|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига автомобиль транспортида йўловчи ва юк ташиш фаолиятини лицензиялаш ҳамда йўналишларни бириктириш бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштиришга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 9 январдаги ПФ-8-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда йўловчиларга сифатли ва хавфсиз автотранспорт хизматларини кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин: автомобиль транспортида йўловчи ва юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш ҳамда лицензиялаш паспортларини тасдиқлаш; мунтазам йўловчи ташиш йўналишларини бириктириш бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш ва ўтказишда Транспорт назорати инспекциясининг вазифаларини белгилаш; тендер ғолибининг ҳар бир автотранспорт воситасига йўловчиларни мунтазам йўналишларда ташиш ҳуқуқини тасдиқловчи QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон гувоҳнома паспортини тасдиқлаш; мунтазам йўловчи ташиш йўналишларидаги автотранспорт воситаларининг тасдиқланган йўналиш схемаси ва ҳаракатланиш жадвалига риоя этилишини таъминлаш мақсадида йўналишдаги автотранспорт воситаларини сунъий йўлдошли ҳаракатни кузатиш навигация қурилмалари билан жиҳозлаш ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизматига интеграция қилиш талабларини жорий этиш; 2. Белгилансинки, мунтазам йўловчи ташиш йўналишлардаги автотранспорт воситаларини сунъий йўлдошли ҳаракатни кузатиш навигация қурилмалари билан жиҳозлаш ва Транспорт вазирлигининг автоматлаштирилган диспетчерлик хизматига интеграция қилиш талаблари: 2024 йил 1 октябрдан бошлаб — янгидан очиладиган йўналишларга; 2025 йил 1 июлдан бошлаб — қолган барча йўналишларга амал қилади. 3. Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин. 4. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. 5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ Тошкент ш., 2024 йил 31 июль, 465-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 июлдаги 465-сон қарорига ИЛОВАЎзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар 1. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобилда халқаро юк ташийдиган автотранспорт воситаларига рақамли назорат қурилмаларини жорий этиш тўғрисида» 2011 йил 22 декабрдаги 340-сон қарори қуйидаги мазмундаги 21-банд билан тўлдирилсин: «21. Белгилансинки, халқаро автомобиль қатновида ҳамда М3 ва N3 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларида йўловчи ва юкларни шаҳарлараро (масофаси 400 км ва ундан юқори) йўналишлар бўйича ташишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режими рақамли назорат қурилмаси (тахограф) ёрдамида назорат қилинади. Бунда ҳайдовчи фақат рақамли назорат қурилмасида ўзининг ҳайдовчи карточкасидан фойдаланиши лозим бўлади». 2. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро, шунингдек юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 30 июлдаги 636-сон қарорида: а) 1-банднинг учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин; б) 2-банддаги «марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади)» сўзлари «марказлари, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки «Лицензия» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Лицензия» АТ)» сўзлари билан алмаштирилсин; в) 1-иловада: 1-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин: «Ушбу Регламент қоидалари 7 ва 8-иловаларга мувофиқ паспортларда назарда тутилган лицензияланадиган фаолият турларига нисбатан татбиқ этилади»; 4-банддаги ««Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг» сўзлари «Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни» сўзлари билан алмаштирилсин; учинчи ва тўртинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан (кейинги ўринларда — Вазирлик) — йўловчиларни ва юкларни халқаро ташиш бўйича лицензия/лицензия варақаларини бериш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш амалга оширилади; Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари томонидан — йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ташиш бўйича лицензиялар/лицензия варақаларини бериш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш амалга оширилади»; қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин: «Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда — назорат қилувчи органлар) мазкур Регламентга 7 ва 8-иловаларда белгиланган лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади ҳамда ҳуқуқбузарларга берилган лицензия/лицензия варақаларининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уларни бекор қилиш юзасидан лицензияловчи органларга тақдимнома киритади»; 7-банднинг иккинчи — ўн иккинчи хатбошилари чиқариб ташлансин; 8-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин; иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин; учинчи хатбоши иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин; 10-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси ўзгаргандагина, айнан шу автотранспорт воситасига ундаги мавжуд лицензия варақаси асосида ариза берувчининг лицензия варақасини қайта расмийлаштириш