Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ:
1. 2023 йил 22 август куни Боку шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги Битим тасдиқлансин.
2. Энергетика вазирлиги мазкур халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги ушбу халқаро шартноманинг кучга кириши учун Ўзбекистон Республикаси томонидан зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган тўғрисида Озарбайжон томонига тегишли билдиришномани юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 19 март,
ПҚ-134-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2024 й., 07/24/134/0226-сон)