Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг «Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида» 2014 йил 20 февралдаги 31-сон қарорига ўзгартириш киритиш ҳақида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий майдонида қурилаётган мажмуалардан самарали фойдаланиш, уларнинг тарихий-архитектуравий ва туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, миллий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, ҳунармандлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида» 2014 йил 20 февралдаги 31-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 8-сон, 82-модда) 7-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«7. Тижорат банкларига:
буюртмачиларга ҳамда Дастурга киритилган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашни амалга ошириш учун жалб этилган пудрат ташкилотларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставкалар бўйича кредитлар ажратиш;
Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий майдонида қурилган тадбиркорлик объектларини сотиб олиш учун тадбиркорлар ва ҳунармандларга 15 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган фоиз ставкалари бўйича кредитлар ажратиш тавсия этилсин».
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 13 сентябрь,
294-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 37-сон, 431-модда)