тергов қилувчи ҳамда улар бўйича судда давлат айбловини қўллаб-қувватловчи барча даражадаги прокуратура органлари билан ўзаро узвий ҳамкорлиги ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш натижасида таъминланади.
5. Департамент тизимига қуйидагилар киради:
Департаментнинг марказий аппарати;
Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб юритилади);
Департаментнинг туман (шаҳар) бўлимлари.
6. Департамент қуйи турувчи раҳбарларнинг юқори турувчиларга ва Бош прокурорга бўйсунув ва ҳисобдорлик асосида фаолият кўрсатади.
7. Департамент ўз вазифа ва функцияларини амалга оширишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
8. Департаментнинг молиявий ва моддий-техника таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар хисобидан амалга оширилади.
Департаментда шакллантириш ва фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этилади.
9. Департамент юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган банк ҳисоб рақамларига эга бўлади.
2-боб. Департаментнинг асосий вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(10-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги ПФ-5690-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.03.2019 й., 06/19/5690/2772-сон)
бюджет тизими бюджетлари маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларида нархларни ошириб юбориш, давлат органлари ва ташкилотларда дебитор ҳамда кредитор қарздорликнинг асоссиз ортиши ҳолатларини аниқлаш, етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўриш;
ёқилғи-энергетика комплексида, ижтимоий, банк-молия, солиқ, транспорт ва қурилиш соҳаларида иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;
давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашиш, чет эл валютаси маблағларини ғайриҳуқуқий равишда чиқиб кетиши, олиб кириш ва олиб чиқиш, уларнинг ноқонуний муомаласи, «хуфёна иқтисодиёт» шаклланишининг турли схемалари ва каналларини аниқлаш;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини самарали ижро этилишини таъминлаш;
ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, шунингдек, сифатсиз ёхуд қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари муомалага чиқарилиши билан боғлиқ ғайриҳуқуқий ҳаракатларга қарши курашиш;
иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича чет давлатларининг ваколатли органлари, халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот айирбошлаш, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш;
иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни олдини олиш бўйича кенг тушунтириш ва профилактика ишларини амалга ошириш.
11. Департамент ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(11-банднинг 1-кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги ПФ-5690-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.03.2019 й., 06/19/5690/2772-сон)
2) бюджет тизими бюджетлари маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларида нархларни ошириб юбориш, давлат органлари ва ташкилотларда дебитор ҳамда кредитор қарздорликнинг асоссиз ортиши ҳолатларини аниқлаш, етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўриш соҳасида:
давлат ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчилар томонидан бюджет тизими бюджетлари маблағларини растрата қилиш, талон-торож қилиш, камомадлар, ноқонуний сарф қилиш, давлат харидларида нархларни ошириш, дебитор ва кредитор қарздорликларни асоссиз орттириш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича чоралар кўради;
давлат ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчилар фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш жараёнида мол-мулк хатловини, бажарилган ишларнинг назорат ўлчовларини ўтказади;
3) ёқилғи-энергетика комплексида, ижтимоий, банк-молия, солиқ, транспорт ва қурилиш соҳаларида иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш соҳасида:
а) ёқилғи-энергетика комплексининг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:
экспорт салоҳиятини ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш ва ички бозорни маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар билан тўлдириш, товарлар ва маҳсулотларни импорт қилиш, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш;
хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, ёқилғи-энергетика ва геология-қидирув тармоқларига чет эл инвестицияларини жалб этиш;
ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, муқобил энергия улуши кўпайишини таъминлаш;
ер қаърини геологик тадқиқ қилиш, ер қаъридан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш, қидирув ва разведка ишларини ўтказиш;
б) ижтимоий соҳанинг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:
тиббиёт муассасаларининг моддий-техник таъминлаш, ўз вақтида ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг давлат томонидан нархларни тартибга солишнинг белгиланган тартибига риоя этиши;
олий таълим муассасаларига кириш ва таълим олиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, таълим муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари ва жиҳозлар билан таъминлаш, спорт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларнинг, шу жумладан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашни ташкиллаштириш;
аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларни ўз вақтида тўлаш;
в) банк-молия ва солиқ соҳаларининг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:
банк-молия ва солиқ қонунчилигига риоя этиш, бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, бюджет қоидалари, шунингдек, бюджет ва смета-штат интизомига риоя этиш;
кредит ажратиш, бошқа молиявий хизматларни тақдим этиш, донор мамлакатлар, халқаро, чет эл ҳукумати ва ноҳукумати ташкилотлари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантлари, шунингдек, давлат кафолати остида жалб қилинадиган чет эл кредитларидан мақсадли фойдаланиш;
банк-молия муассасалари ва суғурта компанияларининг маҳаллийлаштириш дастурлари, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ривожлантиришда иштирок этиши;
г) қурилиш ва транспорт соҳаларининг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:
қурилиш учун ажратилган ерлардан оқилона фойдаланиш, геодезия ва картография фаолияти, давлат кадастрини юритиш, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашда техника шартлари ва регламентларига риоя этиш, уй-жой ва йўл қурилиш дастурлари ижроси;
маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш;
фуқароларга, биринчи навбатда, ёш оилаларга ва етим болаларга арзон уй-жойлар ажратилиши, намунавий лойиҳалар бўйича сифатли уй-жой қурилишини таъминлаш;
маҳаллий, республика ва халқаро аҳамиятга молик автомобиль, темирйўл йўллари, маҳаллий ва халқаро аэропортларни қуриш ва реконструкция қилиш;
транспорт соҳасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, автомобиль, темирйўл ва ҳаво транспортида юкларни ва йўловчиларни ташиш бўйича кўрсатилаётган хизматларнинг даража ва сифатини ошириш, халқаро логистика марказларини ташкил этиш;
4) давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашиш, чет эл валютаси маблағларини ғайриҳуқуқий равишда чиқиб кетиши, олиб кириш ва олиб чиқиш, уларнинг ноқонуний муомаласи, «хуфёна иқтисодиёт» шаклланишининг турли схемалари ва каналларини аниқлаш соҳасида:
давлат ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчилар томонидан давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашади;
валюта назоратини амалга оширувчи органлар билан биргаликда чет эл валютасида операцияларни амалга оширишдаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш, олдини олиш ва профилактика қилиш чораларини кўради;
чет эл валютаси маблағларининг ғайриҳуқуқий чиқиб кетиши, олиб кирилиши ва олиб чиқилиши, уларни ноқонуний муомалада бўлиш каналларини ўрганади ва аниқлайди;
«хуфёна иқтисодиёт» шаклланишининг ҳолатларини аниқлаш бўйича чоралар кўради, яширин ишлаб чиқариш, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш фаолиятига чек қўяди;
5) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини самарали ижро этилишини таъминлаш соҳасида:
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш аломатларини аниқлаш мақсадида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарларни тизимли мониторинги ва молиявий таҳлилини олиб боради;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ маълумотлар ва ахборотни алмашиш ҳамда юбориш бўйича ҳамкорлик тартибини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан биргаликда белгилайди;
(11-банднинг 5-кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июндаги ПФ-6252-сонли Фармонига асосан учинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.06.2021 й., 06/21/6252/0617-сон)
терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек, чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлардан расмий каналлар орқали олинган маълумотлар асосида террорчилик фаолиятида ёхуд оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш ва юритишни амалга оширади;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилиши устидан назоратни таъминлайди;
етарли асослар мавжуд бўлган ҳолларда иқтисодий жиноятларни содир этишда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда, терроризмни молиялаштиришда ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришда иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш чораларини кўради;
(11-банд 5-кичик бандининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июндаги ПФ-6252-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.06.2021 й., 06/21/6252/0617-сон)
иштирок этувчи вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш хавфларини баҳолашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўради;
жалб этилган вазирлик ва идораларнинг ишини мувофиқлаштиради, хавфларни (таваккалчиликларни) баҳолаш орқали жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимининг самарали ишлашига салбий таъсир кўрсатувчи муаммо ва камчиликларни тизимли таҳлил қилади, уларни камайтириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлардан келиб тушадиган шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарларни қабул қилади, қайта ишлайди ва маълумотлар базаларини шакллантиради;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш учун илғор дастурий маҳсулотларни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;
6) ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, шунингдек, сифатсиз ёхуд қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари муомалага чиқарилиши билан боғлиқ ғайриҳуқуқий ҳаракатларга қарши курашиш соҳасида:
ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларига (маҳаллий ишлаб чиқарилган ўсимлик ёғи ва ун, гўшт, шакар), шунингдек, пахта шроти ва шелухасига бўлган нарх-навони асоссиз ва сунъий оширишга, уларга бўлган танқислик ва ажиотаж талабнинг вужудга келтиришга қаратилган ғайриҳуқуқий ҳаракатларни аниқлаш ва олдини олиш чораларини кўради;
марказлаштирилган ресурслар ҳисобидан озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухасини харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда коррупцияга қарши курашади;
ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларига, шунингдек, пахта шроти ва шелухасини сотишда нарх-навони шакллантиришнинг белгиланган механизмларига риоя этилишини аниқланган қонун бузилишлари бўйича материалларни қонун ҳужжатларига мувофиқ чора кўриш учун ваколатли органларга йўналтирган ҳолда тизимли ўрганади;
назорат қилувчи органлар ходимлари ва бозор маъмурияти томонидан коррупция ҳолатлари, уларнинг бозорлар фаолиятини ташкил этишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини таъминламаслик, шу жумладан нарх-наволарни асоссиз ва сунъий ошириш, уларнинг ҳудудида ноқонуний фаолият юритаётган шахсларга нисбатан чоралар кўрмаслик ҳолатларини аниқлаш чораларини кўради;
сифатсиз ёхуд қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини муомаласини аниқлайди ва чек қўяди;
7) иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича чет давлатларининг ваколатли органлари, халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот айирбошлаш, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида:
халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки чет давлатларнинг ваколатли органлари, халқаро ташкилотлар билан ўзаро келишув принципи асосида иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик қилади ва ахборотлар айирбошлашни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида қабул қилинган мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди, халқаро ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда, Департамент фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини тайёрлаш ва тузишда таклифлар киритади ва унда иштирок этади;
8) иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:
иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;
амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияни содир этилишига имкон яратувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятига оид статистика ҳисоби ва ҳисоботларни юритади, уларнинг ҳаққонийлигини таъминлайди;
ишнинг самарали усулларини ишлаб чиқади ва амалиётга жорий қилади, ходимларнинг касбий кўникмаларини ошириш чораларини кўради;
Департамент фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилади ва ахборот хавфсизлигини таъминлайди;
Бош прокуратура раҳбариятига иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш натижалари ва муаммолари тўғрисида ахборот беради;
9) иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни олдини олиш бўйича кенг тушунтириш ва профилактика ишларини амалга ошириш соҳасида:
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, жамиятда иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича комплекс чораларни амалга оширади;
оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик қилади, уларни Департамент фаолияти натижалари тўғрисида хабардор қилади, ушбу мақсадларда семинар, брифинг, пресс-конференция, «давра суҳбатлари» ва бошқа тадбирларни ўтказади.
Департамент қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Департаментнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
12. Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзларига юклатилган вазифалар ва амалга оширадиган функцияларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат органлари ва ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролардан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, уларнинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналаридан Департаментга юклатилган мажбуриятларни бажариш учун зарур ахборот, маълумотлар, материаллар ва ҳужжатларни белгиланган тартибда сўраш ва бепул олиш. Департамент томонидан олинган ахборот фақат хизмат мақсадларида фойдаланилади ва ошкора қилиниши мумкин эмас;
фуқаролар ва мансабдор шахсларни Департаментнинг иш юритувидаги жиноят ишлари, терговга қадар текшириш материаллари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича чақириш, зарур ҳужжатлар, маълумотлар ва уларнинг нусхаларини бепул олиш;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигидан банк ҳисобварақлари ва ягона ғазна ҳисобварағи бўйича давлат пул маблағларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ маълумотларни сўраб олиш;
юклатилган вазифаларни бажаришда молия, солиқ, божхона ва бошқа давлат органлари ва ташкилотларнинг ходимларини амалий эксперт кўмаги кўрсатиш учун жалб этиш;
тезкор-қидирув фаолияти натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларини, донор мамлакатлар, халқаро, чет эл ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитларини сарфлаш масалалари бўйича давлат ташкилотлари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналарда, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик юритувчи субъектларда белгиланган тартибда текширувларни ўтказиш ташаббуси билан чиқиш;
хўжалик юритувчи субъектларида текшириш ва тафтиш қилиш жараёнида мол-мулкни хатловдан ўтказиш, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларнинг назорат ўлчовларини амалга ошириш;
давлат ташкилотлари, мақсадли жамғармалар ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналардан, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик юритувчи субъектлардан бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларни тақсимлашда суиистеъмолликлар ва коррупция ҳолатларини ўрганиш учун зарур бўлган маълумотлар ва тушунтиришларни талаб қилиб олиш;
етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда иқтисодий жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш чораларини амалга ошириш учун пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш тўғрисида кўрсатма бериш;
солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб ва ҳисоботларнинг бузилиши ёхуд уларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларга алоқадорлиги аниқланган ҳолларда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг телекоммуникация воситалари ва компьютер маълумотлар базаларига кириш, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг ҳужжатлари билан танишиш;
жиноий фаолиятдан олинган даромадлар легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши масаласи бўйича текширув тадбирларини амалга ошириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари билан ҳамкорликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга алоқадор бўлиши мумкин бўлган тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан қисқа муддатли текширувлар ўтказиш;
текшириш, тадқиқот ва экспертиза ўтказиш учун товарлар, буюмлар, хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар намуналарини, шунингдек ҳужжатларни олиб қўйиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ валюта назорати органларига берилган функцияларни бажариш;
мулкчилик шаклидан қатъи назар юридик шахслардан ва фуқаролардан ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухаси нархларининг асоссиз ва сунъий оширилиши, нарх-навони манипуляция қилиш, уларга сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, уларни харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда суиистеъмолликлар ва коррупция ҳолатларини ўрганиш учун зарур бўлган маълумотлар ва тушунтиришларни талаб қилиб олиш;
ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухасига бўлган нархларни асоссиз ва сунъий ошириш, уларни харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда суиистеъмол қилинишлар ва коррупция ҳолатларини аниқлаш бўйича молиявий-хўжалик фаолиятни текшириш ҳисобланмайдиган тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича вазирлик ва идораларнинг вакилларини эксперт сифатида, шунингдек халқаро ташкилотлар томонидан ўтказиладиган ялпи мажлислар ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун Ўзбекистон Республикаси делегациясини шакллантиришда жалб қилиш;
Департамент ваколатига киритилган ишлар бўйича жиноят ишларини қўзғатиш, терговга қадар текшириш ва суриштирув олиб бориш, шунингдек тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;
Департаментнинг ҳудудий бошқармаларида терговга кадар текширув ва суриштирув олиб борилишини, шунингдек тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилишини назорат қилиш;
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чораларини қўллаш;
вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга аниқланган қонун бузилишлари бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
(12-банднинг йигирма биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармони таҳририда)
иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш масалалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот алмашиш;
давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларга риоя қилиш шарти билан тегишли экспертизалар ўтказиш, ўқув дастурлари, методик ҳужжатлар, дастурий ва ахборот таъминотини ишлаб чиқиш, молиявий мониторинг соҳасида ахборот тизимларини яратиш учун илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларни, алоҳида мутахассисларни, шу жумладан, шартнома асосида ишга жалб қилиш;
миллий ва хорижий валютадаги бюджетдан ташқари бўш маблағларини, шу жумладан, Департамент депозит ҳисоб рақамларида мавжуд маблағларни Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозит рақамларига жойлаштириш.
Департамент қонун ҳужжатларига асосан бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида маълумотларни қабул қилиш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, текшириш ва сақлаш, шунингдек пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисида кўрсатма бериш Департаментда фақат Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармаси томонидан амалга оширилади.
Департаментнинг ҳудудий бўлинмалари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан операциялар бўйича хабарларни олиш, кўрсатма ва сўровларни юборишга ҳақли эмас.
Департамент томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижалари, хусусан, таҳлилий материаллар, текширув харидлари ёки назорат харидлари натижалари бўйича олинган товар ёки касса чеклари, шунингдек, қонун бузилишини тасдиқловчи чекларни бермаслик ҳолатлари, кейинчалик қонунбузарликнинг кенг миқёсини, нархларни асоссиз ва сунъий ошириш усуллари ва механизмларини аниқлаш мақсадида, зарур ҳолларда, ваколатли органнинг махсус рухсати талаб этилмаган ҳолда молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун асос ҳисобланади.
Департамент ходимлари давлат, хизмат, тижорат сирини, жисмоний шахсларнинг омонатлари тўғрисидаги маълумотлар сирини ва улар ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олган бошқа ахборотни сир сақлашлари шарт. Сир ошкор қилинган тақдирда ходим қонунда белгиланган тартибда жавоб беради.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 46-моддаcи, Жиноят кодексининг 191-моддаcи.
Департамент ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ суриштирув органи бошлиғи ҳуқуқларига эга бўлади.
14. Бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг Департамент юклатилган функция ва вазифаларни ижро этиш бўйича фаолияти устидан ва прокурор ваколатига кирувчи бошқа масалалар юзасидан назоратни таъминлайди.
15. Департамент ходимлари ўзларининг функционал вазифаларини бажармаганликлари ёки лозим даражада бажармаганликлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
16. Ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисидаги Низомга мувофиқ тартибга солинади.
31-боб. Департамент ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш
161. Департамент ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига фақат қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда эга.
Департамент ходими махсус тайёргарликдан, шунингдек, жисмоний куч ишлатилиши ва махсус воситалар қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини текшириш учун даврий текширувдан ўтиши шарт. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тегишли сертификат берилади.
Жисмоний куч ишлатилиши ва махсус воситалар қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини аниқлаш бўйича текширувдан ўта олмаган Департамент ходимининг жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситалар қўллаш билан боғлиқ тезкор тадбирларда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Жисмоний куч ишлатилиши ва махсус воситалар қўлланилишидан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан ушбу огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва Департамент ходимининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ҳамда бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.
Жисмоний куч ишлатилиши ва махсус воситалар қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда Департамент ходими ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.
Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши, шунингдек, имкон қадар қисқа вақт ичида тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши, уларнинг қариндошлари эса йигирма тўрт соат ичида бу ҳақда хабардор қилиниши керак.
Жисмоний куч ишлатилган ва махсус воситалар қўлланилган ҳар бир ҳолат тўғрисида Департамент ходими бевосита бошлиғига дарҳол ахборот бериши шарт.
Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида Департамент ходими тегишли прокурорга дарҳол хабар беради.
Департамент ходимининг жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш чоғида ўз ваколатлари доирасидан чиққанлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаcи.
