|
Ҳужжат 13.10.2006 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш |
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан
2006 йил 21 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2006 йил 25 августда
маъқулланган
2006 йил 21 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2006 йил 25 августда
маъқулланган
I. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) киритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ қуйидагилар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга:
1) Ўзбекистон Республикасининг Президенти;
2) ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси;
3) Қонунчилик палатаси депутатлари;
4) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
5) Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;
6) Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
7) Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди;
Кейинги таҳрирга қаранг.
8) Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан қонунлар лойиҳаларини киритиш орқали амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакили
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ёки Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Қонунчилик палатасида ўзи киритган қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда иштирок этиш учун ўз вакилини тайинлайди. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқининг бошқа субъектлари ҳам (Қонунчилик палатаси депутатларидан ташқари) қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда иштирок этиш учун ўз вакилини тайинлаши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил 9 августдаги 2406-IV-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг 124-моддаси.
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш борасидаги фаолияти
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
1) ўз ташаббуси билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қўмиталарининг таклифлари ва тавсиялари асосида қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритади;
2) вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органларига қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш тўғрисида топшириқлар беради, қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ишини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
3) қонунлар лойиҳаларини давлат органларига, нодавлат ташкилотларга ва илмий муассасаларга тақриз учун юборади;
4) вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг амалдаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиш амалиёти ҳамда уларнинг самарадорлигини ўрганиш натижалари тўғрисидаги ахборотларини эшитади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
5) қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш борасида бошқа фаолиятни амалга оширади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуни.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш соҳасидаги ваколати
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколати доирасида:
1) қонун ижодкорлиги масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради ҳамда мазкур фаолиятга услубий жиҳатдан раҳбарлик қилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
2) қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқнинг қўлланилиш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати олиб борилишини таъминлайди;
3) қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқади, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларига биноан ва ўз ташаббуси билан қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади;
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонунининг 21-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низом 10-банди 1 кичик бандининг тўққизинчи хатбошиси.
5) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш масалалари бўйича таклифларини кўриб чиқади ва умумлаштиради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
6) қонунлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади, уларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7) қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлаштириш тўғрисида, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва яхлитлилигини таъминлаш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга оид таклифларни таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда уларни Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади, қонун ҳужжатларини кодификациялаш ишларини амалга оширади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
8) қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш заруриятига оид масалаларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан олдиндан келишиб олади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низом.
8-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган давлат органларининг, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиши
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролар қонунлар лойиҳаларини ёки янги қонун қабул қилиниши, қонунга ўзгартишлар, қўшимчалар киритилиши, шунингдек амалдаги қонунни ёки унинг бир қисмини ўз кучини йўқотган деб топиш зарурлиги тўғрисидаги таклифларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти кўриб чиқиши учун киритиши мумкин.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ёки фуқаролар томонидан киритилган қонунлар лойиҳаларини ёки таклифларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ўзи ишлаб чиқаётган қонунлар лойиҳалари учун асос сифатида қабул қилиши мумкин.
II. Қонун лойиҳасини тайёрлаш
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг намунавий Регламенти.
9-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлаш тартиби
Қонун лойиҳасини тайёрлаш:
қонун лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш ва уни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилишни;
қонун лойиҳасини тайёрлашни ташкилий-техникавий ва молиявий жиҳатдан таъминлашни;
зарур материаллар ва ахборот тўплашни;
қонун лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқишни;
қонун лойиҳасини тузишни;
ҳуқуқий ва бошқа зарур экспертиза ўтказишни ўз ичига олади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10-модда. Қонун лойиҳасини бир нечта қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари билан биргаликда тайёрлаш
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти қонун лойиҳасини биргаликда тайёрлаш тўғрисидаги таклиф билан бошқа қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига мурожаат қилиши мумкин.
11-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлашни ташкил этиш
Қонун лойиҳасини тайёрлаш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан ишчи гуруҳи (комиссияси) тузилиши мумкин.
