LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Капитал қурилишни ташкил этишни тартибга солиш, тузилма хусусияти ва аҳамиятига эга бўлган йирик объектлар қурилиши бўйича инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда зарур тартиб ўрнатиш, валюта маблағларидан самарали фойдаланиш, шунингдек хорижий ҳамкорлар олдида олинган мажбуриятларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида:
молиявий таъминот манбаларидан қатъи назар, қиймати 25 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлган (1991 йил нархида) объектлар;
ҳар йили давлат бюджети билан биргаликда тасдиқланадиган республика инвестицион дастурига киритилган объектлар;
лойиҳа қийматидан қатъи назар, ҳукумат кафиллигида хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб этилган ҳолда барпо этилаётган объектлар бўйича қурилиш, реконструкция қилиш ҳамда техник қайта жиҳозлашга қаратилган инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Қабул қилинган халқаро битимларда техник-иқтисодий асосларни тасдиқлашнинг бошқача тартиби кўзда тутилган бўлса, ана шу битимларда белгиланган тартиблар қўлланилади.
Инвестицион лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ва лойиҳа ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаганига қадар белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилиши лозим.
Корхоналарнинг, жойлардаги давлат органларининг ўз маблағи, тижорат банклари кредитлари ҳамда бевосита хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётган бошқа инвестицион лойиҳалар бўйича техник-иқтисодий асослар кўрсатилган органлар, корхоналар ёки уларнинг юқори ташкилотлари томонидан тасдиқланади.
2. Белгилаб қўйилсинки, қурилиш материаллари ва конструкциялар, бутловчи маҳсулотлар ҳамда бажарилган пудрат ишлари учун эркин муомаладаги валюта сарф қилинган ҳолда барпо этилаётган қурилишларнинг манзил рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда тузилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги ПФ-5296-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.01.2018 й., 06/18/5296/0534-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари объектлар қурилишини молиявий жиҳатдан таъминлашда мазкур Фармонда белгиланган инвестицион лойиҳаларнинг техник иқтисодий асосларини тасдиқлаш ва келишиш тартибларига қатъий амал қилсинлар.
4. Инвестицион лойиҳаларни барпо этиш ва амалга оширишнинг белгиланган тартибларига риоя қилиш бўйича шахсий жавобгарлик буюртмачи вазифасини бажараётган вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, корпорациялар, компаниялар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимининг капитал қурилиш бўйича ўринбосарлари, тижорат банклари бошқарувлари раислари зиммасига юклатилсин.
5. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда вилоятлар ва буюртмачилар мисолида тугалланмаган қурилиш бўйича ярим йиллик статистик ҳисоботни ишлаб чиқиб, 1998 йил 1 январидан жорий этсин.
Республика, соҳа ва ҳудудий миқёсларда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт якунларини кўриб чиқишда асосий эътибор тугалланмаган қурилишлар таҳлили ҳамда уларни камайтириш чораларига қаратилсин.
6. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. Султонов зиммасига юклансин.