1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.19.00.00 Банк тизими / 07.19.01.00 Марказий банк, унинг таркибий бўлинмалари ва муассасалари;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.19.00.00 Банк тизими / 07.19.02.00 Тижорат банклари. Хусусий банклар. Хорижий банклар;
3.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.19.00.00 Банк тизими / 07.19.03.00 Банклар жамғармалари ва захиралари. Капиталлаштириш]
[ТСЗ:
1.Молия / Банклар ва бошқа кредит муассасалари. Кредитлар]
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
ТИЖОРАТ БАНКЛАРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИДА ДЕПОЗИТГА ЎТКАЗИЛАДИГАН МАЖБУРИЙ РЕЗЕРВЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 9 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2004]
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 31 мартдаги 12/7-сонли «Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартиришларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2004-2, 25.04.2018 й.) асосан 2018 йил 1 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, 12-сон, 247-модда) ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунлари (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 5-6-сон, 54-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тижорат банкларининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириладиган узоқ муддатли кредитлари улушини кўпайтиришни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2009 йил 28 июлдаги ПҚ-1166-сонли қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 343-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг «Тижорат банклари томонидан Марказий банкда мажбурий захираларни депонентлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг янги таҳририни тасдиқлаш тўғрисида»ги 2004 йил 31 декабрдаги 28/5-сонли қарори (рўйхат рақами 1444, 2005 йил 18 январь), (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 3-4-сон, 27-модда);
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг «Тижорат банклари томонидан Марказий банкда мажбурий захиралар фондига депонентлаш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги 2005 йил 20 августдаги 18/3-сонли қарори (рўйхат рақами 1444-2, 2005 йил 17 сентябрь), (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 37-38-сон, 289-модда).
3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб бир ой ўтгандан кейин кучга киради.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 15 август,
23/8-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2009 йил 15 августдаги 23/8-сонли қарорига ИЛОВА
Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, 12-сон, 247-модда) ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил 5-6-сон, 54-модда) қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тижорат банкларининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириладиган узоқ муддатли кредитлари улушини кўпайтиришни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2009 йил 28 июлдаги ПҚ-1166-сонли қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 30-31-сон, 343-модда) мувофиқ тижорат банклари (кейинги ўринларда — банклар) томонидан мажбурий резервларни ҳисоблаш ва Ўзбекистон Республикасининг Марказий банкида (кейинги ўринларда — Марказий банк) депозитга ўтказиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган барча банкларга татбиқ этилади.
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
мажбурий резервлар — банклар томонидан Марказий банкдаги ҳисобвараққа мажбурий тартибда миллий ва хорижий валютада депозитга ўтказилган пул маблағлари;
резерв шакллантириладиган мажбуриятлар — банкларнинг ушбу Низомнинг 1-иловасида рўйхати келтирилган, мажбурий резервлар ҳисоб-китобига киритилган миллий ва (ёки) хорижий валюталардаги мажбуриятлари;
мажбурий резервлар нормативи — Марказий банк томонидан банкнинг резерв шакллантириладиган мажбуриятларига нисбатан фоиз ҳисобида ўрнатиладиган мажбурий резервларнинг энг кам миқдори;
ҳисоб-китоб даври — биринчи куни сешанбадан бошланиб, охирги куни душанбада тугайдиган ўн тўрт календарь кунидан иборат бўлган мажбурий резервларни ҳисоблаш даври;
сақлаш даври — биринчи куни пайшанбадан бошланиб, охирги куни чоршанбада тугайдиган ўн тўрт календарь кунидан иборат бўлган мажбурий резервларни сақлаш даври.
2. Мажбурий резервлар нормативи Марказий банк Бошқаруви қарори билан ўрнатилади ва резерв шакллантириладиган мажбуриятларнинг тури ва муддатига боғлиқ бўлади.
3. Жисмоний шахслар ва бошқа банкларнинг депозитлари резерв шакллантириладиган мажбуриятлар таркибига киритилмайди.