Агар жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилган бўлса, Департамент ходими жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.
Агар Департамент ходими томонидан жисмоний куч ишлатилганлиги ёки махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида фуқарога тан жароҳати етказилса ёхуд у ҳалок бўлса, Департамент ходими ҳодиса жойини ўзгаришсиз сақлашга қаратилган чораларни кўриши шарт.
162. Агар куч ишлатилмайдиган усуллар Департамент ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:
жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;
жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни Департамент органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;
Департамент ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.
Департамент ходими ушбу Низомда махсус воситалар қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.
Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд Департамент ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.
163. Департамент ходими қуйидаги ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:
фуқарога ёки Департамент ходимига қилинган ҳужумни қайтариш учун;
жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка чек қўйишда;
Департамент ходимига қаршилик кўрсатилишига чек қўйишда;
жиноятни содир этиш чоғида ёки уни содир этганидан кейин дарҳол кўриб қолинган, яширинишга уринаётган шахсни ушлашда;
жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни Департамент органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб боришда;
жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ёхуд содир этган шахсларни аниқлашда.
Департамент ходими қуйидаги махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:
қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари — ушбу банднинг учинчи — олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
электрошок қурилмалари — ушбу банднинг иккинчи — бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
махсус бўёвчи ва маркировка қилувчи воситалар — ушбу банднинг еттинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда.
Махсус воситаларнинг қўлланилиши учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирмаслиги ва мол-мулкига зарар етказмаслиги керак.
Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан махсус воситаларни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ва (ёки) фуқароларнинг ёхуд Департамент ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.
Департамент органлари таъминотида бўладиган махсус воситаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
(31-боб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июндаги ПФ-6252-сонли Фармонига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.06.2021 й., 06/21/6252/0617-сон)
4-боб. Департамент фаолиятини ташкил этиш
17. Департаментга Бош прокурор тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.
18. Департамент бошлиғи:
Департамент бошлиғининг тақдимномасига асосан Бош прокурор томонидан тайинланадиган уч нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга;
мавқеи, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатилиши бўйича Бош прокурор ўринбосарига тенглаштирилган;
ўз фаолиятида Бош прокурорга бўйсунади ва ҳисобот беради.
19. Юклатилган вазифаларни бажариш учун Департамент бошлиғи:
а) Департамент фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
б) Департамент ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;
в) Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ва бўлим бошлиқлари ҳисоботларини эшитади;
г) Бош прокурорга қуйидагиларни киритади (тақдим этади):
Департамент ваколатларига оид масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари;
Департамент, унинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари ташкилий-штат тузилмаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида таклифлар;
мазкур Низомнинг 18-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тўғрисида тақдимнома;
Департамент ходимларига даражали унвонларни бериш ҳақида тақдимномалар;
Департамент ходимларини рағбатлантириш, давлат мукофотларига тақдим этиш ҳақида таклифлар;
Департамент фаолияти тўғрисида ҳисобот;
д) Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари штат жадвалини, Департаментнинг марказий аппарати бошқармалари ва бўлимлари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;
е) ўз ваколатлари доирасида Департаментнинг фаолиятини ташкил этиш масалаларига оид, ижроси барча ходимлар учун мажбурий бўлган буйруқлар, кўрсатмалар ва фармойишлар чиқаради;
ж) ажратилган маблағлар доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Департамент ходимларига устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантиришларни тўлаш тартиби ва шартларни белгилайди;
з) Департаментга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
и) Департамент кучларини ва маблағларини самарали тақсимлашни ташкил қилади, шу жумладан айрим вазифаларни бажарувчи ходимларни Департаментга юклатилган бошқа ишларга жалб қилади;
к) Департамент фаолиятига оид масалалар юзасидан тезкор йиғилишлар ўтказади;
л) чет эл давлатлари ваколатли органлари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувлар ва бошқа шартномалар тузади;
м) қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
20. Департамент бошлиғи йўқлигида ваколатларини унинг ўринбосарларидан бири Бош прокурор буйруғига кўра амалга оширади.
21. Қуйидагилар:
Департамент марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига асосан Бош прокурор томонидан;
Департамент марказий аппарати таркибий бўлинмалари бошлиқлари ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ўринбосарлари Бош прокурор билан келишилган ҳолда Департамент бошлиғи томонидан;
Департамент марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларининг бошқа ходимлари Департамент бошлиғи томонидан;
Департамент туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ўринбосарлари Департамент бошлиғи билан келишилган ҳолда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан;
Департамент ҳудудий бўлинмаларининг бошқа ходимлари Департамент ҳудудий бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
211. Департамент марказий аппаратининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи бир вақтнинг ўзида Департамент бошлиғининг матбуот котиби ҳисобланади.
(211-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июндаги ПФ-6252-сонли Фармонига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.06.2021 й., 06/21/6252/0617-сон)
22. Департамент ходимларини моддий рағбатлантириш Бош прокурор томонидан белгиланган тартибда, ажратилган бюджет маблағлари, Департаментнинг махсус бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
5-боб. Якуний қоидалар
23. Департаментнинг кўрсатмалари, тақдимномалари ва бошқа ҳужжатларини бажармаслик, шунингдек Департамент фаолиятига аралашиш ва унинг ходимларига, юклатилган вазифа ва ваколатларни бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ҳамда қонунда белгиланган жавобгарликка олиб келади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг XVI боби, Жиноят кодексининг XVI боби.
24. Департаментни тугатиш ва қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида (кейинги ўринларда — Департамент) хизматга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тартибини, мартаба даражаларини бериш ва ундан маҳрум этиш, Департамент ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, ушбу Низом, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори (кейинги ўринларда — Бош прокурор) ва Департамент бошлиғининг буйруқлари Департаментда хизматни ўташнинг ҳуқуқий асослари ҳисобланади.
Ушбу Низом Департаментнинг мартаба даражаларига эга бўлган барча ходимларига (кейинги ўринларда — ходимлар), шунингдек, синов муддатидан ўтган шахсларга нисбатан амал қилади.
Департаментдаги хизмат фаолияти қонунийлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ва уларга риоя қилиш, ошкоралик, назоратда бўлиш ва ҳисобдорлик тамойилларига мувофиқ амалга оширилади.
2. Департаментдаги хизматнинг ички тартиб-қоидалари Департамент бошлиғи томонидан тасдиқланади.
3. Ходимлар Бош прокурор томонидан белгиланадиган тартибда прокуратура органлари ўқув муассасалари ва бошқа олий ўқув юртларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтади.
2-боб. Департаментда хизматга қабул қилиш ва хизматни ўташ
4. Департаментга юриспруденция, молия, иқтисодиёт, ахборот технологиялари соҳасида олий маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида 5 йил иш тажрибасига ҳамда зарур касбий ва маънавий фазилатларга эга бўлган, соғлиғининг ҳолатига кўра хизмат вазифаларини бажаришга қодир бўлган мутахассислар хизматга қабул қилинади.
Департаментга хизматга қабул қилишда номзодларнинг ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиш мақсадида текширув, шунингдек, махсус комиссия томонидан албатта уларнинг билим даражаси, зарур касбий кўникмалар ва иш қобилиятининг мавжудлигини аниқлашга қаратилган суҳбат ўтказилади.
Алоҳида ҳолларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи ва бошқа органларнинг юқори малакали мутахассислари мажбурий суҳбат ва синов муддатини ўтамасдан Департаментга хизматга қабул қилиниши мумкин.
Департаментга хизматга қабул қилишда соғлиғининг ҳолатига кўра зиммасига юклатилган хизмат вазифаларини бажаришга лаёқатли эканини аниқлаш мақсадида номзодлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтадилар.
5. Департаментга биринчи марта хизматга қабул қилинадиган шахсларга уч ойгача бўлган синов муддати белгиланади.
Синов муддати вақти муайян давр ишлаганлик учун устамалар тўлаш ва пенсия тайинлаш ҳуқуқини берувчи Департаментдаги иш стажига қўшилади.
Синов муддатини ўтаган шахслар Департаментдан хизматдан четлатилиши мумкин:
агар уларнинг талабларга мос келмаслиги аниқланса, Департамент бўлинмалари раҳбариятининг ташаббуси билан;
хизматга қабул қилинган шахснинг ташаббуси билан (ўз хоҳишига кўра, оилавий шароити ва бошқа узрли сабабларга кўра).
6. Ходимларни хизматга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш Бош прокурор, Департамент бошлиғи ёки Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқларининг (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) ваколати доирасидаги буйруқлари билан расмийлаштирилади.
Департамент Марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига мувофиқ Бош прокурор томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Департамент Марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари Бош прокурор билан келишилган ҳолда Департамент бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Департамент Марказий аппаратининг бошқа ходимлари, ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) бўлимларининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари Департамент бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Ҳудудий бошқармалар бўлим бошлиқларининг ўринбосарлари ва туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқларининг ўринбосарлари Департамент бошлиғи билан келишилган ҳолда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Ҳудудий бошқармаларнинг бошқа ходимлари ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Хизматга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ ходимга имзо қўйдириб эълон қилинади.
7. Агар шахс:
Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланмаса;
суднинг қарори билан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса;
судланган бўлса;
ножўя хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суд ёки бошқа давлат органларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан бўшатилган бўлса Департаментга хизматга қабул қилиниши мумкин эмас.
Департаментга хизматга киришда ходимлар ўз ваколатлари даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб турадилар.
8. Департамент органларида ўзаро яқин қариндошликда бўлган ходимларининг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари), агар улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, биргаликда хизмат қилишлари тақиқланади.
9. Ходимлар ҳақ тўланадиган бошқа фаолият турлари билан шуғуллана олмайди. Улар фақат асосий ишдан бўш вақтларида илмий, педагогик ва ижодий фаолият билан шуғулланишлари мумкин.