Ишчи гуруҳи (комиссияси) таркибига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти юридик хизматининг ва бошқа бўлинмаларининг вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идораларнинг тегишли тармоқлар ёки бошқарув соҳаларининг ҳолати ва ривожланиши учун масъул бўлган вакиллари, бошқа манфаатдор давлат органлари, илмий муассасалар, нодавлат ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролар киритилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ишчи гуруҳи (комиссияси) аъзолари қонун лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган тегишли билим ва тажрибага эга бўлишлари керак.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти қонун лойиҳасини тайёрлаш чоғида ишчи гуруҳининг (комиссиясининг) фаолиятини таъминлаш учун вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралардан қонун лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар, статистика маълумотлари ҳамда бошқа маълумотларни олишга, шунингдек тайёрланаётган қонун лойиҳаси бўйича маслаҳатлар, тавсиялар ва экспертлар хулосалари олишга ҳақлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти, зарур бўлган ҳолларда, қонун лойиҳасини тайёрлашни давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга белгиланган тартибда ўз ваколати доирасида топшириши ёки уларга шартнома асосида буюртма бериши мумкин.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти, зарур бўлган ҳолларда, қонунларнинг муқобил лойиҳаларини тайёрлашни бир нечта давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга ўз ваколати доирасида топширишга ёки улар билан шартномалар тузишга, шунингдек энг яхши қонун лойиҳаси учун танловлар эълон қилишга ҳақлидир.
12-модда. Қонун лойиҳасининг концепцияси
Қонун лойиҳасини тайёрлаш унинг концепциясини ишлаб чиқишдан бошланади. Концепцияда қуйидагилар белгиланиши керак:
ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети;
тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг мазкур соҳада амалда бўлган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили илова қилинган ҳолдаги умумий тавсифи ва ҳолатига берилган баҳо;
қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти асослари;
қонун лойиҳасининг асосий қоидалари;
бўлғуси қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари тахмини.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сонли қарори билан тасдиқланган Қонун лойиҳаси концепциясига, қонун лойиҳасига илова қилинадиган тушунтириш хати, таҳлилий ва ахборот материалларига қўйиладиган асосий асосий талаблар.
13-модда. Қонунлар лойиҳаларига қўйиладиган асосий талаблар
Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг принциплари ва нормалари ҳисобга олинади. Қонунлар лойиҳалари қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.
См.: статью 54 Закона Республики Узбекистан «О нормативно-правовых актах».
14-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлашда қонунчиликнинг ҳолатини ва ҳуқуқнинг қўлланилиш амалиётини ўрганиш
Қонун лойиҳасини тайёрлаш қонунчиликнинг ҳолатини чуқур ўрганишга, ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган нуқсонлар ва зиддиятларни аниқлашга, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиш амалиётини таҳлил этишга асосланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15-модда. Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибани ҳисобга олиш
Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари ҳисобга олинади, шунингдек қонун билан тартибга солиш борасида бошқа давлатлар тажрибаси ўрганилади.
16-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлашда жамоатчилик фикрини ўрганиш
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритгунига қадар жамоатчилик фикрини ўрганишни ташкил этишга ҳақлидир. Қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш тартиби ва шакли қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Қонун лойиҳасини тақриз учун юбориш
Қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан бошқа қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларига, шунингдек манфаатдор давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, илмий муассасаларга тақриз учун юборилиши мумкин.
Қонун лойиҳаси фақат қонун лойиҳаси борасидаги ишлар тугалланганидан ва у бўйича экспертиза ўтказилганидан кейин қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан тақриз учун юборилади.
