Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки бошқарувининг
қарори
Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 5 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3431-2]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ҳамда «Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2023 йил 18 апрелдаги 8/3-сон қарори (рўйхат рақами 3431, 2023 йил 5 май) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2023-й., 10/23/3431/0265-сон) билан тасдиқланган Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 25 декабрь,
35/16-сон
Келишилди:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 17 ноябрь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 17 ноябрь
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 25 декабрдаги 35/16-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 7-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7-боб. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотига қўйиладиган ташкилий, техник, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, шубҳали (фрод) операцияларга қарши чоралар кўриш ҳамда фаолиятнинг узлуксизлигига доир талаблар».
2. 17-бандда:
учинчи хатбоши «таваккалчиликларни бошқариш тизимларининг самарали ишлаши» деган сўзлардан кейин «, шунингдек ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда шубҳали (фрод) операцияларга қарши чоралар кўриш» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
саккизинчи хатбоши «ахборот хавфсизлиги» деган сўзлардан кейин «ва киберхавфсизликни таъминлаш, шубҳали (фрод) операцияларга қарши чоралар кўриш» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
3. 18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«18. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти ахборот тизимларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигини таъминлаши ҳамда ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиши шарт.».
4. 19-бандда:
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«19. Тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти ахборот тизимларини «Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчиларнинг тўлов тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш чораларини кўриш тўғрисида»ги низомга (рўйхат рақами 3513, 21.05.2024 йил) мувофиқ ташкил этиши зарур.»;
тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
бешинчи — еттинчи хатбошилар тегишли равишда тўртинчи — олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
5. 23-банднинг тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«хавфсизлик сиёсати ҳақидаги, шу жумладан таваккалчиликларни батафсил баҳолашни ўз ичига олган ҳужжат, шунингдек ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни ҳамда тўлов хизматидан фойдаланувчиларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш учун таваккалчиликларни, шу жумладан фирибгарлик ҳамда конфиденциал ва шахсга доир маълумотлардан қонунга зид равишда фойдаланиш хавфларини камайтириш бўйича кўриладиган чораларнинг тавсифи».
6. 49-банднинг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига, шунингдек ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга таъсир кўрсатувчи қоидабузарликлар Марказий банкнинг биринчи кўрсатмаси юборилган кундан эътиборан уч ой мобайнида тўлов тизимининг оператори томонидан бартараф этилмаганда;»;
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.01.2026 й., 10/26/3431-2/0016-сон)