|
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида Электр энергиясидан фойдаланишда инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳоли, айниқса, болалар ўртасида электр токидан шикастланиш, ёнғин, авария ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ҳар бир хонадон, таълим ва ижтимоий соҳа объекти, тадбиркорлик субъектига электр хавфсизлиги бўйича аниқ ва содда тавсияларни етказиш, электр энергиясидан хавфсиз, оқилона ҳамда самарали фойдаланиш маданиятини юксалтириш, шунингдек, ҳудудларда профилактика тадбирлари ва тарғибот-тушунтириш ишларини тизимли асосда ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Қуйидагилар: Ўзбекистон Республикасининг «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарори билан истеъмолчилар ва энергетика ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда электр хавфсизлигига доир талаблар белгилангани; Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёқилғи-энергетика тармоғида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 23 августдаги ПФ-118-сон Фармонига мувофиқ ёқилғи — энергетика соҳасида давлат назорати тизими такомиллаштирилиб, профилактика тадбирларини тизимли асосда ташкил этиш чоралари кўрилаётгани; Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 17 апрелдаги ПФ-63-сон Фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувлар чекланиб, профилактика тадбирлари огоҳлантириш ва тушунтириш ишларининг устуворлигига асосланган ҳолда амалга оширилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин. 2. Белгилансинки, ҳар йили октябрь ойида республика ҳудудида аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари, ташкилотлар ва бошқа истеъмолчилар иштирокида «Электр хавфсизлиги ойлиги» (кейинги ўринларда — Ойлик) ўтказилади. 3. Қуйидагилар Ойликнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин: аҳоли, айниқса, болалар ва ёшлар ўртасида электр хавфсизлиги бўйича билим ва амалий кўникмаларини ошириш, кундалик фаолият давомида эҳтиёткорлик ва масъулият маданиятини шакллантириш; аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа истеъмолчиларда электр энергиясидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ҳамда ҳуқуқий ва техник билимини ошириш; инсон ҳаёти ва соғлиғини электр токи билан боғлиқ хавф-хатарлардан муҳофаза қилиш, аҳоли, айниқса, болалар ўртасида электр токидан шикастланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларини кенгайтириш; аҳолида хавфли ҳолатни ўз вақтида аниқлаш, ушбу аниқланган объектларга тегмаслик ва тегишли хизматларга дарҳол хабар бериш кўникмасини шакллантириш; электр тармоқлари, трансформатор пунктлари, электр қурилмалари, электр шчитлари, тақсимлаш қурилмалари ва бошқа электр ускуналарининг хавфсиз ва техник жиҳатдан созлигини ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини таъминлаш; бегона шахслар, айниқса, ёш болаларнинг трансформатор пунктлари, электр қурилмалари, электр тармоқлари ва бошқа хавфли объектларга кириш имкониятини бартараф этиш; аниқланган хавфли ҳолат ва камчиликларни хавф даражасига қараб зудлик билан, қисқа муддатда ёки режали тартибда бартараф этиш. 4. Қуйидагилар: «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи таркиби 1-иловага мувофиқ; «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларининг намунавий таркиби 2-иловага мувофиқ; «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ўтказиш тартиби 3-иловага мувофиқ; Электр объектларини профилактика кўригидан ўтказиш бўйича асосий мезонлар 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари: ҳудудий ишчи гуруҳларни шакллантирсин; ҳар йили 25 сентябрга қадар туман ва шаҳарлар кесимида тарғибот-тушунтириш ва