III. Қонунлар лойиҳаларининг мазмунига қўйиладиган асосий талаблар.
Қонун лойиҳаларининг экспертизаси
Қонун лойиҳаларининг экспертизаси
18-модда. Қонунлар лойиҳаларининг шакли
Тартибга солинадиган муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда қонунлар лойиҳалари қуйидаги шаклда ишлаб чиқилади:
1) Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунлари ва қонунлари лойиҳалари;
2) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларига ҳамда қонунларига ўзгартиш, қўшимча ва тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунлар лойиҳалари;
3) Ўзбекистон Республикаси қонунларини ёки уларнинг айрим нормаларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонунлар лойиҳалари.
19-модда. Қонун лойиҳасининг тузилиши
Қонун лойиҳаси, қоида тариқасида, бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфларга ажратилади.
Қонун лойиҳаси унинг қабул қилиниши сабаблари ва мақсадларига оид тушунтиришни қамраб олган муқаддимага эга бўлиши мумкин. Норматив кўрсатмалар муқаддимага киритилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфлар сарлавҳага эга бўлади ҳамда рақамланади.
Қонун лойиҳасида норматив кўрсатмалар тартиб рақамига эга бўлган моддалар кўринишида баён этилади. Моддалар қисмларга ажратилиши мумкин. Моддаларнинг қисмлари бандлар, кичик бандлар ва хатбошиларни қамраб олиши мумкин. Кодекслар ва бошқа қонунлар лойиҳаларининг моддаларига, қоида тариқасида, сарлавҳа қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар, параграфлар, моддалар, шунингдек моддаларнинг қисмлари, бандлари ва кичик бандлари лойиҳа мавзуи мантиқан ривожланиб боришини таъминлайдиган тарзда кетма-кет жойлаштирилади.
Қонун лойиҳасининг матнига:
қонун лойиҳасининг ёки унинг айрим қоидаларининг кучга кириш муддати ва тартиби тўғрисидаги;
илгари қабул қилинган қонунларни ёки уларнинг айрим қоидаларини мазкур Қонун қабул қилиниши муносабати билан ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қоидалар киритилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 237-II/150-II-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари»нинг 2-боби.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20-модда. Қонун лойиҳаси баёнига тааллуқли талаблар
Қонун лойиҳаси лўнда, аниқ, оддий ва равон тилда, нормаларни турлича изоҳлашни истисно этадиган тарзда юридик атамашуносликка риоя қилинган ҳолда баён қилинади. Эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар қўлланилишига йўл қўйилмайди.
21-модда. Қонун лойиҳаси матнида тушунчалар ва атамалардан фойдаланиш
Қонун лойиҳасида фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Зарур бўлган ҳолларда, қонунлар лойиҳаларида юридик, техник ва бошқа махсус атамалар ҳамда тушунчаларнинг қисқача таърифи берилади, умум қабул қилинган қисқартмалар қўлланилади ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар берилади.
22-модда. Қонун лойиҳасида ҳаволалардан фойдаланиш
Қонун лойиҳасининг моддаларида (қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларида) унинг бошқа моддаларига (қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларига), бўлимлари, кичик бўлимлари, боблари, параграфларига, шунингдек бошқа қонунларга ва уларнинг айрим қоидаларига ҳаволалар норматив кўрсатмаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш зарурати бўлган ҳолларда ёхуд такрорлашларга йўл қўймаслик учун қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 237-II/150-II-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари»нинг 5-боби.
23-модда. Қонун лойиҳасини экспертизадан ўтказиш
Қонун лойиҳаси устидаги иш тугалланганидан сўнг унинг сифатига баҳо бериш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг қарорига биноан лойиҳа ҳуқуқий ва бошқа хил (иқтисодий, молиявий, илмий-техникавий, экология ва ўзга) экспертизадан ҳам ўтказилиши мумкин. Экспертлар қонун лойиҳасининг экспертизаси натижалари бўйича тегишли хулоса тақдим этадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Экспертлар сифатида қонун лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва (ёки) шахслар жалб қилинади. Экспертиза ўтказиш учун олимлар ва мутахассислар, шу жумладан бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан олимлар ва мутахассислар таклиф этилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси жараёнида билдирилган ёки экспертларнинг хулосаларида баён этилган таклифлар ва мулоҳазалар тавсия хусусиятига эгадир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24-модда. Қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси
Қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши лозим. Ҳуқуқий экспертиза ўтказилаётганда қонун лойиҳаси нормаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги текширилади.
