Ўзбекистон Республикасининг қонуни
СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
I. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади сиёсий партияларни молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги қонунчилик
Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 мартдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган «Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисида Низом».
3-модда. Сиёсий партияларни молиялаштириш манбалари
Сиёсий партияларни молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:
кириш ва аъзолик бадаллари, агар сиёсий партиянинг уставида бундай бадаллар тўлаш назарда тутилган бўлса;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;
(3-модданинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ушбу Қонунга мувофиқ ажратиладиган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқаролари томонидан ушбу Қонунга мувофиқ бериладиган хайрия ёрдами.
4-модда. Сиёсий партияларни молиялаштиришнинг асосий принциплари
Қонунийлик, очиқлик, ошкоралик ва сиёсий партияларнинг тенг ҳуқуқлилиги сиёсий партияларни молиялаштиришнинг асосий принципларидир.
5-модда. Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларнинг барча учун очиқлиги
Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларнинг мазкур партиялар аъзолари ва жамоатчилик учун очиқлиги сиёсий партияларнинг ўзи томонидан таъминланади.
Сиёсий партиялар ўз фаолиятининг молиялаштирилиши ҳажми ва манбалари ҳақида ахборот эълон қилиб туриши керак.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 декабрдаги 337-I-сон «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуни 15-моддасининг бешинчи қисми.
6-модда. Сиёсий партияларнинг молиявий ва бошқа маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланиши
Сиёсий партиялар молиявий ва бошқа маблағлардан қонунда ҳамда уставларида назарда тутилган мақсадларда фойдаланади. Бу маблағлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.
Сиёсий партияларнинг мол-мулки ва пул маблағлари сиёсий партия аъзолари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партияларга, уларнинг ташкилотларига биттадан ортиқ банкда банк ҳисобварақларига, шунингдек чет эл банкларида ҳисобварақларга эга бўлиш тақиқланади.
(6-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партиялар битта банкда қуйидаги талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварақларига эга бўлиши мумкин:
асосий ҳисобварақ — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни ўтказиш, улардан фойдаланиш ва уларни назорат қилиш учун;
иккита иккиламчи ҳисобварақ:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) аъзолик бадаллари, хайриялар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан келиб тушадиган маблағларни ўтказиш ва улардан фойдаланиш учун;
(6-модда тўртинчи қисмининг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан келиб тушадиган маблағларни ўтказиш ва улардан фойдаланиш учун.
(6-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда)
II. Сиёсий партияларни давлат томонидан молиялаштириш
7-модда. Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш
Сиёсий партия, агар у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) сайлов якунлари бўйича «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонунига мувофиқ Қонунчилик палатасида сиёсий партия фракциясини тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини олган бўлса, ўзининг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик ҳажми шу маблағларни ажратиш мўлжалланаётган йилдан олдинги йилнинг 1 сентябридаги ҳолатга кўра белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки ярим фоизини Қонунчилик палатасига ўтказилган охирги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонига кўпайтмаси миқдорида шакллантирилади.
(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 2 июлдаги ЎРҚ-934-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2024 й., 03/24/934/0469-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган давлат маблағларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик палатасига охирги сайловнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан аниқланган натижаларига асосан бу маблағларни олиш ҳуқуқига эга бўлган сиёсий партиялар ўртасида қуйидаги тартибда тақсимлайди:
ажратиладиган маблағларнинг қирқ фоизи сиёсий партиялар ўртасида тенг миқдорда;
ажратиладиган маблағларнинг олтмиш фоизи сиёсий партиялар ўртасида уларнинг Қонунчилик палатасида олган депутатлик ўринлари миқдорига мутаносиб равишда.
(7-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 2 июлдаги ЎРҚ-934-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2024 й., 03/24/934/0469-сон)
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 мартдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган «Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисида Низом».
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда Қонунчилик палатаси депутатларининг сони ўзгарган тақдирда, давлат маблағларини қайта тақсимлаш амалга оширилмайди.
(7-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 2 июлдаги ЎРҚ-934-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2024 й., 03/24/934/0469-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
8-модда. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш
Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда фақат ана шу мақсадлар учун ажратиладиган давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Сиёсий партияларни сайловда бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш ва моддий жиҳатдан ўзгача тарзда қўллаб-қувватлаш тақиқланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 100-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 октябрдаги 969-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни молиялаштириш ҳамда маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 3-боби.
Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади.
Сайловда сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган маблағлар сиёсий партия томонидан:
ташвиқот олиб боришга;
номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга;
сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланиши керак.
Агар Қонунчилик палатасига сайлов якунлари бўйича сиёсий партия фракция тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини ололмаган бўлса, сиёсий партиянинг Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари мазкур партиянинг бошқа манбалардан олган маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилиши керак.
(8-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)
9-модда. Қонунчилик палатасидаги сиёсий партия фракцияларининг фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш
Қонунчилик палатасидаги сиёсий партия фракцияларининг фаолиятини ташкилий, техникавий жиҳатдан ва бошқа тарзда таъминлаш учун ажратиладиган давлат маблағлари Қонунчилик палатасининг харажатлар сметасида назарда тутилади.