профилактика тадбирларининг манзилли чора-тадбирлар режаларини тасдиқласин; Ойлик давомида барча маҳаллалар, кўп квартирали уйлар, аҳоли гавжум жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларининг тушунтириш ишлари билан тўлиқ қамраб олинишини таъминласин; маҳалла фаоллари ва хотин-қизлар фаоллари, профилактика инспекторлари, «маҳалла еттилиги», бошқарув сервис компаниялари ҳамда бошқа тегишли масъулларни жалб этган ҳолда аҳоли хонадонлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида аҳоли, ота-оналар, ёшлар ва болалар ўртасида электр қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш, носоз ва қўлбола жиҳозлардан фойдаланмаслик, тармоққа ортиқча юклама бермаслик, узилган симларга яқинлашмаслик ва электр қурилмаларига киришни чеклаш бўйича манзилли профилактика-тушунтириш ишларини ташкил этсин; аҳоли, ота-оналар, ёшлар ва болаларга мўлжалланган кўргазмали материаллар тарқатилишини таъминласин; инсон ҳаётига бевосита хавф туғдирувчи ҳолатлар аниқланганда, уларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўрсин; аниқланган ҳар бир хавфли ҳолат бўйича масъул ташкилот, мансабдор шахс ва бартараф этиш муддатини белгилаб, ижросини Ойлик якунига қадар мониторинг қилиб борсин. 6. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ: ҳудудларда Жамият тасарруфидаги ва эксплуатация қилаётган электр объектларининг техник ҳолатини ўрганиш ва уларни хавф даражаси бўйича гуруҳлаш; мазкур объектларда профилактика кўриклари ўтказилишини, аниқланган хавфли ҳолатларнинг бартараф этилишини ва зарур ҳолларда электр қурилмаларини хавфсиз ҳолатга келтиришни, шунингдек, улардаги тўсиқлар, эшиклар, қулфлар, огоҳлантирувчи ва тақиқловчи белгиларни белгиланган талаб даражасига келтиришни таъминлаш; электр объектларининг аҳоли яшаш жойлари, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, бозорлар, хиёбонлар, дам олиш масканлари ва бошқа жамоат жойларига яқин қисмларини, айниқса, болалар кириши мумкин бўлган электр объектларини алоҳида қўшимча профилактика кўригидан ўтказиш ҳамда назоратга олиш; ортиқча юклама, шикастланган сим ва кабеллар, киришни чеклаш воситаларининг йўқлиги ёки носозлиги каби хавфларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш; аниқланган хавфли ҳолатларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини таъминлаш; истеъмолчиларга электр энергиясидан хавфсиз, оқилона ва самарали фойдаланиш талабларини тушунтириш чораларини кўрсин. 7. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига (кейинги ўринларда — Ўзэнергоинспекция) ўз ваколатлари доирасида: электр хавфсизлиги талабларининг мазмунини аҳоли ва бошқа истеъмолчиларга содда ва тушунарли шаклда етказишга қаратилган тарғибот тадбирлари, ўқув семинарлари ва маслаҳатларни ташкил этиш; электр энергиясидан фойдаланиш соҳасида белгиланган хавфсизлик талабларига риоя этилиши бўйича профилактика тадбирларида иштирок этиш; электр энергиясидан фойдаланиш соҳасида белгиланган хавфсизлик талабларига риоя этилишини ўрганиш ва биринчи навбатда, болалар ҳамда аҳоли кириши осон бўлган ҳудудлардаги электр қурилмаларини профилактика кўригидан ўтказиш; электр қурилмалари ва электр ускуналарининг белгиланган хавфсизлик талабларига мувофиқлигини ўрганиш; профилактика кўрикларида аниқланган ҳолатлар бўйича масъул ташкилотларга уларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериш чораларини кўрсин. 8. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги: электр энергияси билан боғлиқ ёнғинларнинг олдини олиш бўйича профилактика-огоҳлантирув тадбирларини; аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини тушунтириш ишларини; электр иситиш қурилмалари, электр жиҳозлари ва электр тармоқларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича тарғибот тадбирларини; фавқулодда вазиятлар юзага келганда, ҳаракат қилиш тартибини тушунтиришни; мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида амалий ўқув машғулотларини ташкил этсин. 9. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги: таълим ташкилотларида «Энергия хавфсизлиги — ҳаёт хавфсизлиги» мавзусида очиқ дарсларни; «Электр хавфсизлиги сабоғи»ни; электр хавфсизлиги мавзусида расмлар ва видеороликлар танловларини; викториналар ва интерактив машғулотларни; электр қурилмалари билан боғлиқ хавфларни амалда тушунтиришга қаратилган машғулотларни ташкил этсин. Бунда болаларга трансформатор пунктларига кирмаслик, электр симлари ва қурилмаларига яқинлашмаслик, электр устунларига чиқмаслик, узилган электр симларига тегмаслик ва хавфли ҳолат аниқланганда, катта ёшдаги инсонларларга ёки тегишли хизматларга хабар бериш зарурлиги алоҳида тушунтирилсин. 10. Энергетика вазирлиги: Республика ишчи гуруҳининг ишини ташкил этсин ва Ойлик ўтказилишини мувофиқлаштириб борсин; ахборот-тарғибот дастурини ишлаб чиқиш, аҳолининг турли тоифаларига мўлжалланган варақалар, тушунтирувчи расмли материаллар, анимацион ва ижтимоий видеолавҳаларни тайёрлаш, уларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориш ҳамда ҳудудларга етказилишида иштирок этсин; аҳолига хавфли ҳолат аниқланганда мурожаат қилиш тартиби ва ишонч телефони рақамларини мунтазам етказиб борсин. 11. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар телерадиокомпаниялари, давлат оммавий ахборот воситалари Ойликни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни, аҳоли ўртасида электр энергиясидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тарғиб қилишга қаратилган махсус телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар, ижтимоий роликлар, мақолалар, инфографикалар ва бошқа ахборот материалларини тайёрлаш ҳамда мунтазам эфирга узатишни таъминласинлар. 12. Ҳудудий ишчи гуруҳлар Ойлик якунлари бўйича ушбу қарорнинг 5-иловаси ««Электр хавфсизлиги ойлиги» якунлари бўйича ҳисобот шакли»га мувофиқ Ойлик якунланганидан кейин беш иш куни ичида Республика ишчи гуруҳига тақдим этсин. Республика ишчи гуруҳи тақдим этилган ҳисоботларни умумлаштириб, таҳлил қилсин ҳамда ҳудудлар ва ташкилотлар доирасида ҳал этилмаган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрсин. 13. Ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ва бошқа объектлар раҳбарлари ўз тасарруфидаги электр қурилмаларининг техник созлиги, улардан хавфсиз фойдаланиш, электр хўжалиги учун масъул шахсларни белгилаш ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўрсин. Белгилансинки, Ойлик доирасида ўтказиладиган кўрик ва тушунтириш ишлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳисобланмайди. Бунда аниқланган камчиликлар бўйича биринчи навбатда огоҳлантириш берилиб, уларни бартараф этиш учун оқилона муддат белгиланади. Аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларининг ички электр қурилмаларини кўздан кечириш фақат мулкдор, истеъмолчи ёки объект раҳбарининг розилиги билан амалга оширилади. Давлат назорати тадбирлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган асос ва тартибда ўтказилади. Инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирувчи, шу жумладан болаларнинг электр қурилмаларига кириш имконини берувчи ҳолатлар бундан мустасно бўлиб, улар бўйича чоралар кечиктирмасдан кўрилади. 14. Ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар тегишли ташкилотларнинг тасдиқланган харажатлар сметалари, бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. 15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда энергетика вазири Ш.Х. Ходжаев зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ Тошкент ш., 2026 йил 29 сентябрь, 523-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 523-сон қарорига 1-ИЛОВА «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ТАРКИБИ