10. Ходимлар лавозимлари рўйхати Департамент бошлиғи томонидан тасдиқланадиган штат жадвали билан белгиланади.
Департамент фаолиятининг ички тизимли ташкил этилиши Бош прокурор томонидан тасдиқланадиган Департамент Регламенти ҳамда ҳудудий бошқармаларнинг Намунавий регламенти билан белгиланади.
11. Департаментга биринчи марта хизматга қабул қилинган ходим қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:
«Ўз хизмат вазифаларимни ҳалол ва виждонан бажаришга, қонун бузилишларига қарши муросасиз курашишга, фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга тантанали равишда қасамёд қиламан».
Қасамёд қабул қилиш тартиби Бош прокурор томонидан белгиланади.
Қасамёд матни ёзилган варақ ходимнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдида сақланади.
12. Ходимлар Департаментда хизматни ўташ даврида Бош прокурор томонидан тасдиқланадиган прокуратура органлари ходимининг касб одобномасига риоя қилишлари шарт.
Прокуратура органлари ходимининг касб одобномаси талабларини бузиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради. Қайд этилган қоидалар бузилишининг ҳар бир ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312-моддаcи.
Хизмат текшируви ўтказилиши даврида ходим вақтинчалик, лекин бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиниши мумкин.
Хизмат текшируви ўтказиш ва ходимни вақтинчалик хизмат вазифаларини бажаришдан четлатиш тартиби Бош прокурор томонидан белгиланади.
13. Ходимларнинг хизмат поғоналарида юқорилаб бориши уларнинг ишчанлик ва шахсий сифатлари, топширилган соҳада эришган натижалари ва профессионал тайёргарлигига мувофиқ равишда амалга оширилади. Бунда ходимнинг юқори лавозимга тайинланишга розилиги талаб қилинмайди.
14. Порахўрлик ва бошқа суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик, ходимнинг шахсий ва ишчанлик фазилатларини, унинг фаолияти самарадорлигини мунтазам ўрганиш, шунингдек, Департамент органлари фаолиятининг турли йўналишларида малака ва иш тажрибасига эга бўлган кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ходимларнинг лавозимларини ўзгартириш (ротация) ўтказилади.
Ходимлар ротацияси, қоида тариқасида, эгаллаб турган лавозимида уч йил ишлаганидан кейин амалга оширилади.
Ходимларни ротация қилиш тартиби Бош прокурор томонидан белгиланади.
15. Ходимларга Бош прокурор томонидан белгиланган шакл бўйича ва тартибда хизмат гувоҳномалари берилади.
Гувоҳнома лавозимга тайинлаш тўғрисидаги тегишли буйруқ чиқарилгандан кейин прокуратура органи ёки Департамент раҳбарининг ёки уларнинг ўринбосарлари имзоси қўйилган ҳолда берилади.
Департамент бошлиғига хизмат гувоҳномаси ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан берилади.
Ходим гувоҳномадан эгаллаб турган лавозимда хизматни ўташнинг бутун муддати мобайнида хизмат мақсадларида фойдаланади. Лавозим ёки мартаба даражалари ўзгарган тақдирда ходимга янги гувоҳнома берилади.
Гувоҳноманинг ходим айби билан йўқотилиши лавозимдаги ножўя хатти-ҳаракат ҳисобланади ва интизомий жавобгарлик қўлланилишига олиб келиши мумкин. Гувоҳнома йўқотилишининг ҳар бир ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказилади.
16. Ходимнинг эгаллаб турган лавозимига хизмат бўйича мувофиқлигини аниқлаш мақсадида Бош прокурорнинг буйруғи билан белгиланган тартибда ва муддатларда аттестация ўтказилади.
Аттестация ўтказишда аттестациядан ўтказилаётган ходимнинг касбига муносиблиги ва эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги, шунингдек, унинг бундан буён хизмат қилишига ва мартаба даражалари беришга доир таклифлар кўриб чиқилади.
Лавозимига Бош прокурорнинг буйруқлари билан тайинланадиган ходимлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси аттестация комиссияси томонидан (кейинги ўринларда — Бош прокуратура), Департамент бошлиғининг ва ҳудудий бошқармалар бошлиқларининг буйруқлари билан лавозимга тайинланадиган ходимлар эса — тегишлича Департаментнинг ва ҳудудий бошқармаларнинг аттестация комиссияси томонидан аттестациядан ўтказилади.
3-боб. Мартаба даражаларини бериш ва улардан маҳрум қилиш
17. Мартаба даражаларини бериш ходимнинг ишчанлик ва шахсий фазилатларини ҳисобга олган ҳолда ва эгаллаб турган лавозими ва иш стажига мувофиқ изчил тартибда амалга оширилади.
18. Ходимларга қуйидаги мартаба даражалари берилади:
кичик мартаба даражалари:
3-даражали юрист;
2-даражали юрист;
1-даражали юрист;
юқори мартаба даражалари:
адлия кичик маслаҳатчиси;
адлия маслаҳатчиси;
адлия катта маслаҳатчиси;
олий мартаба даражалари:
3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси;
2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси.
19. Ходимларга эгаллаб турган лавозимига мувофиқ қуйидаги мартаба даражалари берилади:
2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси — Департамент бошлиғига;
3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси — Департамент бошлиғининг биринчи ўринбосари ва Департамент бошлиғининг ўринбосарларига;
адлия катта маслаҳатчиси — Департаментнинг марказий аппарати бошқарма бошлиқлари, бошқарма бошлиқларининг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, махсус бўлим катта инспектори, катта криминалисти, Департаментнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларига;
(19-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 январдаги ПФ-1-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.01.2024 й., 06/24/1/0001-сон)
адлия маслаҳатчиси — бўлим бошлиқларининг ўринбосарлари, бош инспекторлар, бош аудиторлар, Департамент марказий аппарати бош суриштирувчилари, Департамент бошлиғининг ёрдамчиси, ҳудудий бошқармалар бошлиқларининг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, ички хавфсизликни таъминлаш бўйича катта инспектор, кадрлар бўйича катта инспектор, махсус бўлим катта инспектори, тезкор-қидирув фаолиятини ҳисобга олиш сектори катта инспектори, жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектор, катта криминалист, мурожаатлар билан ишлаш бўйича катта инспектори, ҳудудий бошқармалар ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича катта инспектори, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқларига;
адлия кичик маслаҳатчиси — катта инспекторлар, инспекторлар, катта суриштирувчилар, катта тафтишчилар, Департамент марказий аппарати криминалистлари, бўлинмалар бошлиқлари ва бўлим бошлиқлари ўринбосарлари, бош суриштирувчилар, ҳудудий бошқармалар бош тафтишчилари, туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари ўринбосарларига;
1-даражали юрист — катта инспекторлар, инспекторлар, катта суриштирувчилар, суриштирувчилар, катта тафтишчилар, ҳудудий бошқармалар тафтишчилари ва криминалистлари, катта суриштирувчилар ва туман (шаҳар) бўлимларининг катта инспекторларига;
2-даражали юрист — туман (шаҳар) бўлимларининг инспекторлар ва суриштирувчиларига;
3-даражали юрист — биринчи марта аттестациядан ўтган ва лавозимга тайинланган ходимларга.
Ушбу Низомнинг 66-бандида санаб ўтилган ходимларга мартаба даражалари улар эгаллаб турган лавозимдан қатъи назар, белгиланган муддатларда берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида бошқарув ходимлари сифатида ишлаган даври мартаба даражаларини олиш учун зарур бўлган иш стажига киритилади.
Прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ходимларига мартаба даражалари Бош прокурор томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмаси раҳбарининг тавсияномасига асосан берилади.
20. Ходимларга ҳар бир мартаба даражасида бўлишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:
3-даражали юрист — 2 йил;
2-даражали юрист — 2 йил 6 ой;
1-даражали юрист — 3 йил;
адлия кичик маслаҳатчиси — 3 йил;
адлия маслаҳатчиси — 3 йил 6 ой;
Ходимларнинг 2-, 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси ва адлия катта маслаҳатчиси мартаба даражаларида бўлиш муддатлари белгиланмайди.
21. 2- ва 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси мартаба даражалари Бош прокурорнинг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.
Бошқа мартаба даражалари Департамент бошлиғининг тақдимномасига кўра Бош прокурор томонидан берилади.
Департамент органларига биринчи марта хизматга қабул қилинган ва мартаба даражаларига эга бўлмаган ходимларга 3-даражали юрист мартаба даражаси, улар аттестациядан ўтгандан сўнг берилади.
22. Навбатдаги адлия катта маслаҳатчиси мартаба даражаси, қоидага кўра, прокуратура органлари ва бошқа давлат органларининг таълим муассасаларида раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш дастурини муваффақиятли тугатган ходимларга берилади.
Aдлия катта маслаҳатчиси мартаба даражаси, истисно тариқасида, фидокорона меҳнати ва намуна кўрсатган ходимларга алоҳида хизматлари учун ҳам берилиши мумкин.
23. Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ва ўзга ташкилотлардан Департаментга ишга ўтган ходимларга мартаба даражалари уларнинг Департаментда тайинланган лавозими, олдинги унвони ёки иш тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда берилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Уларга навбатдаги мартаба даражаси ушбу Низомда назарда тутилган тартибда берилади.
24. Бош прокурор, истисно тариқасида, қуйидаги ҳуқуқларга эга:
алоҳида ҳолларда ходимларга хизмат мажбуриятларини намунали бажарганлиги учун навбатдаги мартаба даражаларини белгиланган муддат тугамасдан аввал бериш;
юқорироқ лавозимга тайинлаганда мартаба даражасини кетма-кетликка риоя қилмасдан навбатдан ташқари, лекин ходим эгаллаб турган мартаба даражасидан кўпи билан икки поғона юқори даражани бериш;
аттестациядан ўтиши талаб этилмайдиган ходимларга ишда ўрнак кўрсатганлиги учун мартаба даражаларини бериш.
25. Мартаба даражалари берилган ходимлари мазкур даражага умрбод эга бўлиб қоладилар. Ходим шаънига путур етадиган ножўя ҳатти-ҳаракатлари учун Департаментдан бўшатилганда мартаба даражасидан маҳрум этилиши мумкин. Ходим томонидан хизмат бурчини қўпол равишда бузилганда ёки нолойиқ хулқ-атвори учун унинг мартаба даражаси пасайтирилиши мумкин.
26. Ходимларни олий мартаба даражаларидан маҳрум этиш ёки уларнинг олий мартаба даражаларини пасайтириш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, бошқа мартаба даражалари Бош прокурор томонидан амалга оширилади.
Ходимларни мартаба даражаларидан маҳрум этиш суднинг ҳукми билан ҳам амалга оширилиши мумкин.
27. Мартаба даражаларига эга бўлган ходимларнинг лавозим маошларига ҳар ойлик қўшимча тўловлар тўланади.
28. Мартаба даражасига эга бўлган ходимлар хизмат мажбуриятларини бажаришда прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган фарқловчи белгилари бўлган формали кийим-бош киядилар.
Мартаба даражаларига эга бўлган ходимлар бепул формали кийим-бош билан таъминланади.
Формали кийим-бош билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ходимларнинг формали кийим-бошни кийиб юриш тартиби Бош прокурор томонидан белгиланади.
Мартаба даражаларига эга бўлиб, пенсияга чиқиши муносабати билан хизматдан бўшаган, шунингдек, прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимлар ўтказиладиган тантаналар ва расмий тадбирларда фарқловчи белгилари бўлган формали кийим-бошни кийиб юриш ҳуқуқини сақлаб қолади.
4-боб. Рағбатлантириш
29. Ходимлар хизматдаги ташаббускорликлари ва тезкорлиги, хизмат мажбуриятларини виждонан ва намунали бажарганликлари учун рағбатлантириладилар.
30. Рағбатлантиришнинг қуйидаги турлари мавжуд:
ташаккурнома;
пул мукофоти;
илгари берилган интизомий жазони амал қилиш муддати тугашидан аввал олиб ташлаш;
фахрий ёрлиқ;
совға;
қимматбаҳо совға;
навбатдан ташқари мартаба даражаси ёки навбатдаги мартаба даражасини белгиланган муддат тугагунга қадар ёхуд эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар бериш;
I, II, III даражали «Aʼlo xizmatlari uchun» кўкрак нишони билан тақдирлаш;
«Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг Фахрий ходими» кўкрак нишони билан тақдирлаш.
Ходимлар қуйидагилар билан ҳам мукофотланиши мумкин:
Бош прокурорнинг ҳамда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фахрий ёрлиғи билан;
