|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 16.12.2025
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
КОСМИК ТАДҚИҚОТЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Космик тадқиқотларни ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида» 2002 йил 26 сентябрдаги ПФ-3135-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда астрономик ва космик тадқиқотларнинг янада ривожлантирилишини, тадқиқотлар натижаларининг республикани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига самарали жорий этилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Космик тадқиқотлар марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
астрономия, ерни, ер атрофидаги фазони ва узоқ космик объектларни ўрганиш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш;
космик тадқиқотлар ва технологиялар ютуқларини республикани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига жорий этиш бўйича мақсадли дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш;
манфаатдор ташкилотлар ва тузилмалар билан биргаликда самарали экологик назоратни, рўй бериши мумкин бўлган табиий офатларнинг олдини олишни, космосдан ерни масофадан туриб зондлаш йўли билан табиий ресурсларни тадқиқ этишни ташкил қилиш;
астрономия ва космик тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда тижорат мақсадидаги космик фаолиятни ривожлантириш.
2. Космик тадқиқотлар маркази бошқарув аппаратининг тузилмаси ва 12 кишидан иборат бўлган (ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) штатдаги ходимларининг чекланган сони иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, Космик тадқиқотлар маркази:
юридик шахс ҳисобланади;
унинг фаолиятини маблағ билан таъминлаш Марказ таркибига кирувчи Тошкент космик асбобсозлик илмий-тадқиқот институти, Чирчиқдаги «Композит» тажриба-экспериментал заводи томонидан уларнинг хўжалик фаолиятидан олишган маблағларидан ажратмалар, шунингдек халқаро жамғармалар ва ташкилотлар грантлари, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа даромадлар ҳисобига амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бир ой муддатда Космик тадқиқотлар маркази тўғрисидаги Низомни белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Ўзбекистон давлат коинотни тадқиқ этиш агентлиги балансидаги асосий фондлар, мол-мулклар ва моддий бойликларни Космик тадқиқотлар марказига берсин.
Космик тадқиқотлар маркази Тошкент шаҳар, Боровский кўчаси, 2-уйга жойлаштирилсин.
6. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон давлат коинотни тадқиқ этиш агентлиги масалалари тўғрисида» 1993 йил 5 февралдаги 59-сон қарори;
Вазирлар Маҳкамасининг «2001-2002 йилларда хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бўйича келгусидаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2001 йил 9 мартдаги 119-сон қарорига 3-илованинг 14-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 27 сентябрь,
334-сон
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Космик тадқиқотлар маркази бошқарув аппаратининг
ТУЗИЛМАСИ
Штатдаги жами ходимлар сони 12 киши
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 17-18-сон, 141-модда)