бўйича аризасига кўра — лицензия варақалари берилади»; 14-банд «(кейинги ўринларда — ЯИДХП)» сўзларидан кейин «ёки «Лицензия» АТ» сўзлари билан тўлдирилсин; 15-банднинг тўртинчи хатбошиси «ЯИДХП» қисқартмасидан кейин «ёки «Лицензия» АТ» сўзлари билан тўлдирилсин; 17-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «17. Давлат хизматларини кўрсатганлиги учун йиғим ва давлат божи тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади»; 19-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига; 11,25 фоизи (шундан 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун) — ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига»; 21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «21. Давлат хизматлари марказига шахсан бориб мурожаат қилинганда, сўровнома тўлдирилгандан кейин бир соат мобайнида сўровнома лицензияловчи органга юборилади. ЯИДХП ёки «Лицензия» АТ орқали мурожаат қилинганда, сўровнома автоматик тарзда лицензияловчи органга келиб тушади. Сўровнома ЯИДХП ёки «Лицензия» АТ орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин. Бунда сўровнома иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда, навбатдаги иш куни сўровноманинг лицензияловчи органга тушган ва лицензияловчи орган томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади»; 23-банднинг иккинчи хатбошисидаги «ЯИДХП» қисқартмаси «ЯИДХП/«Лицензия» АТ» сўзлари билан алмаштирилсин; 24-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «24. Лицензияловчи орган давлат божи тушган вақтдан бошлаб бир иш кунида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия/лицензия варақаларини расмийлаштиради ҳамда тегишли давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП/«Лицензия» АТ орқали электрон шаклда юборади»; 25-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «25. Лицензия/лицензия варақаларини бериш Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни 29-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад қилинади. Қуйидагилар лицензия/лицензия варақаларини беришни рад этиш учун асос ҳисобланади: лицензия/лицензия варақасини бериш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг (маълумотлар) ариза берувчи томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги; ариза берувчининг лицензия талаблари ҳамда шартларига мувофиқ эмаслиги; қонунчиликда назарда тутилган фаолият турлари учун бир йил муддатга лицензияни олиш ёки суднинг қарорига (ҳукмига) асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги; ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги. Лицензия варақаларини беришни бошқа асосларда рад этиш қатъий тақиқланади. Ариза берувчи лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек, лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга»; 27-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин; қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин: «Ариза берувчилар рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги электрон хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак»; иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин; 31-банддаги «ЯИДХПга» сўзи «ЯИДХП ва «Лицензия» АТга» сўзлари билан алмаштирилсин; 32-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «32. Лицензиат — юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) фаолият турлари бўйича ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш куни ичида кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли маълумотларни кўрсатган ҳолда, лицензия/лицензия варақасини қайта расмийлаштириш тўғрисида давлат хизматлари марказига, ЯИДХП ёки «Лицензия» АТ орқали лицензия/лицензия варақасини қайта расмийлаштириш учун ариза бериши шарт. Лицензиат — жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг (якка тартибдаги тадбиркор) унга давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида берилган гувоҳномада кўрсатилган фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш куни ичида давлат хизматлари марказига, ЯИДХП ёки «Лицензия» АТ орқали лицензия/лицензия варақасини қайта расмийлаштириш учун ариза бериши шарт. Лицензиат — автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси ўзгаргандан кейин беш иш куни ичида мавжуд лицензия варақасини қайта расмийлаштириш тўғрисида давлат хизматлари марказига, ЯИДХП ёки «Лицензия» АТ орқали лицензия варақасини қайта расмийлаштириш учун ариза бериши шарт. Ушбу банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда лицензияни қайта расмийлаштириш учун ариза лицензиатнинг хоҳишига кўра рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан юборилиши мумкин. Бунда рўйхатдан ўтказувчи орган тадбиркорлик субъектининг қайта рўйхатдан ўтказилиши учун асос бўлган маълумотларни кўрсатган ҳолда, «Лицензия» АТ орқали лицензияловчи органга хабарнома юборади. Рўйхатдан ўтказувчи орган орқали лицензияни қайта расмийлаштиришда йиғим ундирилмайди. Лицензия/лицензия варақаси қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия/лицензия варақаси асосида амалга оширади»; 34-банднинг биринчи хатбошисидаги «лицензияловчи» сўзи «назорат қилувчи» сўзлари билан алмаштирилсин; 35 ва 