Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
САНОАТНИНГ КОН ҚАЗИШ ТАРМОҚЛАРИ АЙРИМ КОРХОНАЛАРИНИНГ ЮҚОРИ ДАРОМАДИГА СОЛИҚ СОЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Минерал-хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш, юқори ликвидли маҳсулотларга жаҳон нархлари қулай конъюнктураси шароитларида саноатнинг кон қазиш тармоқлари корхоналарини рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш, олинган юқори даромадни мақбул равишда тақсимлаш, шунингдек Давлат бюджети даромадларини кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2004 йил 1 июндан бошлаб саноатнинг кон қазиш тармоқлари айрим корхоналарининг юқори даромадига солиқ солиш жорий этилсин.
Белгилансинки, юқори даромади учун солиқ тўлайдиган аниқ корхоналар рўйхати, шунингдек солиқ ставкалари миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда киритадиган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
2. Белгилаб қўйилсинки:
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» очиқ акциядорлик жамияти 2004 йил 1 июндан бошлаб миснинг жаҳон нархларига қараб ундириладиган юқори даромади учун солиқ тўловчи ҳисобланади;
бир тонна мис нархи 1,9 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлганда олинган суммадан юқори даромад солиғи тўлангандан кейин комбинат ихтиёрида қоладиган маблағлар, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда мақсадли фойдаланиш учун «Олмалиқ кон-металлургия комбинати»нинг ваколатли банкдаги махсус рақамида жамланади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
махсус ҳисоб рақамида жамланган маблағлардан мақсадли фойдаланилмаган тақдирда ушбу маблағлар тўлиқ ҳажмда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган жарима санкциялари қўлланган ҳолда давлат бюджетига олиб қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» очиқ акциядорлик жамиятининг юқори даромадини ҳисоблаб чиқариш ва ундириш тартибини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 1 июнь,
252-сон
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» очиқ акциядорлик жамиятининг юқори даромади учун солиқ ставкалари
|
Солиқ солинадиган база миқдори |
Солиқ ставкаси |
| Бир тонна мис нархи 1901 АҚШ долларидан 2100 АҚШ долларигача бўлганда |
30 фоиз |
| Бир тонна мис нархи 2101 АҚШ доллари ва ундан юқори бўлганда |
50 фоиз |
| |
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 22-23-сон, 261-модда; 2005 й., 52-сон, 386-модда)