10-модда. Давлат томонидан молиялаштириш манбаи ва уни ажратиш тартиби
Сиёсий партияларни давлат томонидан молиялаштириш манбаи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағларидир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партияларни молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари сиёсий партияларнинг банк ҳисобварақларига белгиланган тартибда ўтказилади.
(10-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда)
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 мартдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-банди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партия томонидан молия йили мобайнида фойдаланилмаган давлат маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилмайди ва бу маблағлардан келгуси йилларда уларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун фойдаланилади.
(10-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда)
Сиёсий партия давлат маблағларини олишдан воз кечишга ҳақли.
11-модда. Сиёсий партияни давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тугатиш
Сиёсий партияни давлат томонидан молиялаштириш партия фаолияти тўхтатиб турилган ёки тугатилган тақдирда тўхтатиб турилади ёхуд тугатилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 декабрдаги 337-I-сон «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунининг 10, 11-моддалари.
Сиёсий партия устав фаолиятини давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тугатиш учун қуйидагилар ҳам асос бўлиши мумкин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликда белгиланган тартибда сиёсий партиянинг қайта ташкил этилганлиги (бошқа сиёсий партияларга қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бундан мустасно);
(11-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига кўра, сиёсий партияни қайта ташкил этиш тартиби унинг уставида белгилаб қўйилиши лозим.
сиёсий партия давлат маблағларидан белгиланмаган мақсадда фойдаланганлиги, шу жумладан уставда назарда тутилган фаолияти учун ажратилган маблағлардан сайловда иштирок этишни молиялаштириш учун фойдаланганлиги.
Сиёсий партия устав фаолиятини давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги қарор ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган асосларга биноан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қабул қилинади. Давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги қарор устидан сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиши мумкин.
Сиёсий партия қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилганда сиёсий партиянинг ҳуқуқий вориси давлат томонидан молиялаштирилиш ҳуқуқига эга бўлади.
III. Сиёсий партияларга бериладиган хайрия ёрдами
12-модда. Сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқароларидан хайрия ёрдами олиш ҳуқуқи
Сиёсий партия хайрия ёрдамини фақат Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бундан мустасно) ва фуқароларидан пул шаклида ҳамда мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тарзида ва фақат уставда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун олиш ҳуқуқига эга.
Ушбу Қонуннинг 15-моддасида назарда тутилган чеклашлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ходимлари сифатида оладиган иш ҳақига татбиқ этилмайди.
Сиёсий партия хайрия ёрдамини қабул қилишни рад этишга ҳақли.
13-модда. Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари томонидан бериладиган хайрия ёрдами
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партия Ўзбекистон Республикасининг бир юридик шахсидан бир йил мобайнида олган хайрия ёрдами суммаси хайрия ёрдами берилган йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан ошмаслиги лозим.
(13-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси сиёсий партияга пул маблағлари шаклидаги хайрия ёрдамини беришда уни сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига юридик шахслар учун нақд пулсиз ҳисоб-китоблар қоидаларида назарда тутилган реквизитларни кўрсатган ҳолда ўтказади ва тўлов топшириқномасида ушбу Қонуннинг 15-моддасида назарда тутилган хайрия ёрдами беришга чеклашлар йўқлиги ҳақида белги қўяди.
Хайрия ёрдами, агар у ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган суммадан ортиқроқ бўлса, олинган кундан эътиборан бир ой ичида сиёсий партия хайрия ёрдами берувчига уни қайтариши, қайтариш имконияти бўлмаган тақдирда эса, давлат даромадига ўтказиши лозим.
14-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан бериладиган хайрия ёрдами
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партия Ўзбекистон Республикасининг бир фуқаросидан бир йил мобайнида олган хайрия ёрдами суммаси хайрия ёрдами берилган йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз бараваридан ошмаслиги лозим. Ушбу чеклаш сиёсий партия аъзолари партия уставига асосан тўлайдиган аъзолик бадалларига татбиқ этилмайди.
(14-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг фуқароси сиёсий партияга пул маблағлари тарзидаги хайрия ёрдамини беришда уни сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига шахсан, паспортини ёки идентификацияловчи ID-картасини ёхуд унинг ўрнини босувчи ҳужжатни тақдим этган ҳамда тўлов топшириқномасида ёхуд пул жўнатмасида фамилиясини, исмини, отасининг исмини ва паспортига ёки идентификацияловчи ID-картасига оид маълумотларни кўрсатган ҳолда ўз маблағларидан ўтказади.
(14-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 14 мартдаги ЎРҚ-759-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.03.2022 й., 03/22/759/0213-сон)
Хайрия ёрдами, агар у ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган суммадан ортиқроқ бўлса, олинган кундан эътиборан бир ой ичида сиёсий партия хайрия ёрдами берувчига уни қайтариши, қайтариш имконияти бўлмаган тақдирда эса, давлат даромадига ўтказиши лозим.
