Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 31 декабрдаги ПҚ-2463-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тузилмасини мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инвестиция лойиҳаларининг экспертизасини амалга оширишда давлат ва якка тартибда ёндашувни таъминлаш, бюрократизм, расмиятчилик ва сансалорлик фактларига қатъиян чек қўйиш ва олдини олиш, экспертиза натижалари учун мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири зиммасига вазирликда ўтказиладиган инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослари самарадорлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш, шунингдек инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда қатъий назоратни амалга ошириш учун шахсий жавобгарлик юклансин.
2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг Хорижий инвестицияларни жалб этиш ва инвестиция таклифлари мониторинги бош бошқармаси бевосита вазирга бўйсунади.
3. Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири (Э.М. Ғаниев) бир ҳафта муддатда ушбу қарордан келиб чиқадиган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда Хорижий инвестицияларни жалб этиш ва инвестиция таклифлари мониторинги бош бошқармасининг тузилмаси ва Низомини қайта кўриб чиқсин ҳамда янгиларини тасдиқласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 4 январь,
ПҚ-554-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 1-2-сон, 6-модда)