Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 16 майда қабул қилинган
Сенат томонидан 2023 йил 4 августда маъқулланган
Сенат томонидан 2023 йил 4 августда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари химоя килинишини таъминлашнинг самарали институтларидан бири сифатида адвокатуранинг ўрни ва аҳамиятини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, адвокатура институтининг ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлашга, суд ишини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув принципи асосида ишларни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди, адвокатларнинг ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун зарур қонунчилик базаси яратилди.
Шу билан бирга адвокатурага ишга қабул қилиш тартиб-таомилини, шунингдек адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига доир лицензияни олиш тартибини соддалаштириш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига доир лицензияни олиш учун имтихон топширишга талабгор шахснинг юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши тўғрисидаги талаб бекор килинишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.
Ушбу Қонун адвокатура соҳасининг жозибадорлигини оширишга ҳамда мазкур соҳага ёш кадрларни ва юридик мутахассислик бўйича икки йиллик иш стажига эга бўлмаган кадрларни жалб этишнинг самарали тизимини яратишга хизмат килади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрда кабул қилинган «Адвокатура туғрисида»ги 349-1-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 2, 48-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда; 2008 йил, № 12, 641-модда; 2009 йил, № 9, 337-модда; 2018 йил, № 10, 673-модда; 2019 йил, № 1, 3-модда, № 5, 267-модда, № 9, 591-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 8, 787-модда) 31-моддасининг иккинчи кисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс (бундан буён матнда талабгор деб юритилади) лицензия олиш учун адвокатлик тузилмасида (адвокатлик бюросида, адвокатлик фирмасида, адвокатлар ҳайъатида, юридик маслаҳатхонада) камида уч ой муддат стажировка ўташи керак ҳамда малака имтиҳонини топшириши шарт».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошка манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳукуқий ҳужжатларини кайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 9 август,
ЎРҚ-862-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2023 й., 03/23/862/0578-сон)