Изоҳ. Зарур ҳолларда Республика ишчи гуруҳи таркибига манфаатдор вазирлик ва идоралар, илмий-таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мутахассислари жалб этилиши мумкин. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа лавозимга ўтказилганда ёки уларнинг ваколати тугаганда, ишчи гуруҳ таркибига мазкур лавозимга тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифалар юкланилган шахс киритилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 523-сон қарорига 2-ИЛОВА «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларининг НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
Изоҳ. Зарур ҳолларда ишчи гуруҳ таркибига манфаатдор вазирлик ва идоралар, илмий-таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мутахассислари жалб этилиши мумкин. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа лавозимга ўтказилганда ёки уларнинг ваколати тугаганда, ишчи гуруҳ таркибига мазкур лавозимга тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифалар юкланилган шахс киритилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 523-сон қарорига 3-ИЛОВА «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ўтказиш ТАРТИБИ 1-боб. Умумий қоидалар 1. Ушбу Тартиб «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни (кейинги ўринларда — Ойлик) ташкил этиш, тарғибот-тушунтириш ишлари ва хавф даражасига асосланган профилактика кўрикларини ўтказиш, аниқланган хавфли ҳолатларни бартараф этиш ҳамда Ойлик натижаларини баҳолаш тартибини белгилайди. 2. Ойлик ҳар йили аҳоли, айниқса, ёш болаларнинг электр токидан шикастланиши, электр билан боғлиқ ёнғинлар, авариялар ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган, электр хавфсизлиги бўйича билим ва кўникмаларни ошириш мақсадида ўтказилади. 3. Ойлик тадбирлари аҳоли яшаш жойлари, кўп квартирали уйлар, маҳаллалар, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотлари, бозорлар, хиёбонлар, дам олиш масканлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа оммавий жойларни қамраб олади. 4. Ойлик доирасида ўтказиладиган тарғибот-тушунтириш, маслаҳат бериш профилактик кўриги аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кундалик фаолиятини текшириш ҳисобланмайди ҳамда уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаган ҳолда амалга оширилади. Бунда тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонларининг ички электр қурилмаларини кўздан кечириш мулкдор, истеъмолчи ёки объект раҳбарининг розилиги билан амалга оширилади. Ойлик доирасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш, ҳужжатлар талаб қилиш ва мажбурий кўрсатмалар беришга йўл қўйилмайди. Ушбу Тартиб давлат назорати тадбирларини ўтказиш учун мустақил асос ҳисобланмайди. 5. Ойлик қонунийлик, инсон ҳаёти ва соғлиғининг устуворлиги, огоҳлантириш ва тушунтиришнинг жазодан устунлиги, хавф даражасига асосланган ёндашув, профилактика, очиқлик ва идоралараро ҳамкорлик тамойиллари асосида ўтказилади. 2-боб. Ишчи гуруҳларни ташкил этиш 6. Ойликни республика миқёсида «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда — Республика ишчи гуруҳи) томонидан мувофиқлаштирилади. 7. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда — ҳудудий ишчи гуруҳлар) тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан ташкил этилади. 