1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.15.00.00 Транспорт / 09.15.13.00 Аварияга қарши кураш. Йўл ҳаракати хавфсизлиги. Техник кўрик (шунингдек, 16.04.02.00га қаранг)]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Транспорт. Йўл хўжалиги. Ҳаракат ва парвозлар хавфсизлиги]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Йўловчи автотранспортида фавқулодда вазиятлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ташқарига чиқадиган фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга доир шошилинч чора-тадбирлар тўғрисида
2018 йил 18 январь куни Қозоғистон Республикаси Актюбинск вилоятининг Иргизск туманидаги «Қалибой» аҳоли пунктидан 10 километр узоқликда, «Самара-Чимкент» автомобиль йўлининг 1068 километрида «Икарус» русумидаги йўловчи автобуси ёниб кетди. Ёнғин оқибатида қурбонлар ва жабрланганлар бор. Уларнинг 55 нафари Ўзбекистон Республикасининг фуқаросидир.
Иситиш мосламаси бўлмаган автобуснинг техник носозлиги, унда тез ёнувчи моддаларнинг бўлгани, ёнғинга қарши ускуналарнинг фойдаланишга яроқсизлиги, автобусда ортиқча йўловчилар бўлгани, салоннинг юклар билан тўлдирилгани, хавфсизликнинг оддий қоидаларига риоя этиш бўйича профилактика чораларининг йўқлиги автобус ёнишининг асосий сабаблари бўлган.
Йўловчи автотранспортида фавқулодда вазиятлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, бундан буён бу каби фожиали воқеалар такрорланишига йўл қўймаслик, бахтсиз ҳодисалар ва йўл-транспорт ҳалокатлари юзага келишини бартараф этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ташқарига чиқадиган фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан комплекс шошилинч чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасидан ташқарига йўловчи ташувчи автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибининг бузилишига олиб келувчи шарт-шароитларни тизимли ўрганиш ҳамда уларнинг олдини олиш, меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
хорижга чиқаётган фуқаролар ўртасида транспортда ҳаракатланиш вақтида хавфсизлик чоралари, хорижий давлатда бўлиш қоидалари, шахсий хавфсизлик бўйича зарур чоралар, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида доимий тушунтириш ишлари ўтказилишини ташкил қилиш;
аҳоли ўртасида йўловчи автомобиль транспортида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳақида тушунтириш ишларини кучайтириш, республикадан ташқарига товарларнинг ноқонуний олиб ўтилишига, йўловчи автомобиль транспорти салонида ёнғиндан хавфли, портловчи, заҳарли, бадбўй, радиоактив моддалар ва буюмлар, шунингдек, қуролнинг барча турлари олиб ўтилишига йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўриш;
(1-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 декабрдаги 810-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.12.2020 й., 09/20/810/1673-сон — 2021 йил 29 мартдан кучга киради)
зарурат бўлганда, давлат-хусусий шериклик шароитида халқаро автобус қатновларини ташкил этиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш;
хорижга чиқадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, хорижда бўлиш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш масалалари бўйича хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, ҳудудлардаги секторлар раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директорига фуқароларнинг хорижий давлатларга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшқоқлик билан чиқишини таъминлаш, ноқонуний чиқишга йўл қўймаслик, шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши бўйича шахсий масъулият юклансин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳудудлардаги секторлар раҳбарлари ва Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда хорижий давлатларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқаролар гуруҳларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шакллантириш ва юбориш бўйича тизимли назорат ўрнатсин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
4. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси, шунингдек, хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи ҳудудий ишчи гуруҳларнинг (кейинги ўринларда ишчи гуруҳ деб аталади) намунавий таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қуйидагилар ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
тегишли суҳбатлар ва сўровлар ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида суҳбатлашишга алоҳида эътибор қаратиш йўли билан фуқароларнинг кетиш мақсадларини аниқлаш;
мамлакатдан ташқарига чиқадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан йўловчи автомобиль транспортида (микроавтобуслар ва автобуслар) ҳаракатланишда хавфсизлик қоидалари ҳамда хорижда бўлиш қоидаларига риоя этиш тўғрисида тушунтириш ишлари ва инструктаж ўтказиш;
Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган йўловчи автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқишда — транспорт воситасининг йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ва ҳайдовчининг тиббий кўрикдан ўтганлигини, ҳайдовчиларнинг автобус йўналишлари схемалари, шунингдек, йўлда об-ҳаво шароитлари, йўлларнинг ўзгариши ва йўлда ҳаракатланишни ташкил қилиш тўғрисидаги ахборот билан таъминлангани, автобуслар ва микроавтобусларнинг техник соз ҳолатда экани, тегишли лицензия карточкалари мавжудлигини пухта текшириш;
Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинмаган йўловчи автомобиль транспортидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида фойдаланишда — йўловчини хорижий ташувчининг транспорт воситасини тегишли техник ва санитария ҳолатида белгиланган жойга ўз вақтида қўйиш бўйича мажбуриятлари, йўловчининг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, шу жумладан кўрсатиладиган хизматлар рўйхати ва сифати, уларни кўрсатиш шартлари ва ҳаракатланиш йўналиши ҳақидаги аниқ ахборотни ўз вақтида олиш, унга ва унинг юкига етказилган зарар ёки зиённи қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиш. Ҳайдовчи транспорт воситасининг техник ҳолати ҳақида ахборот тақдим этмаганда ва йўловчида кўздан кечириш натижасида автобус ёки микроавтобуснинг техник носоз эканига шубҳа туғилганда, йўловчини кетиш фикридан қайтариш;
амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда умумлаштириш ва Комиссияга тақдим этиш.
7. Белгилансинки, 2018 йилнинг 1 февралидан бошлаб, йўловчилар билан Давлат чегарасидан ташқарига чиқадиган автобуслар ва микроавтобуслар йўлга чиқишдан олдин Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати томонидан Ёнғин хавфсизлиги давлат хизмати вакилларини жалб этган ҳолда, автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш рўйхати ҳамда жадвалига мувофиқ техник кўрикдан ўтказилади.
8. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги:
автовокзаллар ва автостанцияларнинг рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этиши бўйича назоратни кучайтирсин, бунда ташиш хавфсизлиги ва ёнғин хавфсизлиги, техника хавфсизлигига риоя этилиши, йўлга чиқишдан олдин автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш юзасидан талаблар бажарилиши, фақат лицензия карточкаларига эга автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратсин;
ҳудудий бошқармалар инспекторларининг ташиш хавфсизлиги ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини, автомобиль транспортида йўловчи ва юк ташийдиган автотранспорт воситаларининг лицензия карточкалари мавжудлиги, ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этишини назорат қилиш бўйича фаолиятини фаоллаштирсин;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг бориши зарурлигини инобатга олиб, чегарадош давлатлар билан халқаро йўлларда мунтазам йўловчи автобус қатновларини ташкил этиш тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакат ичида ва ташқарисида сайёҳлар гуруҳларини ташкил этишда транспортда ҳаракатланиш чоғида хавфсизлик қоидаларига риоя этиш бўйича асосий талаблар, хорижда бўлганда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида доимий тушунтириш ишлари ўтказилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
чегарадош давлатларнинг тегишли вазирлик ва идоралари билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ноқонуний ташиш ва улар иштирокида бахтсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида борган мамлакатда автотранспорт воситаларида хавфсизлик стандартлари ва талабларини такомиллаштириш юзасидан ўзаро ҳамкорликни таъминласин;
борган мамлакатида рўй берган ҳодиса оқибатида жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасалари томонидан шошилинч ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш механизмини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги дахлдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда Қозоғистон Республикасининг Актюбинск вилоятида йўловчи автотранспортида рўй берган фавқулодда вазият оқибатида жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этишда ўзаро ҳамкорлик тажрибасини ҳисобга олиб, Хорижий давлатлар ҳудудида фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан хорижда ишга жойлаштириш учун танлаш ва ёллаш ташкил этилгани тўғрисида фуқароларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб ҳамда «sms» хабарлар юбориш орқали кенг хабардор қилиш ишларини фаоллаштирсин;
Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқадиган республика фуқаролари учун эслатмани (кейинги ўринларда Эслатма деб аталади) бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:
транспортда ҳаракатланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этишнинг асосий талаблари, хорижий давлатда бўлиш қоидалари, хорижга чиқадиган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи миграция агентлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ишонч телефонлари ва веб-сайтлари электрон манзиллари, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари, шунингдек, бошқа давлатлар ҳудудидаги Ўзбекистон Республикаси элчихоналари ва консуллик хизматларининг телефонлари кўрсатилган ҳолда, одам савдоси ҳолатлари тўғрисида хабардор қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантириш.
