toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Республикада криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш соҳасида самарали рақамли назорат, таҳлил ва прогнозлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Давлат органлари ва ташкилотларининг мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини таъминлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликлар омилларини илмий-амалий таҳлил қилиш ҳамда жиноятчилик ҳолатини прогнозлаш асосида бу соҳадаги бошқарувнинг янгича механизмларини йўлга қўйиш мақсадида қарор қиламан:
I. Асосий мақсадлар
1. Қуйидагилар ушбу Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) криминоген вазиятни таҳлил қилиш амалиётини жиноятларни қайд этиш ва умумлаштиришдан сунъий интеллект ёрдамида жиноятчилик динамикасини олдиндан прогнозлаш, хавф омилларини эрта аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган тизимга ўтказиш;
(б) ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш фаолиятига хавф таҳлилига асосланган механизмларни жорий этиш, криминоген вазиятни баҳолашда аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва яширин жиноятчилик индикаторларидан фойдаланишни назарда тутиш;
(в) вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жиноятларнинг барвақт олдини олиш соҳасидаги масъулиятини натижадорлик мезонлари асосида баҳолаш амалиётини йўлга қўйиш;
(г) прогнозлаш ва сунъий интеллект технологияларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ҳуқуқ-тартиботнинг куч ва воситаларини мақбул тақсимлаш, назорат тадбирларини режалаштириш ва ижтимоий хизматларни манзилли йўналтириш мақсадларида, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш кафолатларига қатъий риоя этган ҳолда қўллашни таъминлаш.
II. Криминоген вазиятни комплекс таҳлил қилиш ва жиноятчиликни прогнозлаш механизмлари
2. Бош прокуратуранинг қуйидагиларни назарда тутувчи Ягона криминоген маълумотлар платформаси (кейинги ўринларда — Платформа)ни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш ҳақидаги таклифига розилик берилсин:
(а) жиноятларнинг объектив ва субъектив сабаблари, масъул идоралар, мансабдор шахслар ҳамда бартараф этиш чораларининг электрон реестрини юритиш, кўрилган чоралар натижаларини инсон омилисиз ойлик, ярим йиллик ва йиллик назорат қилиш;
(б) ҳудудлар, маҳаллалар ва жиноят турлари кесимида жиноятчилик динамикасини ярим йиллик ва йиллик прогноз қилиш ҳамда унинг натижалари асосида криминоген вазияти оғир ҳудудларга вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган чораларни назарда тутувчи хабарномалар юбориш;
(в) жиноятчилик динамикаси, унга таъсир қилувчи ижтимоий-иқтисодий омиллар, инфратузилма хавфлари, профилактика самарадорлиги ва аҳолининг хавфсизлик ҳисси индикаторини акс эттирувчи криминоген барқарорлик индексини шакллантириш;
(г) вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг қуйи тузилмалари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини KPI асосида баҳолаш ва рейтингини юритиш;
(д) масъул идоралар учун интерактив маълумотлар панели, криминоген хариталар, автоматик ҳисоботлар, таҳлилий маълумотномалар ва прокурор назорати учун тавсиялар шакллантириш.
3. Вазирликлар ва идоралар Платформага қуйидаги маълумотларни Бош прокуратура билан келишилган формат, муддат ва сифат талаблари асосида «E-integratsiya» ягона интеграциялашув платформаси орқали автоматлашган тарзда тақдим этсин:
(а) «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика», «E-material», «E-muhokama», «E-ijtimoiy profilaktika», «112» ягона диспетчерлик хизмати, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва бошқа ахборот тизимлари маълумотлари;
(б) профилактик ҳисоб, пробация, маъмурий назорат, низоли оилалар, ҳимоя ордерлари, вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича маълумотлар;
(в) ишсизлик, камбағаллик, миграция, таълим, ижтимоий ёрдам, оилавий низолар, соғлиқни сақлаш, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва руҳий касалликлар билан боғлиқ хавф индикаторлари;
(г) ҳудудий инфратузилма, шу жумладан, ёритиш, видеокузатув, хавфли жамоат жойлари, назоратсиз объектлар, транспорт ва йўл инфратузилмаси бўйича маълумотлар;
(д) фуқаролар мурожаатлари, ишонч телефонлари, оммавий ахборот воситалари ва очиқ манбалар мониторинги, ижтимоий сўровлар ва виктимологик тадқиқотлар натижалари.
4. Вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда Платформага маълумот тақдим этувчи бошқа ташкилотлар 2027 йил март ойи якунига қадар:
(а) Платформага интеграция қилиш учун зарур бўлган маълумотларни тўлиқ хатловдан ўтказсин ҳамда уларни маҳалла, туман (шаҳар) ва вилоят кесимида рақамлаштирсин;
(б) маълумотларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги, долзарблиги ва ўзаро таққосланишини таъминласин, уларни ягона классификаторлар ва машинада ўқиладиган форматларга мувофиқлаштирсин;
(в) тегишли ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва электрон реестрларни Платформа билан автоматлаштирилган тарзда интеграция қилишга техник жиҳатдан тайёрласин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
(а) «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси ҳамда «E-integratsiya» ягона интеграциялашув платформаси орқали зарур маълумотларни тақдим этмаслик, кечиктириш ёки нотўғри маълумот киритиш ҳолатлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонунчилик ижроси бузилиши сифатида баҳоланади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради;
(б) Платформадан фойдаланишда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш, тизимдаги амаллар қайдини (audit-log) юритиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва маълумотларни эгасизлантириш талабларига қатъий риоя этилади;
(в) прогноз ва сунъий интеллект ёрдамидаги таҳлил натижалари шахсга нисбатан ҳуқуқий оқибат келтирувчи қарор қабул қилиш учун мустақил асос бўла олмайди.
