Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбойжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбойжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда Томонлар деб аталади,
ҳар иккала давлат халқлари ўртасидаги анъанавий муносабатларни ҳисобга олиб,
Томонларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро фойдали ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликдан манфаатдорлигини эътиборга олиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар қуйидаги соҳаларда ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантирадилар:
биринчи ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;
она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш;
профилактик тиббиёт ва атроф муҳит муҳофазаси;
фармация ва тиббиёт техникаси;
фавқулодда вазиятларда пайдо бўладиган тиббий-санитария оқибатлари олдини олиш ва тугатиш;
оператив ахборот айирбошлаш;
Томонлар ҳудудида ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишига қарши эпидемиологик назорат ўтказиш.
3-модда
Томонлар беморларнинг аҳволи оғир бўлган ҳолларда — текин, беморларни режали усул билан даволашда тижорат асосида тиббий ёрдам кўрсатадилар.
4-модда
Томонлардан ҳар бири соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришда, тиббиёт органлари ва муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ташкил этишда, шунингдек мутахассислар айирбошлашда, конференциялар, симпозиумлар ва семинарлар ўтказишда ўзаро ёрдам кўрсатадилар.
5-модда
Томонлар доривор воситалар, тиббиёт жиҳозлари ва техникаси ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил этилишига, шунингдек уларнинг рўйхатдан ўтказилишига ва ўзаро етказиб берилишига кўмаклашадилар.
6-модда
Томонлар фавқулодда вазиятларда шошилинч текин даволаш-маслаҳат ёрдами кўрсатадилар.
7-модда
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг аниқ шакллари ва шартлари Томонлар давлат бошқарувининг тегишли органлари ўртасида тузиладиган алоҳида битимлар билан тартибга солинади.
8-модда
Томонлар зарурият бўлса мазкур Битимни амалга ошириш ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисида тавсиялар тайёрлаш учун қўшма комиссия ташкил этишлари мумкин.
9-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради, беш йил давомида амал қилади ва, агар Томонлардан ҳеч бири тегишли муддат тамом бўлгунига қадар унинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги ўз нияти ҳақида камида олти ой олдин иккинчи Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
1996 йил 27 майда Баку шаҳрида ҳар бири ўзбек, озарбойжон ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)