4. Мажбурий резервлар бўйича банкларга фоизлар тўлаш ҳақидаги қарор Марказий банк Бошқаруви томонидан республика иқтисодиётидаги жорий ҳолат, банк тизими ликвидлиги ҳолати ва монетар сиёсатнинг асосий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.
5. Банкнинг бошқа давлатлар ҳудудида рўйхатга олинган бўлинмаларининг мажбурий резервларини ҳисоблаш ва депозитга ўтказиш ушбу давлатлар қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
6. Хорижий валютада жалб қилинган маблағлардан ҳисобланган мажбурий резервларни депозитга ўтказиш, миллий валютада ёки хорижий валютада (ҳисобот кунидаги Марказий банк томонидан хорижий валютанинг сўмга нисбатан белгиланган алмашув курси бўйича) амалга оширилади. Хорижий валютада маблағларни мажбурий резервларга депозитга ўтказиш АҚШ доллари, евро, Англия фунт стерлинги, Швейцария франки ва Япония иенасида амалга оширилиши мумкин.
Банк, зарурат туғилганда, Марказий банкнинг рухсати билан мажбурий резервларни сақлаш даврида мажбурий резервларда сақланаётган миллий валютани хорижий валютага, хорижий валютани миллий валютага, алмаштириш кунидаги Марказий банк курси бўйича эквивалент суммада алмаштириши мумкин.
II. Мажбурий резервларни ҳисоблаш ва депозитга ўтказиш тартиби
7. Ҳар бир ҳисоб-китоб даврининг тугаши билан банклар ушбу Низомнинг 2-иловасига (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига депозитга ўтказиши лозим бўлган мажбурий резервлари миқдори ҳисоб-китоби) мувофиқ шаклда Низомнинг 3-иловасидаги услубий кўрсатмалар асосида Марказий банкка депозитга ўтказилиши лозим бўлган мажбурий резервлар миқдорини ҳисоблашни амалга оширадилар.
Марказий банкка депозитга ўтказилиши лозим бўлган мажбурий резервлар миқдори мажбурий резервлар нормативини резерв шакллантириладиган мажбуриятларнинг ҳисоб-китоб давридаги ўртача миқдорига кўпайтириш орқали ҳисобланади.
Резерв шакллантириладиган миллий ёки хорижий валютадаги мажбуриятларнинг ўртача миқдори ҳисоб-китоб даврининг ҳар бир куни учун резерв шакллантириладиган мажбуриятлар ҳисобварақларининг тегишли валютадаги қолдиқларини жамлаш ва ушбу суммани ҳисоб-китоб давридаги календарь кунлари сонига бўлиш орқали аниқланади.
Байрам ва дам олиш кунлари учун ушбу байрам ва дам олиш кунларидан олдинги охирги иш кунининг резерв шакллантириладиган мажбуриятлар ҳисобварақларининг баланс қолдиқлари олинади.
8. Мажбурий резервлар ҳисоб-китобини Марказий банкка тақдим қилиш ва қўшимча равишда мажбурий резервлар ҳисобварағига депозитга ўтказиш лозим бўлган суммаларни ўтказиш банклар томонидан ҳисоб-китоб даври тугаган кундан кейинги уч иш куни мобайнида амалга оширилади ва ушбу ўтказилган суммадаги резерв маблағлари сақлаш даврида сақланади.
9. Мажбурий резервларга ортиқча маблағлар ўтказилганлиги ҳолати юзага келганда, мажбурий резервлар ҳисоби тақдим этилгандан кейин, ҳисоб-китоб тақдим этилган кунни ҳисобга олмаганда, икки иш куни мобайнида ортиқча маблағ Марказий банк томонидан банкка қайтарилади.
10. Мажбурий резервлар ҳисоб-китоби тижорат банклари томонидан Марказий банкка электрон почта орқали йўлланиши шарт. Ҳисоб-китоб банкнинг раҳбари ва бош бухгалтери (ёки уларнинг вазифаларини бажарувчи шахслар) томонидан электрон рақамли имзо билан имзоланиши лозим.