36-бандлар куйидаги таҳрирда баён этилсин: «35. Лицензия/лицензия варақасининг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни 32-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда тўхтатиб турилади. Лицензия/лицензия варақасининг амал қилиши куйидаги ҳолларда лицензияловчи орган томонидан тўхтатиб турилади: лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлиги аниқланганда; лицензиат томонидан лицензияловчи ёки назорат қилувчи органнинг лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарори бажарилмаганда. Лицензия/лицензия варақасининг амал қилиши ўн кунгача муддатга лицензияловчи орган томонидан ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга эса — суд томонидан тўхтатиб турилади. Лицензияловчи органнинг лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туриши лицензиатга лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, махсус электрон тизимга киритилган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай, махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда етказилади. Суднинг лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори лицензиатга қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади. Лицензияловчи органлар ёки суд лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилиши муддатини белгилаши шарт. Бунда кўрсатилган муддат лицензиат лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни махсус электрон тизим орқали олган кундан эътиборан беш иш кунидан кам ва олти ойдан кўп бўлмаслиги керак. Лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилган тақдирда, лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб турган лицензияловчи орган ёки тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган суд кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги ҳақида тасдиқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини қайта тиклаши (тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши) шарт. Суднинг лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни ичида тегишли лицензияловчи органга қонунда белгиланган тартибда етказилади. Бунда лицензияловчи орган лицензия/лицензия варақасининг амал қилиши қайта тикланганлиги тўғрисидаги маълумотни махсус электрон тизимга бир иш кунидан ошмаган муддатда жойлаштиради. Агар лицензияловчи орган лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини қайта тиклаш ҳақида ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисида уч иш куни ичида қарор қабул қилмаса, лицензиат мазкур муддат ўтгандан сўнг лицензияловчи органни махсус электрон тизим воситасида хабардор қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириши мумкин. Лицензиат лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда, суд лицензияни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади. Лицензияловчи органнинг лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин. Лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туриш суд томонидан асоссиз деб топилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида улар кўрган зарар миқдорида жавобгар бўлади. Бунда лицензия амал қилишининг тўхтатиб турилишини суд томонидан асоссиз деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан лицензия/лицензия варақасининг амал қилиши қайта тикланган деб ҳисобланади. Лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисидаги ахборот махсус электрон тизим орқали жойлаштирилиши керак. 36. Лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тугатиш Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни 34-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади. Лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда лицензияловчи орган томонидан тугатилади: лицензиялаш тартиби бекор қилинганда; лицензия варақасининг амал қилиш муддати тугаганда; лицензияга эга бўлган жисмоний шахс вафот этганда; лицензиат лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда; лицензиат томонидан лицензияловчи органга лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини олти ойгача тўхтатиб туриш тўғрисида ариза билан илгари мурожаат этилган бўлиб, мазкур муддат ичида лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат қилинмаган тақдирда»; 37-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин: «лицензиат томонидан бошқа лицензиатга белгиланган тартибда бириктирилган мунтазам йўналишда йўловчиларни ташиш хизматини кўрсатиш; мунтазам йўналишларда белгиланган тариф (йўл ҳақи) миқдорини асоссиз равишда ошириш ҳамда йўналиш схемасидан четга чиққан ҳолда (автомобиль йўлларида ва кўчаларда белгиланган тартибда вақтинча чекловлар киритилган ёки автотранспорт воситалари ҳаракати тўхтатилган ҳолатлар бундан мустасно) белгиланмаган жойда йўловчиларни чиқариш ва тушириш»; 38-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «38. Лицензия/лицензия варақаси Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни 33-моддасида назарда тутилган тартибда ва ҳолатларда бекор қилинади. Лицензия/лицензия варақаси куйидаги ҳолларда бекор қилинади: лицензиат лицензияни/лицензия варақасини бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда; юридик