ЎзбекиСтон Республикасининг қонуни
Алоқа тўғрисида
Мазкур Қонун Ўзбекистан Республикасининг 2024 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-1015-сонли «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Алоқа тўғрисида»ги Қонуни алоқа тармоқларини ташкил қилишнинг умумий ҳуқуқий, иқтисодий асосларини, алоқа шохобчаларини барпо этиш ва улардан фойдаланишда, алоқа хизмати кўрсатишда мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ва фуқароларнинг алоқа воситаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш, уларни тасарруф этиш ва бошқариш соҳасидаги ҳуқуқлари ва вазифаларини, шунингдек берилган ҳуқуқларни бузганлик ва вазифаларини бажармаганлик учун жавобгарлик чораларини белгилайди.
1-модда. Алоқанинг вазифалари
Алоқа Ўзбекистон Республикаси хўжалик ва ижтимоий инфраструктурасининг таркибий қисми бўлиб, аҳолининг, хўжалик субъектларининг, давлат идораларининг почта, телефон, телеграф, радио ва ахборотнинг ўзга турларини узатиш ва қабул қилиш ҳамда алоқа тармоғи орқали жўнатилаётган ашёларни етказиб беришга бўлган эҳтиёжлари қондирилишини таъминлайди.
2-модда. Алоқа соҳасидаги муносабатларнинг объектлари ва субъектлари
Почта ва электр алоқа тармоқлари — алоқа соҳасидаги муносабатларнинг объектлари бўлиб, улар почта жўнатмаларини қабул қилиб олиш, ташиш ва кўрсатилган жойга етказиб бериш, шунингдек ахборотларни электр қуввати ва электромагнит нурланишдан фойдаланиб тайёрлаш, узатиш ва қабул қилиш воситаларининг йиғиндиси ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари, ажнабий юридик шахслар ва фуқаролар алоқа соҳасидаги муносабатларнинг субъектларидир.
3-модда. Алоқа тўғрисидаги қонунлар
Кейинги таҳрирга қаранг.
Алоқа соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонун, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб борилади.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг алоқа соҳасидаги ваколатлари
Алоқа соҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ихтиёрига:
алоқа соҳасидаги қонунлар;
алоқа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий қоидаларини белгилаш;
халқаро шартномаларни ратификациялаш;
Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган бошқа ваколатларни амалга ошириш киради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5-модда. Алоқа соҳасида давлат бошқаруви
Алоқа соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан, шунингдек у ваколат берган идора (Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги) томонидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги ўзига бўйсунадиган алоқа воситаларига раҳбарлик қилади, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган алоқа воситалари фаолиятини мувофиқлаштириб боради, алоқа воситалари устидан давлат техникавий назоратини амалга оширади, мулкчилик шаклидан, кимнинг тасарруфида эканлигидан қатъи назар алоқа корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари кўрсатаётган хизмат сифатини текшириб боради.
Почта тўлови белгиларини нашр этиш мутлақ ҳуқуқи Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлигига тегишлидир.
(5-модда Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрдаги 549-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1998 й., 3-сон, 38-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-модда. Алоқа тармоқлари ва воситаларига эгалик
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мулкчиликнинг якка тартибдаги, жамоа, давлат ва аралаш шаклларига асосланган, шунингдек хорижий юридик шахслар ва фуқаролар эгалигида бўлган аҳолига алоқа хизмати кўрсатувчи корхоналар фаолият кўрсатиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7-модда. Идоравий алоқа тармоқлари
Идоравий, жамоа алоқа тармоқлари ва воситалари, алоҳида шахсларга қарашли алоқа тармоқлари ва воситалари ишлаб турган умумдавлат алоқа тармоғига шартнома асосида, алоқа корхоналарининг белгилаб қўйилган техникавий ва технологик талабларига риоя қилган ҳолда киритилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Идоравий тармоқлар белгиланган тартибда Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги корхоналарининг балансига ва улар томонидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатишга топширилиши мумкин.
(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрдаги 549-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1998 й., 3-сон, 38-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
8-модда. Алоқа воситаларини ривожлантириш
Давлат алоқа воситаларини ривожлантириш ва қайта қуриш давлат идораларининг маблағлари, ўз маблағлари, банкларнинг кредитлари, жалб қилинган маблағлар ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида ман этилмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
Бошқа алоқа воситаларини ривожлантириш, қайта қуриш уларнинг эгалари томонидан ўз маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида ман этилмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
Муайян эгаликдаги ер ҳудудлари, кўприклар, тоннеллар орқали, кўчалардан, иншоотлардан, коллекторлардан, ман этилган ҳудудлардан, ўрмонлардан алоқа коммуникациялари ўтказишда бундай коммуникацияларни ўтказиш шартлари ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар ҳамда юқорида қайд этилган объектларнинг эгалари билан келишилади.
