Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
ҚарорИ
БОЖ-ТАРИФ БИЛАН ТАРТИБГА СОЛИШНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ташқи иқтисодий фаолиятни янада эркинлаштириш, импорт операцияларини бож-тариф билан тартибга солишни такомиллаштириш, бож пошлиналарини унификация қилиш, фаолият кўрсатаётган корхоналарни янада замонавийлаштириш ва технология билан қайта жиҳозлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизнинг рақобатга бардошли маҳсулотларини ишлаб чиқаришни таъминлайдиган янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 19 сентябрдаги ПҚ-183-сонли Қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2005 й., 40-сон, 304-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Юридик шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун четдан келтирилаётган, шунингдек вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг ташқи савдо компаниялари (бирлашмалари), «Ўзинтеримпекс», «Ўзмарказимпекс», «Ўзсаноатмашимпекс», «Марказсаноатэкспорт» давлат-акциядорлик ташқи савдо компаниялари ҳамда лизинг компаниялари орқали белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ четдан келтирилаётган технология жиҳозлари ҳамда бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга импорт бож пошлина ставкаси, агар уларни етказиб бериш технология жиҳозлари етказиб бериш учун тузилган контракт шартларида назарда тутилган бўлса, 2004 йил 1 январдан бошлаб ноль фоиз миқдорида белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ўз эҳтиёжлари учун четдан келтирилган технология жиҳозларидан белгиланган мақсадда фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсинлар. Четдан келтирилган технология жиҳозлари (технология жиҳозлари етказиб беришга тузилган контракт шартларига мувофиқ четдан келтирилган бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар)дан белгиланган мақсадда фойдаланилмаган, шунингдек импорт қилинган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида сотилган ва текин берилган тақдирда уларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган импорт бож пошлиналари ставкалари татбиқ этилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17 майдаги 102-сонли қарори таҳририда — 2007 й., 19-20-сон, 202-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 28 январдаги 16-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 5-сон, 19-модда)
4. Белгилаб қўйилсинки, 2004 йил 1 январгача «вақтинчалик сақлаш» божхона режими остида бўлган товарларни эркин муомалага чиқаришда 2004 йил 1 февралгача Вазирлар Маҳкамасининг «Импорт бож пошлиналарини унификация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2002 йил 31 майдаги 189-сон қарори билан тасдиқланган ставкалар қўлланади.
«Вақтинчалик сақлаш» режимидан эркин муомалага чиқариладиган барча товарларга 2004 йил 1 февралдан бошлаб ушбу қарор билан тасдиқланган импорт бож пошлиналари ставкалари қўлланади.
5. Идоралараро бож-тариф Кенгаши (Э.М. Ғаниев) ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти ва импорти таркиби ҳамда ҳажмларининг мутаносиблиги устидан доимий мониторингни таъминласин ва зарурат бўлганда Вазирлар Маҳкамасига ташқи савдо операцияларини тариф билан ва тарифсиз тартибга солиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўришга доир таклифлар киритсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Импорт бож пошлиналарини унификация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2002 йил 31 майдаги 189-сон қарори 2-бандининг биринчи хатбоши, 3-банди ва қарорга 1-илова (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 5-сон, 28-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 7 январь,
4-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 1-2-сон, 12-модда; 2005 й., 10-11-сон, 72-модда; 40-сон, 304-модда; 2007 й., 19-20-сон, 202-модда; 2008 й., 5-сон, 19-модда; 2009 й., 25-сон, 288-модда)