LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Колхозлар, совхозлар, ижара жамоалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг пахта хом ашёси ва пилла етиштиришни кўпайтириш ҳамда харид қилишдан манфаатдорлигини ошириш, бозор муносабатларига ўтиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ва кўрсатиб ўтилган маҳсулотларни сотишнинг мавжуд тартибини қисман ўзгартириб:
1. Белгилаб қўйилсинки, 1991 ва кейинги йиллар учун белгиланган топшириқдаги пахта толаси ва пилланинг 5 фоизи ҳамда белгиланган ҳажмдан ортиқча олинган мазкур маҳсулотларнинг ҳаммаси мамлакат ичкарисида ҳам ва ундан ташқарида ҳам колхозлар, совхозлар, ижара жамоалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ихтиёрий равишда сотилади.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятларнинг ижроия қўмиталари ва районларнинг ижроия қўмиталари, республикасининг кўрсатиб ўтилган маҳсулот турларини сотиш ва етказиб беришга дахлдор бўлган вазирликлари ва идоралари ушбу Фармоннинг сўзсиз бажарилишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси ҳукуматнинг тегишли қарорларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартишлар ва қўшимчаларни киритсин.