Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 69 ва 78-моддаларига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 8-моддасига ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18 ва 25-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифи қабул қилиниб:
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегаралари ўзгартирилсин;
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани «Айритом», «Бахт», «Бегламиш», «Кўкдала», «Қанотли», «Наймансарой», «Олтин бошоқ», «Олтин дала», «Пахталисой», «Сойбўйи», «Талоқтепа», «Тошли», «Умакай», «Ўтамайли», «Хардури», «Хўжаобод», «Хушали», «Чорвадор», «Шўрбозор», «Шўрқудуқ», «Эски анҳор», «Торжилға», «Гулистон», «Аннаруз», «Зум», «Ғаллакор», «Қумдарё», «Сувлиқ», «Тўқмор», «Уймовут», «Чиял» ва «Чувуллоқ» маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳудудлари ҳисобидан Қашқадарё вилояти таркибида умумий ер майдони 171 минг гектардан иборат бўлган Кўкдала тумани ташкил этилсин;
Еттитом шаҳарчаси Кўкдала туманининг маъмурий маркази этиб белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан таклиф этилган:
Қашқадарё вилояти таркибида ташкил этилган Кўкдала тумани чегаралари чизиғининг тавсифи ҳамда чегараларининг картографик чизмаси тегишинча 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани чегаралари чизиғининг тавсифи ҳамда чегараларининг картографик чизмаси тегишинча 3 ва 4-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, чегараси ўзгартирилаётган Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги сайлов округларидан (17-Торжилға, 18-Шўрқудуқ, 19-Чиял, 20-Тўқмор, 21-Қумдарё, 22-Оқтўнли, 25-Кўкдала, 26-Сойбўйи, 27-Шўрбозор, 28-Янгиҳаёт, 29-Ф. Хўжаев, 30-Гужумли) сайланган халқ депутатлари Чироқчи тумани Кенгаши депутатлари халқ депутатлари Кўкдала тумани Кенгаши депутатлари ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин.
5. Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 2 март,
1901-IV-сон