тегишлича Бош прокурор, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан прокуратура органлари ходимлари учун назарда тутилган рағбатлантириш турлари билан.
Ходимлар алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.
Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди.
Департамент бошлиғи буйруқ билан Молия вазирлиги биргаликда тасдиқланган алоҳида Низомга мувофиқ оддий ходимдан бошлаб Департамент бошлиғи ўринбосаригача ходимларнинг лавозим маошларига бир йиллик лавозим маоши миқдорида рағбатлантириш шаклида мукофотлаш устамаларини белгилаш ҳуқуқига эга.
Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини рағбатлантириш Департамент ўз функцияларини бажариши натижасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилган маблағлар миқдоридан келиб чиқиб амалга оширилади. Агар Департамент томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилган маблағлар Департаментнинг иш ҳақи фонди миқдоридан ортиқ бўлмаса ва унинг ходимларининг иш ҳақини қопламаса ходимларга мукофотлаш устамалари тўланмайди.
31. Интизомий жазо олган ходимлар фақат олдин берилган интизомий жазони олиб ташлаш шаклида рағбатлантирилиши мумкин.
32. Рағбатлантириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
ташаккурнома эълон қилиш, пул мукофоти ёки совға билан рағбатлантириш, муқаддам берилган интизомий жазони амал қилиш муддати тугагунга қадар олиб ташлаш Бош прокурор, Департамент бошлиғи ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан амалга оширилади;
қимматбаҳо совға, Бош прокурорнинг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш, навбатдан ташқари мартаба даражаси ёки навбатдаги мартаба даражасини белгиланган муддатдан олдин, ёхуд эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар бериш, «Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг Фахрий ходими», I, II, III даражали «Aʼlo xizmatlari uchun» кўкрак нишонлари билан тақдирлаш, шунингдек, Бош прокурор ҳамда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш, Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тақдим этиш Бош прокурор томонидан амалга оширилади.
33. Рағбатлантириш тўғрисида буйруқ чиқарилади ва бу тўғрисида рағбатлантирилаётган ходимга эълон қилинади, зарур ҳолларда эса Департаментнинг барча ходимлари эътиборига етказилади. Рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ нусхаси ходимнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдига тикиб қўйилади.
34. Департамент бошлиғи истисно тариқасида бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ходимларини рағбатлантириш ҳуқуқига эга.
5-боб. Интизомий жазолар
35. Ходимларга нисбатан интизомий жазолар ўз хизмат мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёки Департамент ходими деган номга доғ туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун қўлланилади.
36. Қуйидагилар интизомий жазолар ҳисобланади:
ҳайфсан;
ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдордаги жарима;
лавозимида пасайтириш;
мартаба даражасини бир поғонага пасайтириш;
хизмат мажбуриятларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги учун хизматдан бўшатиш.
Қуйидагилар хизмат вазифасини бир марта қўпол равишда бузиш ҳисобланади:
узрли сабабларсиз прогул (шу жумладан иш куни мобайнида уч соатдан ортиқ хизматда бўлмаслик);
хизматга маст ҳолда келиш, шунингдек иш жойида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш;
жиноий жазоланадиган қилмиш ёки ножўя хатти-ҳаракат содир этиш;
қасамёдни бузиш.
37. Бош прокурор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган мартаба даражаларида пасайтиришдан ташқари интизомий жазонинг барча турларини қўллашга ҳақлидир.
Департамент бошлиғи ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ўз бўйсинувидаги ходимларга нисбатан ҳайфсан ва жарима шаклидаги интизомий жазоларни қўллашлари мумкин. Бундан ташқари, улар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда келишиш қоидаларига риоя қилган ҳолда хизматга қабул қилиш ҳуқуқи ўз ваколатларига кирувчи ходимларнинг лавозимини пасайтириши ёхуд ишдан бўшатиши мумкин.
38. Интизомий жазо қўллаш масаласини ҳал этаётган раҳбар содир этилган хатти-ҳаракатни шахсан ўзи ўрганиб чиқиши шарт. Зарур ҳолларда хизмат текшируви тайинланиши мумкин.
Интизомий жазо қўллангунга қадар ходимдан тушунтириш хати талаб қилиб олиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг содир этган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.
Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.
Интизомий жазо бевосита аниқланган ножўя хатти-ҳаракат учун, бироқ қилмиш аниқланган кундан бошлаб бир ойдан кечикмай қўлланилади, бу муддатга ходимнинг касал ёки меҳнат таътилида бўлган вақти кирмайди.
Интизомий жазо қилмиш содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтгач, хизмат текшируви натижалари бўйича эса — у содир этилган кундан бошлаб икки йилдан кейин қўлланиши мумкин эмас. Кўрсатиб ўтилган муддатларга жиноят иши бўйича иш юритиш вақти кирмайди.
Интизомий жазо буйруқ билан берилади ва у ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади ҳамда унинг шахсий йиғма жилдига қўшиб қўйилади. Ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ Департаментнинг тегишли бўлинмаси ходимларига, зарур ҳолларда эса барча ходимларга ҳам эълон қилиниши мумкин.
Бош прокурор томонидан лавозимга тайинланган ходим интизомий жавобгарликка тортилган ҳолларда, интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ нусхаси Бош прокуратурага юборилади.
39. Бош прокурор, шунингдек, ўз ваколатлари доирасида Департамент бошлиғи, буйруқда ўз қарорини асослаган ҳолда, интизомий жазони бекор қилиш, уни кучайтириш ёки енгиллаштириш ҳуқуқига эга. Агар интизомий жазо чораси сифатида асоссиз ишдан бўшатиш қўлланган бўлса, у ҳолда Бош прокурор ёки Департамент бошлиғи ишдан бўшатишни асоссиз деб топиб, ходимни илгариги лавозимига тиклаш ва унга мажбурий прогул вақти учун, бироқ кўпи билан бир йилдан ортиқ бўлмаган даврга ўртача иш ҳақини тўлаш тўғрисида буйруқ чиқарадилар.
40. Ходим интизомий жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йил мобайнида қайта интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади. Қўлланилган интизомий жазо агар ходим ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажариб, хизматда ўрнак кўрсатса, бу ҳақдаги буйруқ қабул қилинган кундан камида олти ой ўтгач, ушбу жазони қўллаган мансабдор шахс, Департамент бошлиғи ёки Бош прокурор томонидан олиб ташланиши мумкин.
41. Интизомий жазо мавжудлиги ходимнинг лавозим бўйича юқори кўтарилишига ёки унга мартаба даражаси берилишига, шунингдек, раҳбарлик лавозимлари учун захирага киритилишига (бўлишига) тўсқинлик қилувчи ҳолат ҳисобланади.
42. Интизомий жазолар қўллашда ўзларига берилган ваколатларни ошириб юборган ёки уларни зарур даражада қўлламаган Департамент бошлиғи, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари Бош прокурор олдида жавоб берадилар.
43. Ходимга нисбатан қўлланган интизомий жазо юзасидан интизомий жазо қўлланганлиги тўғрисидаги буйруқ ходимга эълон қилингандан кейин икки ҳафта муддатда Бош прокурорга ёки Департамент бошлиғига шикоят қилиниши мумкин.
Шикоят у тушган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда, қўшимча текширув ўтказиш зарур бўлган ҳолларда эса — у тушган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Шикоят билан мурожаат қилиш интизомий жазо ижросини тўхтатмайди.
44. Ходимлар давлат ҳимоясида бўлади.
Хизмат вазифасини бажариш вақтида ходимни ушлаб туришга, шахсий тинтув ўтказишга, унинг нарсаларини ва фойдаланаётган транспортини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ходимларга, шунингдек, Департаментда хизмат мажбуриятларини бажариш жараёнида содир этган қилмишлари учун хизматдан бўшатилган ходимларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳамда Департамент органлари ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик масаласи Бош прокурор, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан ваколатлари доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Жиноят кодекси.
6-боб. Департаментнинг кадрлар захираси
45. Департаментнинг кадрлар захираси шакллантирилади.
Кадрлар захирасини шакллантиришдан асосий мақсад Департамент органларига зарур касбий фазилатларга эга бўлган шахсларнинг хизматга қабул қилиниши, раҳбарлик лавозимларига юклатилган вазифаларни профессионал ва самарали амалга ошириш учун бошқарувчилик қобилиятига эга ходимлар тақдим этилишини таъминлаш, шунингдек, уларни тарбиялаш, ўқитиш ва жой-жойига қўйишдан иборат.
Департамент органларининг кадрлар захирасини шакллантириш ва улар билан ишлаш коллегиаллик ва холислик тамойилларига асосан амалга оширилади.
46. Қуйидагилар кадрлар захирасини шакллантириш ва улар билан ишлаш фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади:
Департамент органларига ушбу Низом билан белгиланган талабларга жавоб берадиган шахсларни хизматга қабул қилиш;
ходимларнинг назарий билимлари, амалий ва ахборот-таҳлил кўникмаларини юксалтириш, ишчанлик ва профессионал сифатларини такомиллаштириш, уларни ахборот-коммуникация технологиялари ва тезкор-қидирув фаолиятининг замонавий ютуқлари билан таништириш;
юқори лавозимлар учун масъулиятли, малакали ҳамда касбий тайёргарликка эга ходимларни танлаб олиш ва уларни кадрлар захирасига киритиш;
кадрлар захирасига киритилган ходимларни қайта тайёрлаш ва тарбиялаш, шунингдек, уларда бошқарувчилик қобилиятларини шакллантириш;
ходимларнинг хизмат поғоналарида юқорилаб боришини тизимли режалаштириш ва ташкил этиш.
Департамент тизимидаги юқори лавозимларга, қоидага к, кадрлар захирасида турган ходимлар тайинланади.
Кадрлар захираси билан ишлаш жараёнида, уларни келгусида Департаментнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари лавозимига кўтариш мақсадида Департамент органлари раҳбар ходимларини танлаш ва тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.
47. Департамент органларининг кадрлар захираси қуйидагилардан иборат:
Департаментга хизматга қабул қилиш учун номзодлар захираси;
ҳудудий бошқармалар катта инспекторлари, инспекторлари, бош суриштирувчилари, катта суриштирувчилари, бош тафтишчилари, катта тафтишчилари, тафтишчилари лавозимларига тайинлаш учун кадрлар захираси;
ҳудудий бошқармалардаги таркибий бўлинмалар бошлиқлари ва бошлиқларининг ўринбосарлари лавозимларига, шунингдек, уларга тенглаштирилган лавозимларга, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захираси;
Департамент таркибий бўлинмаларининг бош инспекторлари, катта инспекторлари, бош суриштирувчилари, катта суриштирувчилари, бош тафтишчилари, катта тафтишчилари ва катта криминалисти лавозимларига тайинлаш учун кадрлар захираси;
Департамент бошлиғи, Департамент бошлиғининг ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, Департамент таркибий бўлинмалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, уларга тенглаштирилган лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захираси.
48. Раҳбар кадрлар захирасига киритиш учун мезон бўлиб, Департамент тизимидаги раҳбарлик лавозимларида юклатилган вазифаларни бажара олиш учун зарур кўникма ва сифатларга эгалиги ҳисобланади.
Бунда Департаментнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, шунингдек, Департаментнинг Марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари лавозимлари кадрлар захирасига зиммасига юклатилган хизмат мажбуриятларини виждонан бажарадиган, тегишли дунёқарашга, назарий билимларга, ижобий шахсий ва ишчанлик сифатларига, турли лавозимлардаги амалий иш тажрибасига, ташкилий-таҳлилий қобилиятга, қатъийлик, принципиаллик ва масъуллик ҳиссига эга бўлган ходимлар киритилади.
49. Кадрлар захирасига номзодлар Департамент бошлиғи, унинг ўринбосарлари, Департамент Марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, шунингдек, прокуратура ва Департамент органларининг аттестация комиссиялари томонидан тақдим этилади.
Департаментнинг кадрлар бўлими томонидан Шахсий хавфсизлик бўлими ва бошқа бўлинмалар билан биргаликда энг масъулиятли, малакали ва тайёрланган ходимларни хизмат бўйича юқорига кўтаришни таъминлаш мақсадида кадрлар захирасига номзодларни холисона танлаш, уларни ўрганиш ҳамда касбга тизимли равишда тайёрлаш ишлари амалга оширилади.
