Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент шаҳар кўп тармоқли шифохонасини ташкил этиш тўғрисида
Соғлиқни сақлаш объектларидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳолига замонавий, юқори технологик, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонасини ташкил этиш тўғрисида» 2024 йил 24 июлдаги 446-сон қарорига мувофиқ:
«Зангиота-2» шифохонаси фаолияти тугатилиб, унинг бино ва иншоотларида Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган давлат муассасаси шаклидаги 500 ўринга мўлжалланган Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонаси (кейинги ўринларда — Болалар шифохонаси) ташкил этилганлиги;
«Зангиота-2» шифохонасининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Болалар шифохонасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилганлиги;
б) Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонасининг бино ва иншоотларида 1 000 ўринга мўлжалланган қувват мавжуд эканлиги;
в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 5 сентябрдаги ПҚ-311-сон қарорига мувофиқ 2024 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳрида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари (кейинги ўринларда — кафолатланган пакет) доирасидаги тиббий хизматлар ва дори воситалари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан қопланиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Болалар шифохонаси негизида 700 ўринга мўлжалланган Тошкент шаҳар кўп тармоқли шифохонасини (кейинги ўринларда — Шифохона) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Бунда қўшимча ташкил этиладиган 100 та ўрин Тошкент шаҳар давлат тиббиёт муассасалари шифо ўринларини мақбуллаштириш ҳисобидан ва 100 та ўрин пулли хизмат кўрсатиш ҳисобидан ташкил этилади.
3. Қуйидагилар Шифохонанинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
болалар ва катта ёшдаги аҳоли ўртасида энг кўп тарқалган касалликларнинг асосий йўналишлари (хирургия, педиатрия, лор, терапия, кардиология, неврология, пульмонология, эндокринология ва бошқалар) бўйича ихтисослаштирилган, юқори технологияли диагностика, даволаш ва профилактика тиббий ёрдами кўрсатишга бўлган эҳтиёжни қондириш;
аҳолига кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлар кўрсатиш;
Тошкент шаҳар туман тиббиёт бирлашмаларига амалий-методик ёрдам кўрсатиш;
Тошкент шаҳар тиббиёт муассасалари амалиётига замонавий тиббиёт технологиялари ва бошқарув усулларини жорий этишда кўмаклашиш;
Тошкент шаҳар тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар кўрсатишнинг замонавий методлари ва технологиялари жорий этилишини методик таъминлаш;
тиббиёт соҳасидаги таълим муассасалари билан ҳамкорликда тиббиёт кадрларини тайёрлашда иштирок этиш;
фундаментал, амалий ва инновацион илмий изланиш ҳамда тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижаларини кенг жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
хорижий илмий-тадқиқот тиббиёт марказлари, клиникалар ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
тиббий туризм соҳасида тиббий хизматлар ва юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, мазкур хизматларни экспорт қилиш.
4. Қуйидагилар Шифохона фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлар учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан ажратиладиган маблағлар;
пулли тиббий хизмат кўрсатишдан олинадиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Шифохонага қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
чет эллик ва маҳаллий мутахассисларни бошқарувчи, маслаҳатчи (консультант), тиббиёт ходими сифатида жалб қилиш ва уларга меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маоши ҳамда бошқа тўловларни белгилаш ва тўлаш;
штатлар жадвалини мустақил равишда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, Шифохона ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш шартларини бажариладиган ишларнинг мураккаблик даражаси, сифати ва ҳажмига нисбатан табақалаштирилган тарзда мустақил белгилаш;
Шифохона ўринлари сонини эҳтиёждан келиб чиқиб, ўзгартириш ва бўлимлардаги шифо ўринлари сонини белгилаш.
6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
а) икки ҳафта муддатда:
Шифохонанинг тузилмаси ва уставини тасдиқласин ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Шифохонанинг жиҳозлаш табелини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
б) уч ой муддатда Шифохона фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур бўладиган жиҳозлар ҳамда тиббий техника билан таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Белгилансинки:
а) Шифохонани сақлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
Бунда мазкур маблағлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Давлат тиббий суғурта жамғармасига ўтказиб берилади;
б) Шифохона Болалар шифохонасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги уч ой муддатда Шифохонанинг бино ва иншоотларида зарур қурилиш ҳамда таъмирлаш ишларини амалга ошириш орқали уни тегишли тиббий ёрдам кўрсатишга мослаштириш чораларини кўрсин.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонасини ташкил этиш тўғрисида» 2024 йил 24 июлдаги 446-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Ш.Б. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 27 декабрь,
890-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2024 й., 09/24/890/1080-сон)