Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАТАНИМИЗ ХАВФСИЗЛИГИ, САРҲАДЛАРИМИЗ ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА ҲАЛОК БЎЛГАН ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРНИНГ ОИЛАЛАРИГА ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ЁРДАМ КЎРСАТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Мамлакатимизнинг жанубий чегаралари орқали юртимизга суқилиб кирмоқчи бўлган террорчи-жангарилар гуруҳига қарши курашда жасорат ва матонат кўрсатиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига, оилаларига, ёру биродарларига ҳукуматимиз, бутун халқимиз номидан яна бир бор чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдириб, уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Молия вазирликлари биргаликда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва идоравий меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига тўланиши лозим бўлган маблағларни тезкорлик билан етказиб беришни таъминласин. Шунингдек, «Кафолат» суғурта компанияси белгиланган тартибда суғурта тўловларини амалга оширсин.
2. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларининг ҳар бирига қўшимча моддий ёрдам тариқасида Вазирлар Маҳкамаси захира фондидан бир миллион сўм миқдорида моддий ёрдам пули тўлансин. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу ёрдам пулининг тўланишини таъминласин.
3. Маҳаллий ҳокимлик идоралари:
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларининг турмуш шароити ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан зарур ёрдам чораларини кўрсин;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг номларини абадийлаштириш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 15 август,
324-сон