11. Банклар томонидан мажбурий резервларга депозитлар уларнинг 10309 — «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкдаги мажбурий захира ҳисобварағи»дан Марказий банкда 21312 — «Резидент банкларнинг мажбурий захира ҳисобварағи»га мемориал ордер билан қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси орқали ўтказилади:
Дт 10309
—
«Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги мажбурий захира ҳисобварағи»
12. Банкларнинг 10309 — «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги мажбурий захира ҳисобварағи» баланс ҳисобварағи қолдиғи Марказий банкдаги 21312 — «Резидент банкларнинг мажбурий захира ҳисобварағи»даги маблағлар қолдиғига тенг бўлиши лозим.
III. Банклар томонидан резерв талаблари бажарилиши устидан Марказий банк назорати
13. Банклар томонидан резерв талаблари бажарилишининг тўғрилиги улар томонидан тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказилиши лозим бўлган мажбурий резервлар миқдори ҳисоб-китоби ва банкнинг баланс ҳисоботи асосида текширилади. Мазкур ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги Марказий банк томонидан банклар фаолиятини текшириш вақтида кўриб чиқилади.
14. Банк томонидан ушбу Низомнинг 8-бандида белгиланган мажбурий резерв талаблари бажарилмаган тақдирда Марказий банк «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ ўтказиб берилмаган маблағ суммасини ҳамда ўтказиб берилмаган суммадан қайта молиялаш ставкасининг икки баравари миқдорида жарима сўзсиз тартибда ундириб олинади.
IV. Якуний қоида
15. Марказий банк томонидан банк фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия қайтариб олинган тақдирда Марказий банк 3 кунлик муддатда тугатиш комиссиясининг сўровномасига асосан банк мажбуриятлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун аввал депозитга ўтказилган маблағларни тугатиш комиссияси ҳисобварағига қайтаради.
Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида резерв шакллантириладиган мажбуриятлари
Жадвал катаклари бўш қолдирилмаслиги керак. Агар ахборот бўлмаса ноль кўрсатилсин.
Ҳисоб-китобда умумий сумма бутунлигича минг сўмда кўрсатилиши лозим. 500 сўм ва ундан кам бўлган сумма ҳисобга олинмайди (чиқариб ташланади), 500 сўмдан ортиқ бўлган сумма минггача яхлитланади.
Ҳисоб-китоб тузишда ҳам мусбат, ҳам манфий суммалар учраши мумкин.
Ҳисоб-китобни тузишда ҳар кунлик баланс ҳисоботи асосида ҳисобланадиган ўртача икки ҳафталик баланс маълумотлари акс эттирилиши лозим.
(В) Устун — Миллий валютадаги резерв шакллантириладиган мажбуриятларнинг ўртача икки ҳафталик қолдиғи. Бу устунда миллий валютадаги кўрсатиб ўтилган мажбуриятларнинг ўртача икки ҳафталик қолдиғи кўрсатилиши лозим.
(Г) Устун — Хорижий валютадаги резерв шакллантириладиган мажбуриятларнинг ўртача икки ҳафталик қолдиғи. Бу устунда хорижий валютадаги кўрсатиб ўтилган мажбуриятларнинг ўртача икки ҳафталик кўрсатилиши лозим.
(Д) Устун — Мажбурий резервлар нормативи. Бу устунда миллий ва хорижий валютадаги мажбуриятлар учун Марказий банк томонидан белгиланган мажбурий резерв нормативи фоизларда кўрсатилиши лозим.
(Е) Устун — Депозитга ўтказиладиган маблағлар суммаси. Қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
1-Сатр. Талаб қилиб олингунча сақланадиган депозитлар. Бу сатрда 20202 ва 20206 ҳисобварақлари қолдиқлари олиб ташланган ҳолда 20200 баланс ҳисобварағининг қолдиғи кўрсатилади.
