LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Хорижий давлатларнинг дипломатик ва консуллик ваколатхоналари ҳамда уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг эҳтиёжлари учун, шунингдек уларнинг ходимлари эҳтиёжлари учун автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасига вақтинчалик олиб келиш шартларини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 августдаги 399-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 8-сон, 85-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар ва транспорт воситаларини четдан вақтинчалик олиб келиш қоидаларининг II бўлими 5-бандининг «а» кичик банди қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
мазкур кичик банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган ваколатхоналар учун, — бир ходимга 1 та (битта) автотранспорт воситаси;
мазкур кичик банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган жисмоний шахсларнинг шахсий фойдаланиши учун, — ваколатхонанинг бир ходимига ва унинг оиласининг вояга етган аъзосига 1 тадан (биттадан) автотранспорт воситаси, бироқ бир оилага 2 тадан (иккитадан) ортиқ бўлмаган автотранспорт воситаси ҳисобидан келиб чиқиб йўл қўйилади.
Автотранспорт воситаларини вақтинчалик олиб келишга миқдорий чеклашлар Ўзбекистон Республикасининг эришилган аҳдлашувларидан келиб чиқиб, шунингдек бараварлик шартларида ёки мурувват лойиҳалари ва техник кўмаклашиш лойиҳаларини амалга ошириш учун ўзгартирилиши мумкин. Миқдорий чеклаш ўзгариши тўғрисидаги қарор аккредитация бўйича ваколатли органнинг биринчи раҳбари томонидан қабул қилинади, кейинчалик бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилинади».
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.