Бунда ишчи гуруҳларни Ўзбекистон Республикасининг хорижга кетаётган ҳар бир фуқаросига бериш учун етарли миқдорда Эслатмалар билан таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳаракатланиш чоғида, хорижда бўлиш вақтида ўзини тутиш қоидалари, хавфсизлик чоралари, хорижий давлатда фавқулодда вазиятларга тушган фуқароларга ёрдам кўрсатадиган органларнинг ишонч телефонлари ҳақидаги ахборот акс эттирилган стендлар ўтказиш пунктларида жойлаштирилишини ташкил қилсин.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
14. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти билан биргаликда хорижда иш билан таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини танлаш ва ёллашни ташкил этишда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг марказлаштирилган буюртманомалари асосида авиация ва темир йўл транспортида ташиш учун авиа ҳамда темир йўл чипталарини имтиёзли тарифлар бўйича расмийлаштириш назарда тутилган Идоралараро битимни икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
15. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқадиган фуқаролар ўртасида эҳтиёж бўлган янги йўналишларни ташкил этиш юзасидан бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин, бунда:
чартер қатновларни амалга оширишни ва ҳаракатдаги темир йўл таркиби сонини, шу жумладан плацкарт вагонлар улушини кўпайтиришни;
бюджети паст бўлган хорижий авиа ва темир йўл компанияларини жалб этишни, шу жумладан «Россия темир йўллари» ОАЖ билан ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиқишни назарда тутсинлар.
16. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти Ўзбекистон Республикасининг хорижга чиқадиган фуқаролари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларидан келиб тушадиган зарур ахборотни Комиссия, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ҳар ой тақдим этсин.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
17. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда республика ташқарисига вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетадиган фуқаролар учун чегарадош давлатлар қонунчилигининг қоидалари ва талаблари тушунтирилган видеороликни ўн кун муддатда тайёрласин ҳамда унинг оммавий ахборот воситаларида мунтазам эфирга узатилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тайёрланган видеороликнинг чегараолди божхона постларидаги мониторларда мунтазам намойиш этилишини таъминласин.
18. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 23 январь,
42-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 январдаги 42-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасидан ташқарига йўловчи ташувчи автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи Республика комиссияси
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси, комиссия раҳбари
Мусаев Б.А.
—
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори, комиссия раҳбарининг ўринбосарии
Раимов Б.Я.
—
Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, комиссия раҳбарининг ўринбосари
Арипов К.М.
—
Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари
Эргашев Р.М.
—
Ички ишлар вазирининг ўринбосари
Ниязходжаев С.П.
—
Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари
Лавозими бўйича
—
ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари
Шорахметов Ш.Ш.
—
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари
Асадов Б.З.
—
Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари
Шовахабов Ш.Ш.
—
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг ўринбосари
Хакимов Б.И.
—
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК бош директори в.б.
Шукуров А.С.
—
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари
Турдиев С.
—
Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари
Хайтмуратов С.Х.
—
Вазирлар Маҳкамасининг бош мутахассиси
Мирзаев Ж.А.
—
Вазирлар Маҳкамасининг шуъба мудири
Салихов Ф.М.
—
Вазирлар Маҳкамасининг шуъба мудири, комиссия котиби
Лавозимига кўра
—
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари
Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига уларнинг ўрнига янгидан тайинланган ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 январдаги 42-сон қарорига 2-ИЛОВА
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси, шунингдек, хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларнинг
намунавий таркиби
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, ишчи гуруҳлар раҳбарлари.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг масъул ходими.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг масъул ходими.
12. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ёшлар ишлари агентлиги, масъул ходимлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъул ходимлари.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 10 декабрдаги 833-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2024 й., 09/24/833/1016-сон)
Изоҳ. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига уларнинг ўрнига янгидан тайинланган ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 январдаги 42-сон қарорига 3-ИЛОВА
Давлат чегарасидан автомобилларни ўтказиш пунктлари