Ҳуқуқий экспертиза қонун лойиҳасини тайёрлаган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг юридик хизмати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25-модда. Қонун лойиҳасининг молиявий-иқтисодий асослари
Моддий харажатлар талаб қилинадиган қонун лойиҳасини тайёрлашда унга молиявий-иқтисодий асослар илова қилинади, мазкур асосларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига келишув учун мажбурий тартибда юборади. Жавоб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тегишли ёзма мурожаат келиб тушган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига юборилиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси бўлиши зарур. Хулоса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли ёзма мурожаат келиб тушган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига юборилиши керак.
IV. Қонунлар лойиҳаларини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан
Қонунчилик палатасига киритиш тартиби
Қонунчилик палатасига киритиш тартиби
26-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарори
Қонун лойиҳаси тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленумида, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Пленумида муҳокама этилади ва уни Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарорда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакили кўрсатилади, у қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқишда иштирок этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутати ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан якка тартибда қабул қилинади.
Бир нечта қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан тайёрланган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарор ҳар бир қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан алоҳида қабул қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига давлат тилида киритилади. Бир вақтнинг ўзида уларнинг бошқа тиллардаги таржимаси тақдим этилиши мумкин.
27-модда. Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳасига илова қилинадиган ҳужжатлар
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилаётганда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши керак:
1) қонун лойиҳасининг концепцияси баён қилинган тушунтириш хати;
2) ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек қонун лойиҳаси киритилиши билан боғлиқ қонунларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
3) ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши керак бўлган қонуности ҳужжатларининг рўйхати;
Кейинги таҳрирга қаранг.
4) моддий харажатлар талаб қилинадиган қонунлар лойиҳалари учун молиявий-иқтисодий асослар;
5) давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ёки Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан Қонунчилик палатасига киритилаётганда мазкур органларнинг қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги тегишли қарори тақдим этилиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қонун лойиҳаси матнининг ҳамда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган материалларнинг нусхалари электрон шаклда тақдим этилиши керак.
Қаранг: «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 237-II/150-II-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари»нинг 6-моддаси.
28-модда. Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаси матнини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан ўзгартириш
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Қонунчилик палатасига ўзи киритган қонун лойиҳаси матнини қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар ўзгартиришга ҳақли.
29-модда. Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан чақириб олиш
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Қонунчилик палатасига ўзи киритган қонун лойиҳасини мазкур лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар чақириб олишга ҳақлидир. Агар қонун лойиҳаси бир нечта қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан киритилган ва мазкур субъектларнинг барчаси лойиҳани чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса, қонун лойиҳаси чақириб олинган деб ҳисобланади.
30-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига қайта киритиш
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари Қонунчилик палатасининг таклифларини ҳисобга олган ҳолда маромига етказилган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига қайта киритишга ҳақли.
V. Якунловчи қоидалар
31-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
32-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Мазкур Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2006 йил 13 октябрдаги 201 (4100)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 11 октябрь,
ЎРҚ-60-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 41-сон, 406-модда; 2014 й., 20-сон, 222-модда; 2017 й., 37-сон, 978-модда, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.01.2018 й., 03/18/456/0512-сон, , 10.01.2018 й., 03/18/459/0536-сон; 11.05.2019 й., 03/19/536/3114-сон; 10.08.2020 й., 03/20/631/1153-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 12.10.2021 й., 03/21/721/0952-сон; 27.10.2022 й., 03/22/796/0966-сон; 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон; 19.02.2024 й., 03/24/909/0133-сон; 10.04.2025 й., 03/25/1054/0329-сон)