ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ қарор қиламан:
1. Қуйидагилар:
(а) 2026 йил 7 май куни Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Австрия Федерал Ҳукумати ўртасида миграция ва мобиллик бўйича шериклик тўғрисидаги битим;
(б) 2026 йил 7 май куни Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Австрия Федерал Ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш тўғрисидаги битим тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Австрия Федерал Ҳукумати ўртасидаги миграция ва мобиллик бўйича шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириш учун:
(а) Миграция агентлиги — ташқи меҳнат миграцияси қисми бўйича;
(б) Ички ишлар вазирлиги — реадмиссия қисми бўйича;
(в) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги — талабалар ва академик алмашинув қисми бўйича масъул бўлган ваколатли органлар этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Австрия Федерал Ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш тўғрисидаги битимни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгилансин.
4. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан ушбу халқаро шартномаларнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уларни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар тўғрисида Австрия томонига тегишли билдиришнома юборсин.
5. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартномалар кучга киргандан кейин унинг қоидалари амалга оширилиши устидан назоратни таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 11 сентябрь,
ПҚ-320-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.09.2026 й., 07/26/320/0928-сон)