8. Ҳудудий ишчи гуруҳлар таркибига энергетика, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, маҳаллий ҳокимликлар, Ўзэнергоинспекция, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий бўлинмалари, бошқарув — сервис компаниялари ва заруратга кўра, бошқа манфаатдор ташкилотларнинг масъул ходимлари киритилади. 9. Зарур ҳолларда ишчи гуруҳлар таркибига маҳалла фаоллари, таълим ташкилотлари раҳбарлари, хотин-қизлар фаоллари ва бошқа масъуллар жалб этилади. 10. Тегишли ҳудудий ишчи гуруҳлар: туман ва шаҳарлар кесимида манзилли чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқади ва уларнинг ижросини мувофиқлаштиради; аҳоли, айниқса, ёш болалар, ота-оналар, ёшлар ва объект раҳбарлари ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этади, уларнинг қамровини таъминлайди; хавф даражаси юқори бўлган объект ва ҳудудларни аниқлаб, профилактика кўрикларининг устувор йўналишларини белгилайди; аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъул ташкилот, масъул шахс ва муддатларни белгилайди; ҳафталик маълумотларни ва якуний ҳисоботни шакллантиради. 3-боб. Тарғибот-тушунтириш ва профилактика кўрикларини ўтказиш 11. Маҳаллаларда, кўп квартирали уйларда, таълим ва ижтимоий соҳа объектларида, бозорлар ҳамда аҳоли гавжум жойларда электр хавфсизлиги бўйича манзилли тушунтириш ишлари ташкил этилади. Тушунтириш ишлари хонадонларга кириб бориш, маҳалла йиғинлари, ота-оналар мажлислари ва меҳнат жамоаларида суҳбатлар шаклида ўтказилади. 12. Тушунтириш ишларида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади: қўлбола электр қурилмаларидан фойдаланмаслик; носоз ҳолдаги электр жиҳозларини ишлатмаслик ва нам қўл билан уларни ушламаслик; электр тармоғига меъёридан ортиқ юклама бермаслик, меъёрдан ортиқ қувватдаги жиҳозларни уламаслик; электр жиҳозларини ўзбошимчалик билан очмаслик ва таъмирламаслик; узилган электр симларига яқинлашмаслик ва уларга тегмаслик; электр қурилмаларида носозлик аниқланганда, мутахассисга ёки тегишли хизматга дарҳол мурожаат қилиш; электр токидан шикастланган шахсга ёрдам кўрсатишнинг дастлабки қоидаларини билиш ва ўз вақтида қўллаш. 13. Тушунтириш ишларида тарқатма материаллар, кўргазмали қуроллар, тушунтирувчи расмли материаллар ва видеолавҳалардан фойдаланилади. Ушбу материаллар, шунингдек, хавфли ҳолат аниқланганда мурожаат қилиш тартиби ва ишонч телефони рақамлари маҳаллалар, кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиш жойлари ва жамоат жойларда жойлаштирилади. 14. Электр таъминоти корхоналари истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш бўлинмалари ва қисқа хабар бериш хизмати ҳамда «HET Billing» дастури орқали хавфсиз фойдаланиш бўйича эслатмаларни мунтазам етказиб боради. 15. Ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ва кўп квартирали уйларни бошқарув органларининг электр хўжалиги учун масъул ходимлари учун хавфсизлик талаблари юзасидан ўқув семинарлари ва маслаҳатлар ташкил этилади. 16. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналари Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ҳудуддаги электр объектларининг рўйхатини шакллантиради. Рўйхатда объектнинг манзили, масъул ташкилот, хавф даражаси ва профилактика кўриги ҳолати кўрсатилади. 17. Объектлар электр қурилмаларининг техник ҳолати, хавфсизлик талабларига мувофиқлиги ҳамда уларга аҳоли ва ёш болаларнинг кириш имконияти бўйича баҳоланиб, хавф даражаси бўйича гуруҳланади. 18. Профилактика кўриклари шу гуруҳлар асосида, биринчи навбатда, қуйидаги объектларда ўтказилади: трансформатор пунктлари, тақсимлаш қурилмалари ва электр шчитлари; аҳоли яшаш жойларига яқин электр қурилмалари; мактаб ва мактабгача ҳамда бошқа таълим ташкилотларининг электр қурилмалари ва уларга яқин электр объектлари; болалар майдончалари ва дам олиш масканларига яқин электр қурилмалари; бозорлар ва аҳоли гавжум жойлардаги электр қурилмалари; кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиш жойларидаги электр қурилмалари ва шчитлари; аввал хавфли деб топилган, авария ёки ёнғин ҳолати қайд этилган, шунингдек, ортиқча юклама мавжуд бўлган объектлар. 