Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯ ВА СТИПЕНДИЯЛАР МИҚдОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Нарх-навонинг эркинлашуви шароитида аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш мақсадида:
1. 1998 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
энг кам иш ҳақи — ойига 1100 сўм;
кексалик пенсияси — 2100 сўм;
фуқароларнинг солиқ олинмайдиган даромади — ойига 1100 сўм;
ягона тариф сеткаси бўйича бошланғич разряд — ойига 1100 сўм;
болаликдан ногирон бўлганларга бериладиган нафақа ойига 2100 сўм миқдорида;
кекса ёшдаги ҳамда зарур иш стажига эга бўлмаган меҳнатга яроқсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 1275 сўм миқдорида белгилансин.
2. 1998 йил 1 июлдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, олий ўқув юртлари талабалари, ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув юртлари ўқувчиларининг стипендиялари ўрта ҳисобда 1,5 бараварга оширилсин.
3. 1998 йил 1 июлдан бошлаб пенсияларнинг барча турлари ўрта ҳисобда 1,6 бараварга оширилсин. Турли йилларда тайинланган пенсияларнинг миқдорини тенглаштириш мақсадида, 1991 йил 1 январга қадар тайинланган пенсияларнинг барча турлари миқдори ўрта ҳисобда 1,7 бараварга, 1991 йилдан бошлаб тайинланган пенсиялар миқдори ўрта ҳисобда 1,5 бараварга оширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги ва Молия вазирлиги ўн кун муддат ичида пенсияларни қайта ҳисоблаб чиқиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин ҳамда пенсияларнинг барча турларининг оширилган аниқ миқдорларини белгиласин.
4. Энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган иш ҳақига устама ва қўшимчаларнинг барча турлари, шунингдек пенсиялар, оналарга фарзанди икки ёшга етгунича парвариш қилиш учун бериладиган, болали оилаларга бериладиган нафақалар ва бошқа тўловлар 1998 йил 1 июлдан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, бюджетдан молиявий таъминланадиган ташкилот ва муассасалар мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ҳамда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг лавозим окладлари миқдорини ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқишни таъминласинлар.
6. Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақа ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ харажатлар республиканинг давлат бюджети ва Пенсия фонди ҳисобидан қоплансин.
7. Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган базавий фонди миқдоридан келиб чиққан ҳолда, ишлаб чиқариш caмapaдopлигини ошиpиш ва меҳнат харажатини камайтириш ҳисобидан 1998 йил 1 июлдан бошлаб иш ҳақи миқдорини мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига мувофиқ оширсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 6 майдаги ПФ-1755-сон Фармони, 8-моддасидан ташқари, ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кунлик муддат ичида мазкур Фармоннинг бажарилиши юзасидан қарор қабул қилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 9 июнь,
ПФ-2009-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 124-модда; 10-11-сон, 211-модда)