6. Бош прокуратура Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2027 йил якунига қадар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Платформани синов тариқасида ишга тушириб, 2028 йилдан бошлаб уни республиканинг барча ҳудудларига босқичма-босқич жорий этиш чораларини кўрсин.
III. Криминоген вазиятни барқарорлаштиришни назорат қилиш
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
(а) Бош прокуратура томонидан жиноятчилик динамикасини прогноз қилиш натижасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборилган хабарномалар бўйича қуйидаги шошилинч комплекс чоралар амалга ошириб борилади:
(i) хабарнома қабул қилинганидан сўнг 3 сутка ичида туман (шаҳар) ҳокими раҳбарлигида идоралараро тезкор штаб ташкил этилади;
(ii) бир ой ичида жиноятчиликнинг хавф омиллари, объектив ва субъектив сабаблар ҳамда масъул идоралар фаолиятидаги камчиликлар аниқланади ва йиллик манзилли чора-тадбирлар режаси тасдиқланади;
(iii) ярим йил якуни билан режага асосан фаолият самарадорлиги оралиқ баҳоланади ва зарур ҳолларда йиллик манзилли чора-тадбирлар режаси қайта кўриб чиқилади;
(iv) йиллик кўрсаткичлар асосида натижалар якуний баҳоланади ҳамда йиллик манзилли чора-тадбирлар режаси ижросини таъминламаган масъул мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади;
(б) жиноятларнинг барвақт олдини олиш фаолиятида самарадорликка эришиш мақсадида вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари:
(i) Бош прокуратура томонидан бериладиган прогноз хабари асосида ўз соҳаларида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид вазифалар ижроси ҳамда манзилли чораларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариши учун шахсан масъул ҳисобланади;
(ii) ҳар чоракда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги KPI кўрсаткичлари, жиноятлар сабабларини бартараф этиш ҳолати ва криминоген вазият барқарорлигига таъсир қилувчи тизимли муаммолар бўйича Бош прокуратурага ҳисобот киритади.
8. Криминология тадқиқот институти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Жамоат хавфсизлиги университети ва Тошкент давлат юридик университети «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ҳар йили:
(а) аҳоли ўртасида миллий виктимологик сўров;
(б) аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончи бўйича ижтимоий сўров;
(в) ёшлар, вояга етмаганлар, аёллар, муқаддам судланган ва пробация ҳисобидаги шахслар, «қизил» тоифадаги маҳаллалар ҳамда бошқа масалалар бўйича манзилли криминологик тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этиш чораларини кўрсин. Бунда сўровлар ва тадқиқотлар режаси Бош прокуратура билан келишилади ҳамда уларнинг натижалари мунтазам равишда тақдим этиб борилади.
9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2028 йилдан бошлаб Бош прокуратура томонидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентига қуйидагиларни назарда тутувчи таҳлилий ахборотнома киритилади:
(а) республика ва ҳудудлар кесимида криминоген вазият динамикаси;
(б) криминоген барқарорлик индекси натижалари;
(в) жиноятчилик юзасидан прогнозлар аниқлиги ва улар асосида кўрилган чоралар самарадорлиги;
(г) вазирлик ва идораларнинг профилактика самарадорлиги бўйича KPI кўрсаткичлари;
(д) яширин (латент) жиноятчилик, фуқароларнинг хавфсизлик ҳисси индикаторлари ва виктимологик сўровлар натижалари;
(ж) Ўзбекистон Республикасидаги криминоген вазиятнинг МДҲга аъзо давлатлар ва бошқа хорижий давлатлар билан қиёсий таҳлили;
(з) криминоген вазиятни барқарорлаштириш соҳасида мавжуд тизимли муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни назарда тутувчи таклиф ва тавсиялар.
10. Мамлакатда тезкор вазиятга таъсир этувчи ҳолатларни эрта аниқлаш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг Тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
(а) республика, вилоят, туман ва шаҳар ҳамда маҳалла кесимида тезкор вазиятга таъсир этувчи ҳолатларни доимий ўрганиб бориб, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва Бош прокуратурани тезкор ахборот билан таъминлаш;
(б) олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар бўйича дастлабки тезкор-таҳлилий ўрганишни амалга ошириш, жиноят содир этилишига имкон берган объектив ва субъектив омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан ички ишлар органларига топшириқлар бериш;
(в) тезкор вазият кескинлашиши мумкин бўлган ҳудудлар, маҳаллалар, жиноят турлари ва шахслар тоифалари бўйича эрта огоҳлантирувчи хабарларни шакллантириш ва улар асосида патруль-пост, профилактика ва пробация хизматлари, терговга қадар текширув ва тезкор-қидирув бўлинмалар фаолиятини мақсадли йўналтириш;
(г) жиноятчилик прогнозлари ва криминоген вазият барқарорлиги индекси асосида ички ишлар органлари учун тезкор-профилактик чоралар режасини ишлаб чиқиш ҳамда унинг ижросини кунлик назорат қилиш;
(д) ҳар куни оғир ва ўта оғир жиноятлар ҳамда тезкор вазият бўйича маълумот, ҳар ойда криминоген вазияти оғир ҳудудлар ва жиноят турлари бўйича умумлаштирилган таҳлилий ҳисобот тайёрлаш.
11. Белгилансинки, Ички ишлар вазирлигининг Тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси томонидан берилган топшириқлар ва тақдим этилган таҳлилий хулосалар барча ҳудудий ички ишлар органлари учун кўриб чиқилиши мажбурий бўлиб, уларнинг биринчи раҳбарлари томонидан тезкор-профилактик чораларни кўриш учун асос ҳисобланади.
IV. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
12. Қуйидагилар:
(а) 2026 — 2030 йилларда криминоген вазиятни таҳлил қилиш ва жиноятчилик динамикасини прогнозлаш фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси 1-иловага мувофиқ;
(б) 2026-2027 йилларда криминоген вазиятни таҳлил қилиш, жиноятчилик динамикасини прогнозлаш ва хавфга асосланган назорат тизимини жорий этиш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
13. Мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижросини тўлақонли мувофиқлаштириб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадида:
