Норасмий таржима
Халқаро Меҳнат Ташкилотининг
187-сонли Конвенцияси
Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашувчи асослар тўғрисида
Муқаддима
Халқаро меҳнат ташкилотининг Бош конференцияси,
Халқаро меҳнат бюросининг Маъмурий кенгаши томонидан Женевада чақирилиб ва 2006-йилнинг 31-майида тўқсон бешинчи сессиясига тўпланиб,
ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар, касб касалликлари ва ишлаб чиқаришда одамлар ўлимининг қамрови кенглигини ва уларни қисқартириш мақсадида келгусида чоралар кўриш зарурлигини эътироф этиб,
умумий ва касбий касалликлар ҳамда ишлаб чиқаришдаги шикастланиш ҳолатларида ишчиларни ҳимоя қилиш Халқаро меҳнат ташкилотининг Уставида назарда тутилган вазифалардан бири эканлигини эслатиб,
ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар, касбий касалликлар ва ишлаб чиқаришда одамлар ўлими иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш самарадорлиги ва жараёнига салбий таъсир кўрсатишини эътироф этиб,
Филаделфия декларациясининг III-бўлими «г» бандига мувофиқ Халқаро меҳнат ташкилоти барча касб эгалари ҳаёти ва соғлиғининг зарур даражада ҳимоясини таъминлашга қаратилган дастурлар дунё мамлакатлари томонидан қабул қилинишига кўмаклашиш мажбуриятини расман ўз зиммасига олганини таъкидлаб,
ХМТнинг 1998-йилги Меҳнат соҳасида асосий тамойиллар ва ҳуқуқлар тўғрисидаги декларацияси ва уни амалга ошириш механизми ҳақида эслатиб,
Халқаро меҳнат ташкилотининг 1981-йилги Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги конвенция (155), 1981-йилги Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги тавсияси (164) ҳамда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашувчи асосларга тааллуқли бошқа ҳужжатларини таъкидлаб,
Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш Халқаро меҳнат ташкилотининг Барча учун муносиб меҳнат дастурининг бир қисми эканлигини эслатиб,
Халқаро меҳнат конференциясининг 91-сессиясида (2003 й.) қабул қилинган глобал стратегия — ХМТнинг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасида норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш фаолияти тўғрисидаги хулоса, хусусан, миллий дастурларда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалаларига устувор аҳамият берилишини таъминлаш ҳақида эслатиб,
меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасида профилактика миллий маданиятини доимий равишда ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб,
сессия кун тартибининг тўртинчи банди бўлган меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси билан боғлиқ бир қатор таклифларни қабул қилишга қарор қилиб,
ушбу таклифларга халқаро конвенция шаклини беришга қарор қилиб,
икки минг олтинчи йил июн ойининг ўн бешинчи кунида қуйида 2006-йилги Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашувчи асослар тўғрисидаги конвенция деб номланиши мумкин бўлган Конвенцияни қабул қилди:
I БЎЛИМ. ТАЪРИФЛАР
1-модда
Ушбу Конвенцияга нисбатан:
а) «миллий сиёсат» атамаси 1981-йилги Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги конвенциянинг (155) 4-моддасида белгиланган тамойилларга мувофиқ ишлаб чиқилган меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити соҳасидаги миллий сиёсатни англатади;
б) «меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси миллий тизими» ёки «миллий тизим» атамаси меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги миллий сиёсат ва миллий дастурларни амалга ошириш учун асосий доирасини назарда тутадиган инфратузилмани англатади;
с) «меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича миллий дастури» ёки «миллий дастур» атамаси белгиланган муддатларда ҳал қилиниши керак бўлган вазифалар, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини такомиллаштириш мақсадида шакллантирилган устуворликлар ва ҳаракатлар воситаларидан, шунингдек эришилган натижаларни баҳолаш воситаларидан иборат бўлган ҳар қандай миллий дастурни англатади;
д) «меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасида профилактика миллий маданияти» атамаси белгиланган ҳуқуқлар, масъулият ва мажбуриятлар тизими орқали хавфсиз ва соғлом ишлаб чиқариш муҳитини таъминлашда ҳукуматлар, иш берувчилар ва ишчилар фаол иштирок этганда ва профилактика тамойилларига энг юқори устуворлик берилганда барча даражаларда хавфсиз ва соғлом ишлаб чиқариш муҳити ҳуқуқига риоя этиладиган маданият тушунилади.
II БЎЛИМ. МАҚСАД
2-модда
1. Ушбу Конвенцияни ратификация қилаётган ҳар бир аъзо-давлат иш берувчилар ва ишчиларнинг энг вакиллик ташкилотлари билан маслаҳатлашувлар асосида миллий сиёсат, миллий тизим ва миллий дастур ишлаб чиқиш орқали ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар, касб касалликлари ва ишлаб чиқаришда одамлар ўлимнинг олдини олиш мақсадида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий равишда такомиллаштиришга ёрдам беради.