2-Сатр.Жамғарма депозитлар. Бу сатрда 20402 ва 20406 ҳисобварақлари қолдиқлари олиб ташланган ҳолда 20400 баланс ҳисобварағининг қолдиғи кўрсатилади.
3-Сатр. Муддатли депозитлар. Бу сатрда 20602 ва 20606 ҳисобварақлари қолдиқлари ҳамда жадвалнинг 4 ва 5-сатрлари олиб ташланган ҳолда 20600 баланс ҳисобварағининг қолдиғи кўрсатилади.
4-Сатр. Юридик шахсларнинг муддати 1 йилдан 3 йилгача бўлган депозитлари. Бу сатрда 20602 ва 20606 ҳисобварақлари қолдиқлари олиб ташланган ҳолда 20600 баланс ҳисобварағи қолдиғидаги юридик шахсларнинг муддати 1 йилдан 3 йилгача бўлган депозитлари суммаси кўрсатилади
5-Сатр. Юридик шахсларнинг муддати 3 йилдан ортиқ бўлган депозитлари. Бу сатрда 20602 ва 20606 ҳисобварақлари қолдиқлари олиб ташланган ҳолда 20600 баланс ҳисобварағи қолдиғидаги юридик шахсларнинг муддати 3 йилдан ортиқ бўлган депозитлари суммаси кўрсатилади
6-Сатр. Бошқариш (менеджерлик) чеклари. Бу сатрда 21202 ҳисобварағи бўйича баланс қолдиғи кўрсатилади.
7-Сатр. Мижозларнинг бошқа депозитлари. Бу сатрда 22602, 22614, 22616, 22617, 22618 ва 22628 ҳисобварақлари қолдиқлари олиб ташланган ҳолда 22600 баланс ҳисобварағининг қолдиғи кўрсатилади.
(3-илованинг ўн саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2014 йил 20 декабрдаги 45/1-сонли қарори (рўйхат рақами 2004-1, 26.12.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 52-сон, 634-модда)
8-Сатр. Республика қарамоғидаги бюджет муассасаларининг маблағлари. Бу сатрда 23404 баланс ҳисобварағининг қолдиғи кўрсатилади.
9-Сатр. Капитал қўйилмаларни маҳаллий бюджетдан молиялаштириш. Бу сатрда 23424 баланс ҳисобварағининг қолдиғи кўрсатилади.
10-Сатр. Маҳаллий бюджет маблағлари — туман/шаҳар. Бу сатрда 23426 баланс ҳисобварағининг қолдиғи кўрсатилади.
11-Сатр. Маҳаллий бюджет маблағлари — вилоят. Бу сатрда 23430 баланс ҳисобварағининг қолдиғи кўрсатилади.
12-Сатр. Маҳаллий бюджет маблағлари — Қорақалпоғистон Республикаси. Бу сатрда 23432 баланс ҳисобварағининг қолдиғи кўрсатилади.
13-Сатр. Мижозлар билан ҳисоб-китоблар. Бу сатрда 29801 баланс ҳисобварағининг қолдиғи кўрсатилади.
18-Сатр. Нақд пул захираси. Бу сатрда 10102 баланс ҳисобварағининг ўртача икки ҳафталик қолдиғи кўрсатилади.
19-Сатр. Ўзбекистон Республикаси Валюта биржасига конвертация учун йўналтирилган мижозларнинг маблағлари. Ушбу сатрнинг (В) устунида ҳисоб-китоб даврида 19997 баланс ҳисобварағи орқали Ўзбекистон Республикаси Валюта биржасига конвертация учун йўналтирилган маблағлар суммаси, (Е) устунида (В) устуни кўрсаткичининг мажбурий резерв нормативи кўрсаткичига кўпайтмасидан ҳосил бўлган сумма кўрсатилади.
20-сатр. Сақлаш даврида мажбурий резервларда сақланиши лозим бўлган жами маблағлар. Бу сатр қуйидаги формула орқали ҳисобланади.