15-модда. Сиёсий партияларга хайрия ёрдами беришдаги чеклашлар
Сиёсий партияларга пул маблағлари шаклидаги, мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тариқасидаги (шу жумладан грантлар ажратиш, техник ёрдам кўрсатиш, сафарлар билан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида ўтказиладиган тренинглар, семинарлар, конференциялар билан боғлиқ харажатларга ҳақ тўлаш орқали) хайрия ёрдами қуйидагилар томонидан берилишига йўл қўйилмайди:
чет давлатлар;
чет давлатларнинг юридик шахслари, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари;
халқаро ташкилотлар, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари;
чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар;
чет эл фуқаролари;
фуқаролиги бўлмаган шахслар.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, диний ташкилотлар ва номи яширилган ёки фақат тахаллуси кўрсатилган шахслар томонидан сиёсий партияларга пул маблағлари шаклида, мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тарзида хайрия ёрдами берилишига ҳам йўл қўйилмайди.
IV. Молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда сиёсий партияларнинг улардан белгиланган мақсадда фойдаланиши устидан назорат
16-модда. Сиёсий партияларнинг молиявий ҳисобдорлиги
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партиялар қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда молиявий ҳамда бухгалтерия ҳисобдорлигини амалга оширади.
(16-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунининг 4, 22 — 26-моддалари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партия ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда ҳамда тартибда молия органларига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигига ҳисобот даврида олинган ҳамда сарфланган молиявий ва бошқа маблағлар тўғрисида молиявий ҳисобот тақдим этиши шарт. Сиёсий партия сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ўзига ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунида оралиқ ҳисоботни, сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин эса якуний ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади.
(16-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)
Сиёсий партиянинг молиявий ҳисоботида сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига ҳисобот даврида келиб тушган маблағларнинг манбалари ва миқдорлари тўғрисидаги, шу маблағларнинг сарфланиши ҳақидаги, сиёсий партиянинг қиймати ҳам кўрсатилган мол-мулки тўғрисидаги, шунингдек мазкур партиянинг давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва фуқароларидан хайрия ёрдами пул маблағларидан бошқа шаклда олинган тақдирда, сиёсий партия уни Ўзбекистон Республикаси қонунчиликка мувофиқ пул ифодасида баҳолайди ва тегишли маълумотларни, шу жумладан хайрия ёрдами берувчи ҳақидаги маълумотларни сиёсий партиянинг молиявий ҳисоботига киритади.
(16-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партиянинг молиявий ҳисоботида давлат маблағларининг келиб тушиши ва сарфланиши алоҳида қисмда назарда тутилади. Бунда сиёсий партия томонидан сайловда иштирок этиш учун сарфланган маблағлар алоҳида ҳисобга олинади.
Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш тўғрисидаги ҳисобот шакли ва уни тақдим этиш муддати Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Сиёсий партиянинг ҳисоботлари унинг расмий веб-сайтида ва босма нашрида эълон қилинади.
(16-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонунига асосан бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмлар билан алмаштирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)
17-модда. Сиёсий партияларнинг молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботлари
Сиёсий партиялар ҳар йили барчанинг эътибори учун ўз бюджетларини эълон қилади ва ўз фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисида Қонунчилик палатасига ёки у ваколат берган органга белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуни 15-моддасининг бешинчи қисми.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партиянинг ҳисоботига унинг сайловда иштирок этишини ва уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ҳисобот йилида партиянинг ҳисоб-китоб варағига келиб тушган ҳамда сарфланган давлат маблағлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигининг хулосаси илова қилинади.
(17-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)
Сиёсий партиянинг молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботи оммавий ахборот воситалари ва манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари таклиф этилган ҳолда кўриб чиқилади.
18-модда. Молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда сиёсий партиялар томонидан сарфланиши устидан назорат
Олдинги таҳрирга қаранг.
Молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда сиёсий партияларнинг улардан белгиланган мақсадда фойдаланиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан сиёсий партияларнинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
(18-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)
Молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушишини ҳамда сиёсий партияларнинг улардан белгиланган мақсадда фойдаланишини текшириш Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида ўндан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳининг мурожаатига биноан Қонунчилик палатаси томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.
V. Якунловчи қоидалар
19-модда. Сиёсий партияларни молиялаштириш масалалари юзасидан давлат органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш
Сиёсий партия ўз фаолиятининг молиялаштирилиши масалалари юзасидан тегишли давлат органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиши мумкин.
20-модда. Низоларни ҳал қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партияларни молиялаштириш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.
(20-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуни 15-моддаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
21-модда. Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(21-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 518-моддаси ва 239-моддасининг иккинчи қисми.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 30 апрель,
617–II-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 21-сон, 248-модда; 2015 й., 52-сон, 645-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон; 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон, 14.03.2022 й., 03/22/759/0213-сон; 04.07.2024 й., 03/24/934/0469-сон)