LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 27 августдаги «Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунига асосан янги таҳрирда қабул қилинган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили* — мансабдор шахс бўлиб, унга Ўзбекистон Республикасида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар** томонидан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилишининг самарадорлиги устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган.
Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ва воситаларини тўлдиради. Вакил Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва уларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади, фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ижтимоий онгини оширишга кўмаклашади.
Вакил ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этган принциплари ва нормаларига асосланади.
Вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисоб беради.
Вакил Олий Мажлис томонидан депутатлар орасидан Олий Мажлиснинг ваколатлари муддатига сайланади. Олий Мажлиснинг ваколатлари муддати тугагач, Вакил янги Вакил сайлангунига қадар ўз вазифаларини бажариб туради.
Вакилнинг Олий Мажлис томонидан сайланадиган ўринбосари бўлади. Вакил ўринбосарига Вакил учун белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатлар татбиқ этилади.
Вакил фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, адолатпарварлик, демократизм, инсонпарварлик, ошкоралик, ҳар бир киши учун очиқликдир.
Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати бўлиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эгадир.
Вакил ҳар йили Олий Мажлисга ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади ва у «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси»да эълон қилинади.
Вакил инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг йиллик маърузаларини тайёрлашда иштирок этади.
Вакил ўз ваколатларини бажариш муддати давомида сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни тўхтатиб туриши ёхуд бутунлай тўхтатиши шарт. Вакил ҳақ тўланадиган бирор-бир бошқа лавозимни эгаллаши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас. Ўқитувчилик, илмий ва ижодий фаолият бундан мустасно.
Вакил Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаб турган ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.
Вакил учинчи шахслар, шу жумладан жамоат бирлашмаларининг аниқ бир киши ёки бир гуруҳ шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқиш учун қабул қилади, бунинг учун уларнинг розилиги бўлиши шарт.
Вакил аризачининг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлиб қолган пайтдан бошлаб ёки агар аризачи ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қониқмаган бўлса, ўз шикояти бўйича қабул қилинган охирги қарордан хабар топган пайтдан бошлаб, бир йил давомида берган шикоятларини кўриб чиқади.
Вакилга берилган шикоятда аризачининг фамилияси, исми, отасининг исми ва унинг манзили, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилиши, аризачининг фикрича унинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик моҳияти баён этилиши зарур. Шикоятга аризачининг талабларини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа гувоҳномалар илова қилинади.
аризачи ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланиши мумкин бўлган воситалар ва шаклларни кўрсатиш;
аризачини унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан таништириш;
Шикоятни кўриб чиқиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган ҳолларни ўз ташаббуси билан текшириш чоғида Вакил қуйидаги ҳуқуқларга эга:
аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текширишда кўмаклашишни сўраб ташкилотлар ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш;
аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текшириш учун ташкилотларнинг вакиллари ва мансабдор шахсларни таклиф этиш. Текширув ўтказишни ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган ташкилот ёки мансабдор шахсга топшириш мумкин эмас;
ташкилотлар ва мутахассисларга аниқланиши зарур бўлган масалалар юзасидан хулосалар тайёрлашни топшириш;
ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан ўтказилаётган текширувларда иштирок этиш;
ҳаракатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиш ҳоллари аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида хат билан тегишли органларга мурожаат этиш.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган ҳолатларни текшириш чоғида маълум бўлиб қолган аризачининг ва бошқа шахсларнинг хусусий ҳаётига тааллуқли маълумотлар уларнинг розилигисиз ошкор қилиниши мумкин эмас.
Мансабдор шахслар Вакил сўраган, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни тақдим этишлари шарт.
Вакил ўз фаолияти масалалари бўйича давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг, жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан кечиктирмасдан қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.
Фаолияти давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар билан боғлиқ бўлган ташкилотлар, муассасалар ва корхоналарга Вакилнинг кириш тартиби, шунингдек Вакилга давлат сири ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирдан иборат бўлган ахборотни тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Вакилнинг вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги аниқланган ташкилот ёки мансабдор шахсга бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан тавсиялар баён этилган ўз хулосасини юбориши шарт. Бунда Вакилнинг хулосасини олган ташкилот ёки мансабдор шахс уни кўриб чиқиши ва бир ойдан кечиктирмай асосли жавоб юбориши шарт.
Вакил Олий Мажлиснинг, сессиялар оралиғидаги даврда эса, Олий Мажлис Кенгашининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
Олий Мажлис Вакилига нисбатан жиноий иш фақат Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
Вакилни мажбурий тарзда олиб келиш, ушлаб туриш, шунингдек унинг шахсий буюмлари, юки, транспорти, турар жойи ёки хизмат хоналарини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.
Вакилга шикоят берган шахс, шунингдек Вакил томонидан ахборот тўплаш ва уни таҳлил этиш ёки эксперт баҳоси бериш топширилган шахслар бу ҳаракатлари учун таъқиб остига олиниши ёки бошқа тарзда ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас.
Вакилнинг зиммасига юкланган вазифаларни бажариш юзасидан унинг фаолиятига кўмаклашиш учун Олий Мажлиснинг Вакили раислигида Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия тузилади.
Вакилнинг фаолиятини таъминлаш учун Котибият тузилиши мумкин, ушбу Котибият ҳақидаги низом Вакил томонидан тасдиқланади.
Вакилнинг фаолиятини моддий ва бошқа жиҳатлардан таъминлаш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.