Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тузилмасига Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимини киритиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 октябрдаги ПФ-186-сонли «Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар соҳаларида мамлакатимиз олдида турган стратегик вазифаларни самарали амалга ошириш ҳамда вазирлик ва идораларнинг бу борадаги фаолиятини зарур даражада мувофиқлаштириш ва уйғунлигини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилсин;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозими киритилсин.
2. Янги киритилаётган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари зиммасига мавжуд вазифалар билан бир қаторда Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига кирадиган масалалар юзасидан Ташқи ишлар вазирлигининг, шунингдек, инвестиция, экспорт ва логистика масалалари бўйича Транспорт вазирлигининг фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 мартдаги ПФ-89-сон Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.03.2022 й., 06/22/89/0227-сон)
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2020 йил 10 март,
ПҚ-4635-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.03.2020 й., 07/20/4635/0290-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.03.2022 й., 06/22/89/0227-сон)