Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЯПОНИЯ ФУҚАРОЛАРИ УЧУН ВИЗА ТАРТИБОТЛАРИНИ СОДДАЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 октябрдаги 662-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада фаоллаштириш, амалий ва туристик мақсадлар билан Ўзбекистон Республикасига келувчи Япония фуқароларига визаларни расмийлаштириш тартиботларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
амалий мақсадлар билан Ўзбекистонга келувчи Япония фуқароларига Ўзбекистон Республикасининг чет эл муассасаларида бир йилгача муддат билан кўп марталик визаларни, Ўзбекистон Республикасига таклиф этувчи юридик шахснинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаатномасини талаб этишни бекор қилган ҳолда, 2 иш куни (ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан ташқари) мобайнида расмийлаштирсин;
туристлар сифатида Ўзбекистонга келувчи Япония фуқароларига бир ойгача муддат билан кўп марталик визаларни, «Ўзбектуризм» миллий компанияси ёки бошқа туристик ташкилотларнинг туристик ваучерларни тақдим этиш зарурлиги тўғрисидаги талабларини бекор қилган ҳолда, 2 иш куни (ҳужжатлар қабул қилинган кундан ташқари) мобайнида расмийлаштирсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирликлари ва идоралари ўзларининг идоравий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 22 июль,
259-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 14-сон, 110-модда; 2017 й., 15-сон, 257-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/398/1288-сон)