19. Профилактика кўригини электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака ва рухсатномага эга ходимлар ўтказади. Ишчи гуруҳининг электр хавфсизлиги бўйича малакага эга бўлмаган аъзолари электр қурилмаларининг кучланиш остидаги қисмларига яқинлашмайди, уларни очмайди, таъмирламайди ва тармоққа қайта уламайди. Кучланишни узиш, қайта улаш, электр қурилмасини таъмирлаш, синаш ёки ишга тушириш фақат ваколатли ва тегишли малакага эга ходимлар томонидан белгиланган эксплуатация ҳужжатлари, хавфсизлик чоралари ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Қурилма кучланишдан узилган деб фақат ваколатли ходим томонидан белгиланган тартибда текширилганидан кейин ҳисобланади. 20. Кўрик давомида қуйидагилар ўрганилади: электр қурилмалари ва тармоқларининг техник ҳолати ҳамда электр хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши; электр қурилмаларига бегона шахслар, айниқса, ёш болалар киришининг олдини олувчи тўсиқ, эшик, қулф ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳамда созлиги; огоҳлантирувчи ва тақиқловчи белгилар, хавфсизлик плакатлари ҳамда объект идентификация белгиларининг мавжудлиги ва ҳолати; очиқ ток ўтказувчи қисмлар, узилган ёки шикастланган симлар каби ташқи кўринишдан аниқланадиган хавфли ҳолатлар; электр шчитлари, тақсимлаш қурилмалари, кабель каналлари тармоқлари ва улар атрофида ёнғин хавфи мавжудлиги; трансформатор пунктлари ва электр тармоқларида ташқи аломатлар бўйича ортиқча юклама, қизиб кетиш ёки шикастланиш ҳолатлари; хавф туғдирувчи ҳолатларда қурилмаларни тармоққа ўзбошимчалик билан улашлар ва электр қурилмаларидан фойдаланишдаги бошқа хавфли ҳолатлар; ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларида электр хўжалиги учун масъул шахс белгилангани ҳамда электр қурилмаларидан фойдаланишнинг ташкил этилгани. 4-боб. Болалар хавфсизлиги 21. Таълим ташкилотларида ўқувчи ва талабаларнинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда, «Электр хавфсизлиги сабоғи», очиқ дарслар, расмлар ва видеороликлар танловлари, викториналар ҳамда интерактив машғулотлар ўтказилади. 22. Болалар иштирокидаги тадбирларда трансформатор пунктлари ва бошқа электр қурилмаларига кириш, электр симларига яқинлашиш ҳамда электр устунларига чиқишнинг оқибатлари тушунтирилади, хавфли ҳолат кўринганда унга тегмасдан катта ёшдаги инсонларга ёки тегишли хизматларга хабар бериш ўргатилади. Машғулотлар хавфсиз шароитда, кўргазмали материаллар ва макетлар ёрдамида, кучланиш остидаги электр қурилмаларидан фойдаланмасдан ўтказилади. 23. Ота-оналарга болаларни электр қурилмалари билан боғлиқ хавфлардан асраш бўйича тавсиялар берилади. 24. Болалар кириши ёки яқинлашиши мумкин бўлган очиқ электр қурилмалари аниқланганда, уларга киришни дарҳол чеклаш, огоҳлантирувчи белгилар ва вақтинчалик тўсиқлар ўрнатиш, шунингдек, хавфни бартараф этиш бўйича масъул ташкилотга хабар бериш чоралари кўрилади. 