Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбойжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Халқаро темир йўл алоқаси соҳасидаги ўзаро муносабатлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбойжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталади,
ҳар иккала мамлакат ўртасида темир йўл алоқаси амалга оширилишини, шунингдек улар ҳудуди орқали учинчи мамлакатларга транзит ўтишни енгиллаштиришга интилиб,
ҳар иккала давлат темир йўл транспортини мувофиқлаштиришга ва унинг биргаликдаги фаолиятига муҳим аҳамият бериб,
ўз муносабатларини ўзаро ёрдам ва ўзаро фойда олиш асосида ривожлантиришни истаб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар Ҳамдўстлик аъзолари бўлган давлатлар темир йўл маъмуриятлари бошлиқлари Кенгаши томонидан қабул қилинган давлатлараро ва халқаро алоқаларда мувофиқлаштирилган тариф сиёсатини амалга оширишни зарур деб тан олдилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ўз мамлакатлари ўртасида йўловчилар ва юкларни темир йўлда ташишни мазкур Битим имзоланган пайтда амалда бўлган норматив ҳужжатлар асосида амалга оширишга келишдилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар Ўзбекистон Республикасидан транзит орқали Озарбойжон Республикаси ҳудуди бўйича ва Озарбойжон Республикасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйича темир йўл транспортида йўловчилар ва юкни транзит ташишга нисбатан ушбу йўналишларда қўшимча транзит юк оқимларини жалб этиш мақсадида тариф сиёсатини ишлаб чиқишда ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга келишдилар.
2-модда
Ҳамдўстлик қатнашчилари бўлган давлатларнинг ҳисоб-китобларнинг халқаро принципларига ўтишлари муносабати билан Аҳдлашувчи Томонлар ўз темир йўллари доирасида транзит участкалар кесиб ўтиладиган юк ташишлар учун ўзлари ўртасидаги ҳар ойлик сальдо ҳисоб-китобларни амалга оширишга келишдилар.
3-модда
Янги шартномалар ва битимлар тузилгунга қадар Аҳдлашувчи Томонлар йўловчилар ва юкларни темир йўл транспорти билан халқаро ташиш тўғрисидаги Битимдаги ва мазкур Битим имзоланган пайтда амалда бўлган бошқа шартномалардаги ўз иштирокларини сақлаб қоладилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар юк ташишларни ва транспорт-экспедиция фаолиятининг бошқа турларини амалга оширишга берилган лицензияларни, гувоҳномаларни ва ўзларининг ички қонунчилигига мувофиқ берилган локомотивларни ва ҳаракат қиладиган составларни бошқаришга ва уларга ҳамроҳлик қилишга берилган бошқа ҳужжатларни ўз ҳудудларида ўзаро тан оладилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар:
ўз ҳудудларида темир йўлларнинг мавжуд Устави, темир йўл транспорти ишини тартибга солувчи қоидалар, низомлар, йўриқномалар, стандартлар, техник шартлар ва бошқа норматив ҳужжатлар амал қилиши сақланиб қолишига;
темир йўл транспорти бошқармасининг тегишли органларига ҳамкорлик, ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашувчи илмий ахборот айирбошлаш ва бошқа ахборотни айирбошлаш бўйича музокаралар ўтказиш ҳуқуқини беришга;
ўзаро келишув асосида темир йўл транспорти ишини тартибга солувчи ҳамда Томонларнинг манфаатларига дахл этувчи амалдаги норматив ҳужжатларни ўзгартиришга ва янгиларини жорий этишга келишдилар.
6-модда
Озиқ-овқат, дон, нефть маҳсулотлари ва бошқа юклар узлуксиз олиб чиқиб кетилиши ва ташилиши мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар Ўзбекистон Республикасига ва Озарбойжон Республикасига тегишли бўлган ўз вагонлари ва ижарага олинган вагонлар ўз вақтида қайтарилишини таъминлайдилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар темир йўл ходимлари иккинчи давлат ҳудудида бўлган вақтларида улар ўз хизмат вазифаларини бажаришларига кўмаклашиш, шунингдек тўсатдан касал бўлиб қолганлари ёки жароҳат олганларида текин тиббий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
8-модда
Мазкур Битимнинг айрим моддаларини талқин қилиш ва бажариш билан боғлиқ пайдо бўлиши мумкин бўлган барча низоли масалалар музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилади.
9-модда
Мазкур Битимнинг бажарилиши учун масъулиятли бўлган Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари:
Ўзбекистон Республикасига нисбатан — «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акционерлик компанияси;
Озарбойжон Республикасига нисбатан — Озарбойжон давлат темир йўллари ҳисобланади.
10-модда
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилган ва имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Аҳдлашувчи Томонлардан исталган бири мазкур Битимнинг тўхтатилиши ёки бекор қилиниши мўлжалланаётган санадан камида уч ой олдин бу ҳақда иккинчи Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда мазкур Битимнинг амал қилишини тўхтатишга ёки уни бекор қилишга ҳақлидир.
1996 йил 27 майда Баку шаҳрида ўзбек, озарбойжон ва рус тилларида икки нусхада тузилди.
Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)