(а) Бош прокуратуранинг Криминоген вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари негизида тегишинча Криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш устидан назорат бошқармаси (кейинги ўринларда — Бошқарма) ва унинг ҳудудий бўлимлари;
(б) Бошқарма таркибидаги Тезкор-таҳлил гуруҳи негизида Рақамли таҳлил ва прогнозлаш бўлими ташкил этилсин ҳамда уларнинг зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
(i) республика, вилоят, туман ва шаҳар ҳамда маҳалла кесимида криминоген вазиятни комплекс таҳлил қилиб, жиноятчилик динамикасини прогноз қилиб бориш;
(ii) олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг сабаблари, шарт-шароитлари ва уларни бартараф этиш чоралари ижроси бўйича ягона электрон мониторингни юритиш;
(iii) вазирлик ва идораларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид фаолияти самарадорлигини хавфга асосланган (risk control) тамойил асосида баҳолаб бориш, шунингдек, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш борасидаги қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга ошириш;
(iv) ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари фаолияти устидан прокурор назоратини методик таъминлаш ва мувофиқлаштириш;
(v) жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатини такомиллаштириш юзасидан, шу жумладан, илғор хорижий тажрибаларни тизимли ўрганиш орқали илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқишни ташкил этиш.
14. Белгилансинки, Бошқарма криминоген вазият барқарорлиги индексини юритиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда мазкур соҳада прокурор назоратини методик таъминлаш ва мувофиқлаштириш бўйича Бош прокуратуранинг ваколатли таркибий тузилмаси ҳисобланади.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1-сон қарорига 3-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
16. Бош прокуратура уч ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
17. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош прокурор Н.Т. Йўлдошев белгилансин.
18. Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Х. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 6 ноябрь,
ПФ-241-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 ноябрдаги ПФ-241-сон Фармонига
1-ИЛОВА
2026 — 2030 йилларда криминоген вазиятни таҳлил қилиш ва жиноятчилик динамикасини прогнозлаш фаолияти самарадорлигини ошириш
КОНЦЕПЦИЯСИ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Концепция криминоген вазиятни таҳлил қилиш, жиноятчилик динамикасини прогнозлаш, профилактика субъектлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш устидан прокурор назоратини кучайтириш ҳамда ушбу соҳада рақамли, илмий ва далилга асосланган бошқарув механизмларини жорий этишнинг 2026 — 2030 йилларга мўлжалланган асосий мақсад, вазифа, тамойил ва йўналишларини белгилайди. Мазкур Концепция қонунчиликда белгиланган стратегик режалаштириш ҳужжатлари сирасига кирмайди.
2. Концепция жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги таҳлил амалиётини содир этилган жиноятларни қайд этиш, ҳисоботларни умумлаштириш ва кейинчалик муҳокама қилиш босқичидан жиноятчилик динамикаси, ишсизлик, камбағаллик, миграция, оилавий низолар, таълим сифати ва қамрови, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва руҳий касалликлар, инфратузилма, жамоат хавфсизлиги, ижтимоий хизматлар ва маҳаллий бошқарув самарадорлиги билан боғлиқ жиноятчилик хавфларини олдиндан аниқлаш, криминоген омилларни бартараф этиш, профилактика субъектлари фаолиятини KPI асосида баҳолаш ва прокурор назоратини хавф таҳлили асосида ташкил этиш босқичига ўтказишга қаратилган.
3. Концепциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
(а) «Ягона криминоген маълумотлар платформаси»ни (кейинги ўринларда — Платформа) жорий этиш ва зарур ахборот тизимлари билан интеграция қилиш;
(б) криминоген маълумотларни ягона электрон муҳитда жамлаш ва идоралараро маълумот алмашинувини автоматлаштириш;
(в) жиноятчилик динамикасини ҳудуд, маҳалла, вақт, жиноят тури ва профилактика субъектлари кесимида тизимли таҳлил қилиш;
(г) жиноятчилик динамикасини ярим йиллик ва йиллик прогнозлаш ҳамда хавфли ҳудудларни эрта аниқлаш;
(д) криминоген вазияти оғир ҳудудларга вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган хабарномалар юбориш орқали профилактика ресурсларини хавф даражасига қараб йўналтириш;
(ж) олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг сабаблари, масъул идоралар ва бартараф этиш чораларининг электрон реестрини юритиш;
(з) кўрилган чоралар натижасини ойлик, ярим йиллик ва йиллик муддатларда мониторинг қилиш;
(и) профилактика субъектлари фаолияти самарадорлигини KPI асосида баҳолаш ва рейтингини юритиш;
(к) вазирлик ва идораларнинг профилактика соҳасидаги вазифаларини натижага боғлаш;
(л) криминоген вазиятга баҳо беришда криминологик тадқиқотлар ва ижтимоий сўровномалардан фойдаланиш;
(м) бу борадаги прокурор назоратини хавфга асосланган, манзилли ва натижага йўналтирилган назорат тизимига ўтказиш;
(н) вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жиноятларнинг барвақт олдини олиш соҳасидаги шахсий ва институционал масъулиятини кучайтириш;
(о) криминоген вазиятни баҳолашда расмий статистика билан бир қаторда криминологик тадқиқотлар, виктимологик ўрганишлар, ижтимоий сўровлар, аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва яширин жиноятчилик индикаторларидан фойдаланиш;
(п) прогноз алгоритмлари ва сунъий интеллектдан фойдаланишда инсон ҳуқуқлари ва шахсга доир маълумотлар ҳимоясини таъминлаш;
(р) халқаро тажрибани ўрганиш, Ўзбекистон шароитига мос илғор амалиётларни пилот тартибида моделлаштириш ва жорий этиш.
4. Концепцияда назарда тутилган вазифалар Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Олий суд, Адлия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Миллий статистика қўмитаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа профилактика субъектлари томонидан бевосита ва ўзаро ҳамкорликда амалга оширилади.