(49-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 январдаги ПФ-1-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.01.2024 й., 06/24/1/0001-сон)
50. Кадрлар захираси билан ишлаш, мавжуд вакансиялардан қатъи назар тизимли асосда олиб борилади. Раҳбарлик лавозимларига захира таркиби бир йилда камида бир маротаба шакллантирилади.
Департамент бошлиғи, Департамент бошлиғининг ўринбосарлари, ҳудудий бошқармаларнинг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, Департамент марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари лавозимларига тайинлаш учун кадрлар захираси Бош прокуратуранинг Кадрлар бошқармаси билан келишилган ҳолда шакллантирилади ва Бош прокурор томонидан тасдиқланади.
Департаментдаги қолган лавозимларга кадрлар захираси, тегишли равишда, Департаментнинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларининг тезкор йиғилишларида тасдиқланади.
Департаментга хизматга қабул қилиш учун номзодлар захираси Департаментнинг ҳамда ҳудудий бошқармаларнинг кадрлар бўлими томонидан, ушбу Низом талабларига жавоб берадиган олий таълим муассасалари битирувчилари, Департамент органлари иш юритувчилари ҳамда мутахассислари орасидан шакллантирилади.
51. Департаментнинг кадрлар захирасини шакллантиришга масъул бўлган мансабдор шахслари кадрлар захирасига номзодларни тақдим этиш бўйича ишларнинг тўғри ташкил этилиши ва унинг холисона шакллантирилиши учун тўлиқ жавобгардирлар.
52. Кадрлар захирасини шакллантириш ва улар билан ишлаш ушбу Низом ҳамда Бош прокурорнинг буйруқларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
7-боб. Ходимларни моддий ва ижтимоий таъминлаш
53. Ходимларнинг пул таъминоти лавозим маоши, мартаба даражаси учун ҳар ойлик қўшимча тўловлар, кўп йиллик хизмат учун тўланадиган устамалар ҳамда қонунчиликда ва идоравий ҳужжатларда назарда тутилган прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган тартиб ва миқдорлардаги тўловлардан иборат.
Ходимларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 13 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2065-сон қарори нормалари татбиқ этилади.
Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва ходимларнинг лавозим маошларига меҳнатнинг алоҳида шарт-шароитлари учун ойлик устамалар миқдорлари ушбу Низомга 1 — 5-иловаларга мувофиқ белгиланади.
Кўп йиллик хизмати учун устамани ҳисоблаш ҳуқуқини берувчи махсус стаж Бош прокурорнинг буйруғи билан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг мартаба даражаларига эга бўлган ходимларига кўп йиллик хизмати учун устамалар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилади.
54. Ходимларга давомийлиги 30 календарь кунидан иборат ҳақ тўланадиган йиллик таътил берилади. 15 йилдан ортиқ умумий иш стажига эга бўлган ходимларга:
15 йилдан ортиқ бўлганда — 5 календарь куни;
25 йилдан ортиқ бўлганда — 10 календарь кунидан иборат қўшимча меҳнат таътили берилади.
Ходимларни ҳар йилги навбатдаги таътилдан чақириб олишга хизмат бўйича ўта зарур ҳолларда, ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Таътилнинг фойдаланилмаган қисми кеч муддатларга ўтказилади.
Ходимлар сони ёки штати қисқарганлиги (ташкилий-штат тадбирлари), касаллиги, пенсияга чиқиши муносабати билан ишдан бўшатилган ходимларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳақ тўланадиган навбатдаги йиллик меҳнат таътили берилади, ундан фойдаланилмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида пуллик компенсация тўланади.
Ходим хизмат ўташни тугатганда фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.
55. Оилавий ҳолатлар, шунингдек, бошқа узрли сабаблар бўйича ходимларга навбатдаги таътил ҳисобига ҳисобланмайдиган иш ҳақи сақланмайдиган қисқа муддатли таътил берилиши мумкин.
56. Департамент ходимларига турар жой майдонлари қонун ҳужжатларига мувофиқ берилади.
Яшаш шароитини яхшилашга муҳтож бўлган ходимларга белгиланган тартибда ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатилади.
57. Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
58. Фаолият кўрсатаётган ва пенсияга чиқиш муносабати билан хизматдан бўшатилган ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тиббий муассасаларида тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.
59. Ходимлар хизмат сафарларига юборилганда барча турдаги транспорт воситаларига йўл чипталари ва меҳмонхоналарда жойларни банд қилиш, эгаллаш ва навбатсиз олиш ҳуқуқидан фойдаланадилар.
Ходимларни тергов гуруҳларига жалб этиш Бош прокуратура раҳбарияти, Департамент бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорларининг ёзма кўрсатмалари асосида амалга оширилади.
Бунда хизмати сафари муддати ўттиз календарь кунидан ортиқни ташкил қилмайди.
Зарур ҳолларда хизмат сафари муддати юқорида кўрсатилган раҳбарларнинг ёзма кўрсатмалари билан узайтирилиши мумкин.
Хизмат сафарнинг умумий муддати, унинг муддатини узайтиришни ҳисобга олган ҳолда, ходим бошида жалб қилинган иш бўйича дастлабки тергов муддатларидан ошмаслиги керак.
60. Ходимларининг ҳаёти ва соғлиғининг мажбурий давлат суғуртаси, белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
8-боб. Департаментда хизмат ўташни тўхтатиш
61. Департаментда хизмат ўташ ходим ишдан бўшатилганда тугатилади.
Департаментда хизматни ўташ қуйидаги ҳолатлар:
Бош прокурор ва Департамент бошлиғининг ташаббуси билан;
ходимнинг ташаббуси билан;
тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда тугатилади.
Хизматни ўташни тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилинишига қуйидагилар асос бўлади:
ходимнинг бошқа ишга, шу жумладан сайланадиган лавозимга сайланиши;
ходим ҳарбий хизматга чақирилиши;
шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг хизматга тикланиши;
ходимнинг вафот этиши, унинг бедарак йўқолган деб топилиши ёки вафот этган деб эълон қилиниши;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда тугатилади.
Бош прокурор, Департамент бошлиғи ва ҳудудий бошқармалар бошлиқларининг ташаббуси билан хизмат ўташни тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:
хизматни ташкил этишдаги ўзгаришлар, Департамент органлари ходимларининг (штатлар) сони қисқариши ёки хизмат хусусиятининг ўзгариши;
ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли;
ходим томонидан ўз хизмат мажбуриятларини мунтазам равишда бузилиши. Хизмат мажбуриятларини мунтазам равишда бузиш деб ходим илгари содир этган хизмат вазифаларининг бузганлиги учун интизомий жазога тортилган кундан эътиборан бир йил мобайнида интизомий қоидабузарликни такроран содир этиши ҳисобланади (агар жазо муддатидан илгари олиб ташланган бўлмаса);
ходим томонидан хизмат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузиш;
ходимнинг кейинчалик хизматни унга таклиф этилган лавозимларда, шу жумладан юқори турувчи лавозимга ўтиш ва ротация бўйича ўташни рад этиш сабабли ходимнинг кадрлар бўлими ихтиёрида бўлишидан бир ой ўтгандан кейин;
ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган фаолият ходимга огоҳлантириш қилинганидан кейин ҳам давом эттирилиши;
ходимнинг Департаментда хизматда бўлиш ёши чегарасига етиши;
ходимнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши;
Департамент ходимининг эгаллаб турган лавозимига номуносиб ножўя хатти-ҳаракат содир этиши.
62. Департаментда ходимларнинг хизматда бўлишлари учун чекланган ёш чегараси эркаклар учун 60 ва аёллар учун 55 ёш.
Хизматда бўлишнинг чекланган ёшига етган, юксак касбий тайёргарликка ва эгаллаб турган лавозимида катта амалий иш тажрибасига эга бўлган, соғлиғига кўра унга юкланган мажбуриятларни бажаришга қодир бўлган ходим Бош прокурорнинг розилиги билан Департаментда хизматни давом эттириши мумкин.
63. Эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ходим охирги хизмат жойидаги ўртача ойлик маоши сақланган ҳолда кадрлар бўлими ихтиёрида қолади. Уни келгусидаги хизмат вазифасига тайинлаш масаласи эгаллаб турган лавозимдан озод этиш тўғрисидаги буйруқ чиқарилган пайтдан бошлаб бир ойдан кеч бўлмаган муддатда ҳал этилиши керак (ушбу муддатга ходимнинг вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даври кирмайди).
64. Ходимларнинг меҳнат низолари Бош прокурор ва Департамент бошлиғи томонидан кўриб чиқилади.
65. Пенсияга чиққан ходимларга Бош прокурор томонидан белгиланадиган шакл бўйича пенсия гувоҳномаси берилади.
66. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланган (тайинланган) ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимга тайинлаш ёки тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ёки тақдимномасига асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ўтган ёки Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Раис ўринбосари, вилоят, Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокими ёки ҳоким ўринбосари лавозимига тайинланган ва тасдиқланган Департамент ходими Бош прокурорнинг буйруғи билан прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилиши мумкин.
Бошқа давлат органлари ва ташкилотларига ишга ўтган ходим алоҳида ҳолларда, Бош прокуратуранинг аттестация комиссияси таклифига асосан Бош прокурорнинг буйруғи билан прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилиши мумкин.
Ходимнинг ушбу бандда кўрсатилган мазкур фаолият муддати навбатдаги мартаба даражасини бериш ҳуқуқини берувчи, кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устамани тўлаш, маошини белгилаш, пуллик таъминот ва пенсия тайинлаш учун Департаментдаги хизмат стажига қўшиб ҳисобланади.
67. Ушбу Низомнинг 66-бандида кўрсатилган прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимлар, улар сайланган ёки тайинланган органлардаги меҳнат шароитларини ҳисобга олган ҳолда, прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий муҳофаза қилиш чораларидан фойдаланадилар.
Ушбу Низомнинг 66-бандида кўрсатилган прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимларга ушбу Низомнинг III бўлимида белгиланган тартибда мартаба даражалари ва ҳарбий унвонлар, шунингдек, Бош прокурор томонидан белгиланган шаклда прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захираси ходими гувоҳномаси берилади.
Солиқ имтиёзлари ва молиявий имтиёзлар, шунингдек, бошқа моддий афзалликларнинг қўлланилиши ходим сайланган ёки тайинланган орган томонидан мазкур органда амалда бўлган лавозим маоши ва бошқа тўловлар миқдори сақланган ҳолда амалга оширилади.
Шу билан бирга, бундай ходимларга мавжуд мартаба даражалари учун қўшимча тўловлар, кўп йиллик хизмати учун устамалар ҳамда Департамент ходимлари учун белгиланган меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойлик устаманинг ўртача миқдори тўланади.
68. Прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига ўтказилган хизматни ўташни тугатган ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари бевосита Департамент органларида хизмат ўташни тугатган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари каби ҳуқуқлар, имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланадилар.
69. Ушбу Низом 66 — 68-бандларининг амал қилиши Департаментдан ушбу Низомнинг 67-бандида кўрсатилган органларга аввал сайланган ёки ўтган ходимларга ҳам прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган вақтдан бошлаб татбиқ этилади.
70. Амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимларга уларнинг бошқа давлат органлари ва ташкилотларидаги ваколат муддатлари тугаганидан сўнг, муқаддам Департамент органларида эгаллаган ёки унга тенг лавозим берилиши кафолатлари таъминланади, ходимнинг эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги ёки соғлиғи ҳолатига ёхуд меҳнат (хизмат) мажбуриятларини бажармаганлиги учун меҳнат фаолияти тугатилган ҳоллар бундан мустасно.
71. Ишдан ноқонуний бўшатилган, бошқа лавозимга ўтказилган, мартаба даражасидан маҳрум этилган ходимлар муқаддам эгаллаган лавозимига ва мартаба даражасида қайта тикланади ёки бошқа тенг лавозимга тайинланади.
Департаментга ишга тикланган ходимларнинг мажбурий прогул вақти уларга кўп йиллик хизмати учун устама белгилаш ҳуқуқини берувчи стажга ҳамда навбатдаги мартаба даражасини бериш муддатига қўшилади.
 LexUZ шарҳи
2-илова норасмий таржима.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирларноми

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш ва идоралараро ҳамда халқаро ўзаро ҳамкорликни таъминлаш

1.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг таркибий бўлинмалари фаолиятини тартибга солувчи низомларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш (кейинги ўринларда — Департамент).

Буйруқ

2018 йил 1 июлгача

Департамент

2.

Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар солиқ (молиявий) тергов органлари раҳбарларининг Мувофиқлаштирувчи Кенгашига аъзо бўлиш масаласини ишлаб чиқиш.

Чора-тадбирлар комплекси

2018 йил 1 июлгача

Бош прокуратура, ТИВ, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, вазирлик ва идоралар

3.

Aфғонистон Ислом Республикаси, Корея Республикаси, Индонезия Республикаси, Тожикистон Республикаси ва бошқа мамлакатларнинг ваколатли органлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, музокаралар олиб бориш ва тегишли битимлар (меморандумлар) имзолашни назарда тутувчи ахборот алмашинувини кенгайтириш.

Ташкилий-амалий

чора-тадбирлар

2018-2019 йиллар

Бош прокуратура, ТИВ, ДХХ, Адлия вазирлиги

4.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, давлат хавфсизлик хизмати раиси ва ички ишлар вазирининг қуйидагиларни назарда тутувчи қўшма буйруғини ишлаб чиқиш:

иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашда жавобгарлик соҳасини чегаралаш;

Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ахборот департаментига Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтиш тўғрисида маълумот тақдим этиш механизми;

Департаментнинг тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тезкор тадбирлар кўрувчи махсус гуруҳлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби.

Қўшма буйруқ

2018 йил 1 августгача

Бош прокуратура, ДХХ, ИИВ

5.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва давлат солиққўмитаси раисининг қуйидагиларни назарда тутувчи қўшма буйруғини ишлаб чиқиш:

солиқҳуқуқбузарликлари ва жиноятчиликка қарши курашда жавобгарлик соҳасини чегаралаш;

солиқ тўловчиларни қамраб олиш ва ҳисобга олишнинг тўлиқлигини кенгайтиришда, солиқ тўлашдан бўйин товлаш механизмларини, «яширин иқтисодиёт»ни шакллантириш йўлларини аниқлашда ўзаро ҳамкорлик тартиби.

