Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ДАВЛАТ ЧЕГАРАЛАРИДАН ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИ ТЎҒРИСИДА
2002 йил 12 февраль, Тошкент
LexUZ шарҳи
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 30 майдаги 186-сонли «Ҳукуматлараро битимни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
(2002 йил 5 июндан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида 2000 йил 16 майда Душанбе шаҳрида имзоланган Битимни ривожлантириб,
Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида алоқаларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида,
Ўзбекистон—Тожикистон давлат чегараларидан фуқаролар, транспорт воситалари, юк, товар, ҳайвонлар ва бошқа мулкни ўтказиш тартибини такомиллаштириш зарурлигига асосланиб,
ноқонуний миграция, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар контрабандасини фош қилиш ҳамда олдини олиш, шунингдек эпидемия ва эпизоотиянинг тарқалишини бартараф қилиш бўйича чора-тадбирларни биргаликда ва ўз вақтида олиб бориш зарурлигини тан олиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ўзбекистон—Тожикистон давлат чегараси орқали шахслар ва транспорт воситаларининг кесиб ўтиши, шунингдек юк, товар, ҳайвонлар ҳамда бошқа мулкнинг ҳаракатланиши учун Томонлар ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган Иловаси кўзда тутилган давлат чегараси орқали халқаро ва икки томонлама ўтиш пунктларини (бундан кейин — ўтказиш пунктлари деб аталади) белгилайдилар.
Томонлар давлатларнинг миллий қонунчиликларига мувофиқ Томонлар давлатлари фуқароларининг енгиллаштирилган ўтказиш пунктлари белгиланиши мумкин.
Халқаро ўтказиш пунктлари шахслар, транспорт воситалари, товарлар, юк, ҳайвонлар ва бошқа мулкнинг ўтишини амалга оширади.
Икки томонлама ўтказиш пунктлари Томонлар давлатларининг фуқаролари, транспорт воситалари, товарлар, юк, ҳайвонлар ва бошқа мулкнинг ўтишини амалга оширади.
Енгиллаштирилган ўтказиш пунктлари Томонлар давлатлари фуқароларининг Ўзбекистон — Тожикистон давлат чегараси орқали пиёда ўтишини таъминлайди.
2- модда
Томонлар давлатларининг фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида 2000 йил 16 майда Душанбе шаҳрида имзоланган Битимда кўзда тутилган шартлар асосида амалдаги ўтказиш ҳужжатлар бўйича ушбу Битимда кўзда тутилган ўтказиш пунктлари орқали Томонлар давлатларининг ҳудудларидан ҳудудларига кирадилар ва чиқадилар.
3- модда
Ўтказиш пунктларининг иши (иш тартиби) кечаю-кундуз ёхуд Томонларнинг аҳдлашувларига мувофиқ ушбу Битимнинг Иловасига кўра куннинг ёруғ вақтида амалга оширилади.
Иш тартибига риоя қилиш устидан назорат қилиш, шунингдек фуқаролар, транспорт воситалари, товарлар, юклар, бошқа мулк ва ҳайвонларни ўтказиш тартиби Томонлар давлатларининг чегара ва божхона идораларининг келишуви бўйича белгиланади.
4- модда.
Ўтказиш пунктларида фуқаролар, транспорт воситалари, юклар, товарлар, ҳайвонлар ва бошқа мулкни чегара, божхона ва зарур ҳолларда, бошқа турдаги назорат қилиш (бундан кейин — «назорат» деб аталади), Томонларнинг миллий қонунчиликлари ҳамда улар иштирок этган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади
Зарур ҳолларда, Томонлар биргаликдаги назорат учун шарт-шароитларни яратадилар.
Биргаликдаги назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби Томонларнинг чегара ҳамда божхона идоралари ўртасида алоҳида аҳдлашувлар орқали белгиланади.
5- модда
Ўтказиш пунктларининг тегишли фаолиятини таъминлаш учун Томонларнинг ҳар бири ўз давлатининг ҳудудида зарур инфратузилмани яратади.
6- модда
Ўтказиш пунктларининг (жумладан енгиллаштирилганлари ҳам) янгиларини очиш, мавжуд бўлганларини ёпиш ёки уларнинг мақоми ва иш тартибини ўзгартиришни Томонлар дипломатик каналлар орқали келишиб оладилар ва ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади.
7- модда
Фавқулодда ҳолатларда (эпидемия, эпизоотия, табиий офатлар ва ҳ.к.), Томонларнинг қарорларига кўра фуқаролар, транспорт воситалари, товарлар, юклар, ҳайвонлар ва бошқа мулкнинг чегара орқали ўтказилиши вақтинча тўхтатиб қўйилиши мумкин.
Бунда бундай чораларни қўллаётган Томон олдиндан лекин 24 соатдан кечиктирмасдан бошқа Томонни бундай чоралар қўллангани тўғрисида бошқа Томонни хабардор қилади.
8- модда
Ушбу Битим Томонлар иштирок этган бошқа халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
9- модда.
Томонларнинг ўзаро розиликларига кўра ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва алоҳида баённомалар орқали расмийлаштирилади.
10- модда
Ушбу Битимнинг қоидаларини қўллаш ва талқин қилиш борасида баҳс ва келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, Томонлар уларни музокаралар ўтказиш орқали ҳал қиладилар.
11- модда.
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарилганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради ва 5 йил давомида амал қилади. Томонлардан биронтаси бошқа Томонни ушбу Битим фаолиятини тўхтатиш нияти тўғрисида навбатдаги беш йиллик муддат тугашидан камида 6 ой илгари ёзма хабарнома юбормаса, у ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2002 йил 12 февралда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадларида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида давлат чегараларидан ўтказиш пунктлари тўғрисида Битимга ИЛОВА
*Иккала давлатнинг транспорт воситалари, юклар, товарлар, ҳайвонлар ва бошқа мулкни ўтказиш шарти ва тартиби Томонларнинг чегара ва божхона идоралари ўртасида ушбу Битим кучга кирган кундан бошлаб бир ойлик муддат ичида имзоланган алоҳида баённома орқали белгиланади.
** Ўтказиш пункта шахслар, енгил транспорт воситалари, товарлар, юклар, ҳайвонлар ва бошка мулкларни ўтказади.
(илова Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2024 йил 18 апрелдаги Баённома таҳририда)