5. Концепцияни амалга оширишда Бош прокуратуранинг Криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш устидан назорат бошқармаси ушбу соҳада ваколатли методик, таҳлилий ва мувофиқлаштирувчи таркибий тузилма сифатида иштирок этади.
6. Мазкур Концепцияда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
криминоген вазият — муайян ҳудуд, вақт оралиғи ёки ижтимоий муҳитда жиноятчилик даражаси, жиноятларга таъсир қилувчи омиллар, профилактика субъектлари фаолияти, аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончи билан тавсифланадиган ҳолат;
криминоген вазият барқарорлиги — жиноятчилик хавфлари назорат остида бўлгани, профилактика субъектлари самарали ишлаётгани, жиноят сабаблари бартараф этилаётгани ва аҳолининг хавфсизлик ҳисси таъминланган ҳолат;
жиноятчилик динамикаси — жиноятлар сони, таркиби, оғирлик даражаси, ҳудудий ва вақт бўйича тақсимланиши, такрорийлиги, субъектлари ва жабрланувчилари тоифаларидаги ўзгаришлар;
жиноятчилик динамикаси прогнози — маълумотлар таҳлили, статистик усуллар, криминологик баҳолаш ва рақамли алгоритмлар асосида муайян даврда жиноятчилик ҳолати қандай ўзгариши мумкинлигини баҳолаш;
хавф хабарномаси — Платформа томонидан муайян ҳудуд, маҳалла, жиноят тури ёки профилактика йўналиши бўйича криминоген хавф ошгани ҳақида шакллантириладиган огоҳлантириш;
криминоген вазияти барқарор ҳудуд — прогнозлаш натижаларига кўра жиноят содир этилишига олиб келувчи ижтимоий, иқтисодий, демографик, маиший ва инфратузилмавий хавф омиллари паст даражада бўлган, профилактика субъектларининг имкониятлари мавжуд хавфларни барвақт бартараф этиш учун етарли деб баҳоланган ҳудуд;
криминоген вазияти оғир ҳудуд — прогнозлаш натижаларига кўра жиноят содир этилиш эҳтимолини оширувчи бир нечта хавф омиллари жамланган, уларнинг таъсири юқори деб баҳоланган ҳамда мавжуд профилактика чоралари ва ресурслари хавфларни бартараф этиш учун етарли бўлмаган, кечиктириб бўлмайдиган комплекс чоралар кўриш талаб этиладиган ҳудуд;
криминоген барқарорлик индекси — жиноят динамикаси, сабаб ва шарт-шароитлар, профилактика самарадорлиги, ижтимоий-иқтисодий омиллар, инфратузилма хавфлари, аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва яширин жиноятчилик индикаторларини комплекс баҳоловчи кўрсаткич;
олдини олиш мумкин бўлган жиноят — профилактика субъектлари ўз вазифаларини ўз вақтида, манзилли ва самарали бажарган тақдирда содир этилишининг олдини олиш имкони мавжуд бўлган жиноят;
объектив сабаблар — жиноят содир этилишига шароит яратган ижтимоий, иқтисодий, маиший, инфратузилмавий, ҳудудий, ташкилий ёки ҳуқуқий омиллар;
субъектив сабаблар — шахс, оила, муҳит, хулқ-атвор, назоратсизлик, профилактик ишдаги камчилик ёки масъул шахс ҳаракатсизлиги билан боғлиқ омиллар;
профилактика субъекти — жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда қонунчилик билан вазифа юклатилган давлат органи, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки бошқа иштирокчи;
KPI — профилактика субъекти фаолияти самарадорлигини натижа, сабабларни бартараф этиш ва жиноятчилик хавфини пасайтириш мезонлари асосида баҳоловчи асосий кўрсаткичлар;
яширин жиноятчилик — расмий статистикада акс этмаган, лекин виктимологик сўровлар, мурожаатлар, очиқ манбалар ва бошқа маълумотлар орқали мавжудлиги ҳақида хулоса қилиш мумкин бўлган жиноятчилик ҳолатлари;
миллий виктимологик сўров — аҳолининг жиноятдан жабр кўрганлиги ёки кўрмаганлиги, жиноят ҳақида хабар берган ёки бермаганлиги сабаблари ва яширин жиноятчилик кўламини ўрганишга қаратилган тадқиқот;
аҳолининг хавфсизлик ҳисси бўйича сўров — фуқаролар ўз маҳалласи, кўчаси ва жамоат жойларида ўзини хавфсиз ҳис қилиши ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига ишончи даражасини баҳоловчи ижтимоий тадқиқот;
хавфга асосланган прокурор назорати — прокурор назорати тадбирларини хавф даражаси, жиноятчилик динамикаси прогнози, индекс ва KPI натижалари асосида устувор йўналтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи.
II. Концепциянинг мақсади
7. Концепциянинг асосий мақсади криминоген вазиятни таҳлил қилиш тизимини жиноятлар содир этилгандан кейинги ҳисобот ва умумлаштириш босқичидан жиноятчилик хавфларини олдиндан аниқлаш, прогнозлаш, масъул идораларни манзилли ҳаракатга келтириш, сабабларни бартараф этиш ва прокурор назоратини хавфга асосланган ҳолда ташкил этиш босқичига ўтказишдан иборат.
III. Асосий тамойиллар
8. Концепция қуйидаги тамойилларга асосланади:
қонунийлик — барча таҳлил, маълумот алмашиш, прогноз, сўров, мониторинг ва назорат чоралари қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади. Маълумотларни олиш, қайта ишлаш ва узатиш фақат ваколат ва белгиланган мақсад доирасида бажарилади;
далилга асосланганлик — профилактика чоралари статистика, жиноий-ҳуқуқий маълумотлар, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар, криминологик тадқиқотлар, сўровномалар ва натижа баҳосига асосланади;
идоралараро жавобгарлик — ҳар бир хавф омили бўйича масъул идора, мансабдор шахс, бажариш муддати ва натижа индикатори белгиланади. Сабабларни бартараф этишда «умумий масъулият» эмас, аниқ ижрочи ҳамда мақсадли индикаторлар билан баҳоланадиган натижа талаб этилади;
маҳаллабай ёндашув — криминоген вазиятни баҳолашда маҳалла асосий таҳлил бирлиги ҳисобланади. Ҳудудий чоралар маҳалла, кўча, жамоат жойи, хавфли объект ва аҳоли гуруҳлари кесимида манзилли режалаштирилади. «Хавфли» тоифага тушган ҳудудларда тезкор штаблар ташкил этилади, комплекс режаларга асосан кучайтирилган чоралар кўрилади;
шаффофлик ва ҳисобдорлик — вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг қуйи бўғинлари профилактика соҳасидаги KPI натижалари, сабабларни бартараф этиш ҳолати ва криминоген барқарорликка таъсир қилувчи муаммолар бўйича мунтазам ҳисобот бериб боради;
рақамли хавфсизлик — Платформадан фойдаланишда ахборот хавфсизлиги, тизимдаги амаллар қайди (audit-log), ролга асосланган кириш ҳуқуқи, маълумотларни эгасизлантириш ва шахсга доир маълумотлар ҳимояси мажбурий шарт ҳисобланади.