Қўшма буйруқ

2018 йил 1 августгача

Бош прокуратура, ДСҚ

6.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг қуйидаги маълумотлар базаларини Департаментга тақдим этиш ва мунтазам янгилаб бориш бўйича чора-тадбирлар кўриш, жумладан:

«Фуқаронинг биометрик паспорти»;

«Яшаш гувоҳномаси (фуқаролиги бўлмаган шахс ёки чет давлат фуқароси учун»;

«Фуқаролиги бўлмаган шахснинг йўл ҳужжати»;

«Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс хорижга чиқиш учун рухсатнома ёзуви»;

«Вақтинчалик ва доимий прописка, фуқаролиги бўлмаган шахс ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг кўчирмаси»;

«Йўқолган биометрик ҳужжатлар ҳақида маълумот».

Қўшма қарор

2018 йил 1 июлгача

Департамент, ИИВ, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги

7.

Департаментга «E-kalit» электрон калитлари орқали «Қидириш» тизимига реал вақт режимида кириш имкониятини таъминлаш.

Битим

2018 йил 1 июлгача

Ахборот технологиялари вазирлиги, Департамент, ИИВ

8.

Департаментнинг тезкор бўлинмалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ва идоравий ҳужжатлар

2018 йил 1 августгача

Бош прокуратура, Департамент, манфаатдор вазирлик ва идоралар

9.

Департаментга юклатилган вазифаларни самарали бажариш мақсадида сотиб олиниши зарур бўлган техник ва махсус воситалар рўйхатини ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат

2018 йил 1 августгача

Бош прокуратура, ИИВ, Молия вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

10.

Департамент фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисобот ва шарҳларни мунтазам равишда теле - ва радио эшиттиришларни ташкил этиш, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Департаментнинг расмий веб-сайтида материаллар ва мақолалар чоп этиш орқали эълон қилиш.

Чора-тадбирлар комплекси

2018 йил 1 августгача

Департамент, манфаатдор

вазирлик ва идоралар

II. Кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, уларни танлаш ҳамда жой-жойига қўйиш

тизимини янада такомиллаштириш

11.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро тармоқ институти иштирокчиларининг келишуви доирасида молиявий разведка масалалари билан шуғулланувчи Департамент ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш.

Чора-тадбирлар комплекси

2018 йил 1 августгача

Бош прокуратура, Департамент, ТИВ, манфаатдор вазирлик ва идоралар

12.

Департамент ходимларини молиявий-иқтисодий хавфсизлик, тезкор-қидирув фаолияти, жисмоний ва жанговар тайёргарлик, махсус техник воситалар ва ўқотар қуроллардан фойдаланиш соҳаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус курсларни беғараз асосда ташкил этишни назарда тутувчи Департамент, Банк-молия академияси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясининг қўшма буйруқларни ишлаб чиқиш.

Қўшма буйруқ

2018 йил 1 июлгача

Департамент, Банк-молия академияси, ИИВ академияси

13.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда энг илғор тизимларига эга бўлган хорижий мамлакатлардан малакали мутахассисларни жалб қилиш орқали иқтисодий жиноятларга қарши курашишнинг долзарб йўналишлари бўйича тажриба алмашишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

Чора-тадбирлар комплекси

2018 йил 1 сентябргача

Бош прокуратура, ТИВ

14.

Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи, молия органлари ва ташкилотлари тизимида амалий иш тажрибасига ҳамда таҳлилий фикрлаш, тезкор ва ахборот-таҳлилий иш кўникмаларига эга бўлган мутахассислар орасидан юқори малакали кадрлар билан таъминлаш.

Ташкилий-амалий

чора-тадбирлар

2018 йил 1 августгача

Департамент, Бош прокуратура

III. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолиятни такомиллаштириш

15.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги хавфларни миллий баҳолашни йўлга қўйиш ва ўтказиш.

Ташкилий-амалий чора-тадбирлар

2018 йил 1 октябргача

Департамент, Марказий банк, Молия вазирлиги, ДХХ, ТИВ, манфаатдор вазирлик ва идоралар

16.

Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича миллий тизимни ўзаро баҳолашни ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори

2018 йил 1 июлгача

Департамент, ТИВ, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

17.

Ўзбекистон Республикасининг «Эгмонт» гуруҳида иштирок этиш доирасидаги мажбуриятларини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори

2018 йил 1 августгача

Бош прокуратура, Молия вазирлиги, ТИВ, манфаатдор вазирлик ва идоралар

18.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.

Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат

2018 йил 1 ноябргача

Бош прокуратура, Марказий банк, Молия вазирлиги, ДХХ

19.

Пул маблағлари ва бошқа мол-мулк билан операцияларни амалга оширувчи ташкилотларда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига риоя этилишини тартибга солиш ва назорат қилиш чора-тадбирларини такомиллаштириш.

Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат

2018 йил 1 августгача

Марказий банк, Департамент, манфаатдор вазирлик ва идоралар

20.

Департамент томонидан назорат идоралари билан биргаликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан қўшма текширишларни ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат

2018 йил 1 августгача

Марказий банк, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Департамент, манфаатдор вазирлик ва идоралар

21.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш.

Қонун

2018 йил 1 августгача

Департамент, Адлия вазирлиги, вазирлик ва идоралар

IV. Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш

22.

Департаментга юклатилган вазифаларни самарали бажариш мақсадида Департаментнинг ҳудудий бошқармаларига Марказий банк, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг маълумотлар базалари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

Чора-тадбирлар комплекси

2018 йил 15 июлгача

Департамент, Марказий банк, Ахборот технологиялари вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, ИИВ, ДСҚ, ДБҚ, Давергеодезкадастр қўмитаси

23.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга, шунингдек, чет эл валютасининг асоссиз чиқиши хавфи юқори бўлган операцияларга қарши курашиш соҳасидаги шубҳали операциялар тўғрисидаги ҳисоботларни саралаш ва қайта ишлашни автоматлаштириш учун дастурий маҳсулотларни такомиллаштириш.

Чора-тадбирлар комплекси

2018 йил 1 июлгача

Департамент, Ахборот технологиялари вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

24.

Департамент томонидан юклатилган вазифалар ижроси самарадорлигини ошириш учун Департаментнинг Маълумотларни қайта ишлаш марказини сервер ва бошқа ускуналар билан таъминлаш.

Чора-тадбирлар комплекси

2018 йил 1 июлгача

Департамент, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги

V. Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг турар жой-маиший шароитларини янада яхшилаш

25.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг бюджетдан ташқари махсус жамғармаси маблағларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш:

жамғарма маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқини Департамент бошлиғига топшириш;

ҳар йили ижтимоий кафолатларга (бир марталик тўловлар, йўлланмалар, фоизсиз қарзлар ва бошқалар) жамғарма маблағларининг 10 фоизигача ажратиш;

хизмат фаолиятида самарали натижаларга эришган ходимларни 1 дан 10 бараваргача лавозим маоши миқдорида рағбатлантириш;

Департаментнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларини молиялаштириш.

Қўшма қарор

2018 йил 1 июлгача

Бош прокуратура, Молия вазирлиги, ДСҚ

26.

Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларини компьютер ва офис техникаси, замонавий алоқа воситалари (рақамли радиостанциялар, аудио, видеоконференцалоқа, серверлар, алоқа кабеллари ва бошқалар), дастурий таъминот, ахборот хавфсизлигини таъминловчи махсус техник воситалар ва ускуналар билан босқичма-босқич жиҳозлаш.

Чора-тадбирлар

режаси

2018-2019 йиллар

Департамент, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги

 LexUZ шарҳи
3-илова норасмий таржима.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сон Фармонига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда прокуратура органларининг ролини кучайтириш тўғрисида»ги ПФ-5019-сон Фармонига киритилаётган
ўзгартиш ва қўшимчалар
1. 4-банднинг учинчи ва бешинчи хатбошларида «Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти» сўзлари «Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига:
зарур ҳолларда, прокуратура органлари, шу жумладан Ҳарбий прокуратура ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ташкилий-штат тузилмаларига белгиланган умумий штатлар сони доирасида ўзгартишлар киритиш;
Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланган меъёрларга мувофиқ Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш Жамғармаси маблағлари ҳисобидан прокуратура органлари учун қўшимча ёрдамчи персонал штат бирликларини жорий этиш ҳуқуқи берилсин.»
3. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилсин».
4. 1-иловадаги «Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти» блоки «Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти» блоки билан алмаштирилсин.
5. 2-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги ПФ-5019-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг
ТАШКИЛИЙ-ШТАТ ТУЗИЛМАСИ
Департамент бошқарув ходимларининг умумий сони 1076 шат бирлиги
шундан марказий аппаратда 97 штат бирлиги».
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сон Фармонига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган баъзи қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ПФ-4148-сон Фармони.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 21 апрелдаги «Молия-иқтисодий, солиқ соҳасидаги жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-331-сон қарори.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 6 июлдаги «Иқтисодиёт ва солиқ соҳасидаги жиноятларга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 291-сон қарори.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 415-сон қарори.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 06/18/5446/1251-сон; 11.01.2019 й., 06/19/5624/2471-сон, 16.03.2019 й., 06/19/5690/2772-сон; 28.09.2020 й., 06/20/6075/1330-сон; 25.11.2020 й., 06/20/6118/1562-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.06.2021 й., 06/21/6252/0617-сон; 21.07.2023 й., 06/23/110/0506-сон; 04.01.2024 й., 06/24/1/0001-сон; 01.03.2025 й., 06/25/27/0196-сон)