Ҳужжат кучини йўқотган " " 03.12.2021
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг
Буйруғи
ЭЛИТА ВА КЕЙИНГИ АВЛОДЛАРГА МАНСУБ УРУҒЛИК ПАХТА ЕТИШТИРИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА БЎЛИШ УЧУН ХЎЖАЛИКЛАР ЎРТАСИДА ТАНЛОВ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДАГИ БУЙРУҚҚА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2007 йил 24 мартда 1551-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
 LexUZ шарҳи
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 2 декабрдаги 21-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3340, 03.12.2021 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Уруғчилик тўғрисида»ги ва «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2006 йилда пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ва ғўзани навлар бўйича жойлаштириш тўғрисида» 2006 йил 31 январдаги ПҚ-543-сон қарори ҳамда Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссиясининг 2007 йил 29 декабрдаги 03/1-845-сонли йиғилиши Баённомасининг 6-банди топшириғининг ижросини таъминлаш мақсадида, буюраман:
1. «Элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2006 йил 21 февралдаги 39-сон буйруғига (2006 йил 13 март, рўйхат рақами 1551 — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 11-сон, 88-модда) киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари О. Оллаберганов зиммасига юклатилсин.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири С. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 1 март,
54-сон
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг
2007 йил 1 мартдаги 54-сон буйруғига
ИЛОВА
Элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар
1. «Элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқнинг номи ва 1-банддаги «элита» сўзларидан олдин «супер элита,» сўзлари қўшилсин.
2. Элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда:
Низомнинг номи ва бутун матни бўйича «элита» сўзларидан олдин «супер элита,» сўзлари қўшилсин;
муқаддимадаги «ширкат» сўзи «тажриба» сўзи билан алмаштирилсин;
2-банднинг иккинчи хатбошидаги «туман ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлими, туман ер тузиш ва кадастр бўлими» сўзлари «ўсимликларни ҳимоя қилиш туман отрядлари, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими» сўзлари билан алмаштирилсин;
5-банднинг иккинчи хатбоши ва 25-банддан «ширкат» сўзлари чиқариб ташлансин;
6-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
V боб қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«V. Танлов ғолибларининг вазифалари, функциялари ва жавобгарлиги
25. Танлов ғолибларининг асосий вазифалари:
республика эҳтиёжини қондириш учун навлар бўйича зарур миқдордаги, стандарт талабларига мос келувчи нав уруғларининг авлодларини ҳисобга олган ҳолда етиштириш;
кўпайтирилаётган навнинг қимматли хўжалик, технологик хусусиятларини сақлаб қолиш;
юқори сифатли ва нав софлигига эга бўлган супер элита ва элита уруғларини етиштириш;
супер элита ва элита уруғликларини етиштириш ва қайта ишлаш тартиб ва қоидаларига амал қилиш;
нав муаллифлари ва нав оригинаторлари томонидан ишлаб чиқилган илмий асосланган тавсиялар асосида агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва меъёрларда сифатли ўтказилишини таъминлаш.
Танлов ғолиблари ўзларига юклатилган вазифаларга асосан қуйидаги функцияларни амалга оширади:
уруғлик майдонларини юқори унумдор, механизмлар ёрдамида ишлов беришга қулай, сув билан яхши таъминланган, шўрланмаган ва текис далаларда жойлаштиради;
алмашлаб экиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш дастурини тузиш ва уларнинг ҳисобини олиб боради;
ҳар бир гектар супер элита ва элита чигити экилган майдонларни бир мутахассис ҳисобида биттадан юқори малакали уруғчи-мутахассислар билан таъминлайди;
супер элита ва элита майдонларини ихчам қилиб жойлаштириш, белгиланган тартибда ва мақбул муддатларда оралиқ ҳимоя масофани сақлаган ҳолда экади;
фойдаланишга рухсат этилган препаратлар билан зарарсизлантирилган уруғларни экади;
нав ва тур тозалиги бўйича дала кўриги ва ўтоғини йилига камида икки марта ўтказишни ташкиллаштиради.
28-банддаги «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда» сўзлар чиқариб ташлансин.
25—28-бандлар тегишинча 26—29-бандлар деб ҳисоблансин.
3. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар «Ўзпахтасаноат» уюшмаси билан келишилган.
«Ўзпахтасаноат» уюшмаси раиси Ф. ОМОНОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 28 февраль
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 13-сон, 120-модда)