IV. «Ягона криминоген маълумотлар платформаси»нинг асосий функциялари
9. Платформа криминоген вазиятни таҳлил қилиш, жиноятчилик динамикасини прогнозлаш, объектив ва субъектив омиллар реестрини юритиш, хавф хабарномаларини шакллантириш ва прокурор назорати учун тавсиялар тайёрлашга мўлжалланган ягона рақамли муҳит ҳисобланади.
10. Платформада «E-integratsiya» ягона интеграциялашув платформаси орқали вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари билан автоматлашган тарзда маълумот алмашилади.
11. Платформада шакллантириладиган прогноз ва таҳлилий тавсиялар прокуратура, ички ишлар органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа масъул идоралар томонидан профилактик чораларни режалаштириш, куч-воситаларни йўналтириш, назорат тадбирларини белгилаш ва ижтимоий хизматларни манзилли ташкил этиш учун қўлланади.
V. Прогнозлаш учун маълумотлар манбалари
12. Жиноятчилик динамикасини прогнозлашда қуйидаги асосий маълумот манбаларидан фойдаланилади:
(а) «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика», «E-material», «E-muhokama», «E-ijtimoiy profilaktika», «112» ягона диспетчерлик хизмати, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва бошқа ахборот тизимлари маълумотлари;
(б) ижтимоий-иқтисодий маълумотлар;
(в) инфратузилма маълумотлари;
(г) таълим, ёшлар ва оила йўналишидаги маълумотлар;
(д) махсус криминологик тадқиқотлар, миллий виктимологик сўров ва аҳолининг хавфсизлик ҳисси бўйича ижтимоий сўров натижалари.
13. Ҳар бир маълумот манбаи бўйича маълумот эгаси, янгиланиш даврийлиги, техник формати, ҳуқуқий асоси, сифат мезони ва шахсга доир маълумотлар билан ишлаш тартиби алоҳида регламент билан белгиланади.
VI. Индикаторлар ва кўрсаткичларга қўйиладиган талаблар
14. Прогноз, индекс ва KPIни ҳисоблашда фойдаланиладиган кўрсаткичлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
(а) аниқ ва бир хил талқин қилинадиган бўлиши;
(б) ҳудуд, вақт ва манба билан боғланиши;
(в) автоматик текшириш имкониятига эга бўлиши;
(г) профилактика чораси билан боғлиқлиги;
(д) натижани баҳолашга хизмат қилиши;
(ж) маълумот сифати талабларига мос бўлиши;
(з) ҳудудлар ва идоралар кесимида таққослаш имконини бериши.
15. Индикаторлар тизими зарурат ва самарадорликдан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилиши мумкин.
VII. Прогноз алгоритмлари ва таҳлилий моделлар
16. Жиноятчилик динамикаси прогнозлари статистик маълумотлар, белгиланган хавф мезонлари, аҳоли таркиби, ижтимоий-иқтисодий омиллар, инфратузилма маълумотлари, миллий виктимологик сўров ва аҳолининг хавфсизлик ҳисси бўйича ижтимоий сўров натижаларини сунъий интеллект моделлари ёрдамида комплекс таҳлил қилиш йўли билан шакллантирилади.
17. Прогноз алгоритмлари қуйидаги натижаларни шакллантиради:
(а) ҳудудлар бўйича ярим йиллик ва йиллик хавф даражаси;
(б) жиноят турлари бўйича ўсиш ёки пасайиш эҳтимоли;
(в) хавфли маҳаллалар ва хавфли ҳудудлар (hot spot);
(г) профилактика субъектлари фаолиятидаги заиф нуқталар;
(д) объектив ва субъектив омилларни бартараф этиш чораларининг самарадорлиги;
(ж) ижтимоий-иқтисодий тавсиялар;
(з) ресурсларни қайта тақсимлаш бўйича тавсиялар;
(и) прокурор назорати тадбирлари учун устувор йўналишлар.
18. Прогноз натижалари асосида ҳудуддаги криминоген вазият «барқарор» ёки «оғир» деб топилади.
Криминоген вазияти «оғир» бўлган ҳудуд бўйича тезкор штаб ташкил этиш, хавф омилларини бир ой ичида аниқлаш, йиллик манзилли чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш, ярим йиллик оралиқ баҳолаш ва йил якуни бўйича натижаларни кўриб чиқиш механизми қўлланади.
19. Прогноз алгоритмлари мунтазам равишда аниқлик, ишончлилик, маълумот сифати ва адолат нуқтаи назаридан баҳоланади.
20. Прогноз натижалари:
(а) профилактика тадбирларини режалаштириш;
(б) патруль ва профилактика ресурсларини тақсимлаш;
(в) ижтимоий хизматлар ва иқтисодий манбаларни манзилли йўналтириш;
(г) инфратузилмани ривожлантириш;
(д) прокурор назорати тадбирларини режалаштириш;
(ж) ҳудудий раҳбарлар фаолиятини таҳлил қилиш учун ишлатилади.
VIII. Хавфга асосланган прокурор назоратини ташкил этиш
21. Концепция доирасида хавфга асосланган прокурор назорати жиноятчилик хавфи, профилактика самарасизлиги, объектив ва субъектив омиллар бартараф этилмаганлиги, маълумотлар ишончсизлиги, аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончи пасайиши каби объектив рақамли кўрсаткичларга қараб белгиланади.
Бунда прокурор назоратининг асосий мақсади жиноятларга олиб келиши мумкин бўлган омилларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, масъул идоралар фаолиятини натижага йўналтириш ва қонунчилик ижросини тизимли таъминлаш ҳисобланади.
22. Хавфга асосланган прокурор назорати қуйидаги маълумотлар асосида ташкил этилади:
(а) жиноятчилик динамикаси прогнози;
(б) криминоген барқарорлик индекси;
(в) жиноятларнинг объектив ва субъектив сабаблари ҳамда уларни бартараф этиш электрон реестри;
(г) профилактика субъектлари KPI кўрсаткичлари;
(д) аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончи бўйича ижтимоий сўровлар натижалари;
(ж) миллий виктимологик сўров натижалари ва яширин жиноятчилик индикаторлари;
(з) фуқаролар мурожаатлари, ишонч телефонлари, «112» хабарлари ва оммавий ахборот воситалари мониторинги;
(и) профилактик ҳисоб, пробация ва маъмурий назоратда турган шахслар, ҳимоя ордерлари берилган шахслар ва низоли оилалар бўйича маълумотлар;
(к) Платформага маълумотларни тақдим этмаслик, кечиктириш, сохта, нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумот киритиш ҳолатлари.
23. Хавфни баҳолашда ҳар бир кўрсаткич алоҳида эмас, ўзаро боғлиқ ҳолда баҳоланади. Бунда жиноятлар сонидан қатъи назар, аҳоли мурожаатлари кўпайиши, хавфсизлик ҳисси пасайиши, профилактик ҳисобдаги шахслар билан ишлаш самарасизлиги ва маълумотлар кеч киритилиши ҳудудда яширин ёки кечикиб намоён бўладиган криминоген хавф борлигини кўрсатади.
24. Хавфга асосланган прокурор назорати қуйидаги хавф даражаларига мувофиқ ташкил этилади:

Хавф даражаси

Асосий белгилар

Назорат шакли

Натижа

Паст хавф

индекс ва KPI кўрсаткичи ижобий, прогноз барқарор, жиноят омиллари ўз вақтида бартараф этилган

одатий масофавий мониторинг

умумий кузатув ва профилактик тавсия

Ўрта хавф

айрим KPI кўрсаткичи пасайиши, жиноят омилларини бартараф этишда кечикиш, мурожаатлар кўпайиши

мавзули таҳлил, электрон огоҳлантириш, масъул идорадан маълумот талаб қилиш

камчиликларни бартараф этиш бўйича муддатли топшириқ

Юқори хавф

криминоген вазияти оғир ҳудуд, такрорий жиноятлар, жиноятларни ҳисобдан яшириш эҳтимоли, профилактика субъекти ҳаракатсизлиги

жойига чиққан ҳолда ўрганиш, жавобгарлик масаласини ҳал қилиш

таъсирчан прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш

25. Хавф даражаси Платформа томонидан автоматик белгиланади, бироқ якуний назорат шакли прокурор томонидан ҳуқуқий баҳолаш асосида белгиланади.
26. Хавфга асосланган прокурор назоратининг вазифаси ҳар бир жиноят ёки хавф хабарномаси ортидаги сабабни аниқлаш, масъул субъектни белгилаш, бартараф этиш чоралари кўрилганлигини назорат қилиш ва натижа бўлмаган ҳолларда прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали профилактика тизимини реал натижага йўналтиришдан иборат.
IX. Криминологик тадқиқотлар ва ижтимоий сўровлар
27. Концепция доирасида криминологик тадқиқотлар, виктимологик ўрганишлар ва ижтимоий сўровлар жиноятчиликка қарши курашишга оид давлат сиёсатида асосий далил манбаларидан бири сифатида қўлланади.
28. Миллий виктимологик сўров орқали қуйидагилар ўрганилади:
(а) аҳолининг жиноят қурбони бўлиш ҳолатлари;
(б) жиноят ҳақида хабар бериш ёки бермаслик сабаблари;
(в) яширин жиноятчилик кўлами;
(г) жабрланувчиларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан муносабати;
(д) жиноятдан кейин ёрдам ва ҳимоя олиш ҳолати;
(ж) муайян жиноят турлари бўйича расмий статистика ва ҳақиқий ҳолат ўртасидаги тафовут.
29. Аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончи бўйича ижтимоий сўровлар орқали қуйидагилар ўрганилади:
(а) фуқароларнинг ўз маҳалласи ва жамоат жойларидаги хавфсизлик ҳисси;
(б) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишонч даражаси;
(в) жиноят ҳақида хабар беришга тайёрлик;
(г) профилактика чораларидан қониқиш;
(д) хотин-қизлар, вояга етмаганлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа гуруҳлар хавфсизлиги даражаси.
X. Мониторинг ва баҳолаш
30. Концепция ижроси қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
(а) Платформага уланган идоралар ва ахборот тизимлари сони;
(б) маълумотларни автоматик тақдим этиш улуши;
(в) маълумот сифати ва тўлиқлиги;
(г) прогнозларнинг ҳақиқатдаги жиноятчилик динамикаси билан мослиги;
(д) криминоген вазияти оғир ҳудудлар бўйича кўрилган чоралар самарадорлиги;
(ж) сабабларни бартараф этиш мониторинги натижалари;
(з) KPI орқали баҳоланган профилактика субъектлари улуши;
(и) виктимологик сўровлар ва хавфсизлик ҳисси кўрсаткичлари;
(к) жиноятчилик динамикаси ва такрорий жиноятлар камайиши.
31. Концепция ижроси бўйича ҳар йили 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига таҳлилий ахборотнома киритилади ва унда амалга оширилган ишлар, натижалар, муаммолар, прогнозлар аниқлиги, жиноятчилик ҳолатига оид халқаро қиёсий статистик таҳлил, келгуси чора-тадбирлар ва таклифлар акс эттирилади.
XI. Кутилаётган натижалар
32. 2030 йилга қадар қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилади:
(а) республика бўйича криминоген маълумотларнинг ягона таҳлилий платформаси тўлиқ ишга тушади;
(б) ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла бўйича криминоген барқарорлик индекси юритилади;
(в) ярим йиллик ва йиллик жиноятчилик динамикаси прогнозлари амалиётга киритилади;
(г) олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабабларини бартараф этиш бўйича ойлик, ярим йиллик ва йиллик мониторинг йўлга қўйилади;
(д) профилактика субъектлари фаолияти KPI асосида баҳоланади;
(ж) бу борадаги прокурор назорати тадбирлари хавф таҳлили асосида режалаштирилади;
(з) миллий виктимологик сўров ва аҳолининг хавфсизлик ҳисси сўрови мунтазам ўтказилади;
(и) жиноятчиликни жиловлаш бўйича давлат сиёсати илмий ва рақамли далилларга асосланади;
(к) масъул идоралар профилактика соҳасидаги натижалар учун аниқ ҳисобдор бўлади;
(л) криминоген вазияти оғир ҳудудлар бўйича шошилинч комплекс чоралар механизми шаклланади;
(м) жиноятларни ҳисобдан яшириш, маълумотларни кечиктириш ва юзаки ҳисобдорлик ҳолатлари камаяди;
(н) аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончи ошади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 ноябрдаги ПФ-241-сон Фармонига
2-ИЛОВА
2026-2027 йилларда криминоген вазиятни таҳлил қилиш, жиноятчилик динамикасини прогнозлаш ва хавфга асосланган назорат тизимини жорий этиш бўйича
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р

