Ўзбекистон Республикасининг қонуни
НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан
2006 йил 11 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2006 йил 1 декабрда маъқулланган
2006 йил 11 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2006 йил 1 декабрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кафолатлар бериш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Ушбу Қонуннинг айрим нодавлат нотижорат ташкилотларига нисбатан қўлланилишининг ўзига хос хусусиятлари
Ушбу Қонун ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, нодавлат нотижорат ташкилотларига, шу жумладан касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, диний ташкилотлар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларига нисбатан, агар уларнинг ташкил этилишини ҳамда фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, қўлланилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги ва «Жамоат фондлари тўғрисида»ги қонунлари.
4-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш кафолатлари
Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, уларни қўллаб-қувватлаш шакллари ва шартларини белгилайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Юридик ва жисмоний шахслар қонунчиликка мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини молиявий ёки бошқа жиҳатдан қўллаб-қувватлашлари мумкин.
(4-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 511-моддаси, Ўзбекистон Республикаси «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонунининг 12 — 15-моддалари.
2-боб. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг асосий кафолатлари
5-модда. Фаолият эркинлиги кафолатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонунчилик билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турини ўз уставларида белгиланган мақсадлари доирасида амалга ошириши мумкин.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақилдир, қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқа ҳолларда уларга ҳисобот бермайди ҳамда уларнинг назорати остида бўлмайди.
(5-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонунининг 33-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонунининг 16 ва 17-моддалари.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.
6-модда. Ахборотдан фойдаланиш кафолатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунчиликка мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлашга бўлган ҳуқуқини таъминлайди.
(6-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги ва «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонунлари.
Ахборотдан фойдаланиш тегишли материалларни эълон қилиш йўли билан ҳамда уставда белгиланган фаолиятни амалга ошириш мақсадида зарур ахборотни олиш учун давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига сўров билан мурожаат қилиш ҳуқуқининг нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўёбга чиқарилиши орқали таъминланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Нодавлат нотижорат ташкилотининг сўровига иложи борича қисқа муддатда, агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, сўров олинган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жавоб қайтарилиши керак.
(6-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни 9-моддасига асосан сўралаётган ахборотни белгиланган муддатда тақдим этишнинг иложи бўлмаган тақдирда ахборот олиш учун мурожаат этган шахсга уни тақдим этиш кечиктирилганлиги тўғрисида хабар юборилади. Сўралаётган ахборотни тақдим этишни кечиктириш сўров берилган санадан эътиборан икки ойдан ортиб кетмаслиги лозим.
Агар орган ёки мансабдор шахс сўралаётган ахборотга эга бўлмаса, ўзига мурожаат этган нодавлат нотижорат ташкилотига сўров олинган санадан эътиборан етти кундан кечиктирмай бу ҳақда маълум қилиши, шунингдек имкониятга қараб, унга бундай ахборотга эга бўлган органнинг ёки мансабдор шахснинг номини маълум қилиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари нодавлат нотижорат ташкилотларига бу ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қонунчилик ҳужжатлари, ҳужжатлар, қарорлар ҳамда бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши шарт.
(6-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ахборот бепул берилади, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
(6-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси.
7-модда. Мулк ҳуқуқи кафолатлари
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг мулки дахлсиз ва қонун билан муҳофаза қилинади. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг мол-мулки национализация, реквизиция ва мусодара қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонунининг 34-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 202 — 204-моддалари.
3-боб. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш
8-модда. Ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш
Нодавлат нотижорат ташкилоти ўзининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.
Агар нодавлат нотижорат ташкилотининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Агар бундай маълумотлар ташкилотдан юборилган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак.
Ўзининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган нодавлат нотижорат ташкилоти бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш натижасида етказилган зарарларнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.
9-модда. Интеллектуал фаолият натижаларини ҳимоя қилиш
Нодавлат нотижорат ташкилотининг интеллектуал фаолиятнинг объектив ифода этилган натижаларига ва унинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситаларга бўлган мутлақ ҳуқуқи қонун билан муҳофаза этилади ҳамда давлат томонидан ҳимоя қилинади.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 97, 1031 — 1040-моддалари.
10-модда. Давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилиш
Нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади.
Давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида нодавлат нотижорат ташкилотига етказилган зарарнинг ўрни суднинг қарори асосида қопланиши керак.
Қўшимча маълумот учун қаранг:Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 15-моддаси.
4-боб. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
11-модда. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари
Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат қонунчиликка мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини бошқа жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.
(11-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонуни 12-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси ва 19-моддаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мамлакатда демократик ўзгаришларни янада ривожлантиришга ва бунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг алоҳида бўлинмалари, шунингдек Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тузилади.
(11-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 28 октябрдаги 5005-IV/КҚ-842-IV-сонли «Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қўшма қарори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12-модда. Давлат субсидияси
Давлат субсидияси Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан, давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун бериладиган ва махсус лойиҳалар билан боғлиқ бўлмаган молиявий ёки бошқа моддий кўмакдир.
Нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат субсидияларини ажратиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан белгиланади.
(12-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
13-модда. Давлат гранти
Давлат гранти нодавлат нотижорат ташкилотларига ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун танлов асосида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети маблағлари ҳисобидан бериладиган пул маблағлари ва моддий ресурслардир.
Нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат грантларини ажратиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан белгиланади.
(13-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
14-модда. Давлат ижтимоий буюртмаси
Нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат ижтимоий буюртмаси социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида шартнома тузиш орқали ишларни бажариш ёки тадбирлар ўтказишга қаратилган давлат топшириғидан иборатдир.
Нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан белгиланади.
Давлат органлари ҳар йили социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бевосита давлат ижтимоий буюртмасини бериш бўйича танловлар ташкил этади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари тегишли соҳалар ва тармоқлардаги муаммоларнинг ечимини назарда тутувчи ташаббусли лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмасини олиш тўғрисида давлат органига таклиф киритиши мумкин. Ташаббусли лойиҳа белгиланган тартибда давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан ижобий баҳоланган тақдирда, унинг ташаббускорига давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача миқдордаги давлат ижтимоий буюртмаси тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан берилиши мумкин.
Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат ижтимоий буюртмаси бериш, шунингдек танлов шартлари ва уни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
(14-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 февралдаги 135-сон қарори билан тасдиқланган Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-5-боблари.
5-боб. Якунловчи қоидалар
15-модда. Низоларни ҳал этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кафолатлар бериш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(15-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
16-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(16-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 239-моддаси, Жиноят кодексининг 216-моддаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
(17-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
(17-модданинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
18-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2007 йил 4 январдаги 3 (4156) – сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 3 январь,
ЎРҚ-76-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 1-2-сон, 2-модда; 2008 й., 51-сон, 500-модда; 2017 й., 37-сон, 978-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.07.2020 й., 03/20/629/1087-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)