Иншоотлар, йўллар, кўприклар ва бошқа объектлар барпо этилаётганда ёки қайта қурилаётганда алоқа тармоқларини қайта жойлаштириш ва кўчириш ишлари қурилиш буюртмачилари томонидан ўз маблағи ҳисобидан ва алоқа коммуникацияларининг эгалари тақдим этган техник шартларга мувофиқ бажарилади.
Даҳа ичкарисидаги алоқа коммуникациялари қурилиш буюртмачилари томонидан лойиҳаланади ва барпо этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Алоқа воситалари ва тармоқларини муҳофаза қилиш зоналари
Алоқа линиялари бўйлаб, радиотелевизион узатиш станцияларига, радиореле линияларига, бошқа алоқа объектларига туташ ерлардан ажратиб берилган ерлар алоқа воситалари ва тармоқларининг муҳофаза минтақасини ташкил қилади.
Электр алоқа воситалари ва тармоқларининг сақланишини таъминлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тартибга солиб турилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10-модда. Ёзишма, телефон сўзлашувлари ва телеграф хабарларини сир сақлаш
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ ёзишма, телефон сўзлашувлари, телеграф хабарларининг сир сақланиши қонун билан муҳофаза этилади.
Ёзишмаларни очиб ўқишга ва ушбу модданинг биринчи қисмида қайд этилган қоидалар бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган алоқа ходимлари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар, Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11-модда. Алоқа хизматларига ҳақ тўлаш
Ўзбекистон Республикасининг давлат алоқа корхоналари кўрсатадиган хизматларга Ўзбекистон Республикаси норматив ҳужжатларида белгиланган нархлар ва тарифларга мувофиқ ҳақ тўланади.
Алоқа воситаларига мулкчилик ҳуқуқи асосида эгалик қилувчи давлатга қарашли бўлмаган корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар ўзлари кўрсатган хизматларга нархлар ва тарифларни мустақил равишда белгилашлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12-модда. Радиочастоталарни тақсимлаш ва рухсатномалар бериш
Радиочастоталарни корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар ўртасида тақсимлаш Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги томонидан халқаро битимлар асосида амалга оширилади ва электромагнит тўлқинларини тарқатувчи иншоотлар ва воситаларни сотиб олиш, қуриш ва фойдаланиш учун рухсатномалар берилади, шунингдек ушбу иншоотлар ва воситалар иши назорат қилинади.
(12-модда Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрдаги 549-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1998 й., 3-сон, 38-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
13-модда. Алоқада хизматга оид муомала тили, ёзишмаларни жўнатиш тили ҳамда ҳисобга олиш ва ҳисоботга доир вақт
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тезкор бошқарув ва диспетчерлик алоқа тизимида хизматга оид муомала, шунингдек почта ва телеграф ёзишмаларини йўллаш «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Халқаро ахборот ва жўнатмалар почта ва электр алоқа орқали икки томонлама битимларда, шунингдек халқаро келишув ва битимларнинг қоидаларида белгиланган тилларда жўнатилади.
Маълумотларни узатишнинг технологик жараёнларида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисобга олиш ва ҳисоботга оид ягона вақт — маҳаллий вақт белгиланади.
Маълумотларни узатишнинг халқаро технологик жараёнларида ахборотлар узатиш ва почта жўнатмаларини юборишда ҳисобга олиш ва ҳисоботга оид вақт халқаро келишув ва битимларга мувофиқ белгиланади.
14-модда. Алоқага доир қонунларга риоя этмаганлик учун жавобгарлик
Кейинги таҳрирга қаранг.
Алоқа корхоналари Ўзбекистон Республикасининг алоқа Уставида, халқаро конвенциялар ва битимларда кўзда тутилган ҳолларда кўрсатилаётган хизмат сифати учун мижозлар олдида моддий жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Қонуннинг талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ маъмурий ёки жиноий жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15-модда. Алоқа соҳасидаги халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси алоқа жабҳасида фаолият кўрсатаётган давлатлараро ва халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномалар ва битимларга мувофиқ ҳуқуқий, технологик ҳамда молиявий муносабатлар ўрнатади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 13 январь,
512-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 3-сон, 159-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 3-сон, 38-модда; 2000 й., 5-6-сон, 153-модда; 2003 й., 5-сон, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 20-сон, 222-модда; 2017 й., 16-сон, 265-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 25.10.2023 й., 03/23/871/0797-сон)