Тадбир номи

Амалга ошириш механизми

Амалга ошириш шакли

Ижро муддати

Молиялаштириш манбалари

Масъул ижрочилар

I. Ташкилий масалалар

1.

Фармон, концепция ва ушбу «йўл харитаси»да белгиланган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш, вазирлик ва идоралар билан ташкилий-техник ҳамкорликни яратиш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳ шакллантириш.

1. Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, вазирлик ва идораларнинг малакали ходимларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳни шакллантириш.

2. Ишчи гуруҳ ҳар бир аъзосининг вазифалари, ваколатлари, масъулият соҳаларини, шунингдек, ахборот алмашиш, ташкилий-техник масалаларни келишиш, йиғилишларни ўтказиш ҳамда қарор қабул қилиш тартибини белгилаш.

Идоралараро ҳужжат

1 ой муддатда

-

Бош прокуратура,

Олий суд,

Ички ишлар вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Миллий гвардия,

Рақамли технологиялар вазирлиги,

Миллий статистика қўмитаси,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

ИИВ Тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармасининг янги вазифаларини амалга ошириш механизмларини белгилаш.

Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг ахборот алмашиш ва тезкор муносабат тартибини тасдиқлаш ҳақидаги қўшма қарори ва ИИВнинг идоравий буйруғини тасдиқлаш.

Идоралараро ҳужжат

Буйруқ

2026 йил декабрь

-

Ички ишлар вазирлиги,

Бош прокуратура

3.

«Ягона криминоген маълумотлар платформаси»ни амалиётга жорий этиш.

«Ягона криминоген маълумотлар платформаси»ни амалиётга жорий этишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда киритиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2027 йил декабрь

-

Бош прокуратура,

Ички ишлар вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Рақамли технологиялар вазирлиги

II. Асосий чора-тадбирлар

4.

Амалдаги криминоген вазиятни таҳлил қилиш ва жиноятчилик динамикасини прогнозлаш имконини берувчи маълумотларнинг рақамлаштирилганлик ҳолатини хатловдан ўтказиш ва электрон шаклда юритилмайдиган маълумотларни рақамлаштириш чораларини кўриш.

1. Криминоген вазиятни таҳлил қилиш ва жиноятчилик динамикасини прогнозлаш имконини берувчи рақамлаштирилган маълумотларнинг кўлами, формати, янгиланиш даврийлиги, архив даври, платформа билан интеграция талабларига жавоб бериши ҳақида техник паспорт тайёрлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йил март

Электрон ҳамкорликни амалга оширувчи давлат органлари ҳамда ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари

Рақамли технологиялар вазирлиги,

Бош прокуратура,

Ички ишлар вазирлиги,

Олий суд,

Миллий гвардия,

Миллий статистика қўмитаси,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Ёшлар ишлари агентлиги,

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси,

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси,

Кадастр агентлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Хатлов натижасида аниқланган электрон шаклда юритилмайдиган маълумотларни рақамлаштириш чораларини кўриш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йил декабрь

3. Ахборот тизимларини интеграция қилиш бўйича идоралараро техник йўриқномаларни ишлаб чиқиш.

Идоралараро ҳужжат

2027 йил апрель

5.

«Ягона криминоген маълумотлар платформаси»ни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш.

1. Платформани яратиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлилий маълумот тайёрлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2026 йил декабрь

-

Бош прокуратура,

Рақамли технологиялар вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Техник топшириқни ишлаб чиқиш.

Қўшма чора-тадбирлар

2027 йил апрель

3. Техник топшириқни ваколатли органлардан экспертизадан ўтказиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йил декабрь

4. Платформани киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги бўйича ваколатли органдан экспертизадан ўтказиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йил декабрь

5. Платформани ишлаб чиқиш ва бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027-2028 йиллар

6. Платформадан фойдаланиш тартиб-таомилларини белгиловчи идоралараро ҳужжатни ишлаб чиқиш.

Идоралараро ҳужжат

2027 йил декабрь

7. Платформанинг синов версиясини Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ишга тушириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йил декабрь

8. Платформанинг тўлиқ версиясини барча ҳудудларда босқичма-босқич ишга тушириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2028 йилдан бошлаб

6.