2. Ҳар бир аъзо-давлат Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳужжатларида белгиланган, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашувчи асослар билан боғлиқ тамойилларни эътиборга олган ҳолда, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги миллий тизимлар ва миллий дастурлар орқали хавфсиз ва соғлом ишлаб чиқариш муҳитини босқичма-босқич яратиш бўйича изчил чораларни кўради.
3. Ҳар бир аъзо-давлат иш берувчилар ва ишчиларнинг энг вакиллик ташкилотлари билан маслаҳатлашувлар асосида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалалари бўйича ХМТнинг тегишли конвенцияларини ратификация қилиш мақсадида амалга оширилиши мумкин бўлган чора-тадбирларни вақти-вақти билан кўриб чиқади.
III БЎЛИМ. МИЛЛИЙ СИЁСАТ
3-модда
1. Ҳар бир аъзо-давлат миллий сиёсатни ишлаб чиқиш йўли билан хавфсиз ва соғлом ишлаб чиқариш муҳитини яратишга кўмаклашади.
2. Ҳар бир аъзо-давлат барча тегишли даражаларда ишчиларнинг хавфсиз ва соғлом ишлаб чиқариш муҳитига бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришга кўмаклашади ва интилади.
3. Ўз миллий сиёсатини ишлаб чиқишда ҳар бир аъзо-давлат ўзининг миллий шарт-шароитлари ва амалиётини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, иш берувчилар ва ишчиларнинг энг вакиллик ташкилотлари билан маслаҳатлашувлар асосида касбий хавф ёки таҳликаларни баҳолаш; касбий хавф ёки таҳликаларнинг юзага келиши билан курашиш; ахборотлар, тавсиялар ва тайёргарликни ўз ичига олган меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги миллий профилактика маданиятини ривожлантириш каби асосий принципларга кўмаклашади.
IV БЎЛИМ. МИЛЛИЙ ТИЗИМ
4-модда
1. Ҳар бир аъзо-давлат иш берувчилар ва ишчиларнинг энг вакиллик ташкилотлари билан маслаҳатлашувлар асосида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси миллий тизимини яратади, қўллаб-қувватлайди, босқичма-босқич ривожлантиради ва вақти-вақти билан қайта кўриб чиқади.
2. Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси миллий тизими бошқа жиҳатлар билан бир қаторда қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жамоа шартномалари, тегишли ҳолларда, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бой'ича тегишли бошқа ҳар қандай ҳужжатлар;
б) миллий қонун ҳужжатлари ва амалиётга мувофиқ ташкил этилган меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалалари бўйича масъул бўлган орган ёки идора ёхуд органлар ёки идоралар;
с) миллий қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилинишини таъминлаш механизмлари, шу жумладан инспекция тизимлари;
д) ишлаб чиқаришда профилактика чораларининг асосий элементи сифатида корхона даражасида унинг раҳбарияти, ходимлар ва уларнинг вакиллари ўртасида ҳамкорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар.
3. Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси миллий тизими тегишли ҳолларда қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси билан шуғулланадиган миллий уч томонлама маслаҳат органи ёки органлари;
б) меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалалари бўйича ахборот ва маслаҳат хизматлари;
с) меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалалари бўйича касбий тайёргарлик;
д) миллий қонун ҳужжатлари ва амалиётга мувофиқ меҳнат гигиенаси хизматлари;
э) меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасида илмий-тадқиқот ишлари;
ф) ХМТнинг тегишли ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар ва касбий касалликлар ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишга имкон берадиган механизм;
г) ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар ва касбий касалликлар ҳолатларини қамраб оладиган суғурталаш ёки ижтимоий таъминотга доир тегишли тизимлар билан ҳамкорлик қилишни назарда тутувчи қоидалар;
ҳ) микрокорхоналарда, шунингдек, кичик ва ўрта корхоналарда ва норасмий иқтисодиётда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасида шароитларни босқичма-босқич яхшилашга қаратилган ёрдамчи механизмлар.
V БЎЛИМ. МИЛЛИЙ ДАСТУР
5-модда
1. Ҳар бир аъзо-давлат иш берувчилар ва ишчиларнинг энг вакиллик ташкилотлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш йўли билан меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси миллий дастурини ишлаб чиқади, амалга оширади, амалга оширилишини кузатади, баҳолайди ва вақти-вақти билан қайта кўриб чиқади.
2. Миллий дастур:
а) меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасида профилактика миллий маданиятининг ривожланишига кўмаклашади;
б) ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар, касбий касалликлар ва ишлаб чиқаришда одамлар ўлимининг олдини олиш ҳамда иш жойида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш мақсадида миллий қонун ҳужжатлари ва амалиётга мувофиқ ишлаб чиқаришдаги хавф-хатарларни амалий жиҳатдан имкон қадар бартараф этиш ёки камайтириш орқали ишчиларни ҳимоя қилишга ҳисса қўшади;
с) меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги миллий вазиятни, шу жумладан меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси миллий тизимини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилади ва қайта кўриб чиқилади;
д) вазифалар, мақсадлар ва унумдорлик кўрсаткичларини ўз ичига олади;
э) хавфсиз ва соғлом ишлаб чиқариш муҳитини босқичма-босқич таъминлашга кўмаклашадиган бошқа қўшимча миллий дастурлар ва режалар билан имкон қадар мустаҳкамланади.
