1991 йилнинг 15 февралида республикада қабул қилинган «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонун ҳақиқий мустақилликка эришиш, республикада ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш йўлида жамиятни жипслаштиришга умуман ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга кейинги пайтда айрим жамоат бирлашмаларини ана шу бирлашмаларининг рўйхатдан ўтказилган уставларида кўзда тутилмаган маблағлар ҳисобидан қонунга хилоф равишда маблағ билан таъминлаш ҳоллари қайд этилмоқда.
Юқорида кўрсатилган қонунга амал қилган ҳолда ва унда кўзда тутилган қоидаларни сўзсиз бажариш мақсадларида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасида кўзда тутилган жамоат бирлашмаларининг уставларини улар ўз фаолиятларини, шу жумладан ноширлик фаолиятларини, матбаа нашрларини маблағ билан таъминлаш манбаалари хусусидаги далолатнома (декларация) тақдим этганларидан кейингина рўйхатдан ўтказсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Прокуратураси, Давлат солиқ бош бошқармаси юқорида қайд этиб ўтилган Қонунга мувофиқ тарзда рўйхатдан ўтган жамоат бирлашмалари фаолиятининг маблағ билан таъминланишининг қонунда кўзда тутилган тартиби ва манбалари тўғрисидаги қоидаларига қатъий риоя этсин.
Молия интизоми бузилганлиги ҳоллари аниқланса уларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар, ҳатто материалларни суд идораларига ўтказиш чоралари қўллансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, сиёсий мақсадларни кўзловчи сиёсий партиялар ва оммавий ҳаракатлар диний ташкилотлардан, шунингдек хорижий давлатлар, ташкилот ва фуқаролардан тушаётган маблағлар ҳисобидан ноширлик фаолиятини амалга оширишга ҳамда матбаа нашрини пул билан таъминлашга ҳақли эмаслар.
4. Қонунчилик, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот масалалари қўмитаси жамоат бирлашмалари тўғрисидаги Қонунга тегишли қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш хусусида таклифлар тайёрласин ва уни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдаги сессиясига киритсин.