Манзилли криминологик тадқиқотларни ўтказиб бориш.

Ёшлар, вояга етмаганлар, аёллар, муқаддам судланган ва пробация ҳисобдаги шахслар, «қизил» тоифадаги маҳаллалар ҳамда бошқа масалалар бўйича манзилли криминологик тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Ҳар ойда

-

Криминология тадқиқот институти

7.

Криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича манзилли ҳамкорликни ташкил этиш.

Криминоген вазиятни таҳлил қилиш, жиноятчилик динамикасини прогнозлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича республика илмий-амалий анжуманларини ўтказиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Доимий

-

Бош прокуратура,

Криминология тадқиқот институти,

Ички ишлар вазирлиги академияси,

Жамоат хавфсизлиги университети,

Тошкент давлат юридик университети

III. Криминологик прогнознинг илмий асосларини ривожлантириш

8.

Жиноятчилик динамикасини прогнозлаш методикасини тасдиқлаш.

Жиноятчилик динамикасини ҳудудлар, маҳаллалар ва жиноят турлари кесимида прогнозлаш учун зарур маълумот манбалари, индикаторлар ва хавф омилларини белгилаш, натижаларни шакллантириш, хавф балини ҳисоблаш, алгоритм натижаларини эксперт-криминологик текшириш ҳамда прогнозларни амалдаги жиноятчилик кўрсаткичлари билан солиштириб бориш механизмларини белгилаш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2027 йил июнь

-

Бош прокуратура,

Ички ишлар вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Миллий гвардия,

Рақамли технологиялар вазирлиги,

Миллий статистика қўмитаси,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

9.

Криминоген барқарорлик индексини юритиш методикасини тасдиқлаш.

Индексни маҳалла, туман (шаҳар), вилоят ва республика кесимида ҳисоблаш формуласи, маълумотлар сифати ва ишончлилигини баҳолаш, натижаларни даврий қайта ҳисоблаш тартибини белгилаш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2027 йил июнь

-

Бош прокуратура,

Ички ишлар вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Миллий гвардия,

Рақамли технологиялар вазирлиги,

Миллий статистика қўмитаси,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

10.

Миллий виктимологик сўровни ўтказиш методикасини тасдиқлаш.

Миллий виктимологик сўровнинг мақсади, қамрови, даврийлиги, уни шакллантириш тартиби, республика, ҳудуд, туман (шаҳар), жинс, ёш ва бошқа муҳим ижтимоий-демографик кесимларда ўтказиш, маълумотларни текшириш, тоифалаш ва таҳлил қилиш тартибини белгилаш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2027 йил июнь

-

Бош прокуратура,

Ички ишлар вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Миллий гвардия,

Миллий статистика қўмитаси,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

11.

Аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончи бўйича ижтимоий сўровни ўтказиш методикасини тасдиқлаш.

Аҳолининг яшаш ҳудудида, жамоат жойларида ва куннинг турли вақтларида ўзини хавфсиз ҳис этиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончини баҳолашга қаратилган индикаторлар ва ягона сўровноманинг даврийлиги, уни шакллантириш тартибини белгилаш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2027 йил июнь

-

Бош прокуратура,

Ички ишлар вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Миллий гвардия,

Миллий статистика қўмитаси,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

12.

Олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг объектив ва субъектив омилларининг электрон реестрини юритиш тартибини тасдиқлаш.

Олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг объектив ва субъектив омилларини ягона мезонлар асосида таснифлаш, уларни жиноят тури, ҳудуд, объект, вақт, хавф манбаи ва масъул профилактика субъекти кесимида электрон реестрга киритиш учун маълумотлар таркиби ҳамда ягона классификаторларни ишлаб чиқиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2027 йил июнь

-

Бош прокуратура,

Ички ишлар вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Миллий гвардия,

Рақамли технологиялар вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

13.

Профилактика субъектлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий KPI кўрсаткичлари ва рейтингини юритиш методикасини тасдиқлаш.

Профилактика субъектларининг манзилли профилактика ва идоралараро ҳамкорлик натижадорлигини баҳоловчи намунавий KPI кўрсаткичларини ҳисоблаш формуласи, тоифаси, мақсадли ва чегаравий қийматларини белгилаш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2027 йил июнь

-

Бош прокуратура,

Ички ишлар вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Миллий гвардия,

Рақамли технологиялар вазирлиги,

Миллий статистика қўмитаси,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

14.

Криминоген вазиятни таҳлил қилиш бўйича амалий тадқиқот лойиҳалари танловини ташкил этиш.

1. Криминоген вазиятни таҳлил қилиш бўйича долзарб муаммолардан келиб чиқиб, амалий тадқиқот лойиҳалари мавзуларини шакллантириш ҳамда Инновацион ривожланиш агентлигига тақдим этиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2027 йил февраль

Давлат илмий дастурлари доирасида ажратиладиган маблағлар

Бош прокуратура,

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси,

Таълим ва илм-фан вазирлиги

2. Тақдим этилган мавзуларни белгиланган тартибда кўриб чиқиб, давлат илмий дастурлари доирасида амалий тадқиқот лойиҳалари танловини эълон қилиш.

2027 йил апрель

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 ноябрдаги ПФ-241-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1-сон қарорига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. 4-банднинг бешинчи хатбошиси «ҳар ой якунида» сўзларидан кейин «иккита вилоят кесимида» сўзлари билан тўлдирилсин.
2. 5-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш йўналишида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижадорлиги ҳар ой якунида вилоят прокурорлари ва ички ишлар органлари бошлиқлари ҳузурида, ҳар чорак якунида эса ички ишлар вазири ва Бош прокурор ҳузурида тегишли вилоят ва республика раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таҳлилий ахборот ҳамда масъулларни рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш бўйича таклифлар киритиб борилади».
3. 5-илованинг 6-банди саккизинчи хатбошисидаги «намунавий хавфсиз йўлак» сўзлари «намунавий хавфсиз уй» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.11.2026 й., 06/26/241/1108-сон)