шахс тугатилганда — тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда — қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, унинг ўзгартирилиши, шунингдек, янги вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсда фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини ёки ҳаракатларни (фаолиятни) амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда, қўшиб юборилиши бундан мустасно; якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда; жисмоний шахснинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда; лицензия/лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи белгиланган муддатда тўланмаганда; лицензиат лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда; лицензияловчи органнинг лицензия/лицензия варақасини бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда; лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда; лицензия/лицензия варақаси қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганда. Лицензия/лицензия варақаси мазкур банднинг учинчи — еттинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда лицензияловчи орган томонидан бекор қилинади. Лицензия/лицензия варақаси мазкур банднинг саккизинчи — ўн биринчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд томонидан бекор қилинади. Лицензияловчи орган лицензия/лицензия варақасини бекор қилиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай, лицензиатга махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда лицензия/лицензия варақасини бекор қилиш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилиш асосларини, қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказади. Лицензия/лицензия варақаси мазкур банднинг ўн биринчи хатбошисида кўрсатилган асосга кўра бекор қилинган тақдирда, лицензия у берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади. Суднинг лицензия/лицензия варақасини бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ҳамда лицензияловчи органга қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади. Лицензияловчи орган лицензия/лицензия варақасини бекор қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай, лицензиатга махсус электрон тизим воситасида электрон шаклда лицензия/лицензия варақасини бекор қилиш асосларини, қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказади. Лицензияловчи орган бекор қилинган лицензия тўғрисидаги ахборотни бир иш куни ичида махсус электрон тизим воситасида лицензиялар реестрига киритади. Лицензияни/лицензия варақасини бекор қилишда, тугатишда, тўхтатиб туришда тўланган давлат божи қайтарилмайди. Ушбу банднинг ўнинчи ва ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда қонунчиликда белгиланган фаолият турлари учун бир йил давомида қайтадан лицензия берилмайди. Мазкур талаб тадбиркорлик субъектининг муассиси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади»; 39-банднинг тўққизинчи хатбошисидаги «тўхтатиш» сўзи «тугатиш» сўзи билан алмаштирилсин; 41-банднинг учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин; 43-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «43. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП/«Лицензия» АТ орқали доимий назоратни амалга оширади ва мониторинг олиб боради»; 3-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда лицензия ва лицензия варақаларини электрон шаклда расмийлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш СХЕМАСИ
5-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «Лицензия варақаларини олиш учун корхона ихтиёрида бўлган автотранспорт воситалари тўғрисида МАЪЛУМОТ
қуйидаги мазмундаги 7 ва 8-иловалар билан тўлдирилсин: «Автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро, шунингдек, юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 7-ИЛОВА Автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолиятини лицензиялаш ПАСПОРТИ
Автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро, шунингдек, юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 8-ИЛОВА Автомобиль транспортида юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш ПАСПОРТИ
г) 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. (3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сон қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон) 4. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги 738-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ичида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлараро) ва халқаро йўналишларни бириктириш бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда: а) 2-бандда: қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин: «назорат қилувчи орган — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаси»; тўртинчи — ўн учинчи хатбошилар тегишлича бешинчи — ўн тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин; б) 4-банднинг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «шартнома (брутто-шартнома) талаб ва шартлари уч маротаба бузилганлиги ҳолатлари юзасидан назорат қилувчи орган томонидан расмийлаштирилган далолатномалар асосида белгиланган тартибда шартномани (брутто-шартнома) бекор қилиш чораларини кўриш»; в) 