Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва
Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Телекоммуникация ва почта алоқаси соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси халқлари ўртасидаги мавжуд тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган алоқаларни ривожлантиришга интилиб,
телекоммуникация ва почта алоқаси соҳасидаги икки томонлама муносабатлар Бутунжаҳон почта иттифоқи ҳужжатларининг қоидалари ҳамда Халқаро электр алоқаси иттифоқи тавсияномаларига, шунингдек бошқа халқаро шартномаларга қатъий мувофиқликда қурилиши лозимлигини эътиборга олиб,
телекоммуникация ва почта алоқаси соҳасидаги биргаликдаги ҳаракатлар ва ҳамкорлик ўзаро ёрдам асосида ривожланиши лозим деб ҳисоблаб,
Томонлар ўртасида алоқа воситаларининг бетўхтов фаолият кўрсатишини таъминлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий, иқтисодий ва технологик муносабатлар ўрнатишни истаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар халқаро ҳуқуқнинг умумий қабул қилинган норма ва тамойиллари, Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси қонунчиликлари, Бутунжаҳон почта иттифоқи ҳужжатлари қоидалари ҳамда Халқаро электр алоқаси иттифоқи тавсияларига мувофиқ ўз ваколатлари ҳамда имкониятлари ҳажмида ҳаракат қилиб, телекоммуникация ва почта алоқаси соҳасида ҳамкорлик қилишни давом эттирадилар ва кенгайтирадилар.
2-модда
Телекоммуникация ва почта алоқасини ташкил қилишдаги барча ўзгаришлар тўғрисида, шунингдек алоқа хизматлари учун ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида ушбу ўзгаришларнинг бошланиши таклиф этилаётган санадан уч ой олдин Томонлар бир-бирларини олдиндан хабардор этадилар.
Томонлар телекоммуникация, почта жўнатмалари ва махсус алоқа хизматларининг барча турларини, телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини ўзаро фойдали шартларда ўз давлатлари ҳудудидан транзит орқали эркин ўтказишни амалга оширишни кафолатлайдилар. Транзитда ўтказиш олдиндан шартлашувга биноан ва Томонларнинг органлари томонидан тасдиқланган йўналиш, рўйхат ва тариф бўйича амалга оширилади.
3-модда
Ушбу Битимни бажаришдан келиб чиқадиган ҳисоб-китоблар ва тўловлар Томонларнинг алоқа маъмуриятлари ўртасида амалда бўлган битимларга мувофиқ амалга оширилади.
Алоқа хизмати кўрсатишга доир барча ўзаро ҳисоб-китоблар марказлашган ҳолда тегишли хизматлар ва ваколатли банклар орқали Томонлар давлатларининг амалдаги қонунчиликларига мувофиқ амалга оширилади.
4-модда
Томонлар бир-бирларига Томонлар алоқа маъмуриятларининг учинчи мамлакатлар ва тегишли халқаро ташкилотлардаги фаолиятига тўсқинлик қилувчи ёки қийинлаштирувчи таҳқирловчи чораларни қўлламайдилар.
5-модда
Томонлар бошқа Томоннинг радио ва телевизион дастурларини ҳамда даврий нашрларини ёзилганлигига кўра ва сотувда ўз давлатлари ҳудудида Томонлар ёки уларнинг тегишли идоралари ўртасида тузилган шартномалар ва битимларда белгиланган ҳажмларда тарқатишни ташкил этишда бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар.
Томонлар зарур ҳолларда ўз ваколати доирасида ўз давлатида амалда бўлган қоидалар ва қонунчилик, халқаро битимлар, Халқаро электр алоқаси иттифоқи тавсияларига мувофиқ радио тўлқинларидан фойдаланишни мувофиқлаштирадилар.
Бундай мувофиқлаштириш корреспонденциялар алмашиш ёки алоҳида битимларни имзолаш йўли билан амалга оширилади.
6-модда
Томонлар хизматлар кўрсатишда иштирок этувчи барча алоқа корхоналари истеъмолчи олдида ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш учун тенг жавобгар бўлишлари тўғрисида келишдилар. Халқаро алоқанинг сифатсиз ишига шикоятни кўриб чиқиш тартиби Бутунжаҳон почта иттифоқи ҳужжатлари ва Халқаро электр алоқаси иттифоқи тавсиялари билан белгиланади.
7-модда
Томонлар рус ва инглиз тилларидан алоқа корхоналарининг телефончилари, телеграфчилари, техник ходимлари, почта ишчилари ўртасида хизмат ахбороти алмашиш учун, шунингдек хизмат ҳужжатларини айирбошлаш учун фойдаланишга келишдилар.
Томонлар давлатлари жўнатадиган почта жўнатмалари ва телеграммаларнинг манзиллари рус тилида ёки лотин ёзувида расмийлаштирилади.
Телеграммаларнинг матнлари лотин ёзувида қабул қилиниши ва узатилиши мумкин.
8-модда
Давлатлараро маълумотлар ва ахборотларни узатишнинг технологик жараёнларида Томонлар алоқа корхоналарида ягона ҳисоб-ҳисобот вақти — Москва вақтини қўллайдилар.
9-модда
Томонлар тезкор-техник бошқарув тизимларининг амалдаги технологик жараёнларга мувофиқ ўзаро ҳаракат қилишига ёрдам беришга келишдилар.
Томонлар фавқулодда вазиятларда алоқа воситалари орқали маълумотларни устувор узатишни таъминлайдилар.
Томонлар давлатлараро алоқа линияларида авария оқибатларини тугатишда ўзаро ёрдам кўрсатадилар.
Тиклаш ишларини амалга ошириш чоғида ўзаро биргаликда ҳаракат қилиш тартиби Томонларнинг алоқа маъмуриятлари томонидан ишлаб чиқилади ва келишилади.
10-модда
Томонлар давлатлараро аҳамиятга эга бўлган алоқа объектларининг қурилиши ва улардан фойдаланиш нормалари ҳамда қоидаларини мувофиқлаштиришга келишдилар.
11-модда
Томонлар телекоммуникация ва почта алоқаси соҳасидаги муносабатларда юзага келадиган низолар музокаралар йўли билан ҳал этилишига келишдилар.
12-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ёзма равишда розиликларига кўра ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб қолувчи протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
13-модда
Ушбу Битим Томонларнинг унинг кучга киритилиши учун зарур бўлган ички давлат тартибларини бажарганлиги тўғрисида охирги ёзма билдириши кунидан кучга киради ҳамда Томонлардан бири бошқа Томонни унинг ҳаракатларини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор этгунга қадар амалда бўлади.
Ушбу Битим бундай билдиришнома олингач олти ой ўтгач сўнг ўз кучини йўқотади.
Ушбу Битим ўз кучини йўқотганлиги Томонларнинг ушбу Битимнинг амалга ошириш бўйича вужудга келган ва унинг тўхтатиш пайтига бажарилмаган молиявий мажбуриятларига дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 18 июнда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Ушбу Битимни талқин этиш мақсадларида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)