LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Акциядорликка айлантирилаётган корхоналарнинг Ўзбекистон ва хорижий сармоядорларни жалб этишдан манфаатдорлигини ошириш, уларнинг техник қайта жиҳозланишини таъминлаш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда фонд бозоридаги фаолиятини рағбатлантириш мақсадида:
1. Акциядорликка айлантирилаётган корхоналарнинг акциялари пакетларини Ўзбекистон Президентининг 1997 йил 31 мартдаги 1740-сонли Фармонида белгиланган улушлари бўйича қуйидаги тартибда жойлаштирилсин:
меҳнат жамоаси акциялари пакети акциядорликка айлантирилаётган корхона тасарруфига берилади, жамоа аъзолари ўртасида тарқатилади ҳамда улар кўзлаган тартибда фойдаланилади;
давлатга тегишли акциялар пакети давлат мулкини бошқариш ваколатига эга бўлган орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ихтиёрида қолади;
эркин сотув ҳамда хорижий сармоядорларга сотишга мўлжалланган акциялар пакетлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ҳамда акциядорликка айлантирилаётган корхоналар томонидан биргаликда жойлаштирилади ва тарқатилади.
2. 1999 йил 1 январга қадар бўлган даврда эркин сотув ва хорижий сармоядорларга мўлжалланган акциялардан тушган маблағ (валюта ҳисобидаги тушумни ҳам ҳисобга олган ҳолда), истисно тарзида, тўлалигича (операция харажатларидан ташқари) қайтармаслик имтиёзи билан, акциядорликка айлантирилаётган корхоналарга ўтказилади. Бу маблағ солиққа тортилмайди ҳамда ундан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни ренавация қилиш ва янгилаш бўйича қатъий мақсад йўлида фойдаланилади.
Акциядорлик жамиятларига айлантирилаётган корхоналарнинг эркин сотув ва хорижий сармоядорларга мўлжалланган акцияларни сотишдан тушган маблағлари махсус очиладиган махсус ссуда ҳисобларида жамланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасига 1999 йил 1 январга қадар бўлган даврда акциядорлик жамиятларига айлантирилаётган корхоналар билан биргаликда уларнинг эркин сотув ва хорижий сармояларга мўлжалланган акцияларини сотиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этиш ҳуқуқи берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат Солиқ қўмитаси акциядорлик жамиятларининг акцияларни сотишдан ўз ихтиёрида қолган маблағлардан аниқ мақсадларда фойдаланиши устидан назорат қилсин. Бу маблағлардан кўзда тутилган мақсадларда фойдаланмаслик ҳоллари аниқланган тақдирда, улар республика бюджетига ўтказилади.
давлат корхоналарини акциядорлик жамиятларига айлантириш жараёнида пайдо бўлган акциялар янги эгаларига белгиланган тартибда сотилгунга қадар биринчи марта жойлаштирилган давлат мулки ҳисобланади;
акциядорлик жамиятлари томонидан дивидендларни ўтказиш, уларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдаги ҳолатига кўра, низом жамғармасининг бошланғич ҳажмига мувофиқ тарзда, мавжуд акцияларнинг тўла суммаси бўйича, акцияларнинг давлатга тегишли, лекин сотилмай қолган қисмини ҳам ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази вазирликлар, идоралар, концернлар, корпорациялар ва уюшмалар билан биргаликда 1998 йилнинг 1 чораги мобайнида акциядорлар рўйхатини улар олиши лозим бўлган дивидендларни тўлаш учун давлатга тегишли бўлган акциялар пакетларига мувофиқлаштирсинлар.
4. Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддат ичида Хусусийлаштириш Инвестиция Фондлари (ХИФлар) фаолиятини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин. Таклифда қуйидагилар ҳисобга олинсин:
ХИФларни бошқарувчи компанияларнинг молиявий барқарорлиги ҳамда уларнинг раҳбарлари профессионал даражасига талабчанликни ошириш;
ХИФларни бошқаришнинг чекланган кишилар доирасида концентрациялашуви ва ХИФлар активлари билан ғайриқонуний операциялар ўтказилишига барҳам бериш.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ва Давлат Солиқ қўмитаси бир ҳафта муддат ичида:
Вазирлар Маҳкамасига амалдаги қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида таклиф киритсин;
6. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.Чжен ҳамда Молия вазири Ж.Сайфиддинов зиммасига юклансин.