11-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин: «Бунда вақтинча бириктириш тўғрисидаги электрон хабарнома олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида ташувчи томонидан таклиф қилинган автотранспорт воситаларининг ҳар бири учун лицензия варақалари расмийлаштирилиши, сунъий йўлдошли ҳаракатни кузатиш навигация қурилмалари билан жиҳозланиши ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизматига интеграция қилиниши лозим»; г) 18-банддаги «(шаҳар автобус йўналишлари бўйича камида олтмиш календарь кун олдин)» сўзлари чиқариб ташлансин; д) қуйидаги мазмундаги 231-банд билан тўлдирилсин: «231. Ахборот тизимига жойлаштирилган лотлар бўйича суд органлари томонидан тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ушбу лотлар жойлаштирилган тендер рўйхатидан вақтинча олиб турилади. Вақтинча олиб турилган лотларнинг очиқ тендер ўтказиш муддати лотдан олинган муддатига мутаносиб равишда суд қароридан келиб чиққан ҳолда, қайта ахборот тизимига (рўйхатга) белгиланган тартибда киритилади»; е) 29-бандда: еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «автобус ва микроавтобуснинг базавий комплектациясида йўловчиларга қўшимча қулайликлар мавжудлиги (иқлим-назорат тизими, интернет жаҳон ахборот тармоғи ва телефон қувватлагичлари бундан мустасно)»; қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин: «таклиф этилган барча автотранспорт воситаларини сунъий йўлдошли ҳаракатни кузатиш навигация қурилмалари билан жиҳозлаш ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизматига интеграция қилиш мажбуриятини олиши»; қуйидаги мазмундаги «д» кичик банд билан тўлдирилсин: «д) тендер талабларида йўналишда саройдан фойдаланиш коэффициентини 0,8 га тенг деб ҳисобга олган ҳолда, йўналишдаги автотранспорт воситаларининг ҳисобланган сони»; ж) 42-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «42. Тендер ғолибининг таклифлари назорат қилувчи орган ва Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати масъул ходимлари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилади. Зарурат бўлганда, таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш жараёнига бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари жалб этилишига йўл қўйилади. Жамоатчилик назорати учун таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини асословчи ҳужжатлар, шу жумладан, фото ва видео тасвирлар назорат қилувчи органнинг масъул ходими томонидан ўрганиш ўтказилган кундан кейин бир иш кунида ахборот тизимига киритилади ва бошқа ташувчиларга холисона текшириш имконияти яратилади»; з) 43-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин: «Бунда ўрганиш ўтказиладиган кундан бир иш кун олдин манфаатдор томонларга ўрганиш вақти ва манзили тўғрисида хабардор қилинади»; и) 46-бандда: биринчи — учинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «46. Таклифларнинг асослилиги ва уларда келтирилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганишда қуйидагилар инобатга олинади: автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳномага мувофиқ автотранспорт воситаси категорияси, класси ҳамда ўриндиқлари сони ва ахборот тизимига киритилган бошқа маълумотлари ишлаб чиқарувчи томонидан берилган маълумотларга мос келиши; автобус ва микроавтобусларнинг базавий комплектациясида йўловчиларга қўшимча қулайликларнинг мавжудлиги ҳамда уларнинг соз ва функционал ҳолатдалиги»; бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «автотранспорт воситаларини йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтказиш ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун барча шароитга эга техник базанинг мавжудлиги»; к) 51-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин: «Бунда шаҳарлараро-вилоятлараро ҳамда халқаро йўналишлар бўйича тендер ғолиби шартномани акцептлашдан олдин автовокзал ва автостанциялар билан тузилган шартномани ахборот тизимига юклайди. Тендер ғолиби аниқланган кундан бошлаб саккиз иш куни муддатда шартномада кўрсатиладиган автотранспорт воситаларини ваколатли органнинг автоматлаштирилган диспетчерлик хизматига интеграция қилиши лозим»; л) 52-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «52. Қуйидаги ҳолатларда очиқ тендер қатнашчисининг тендер ғолиблиги бекор қилинади: лот бўйича таклиф қилинган автотранспорт воситалари бўйича маълумотлар назорат қилувчи органга (олдиндан келишилган вақт ва манзилга) уларнинг ҳақиқатда мавжудлигини ўрганиш учун тақдим қилинмаса; белгиланган муддатда лот бўйича барча автотранспорт воситалари ваколатли органнинг автоматлаштирилган диспетчерлик хизматига интеграция қилинмаса; автотранспорт воситаларининг ҳар бири учун лицензия варақаларини белгиланган муддатларда расмийлаштириб бўлмаса; ахборот тизимига жойлаштирилган шартнома белгиланган муддатда сабабсиз акцептланмаса; лот бўйича таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаганлиги оқибатида тўпланган баллар кейинги қатнашчи тўплаган баллардан камайиб кетса; шаҳарлараро-вилоятлараро ҳамда халқаро йўналишлар бўйича тендер ғолиби шартномани акцептлашдан олдин автовокзал ва автостанциялар билан