5-боб. Аниқланган камчиликларни хавф даражаси бўйича таснифлаш ва бартараф этиш 25. Кўрик натижасида аниқланган камчиликлар хавф даражасига қараб қуйидаги тоифаларга ажратилади: биринчи даража — инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирувчи ва зудлик билан бартараф этилиши зарур бўлган камчиликлар. Бундай ҳолатларда хавф дарҳол бартараф этилади, зарур бўлганда қурилма ваколатли ходим томонидан кучланишдан узилади ва унга кириш чекланади; иккинчи даража — электр токидан шикастланиш, ёнғин ёки авария хавфини оширувчи, бироқ зудлик билан авариявий узишни талаб қилмайдиган, қисқа муддатда бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар. Бундай камчиликлар, қоида тариқасида, ўн иш куни ичида бартараф этилади; учинчи даража — хавфсизликка бевосита таъсир қилмайдиган, режали таъмирлаш ёки такомиллаштиришни талаб этувчи камчиликлар. Бундай камчиликлар тасдиқланган режа асосида бартараф этилади. Инсон ҳаётига бевосита хавф туғдирувчи, шу жумладан, болаларнинг электр қурилмаларига кириш имконини берувчи ҳолатлар бўйича чоралар кечиктирмасдан кўрилиши шарт. 26. Кўрик натижасида аниқланган ҳар бир камчилик бўйича қуйидагиларни ўз ичига олган далолатнома расмийлаштирилади: аниқланган объектнинг манзили; аниқланган камчиликнинг мазмуни; хавф даражаси; уни бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар; масъул ташкилот ва мансабдор шахс; бартараф этиш муддати; бартараф этилгани тўғрисидаги маълумот. 27. Бартараф этилган ҳар бир камчилик бўйича қайта кўрик ўтказилиб, унинг натижаси далолатнома ёки тегишли ҳужжатларда қайд этилади. Қайта кўрик ўтказилмаган камчилик бартараф этилган ҳисобланмайди. 6-боб. Мониторинг ва натижаларни умумлаштириш 28. Ҳудудий ишчи гуруҳлар Ойлик давомида ҳар ҳафта якуни бўйича амалга оширилган тарғибот-тушунтириш ишлари, ўтказилган кўриклар, аниқланган камчиликлар ва уларнинг бартараф этилиши тўғрисидаги маълумотларни шакллантириб боради. 29. Ҳудудий ишчи гуруҳлар Ойлик якунланганидан кейин беш иш куни ичида ҳисоботларни Республика ишчи гуруҳига тақдим этади. Бунда: тушунтириш ишлари билан қамраб олинган хонадонлар, маҳаллалар, таълим ва ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда истеъмолчилар сони; ўтказилган тарғибот тадбирлари ва тарқатилган материаллар; таълим ташкилотларида ўтказилган дарс ва машғулотлар ҳамда улар билан қамраб олинган болалар сони; кўрикдан ўтказилган электр объектлари сони (соҳалар ва хавф даражалари кесимида); аниқланган хавфли ҳолатлар сони, шу жумладан, болалар кириши мумкин бўлган нуқталар ва уларнинг бартараф этилгани; биринчи даражали камчиликларнинг бартараф этилиши; аниқланган камчиликларнинг умумий бартараф этилиш даражаси ва бошқа маълумотлар кўрсатилади. 30. Ойлик натижалари Республика ишчи гуруҳи томонидан таҳлил қилиниб, электр хавфсизлиги соҳасида тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланади. 31. Ойлик натижалари таҳлил қилинганда кўрик қамрови, аниқланган хавфли ҳолатлар, биринчи даражали камчиликларни бартараф этиш, болалар кириши мумкин бўлган хавфли нуқталар, профилактика тадбирлари қамрови ва тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилган чораларга алоҳида эътибор қаратилади. 7-боб. Якунловчи қоидалар 32. Ойликнинг белгиланган талаблар асосида ўтказилиши ва тегишли ҳисоботларнинг белгиланган муддатларда тақдим этилишига Республика ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар жавобгар ҳисобланади. 33. Ушбу Тартиб талабларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 523-сон қарорига 4-ИЛОВА Электр объектларини профилактика кўригидан ўтказиш бўйича АСОСИЙ МЕЗОНЛАР
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 523-сон қарорига 5-ИЛОВА «Электр хавфсизлиги ойлиги» якунлари бўйича ҲИСОБОТ ШАКЛИ
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.10.2026 й., 09/26/523/0991-сон) |
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан О мерах по проведению «Месячника электробезопасности» Премьер-министр Республики Узбекистан А. АРИПОВ г. Ташкент, 29 сентября 2026 г., № 523 |
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||