Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ТОШКЕНТ МОЛИЯ-ҚУРИЛИШ КОРПОРАЦИЯСИ («ТОШКЕНТУЙЖОЙИНВЕСТҚУРИЛИШ»)НИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 11 апрелдаги ПФ-2572-сон «Тошкент молия-қурилиш корпорацияси («Тошуйжойинвестқурилиш»)ни тугатиш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Аҳолининг ва хорижий сармоядорларнинг маблағларини жалб этиш йўли билан Тошкент шаҳрида уй-жойлар ҳамда ижтимоий инфраструктура иншоотлари қурилиши ҳажмларини кўпайтириш мақсадида:
1. Тошкент давлат-акционерлик қурилиш корпорацияси «Тошкентқурилиш» Тошкент молия-қурилиш корпорацияси — «Тошкентуйжойинвестқурилиш»га айлантирилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент молия-қурилиш корпорацияси:
юридик шахс ҳисобланади ва очиқ усулдаги акционерлик бирлашмаси шаклида ташкил этилади;
мулкчилик шаклларидан қатъи назар, бинокорлик саноатининг қурилиш ташкилотлари, корхоналарини, кредит-молия муассасаларини, инвестиция ташкилотларини, жумладан ана шундай хорижий муассаса ва ташкилотларни ихтиёрийлик асосида бирлаштиради;
уй-жой облигация заёмларини чиқариш ҳуқуқига эга бўлади;
ишлаб чиқариш-хўжалик ва молия фаолиятига оид масалаларни мустақил равишда ҳал этади, марказлаштирилган захира, суғурта жамғармалари ҳамда бошқа жамғармаларни ташкил қилади;
ўз фаолиятида Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳисобот беради.
3. Белгилаб қўйилсинки, «Тошкентуйжойинвестқурилиш» корпорацияси бошқарувининг раиси ўз лавозимига кўра Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳисобланади.
4. Тошкент молия-қурилиш корпорацияси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат қилиб белгилансин:
уй-жой ҳамда ижтимоий инфраструктура қурилишининг инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
уй-жой сертификатларини чиқариш ва сотиш йўли билан уй-жойлар қурилиши учун аҳоли маблағларини жамлаш (бундай сертификатлар уларнинг эгаларига қатъиян белгиланган муддатларда шинам квартираларни кафолатли тарзда сотиб олиш ҳуқуқини беради);
уй-жойлар ва ижтимоий инфраструктура иншоотлари қурилиши учун сармояларни жалб этиш, жумладан кўчмас мулк объектларини гаровга қўйиб шундай қурилишларни амалга ошириш.
5. Аҳолининг маблағларини жамлаш ва улардан самарали фойдаланиш, қурилиш иншоотларини пул ва кредит билан таъминлаш ҳамда «Тошкентуйжойинвестқурилиш» корпорацияси фаолиятига молия-кредит хизмати кўрсатиш билан боғлиқ бошқа вазифаларни ҳал қилиш мақсадида:
корпорациянинг таркибида «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг қурилиш бўлими негизида «Тошсоцуйжойбанк» акционерлик-тижорат банки ташкил этилсин;
«Тошкентуйжойинвестқурилиш» корпорациясига, «Ўзсаноатқурилишбанк» акционерлик-тижорат банкига, «Ўзбекинвест» Миллий суғурта компаниясига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасига, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига «Тошсоцуйжойбанк» акционерлик-тижорат банкининг муассислари бўлиш тавсия қилинсин;
Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки «Тошсоцуйжойбанк» тижорат инвестиция банкини ташкил этишда «Тошкентуйжойинвестқурилиш» молия-қурилиш корпорациясига ёрдам кўрсатсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 8 февралдаги 558-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддат ичида ушбу Фармонни амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 23 декабрь,
ПФ-1026-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 4-сон, 47-модда; 2000 й., 4-сон, 117-модда)