тузилган шартномани ахборот тизимига юкламаса; очиқ тендер қатнашчисининг тендер ғолиблиги бекор қилинган тақдирда, энг кўп баллар миқдори бўйича кейинги қатнашчи тендер ғолиби деб эътироф этилади ва кейинги қатнашчиларга ҳам мазкур тартиб амал қилади»; м) 56-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «56. Мунтазам йўналишларда ташиш ҳуқуқини тасдиқловчи QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон гувоҳнома ушбу Низомга 4-иловада келтирилган паспортга мувофиқ расмийлаштирилади»; н) 60-банддаги «ваколатли органнинг» сўзлари «назорат қилувчи органнинг» сўзлари билан алмаштирилсин; о) 64-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «64. Тендер ғолиби лот бўйича қуйидаги мажбуриятларни бажариши шарт: а) амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ лот бўйича таклиф этган тариф даражаси асосида камида бир йил йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш; б) йўналишларга сунъий йўлдошли ҳаракатни кузатиш навигация қурилмалари билан тўлиқ жиҳозланган автотранспорт воситаларини чиқариш ҳамда уларнинг ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар реал вақт режимида белгиланган серверга мунтазам узатилишини таъминлаш; в) қатнаётган автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, уларнинг ташқарисида ва салонлари ичида тозалаш-ювиш ишларини, йўналишга шартномада кўрсатилган миқдорда тўлиқ жиҳозланган автотранспорт воситалари белгиланган тартибда чиқарилишини таъминлаш; г) жисмоний ва юридик шахсларнинг йўловчиларни мунтазам ташишлар билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этиш ва аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш чораларини кўриш; д) шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишларга видеокузатув тизимлари билан жиҳозланган автобусларни чиқариш; е) шаҳарлараро-вилоятлараро ҳамда халқаро йўналишлар бўйича автовокзал ва автостанциялар билан тегишли шартнома тузиш; ж) тендер шартномаси тузилгандан кейин ўттиз кун ичида йўналишга жойлаштирилган автотранспорт воситаларига бириктирилган барча ҳайдовчиларига 30 соатлик дастур бўйича Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш»; п) Низомга 2-иловада: 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «8. Қатнашчи томонидан таклиф этилаётган автобус ва микроавтобусларда йўловчиларга қўшимча қулайликлар мавжудлиги учун қуйидаги жадвалга мувофиқ коэффициент қўлланилади:
Изоҳ. Ушбу банд фақат 8 ўриндан ошиқ автобуслар ва микроавтобуслар учун татбиқ этилади. Ташувчи қўшимча қулайликларнинг доим соз ва функционал ҳолатда сақланишини таъминлаш мажбуриятини олади. Мазкур банд билан белгиланган коэффициентлар миқдори ҳар бир автотранспорт учун алоҳида ҳисобланади. Автотранспортлар талаб этилаётган категорияларга мос келганидан кейин уларнинг салонида қулайликлар яратилгани учун белгиланган шкала асосида 1 баллга нисбатан оширувчи коэффициент қўлланилади. 1 х 1,20 = 1,2 х 10 = 12 кондиционер учун балл; 1 х 1,15 = 1,15 х 5 = 5,75 интернет жаҳон ахборот тармоғи учун балл; 1 х 1,05 = 1,05 х 2 = 2,1 мониторлар учун балл. Барча баллар қўшилади ҳамда таклиф этилган умумий автотранспорт воситаси сонига бўлинади: (12+5,75+2,1) : 10 = 1,98 Демак, таклиф этилган 10 та автотранспорт воситасида қўшимча қулайликлар яратилгани учун 1,98 балл ҳисобланади»; иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «корхона балансида автотранспорт воситаларини ҳар куни рейсдан олдинги техник кўрикдан ўтказиш учун барча шароитга эга техник базанинг мавжудлиги учун 1 балл»; олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин; еттинчи хатбоши олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин; р) қуйидаги мазмундаги 4-илова билан тўлдирилсин: «Шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ичида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлараро) ва халқаро йўналишларни бириктириш бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА Тендер ғолибининг ҳар бир автотранспорт воситасига йўловчиларни мунтазам йўналишларда ташиш ҳуқуқини тасдиқловчи QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон гувоҳнома ПАСПОРТИ
». Изоҳ. Мазкур илованинг 3-банди «а» кичик банди саккизинчи ва ўнинчи хатбошилари, «б» кичик банди олтинчи ва саккизинчи хатбошилари, «в» кичик банди иккинчи ва учинчи хатбошиларидаги ўзгартиришлар билан киритилаётган талаблар амалда фаолият юритаётган божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони учун ҳам татбиқ этилади. (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.08.2024 й., 09/24/465/0569-сон; 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон) |
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан О внесении изменений и дополнений в некоторые постановления Правительства Республики Узбекистан в направленные на совершенствование процедуры электронной организации и проведения открытых конкурсов по лицензированию пассажирской и грузовой деятельности на автомобильном транспорте и соединительных маршрутах Премьер-министр Республики Узбекистан А. АРИПОВ г. Ташкент, 31 июля 2024 г., № 465 |
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||