3. Миллий дастур кенг миқёсда эълон қилинади ва иложи борича давлат ҳокимиятининг юқори турувчи органлари томонидан тасдиқланади ва амалга татбиқ этилади.
VI БЎЛИМ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
6-модда
Ушбу Конвенция бошқа ҳеч қандай халқаро меҳнат конвенцияси ва тавсиясини қайта кўриб чиқмайди.
7-модда
Мазкур Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисидаги расмий ҳужжатлар рўйхатга олиш учун Халқаро меҳнат бюроси Бош директорига юборилади.
8-модда
1. Мазкур Конвенция фақат ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари Бош директор томонидан рўйхатга олинган Ташкилот аъзоларини бирлаштиради.
2. Ушбу Конвенция Ташкилот икки аъзосини ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари Бош директор томонидан рўйхатга олинган санадан кейин ўн икки ой ўтгач кучга киради.
3. Кейинчалик ушбу Конвенция Ташкилотни ҳар бир аъзоси учун унинг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжати рўйхатга олинган санадан ўн икки ой ўтгач кучга киради.
9-модда
1. Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Ташкилотнинг бирон-бир аъзоси, Конвенция дастлаб кучга кирган пайтдан бошлаб ўн йиллик давр тугаганидан кейин Халқаро меҳнат бюросининг Бош директорига рўйхатга олиш учун юборилган денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжат орқали Конвенцияни денонсация қилиши мумкин. Денонсация Халқаро меҳнат бюросида денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжат рўйхатга олинганидан кейин бир йил ўтгач кучга киради.
2. Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси, юқоридаги бандда қайд этилган ўн йиллик муддат ўтганидан кейин бир йил ичида мазкур моддада кўзда тутилган денонсация ҳуқуқидан фойдаланмаган бўлса, навбатдаги ўн йиллик муддатни кутишга мажбур бўлади ва шунга кўра, у бу модда шартларига биноан ушбу Конвенцияни ҳар ўн йиллик муддат тугаши билан денонсация қилиши мумкин.
10-модда
1. Халқаро меҳнат бюроси Бош директори Ташкилот аъзолари томонидан юборилган барча ратификация қилиш, баёнот ва денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжатларини рўйхатга олганлиги ҳақида Халқаро меҳнат ташкилотининг барча аъзоларига хабар беради.
2. Бош директор Ташкилот аъзоларини у томонидан қабул қилинган иккинчи ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжат рўйхатга олингани ҳақида хабардор қилган ҳолда, уларнинг эътиборини ушбу Конвенциянинг кучга кирган санасига қаратади.
11-модда
Халқаро меҳнат бюроси Бош директори, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг 102-моддасига мувофиқ, юқоридаги моддалар қоидаларига биноан ўзи рўйхатга олган барча ратификация қилиш, баёнот ва денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжатларга оид тўла маълумотларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига рўйхатга олиш учун юборади.
12-модда
Халқаро меҳнат бюроси Маъмурий кенгаши зарур деб топганда, Бош конференцияга ушбу Конвенциянинг қўлланилиши тўғрисидаги маърузани тақдим этади ва уни тўла ёки қисман қайта кўриб чиқиш ҳақидаги масалани Конференция кун тартибига киритиш ёки киритмасликни ҳал қилади.
13-модда
1. Агар Конференция мазкур Конвенцияни тўла ёки қисман қайта кўриб чиқадиган янги конвенция қабул қилса ва янги конвенцияда зид келувчи қоидалар мавжуд бўлмаса, у ҳолда:
а) Ташкилотнинг бирор аъзоси томонидан қайта кўриб чиқилган янги конвенциянинг ратификация қилиниши 9-модда қоидаларидан қатъи назар, мазкур Конвенциянинг зудлик билан денонсация қилинишига олиб келади, бунда қайта кўриб чиқилган янги конвенция кучга кирган бўлиши керак;
б) қайта кўриб чиқилган янги конвенция кучга кирган санадан эътиборан, мазкур Конвенция Ташкилот аъзолари томонидан ратификация қилиниши учун ёпиқ.
2. Мазкур Конвенция, ҳар қандай ҳолатда ҳам, уни ратификация қилган, бироқ қайта кўриб чиқилаётган янги конвенцияни ратификация қилмаган Ташкилот аъзоларига нисбатан шакли ва мазмуни бўйича ўз кучида қолади.
14-модда
Ушбу Конвенциянинг инглиз ва француз тилидаги матнлари бир хил кучга эга.
(Имзолар)