LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
1. СССР Президенти фармойишини ижро этиш юзасидан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг Ўрта Осиё регионида истиқомат қилувчи 500 кишидан иборат бир гуруҳ мусулмонларни 1990 йил 19 июнидан 10 июлигача ҳаж қилувчилар сифатида Саудия Арабистонига юбориш тўғрисидаги илтимосига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Фуқаро авиацияси бошқармаси (ўртоқ Рафиқов) ҳаж қилувчиларни келишилган маршрут бўйича Жидда шаҳрига (Саудия Арабистони) олиб бориб қўйиш ва олиб келишни таъминласин, ана шу мақсадлар учун ИЛ-86 ва ИЛ-62 самолётлар ажратилиб, уларни доимий истиқомат жойларига етказиб қўйишни ҳам таъминласин.
3. Ўзбекистон ССР Ички ишлар вазирлиги (ўртоқ Йўлдошев) рухсатномалар ва қайд этиш бўлими, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ўртоқ Азимов), Ўзбекистон Республика божхонаси (ўртоқ Тарасов), СССР Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон ССР бўйича диний ишлар кенгаши билан биргаликда тегишли йўл ҳужжатларининг жадал расмийлаштирилишини таъминласинлар.
4. Ўзбекистон ССР Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ўртоқ Баҳромов) ҳаж қилувчиларга зарур дори-дармонлар ажратиб, ҳаж жойларда бўлиш даврида уларга малакали тиббий хизмат кўрсатилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон ССР Савдо вазирлиги (ўртоқ Усмонов) Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси билан биргаликда ёдгорлик буюмлари, эсдалик совғалари харид этишда ҳаж қилувчиларга кўмаклашсин.
6. Тошкент шаҳар ижроия комитети (ўртоқ Шоабдураҳимов) мусулмонлар диний бошқармасининг талабномасига кўра ҳаж қилувчилар жўнаб кетиши олдидан ва Саудия Арабистонидан қайтганидан кейин уларнинг Тошкент шаҳридаги меҳмонхоналарда жойлаштирилишини таъминласин.