Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИ ДАВЛАТ МУЗЕЙИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихини холисона ва ҳар томонлама акс эттириш, халқимизнинг жаҳон маданияти ривожидаги бой маданий ҳамда интеллектуал меросини кенг тарғиб этиш ва ўсиб келаётган ёш авлодни ўз ўлкасидан фахрланиш, Ватанига чексиз меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга катта аҳамият бериб, юксак инсоний ва маънавий идеалларни қарор топтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Фанлар академиясининг Ўзбекистон тарихи музейига Давлат музейи мақоми берилсин.
2. Ўзбекистон тарихи Давлат музейи мавзу-экспозиция режасининг асосий йўналишларини шакллантириш ҳамда унинг мазмунини узлуксиз бойитиб бориш учун таниқли олимлар, жамоат ва давлат арбобларидан иборат иловага* мувофиқ таркибда доимий ишловчи Эксперт кенгаши ташкил этилсин.
* Илова берилмайди.
3. Фанлар академияси Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, ижодий уюшмалар, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 10 кун муддатда Ўзбекистон тарихи Давлат музейи фаолиятининг асосий йўналишларини ва мавзу экспозиция режасини ишлаб чиқсин ҳамда Эксперт кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этсин.
4. Фанлар академияси ва Ўзбекистон тарихи Давлат музейи бир ҳафта муддатда Музей тўғрисидаги Низомни ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг икки йиллигини нишонлаш арафасида музей очилишига бағишланган экспозицияларни янгилаш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Фанлар академиясига Вазирлар Маҳкамасининг резерв фондидан Ўзбекистон тарихи Давлат музейини реконструкция қилиш, мукаммал тузатиш ва бадиий безаш учун тақдим этилган ҳисоб-китобларга мувофиқ мақсадли қўшимча маблағлар ажратсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва фан бўлимига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 5 август,
402-сон