Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлганда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 9 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3936]
Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-161-сон «Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 48-сон «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлганда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Э. АДИЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 август,
17-сон
Келишилди:
Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ
2026 йил 16 июнь
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ
2026 йил 8 май
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси К. РАФИКОВ
2026 йил 7 май
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ
2026 йил 5 май
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2026 йил 5 май
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 7 августдаги 17-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлганда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар (бундан буён матнда юқумли касалликлар деб юритилади) тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоида
1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
профилактик эмлаш — юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида вакциналарни қўллаш орқали инсон организмида иммунитет ҳосил қилишга қаратилган тиббий тадбир;
профилактик эмлаш ўтказиладиган шахслар гуруҳи — эпидемик кўрсаткичлардан келиб чиқиб, профилактик эмлаш ўтказилиши белгиланган ҳудудда яшовчи ёки фаолият юритувчи ёхуд касалликни юқтириш хавфи юқори бўлган шахслар гуруҳи.
2-боб. Профилактик эмлашни жорий этиш
2. Ўзбекистон Республикаси «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунининг 28-моддасига мувофиқ юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг (бундан буён матнда Бош давлат санитария врачи деб юритилади) профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкин.
3. Профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарор асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилишига қуйидаги ҳолатлар асос бўлади:
юқумли касалликларнинг ҳудудда аниқланиши;
юқумли касалликлар билан касалланиш кўрсаткичларининг эпидемиологик жиҳатдан хавфли даражада ошиши;
юқумли касалликларнинг кенг тарқалиш хавфининг мавжудлиги;
аҳолининг айрим гуруҳларида юқумли касалликларни юқтириш хавфининг юқорилиги.
4. Профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар белгиланади:
юқумли касалликнинг номи;
профилактик эмлашни жорий этиш асоси;
профилактик эмлашни ўтказишдан кўзланган мақсад;
профилактик эмлаш ўтказиладиган ҳудуд;
профилактик эмлаш ўтказиладиган шахслар гуруҳи;
қўлланиладиган вакцина тури;
профилактик эмлашни бошлаш муддати;
зарур ҳолларда профилактик эмлашни якунлаш муддати;
профилактик эмлашни ташкил этувчи ва амалга оширувчи давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари;
профилактик эмлашни назорат қилиш учун масъул Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари (бундан буён матнда ҳудудий санитария-эпидемиология органлари деб юритилади);
зарур ҳолларда қўшимча санитария-профилактика тадбирлари.
5. Профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарор агар қарорда бошқача муддат белгиланмаган бўлса, Бош давлат санитария врачи томонидан имзоланган кундан эътиборан кучга киради.
6. Профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарор Бош давлат санитария врачи томонидан имзоланган куннинг ўзида тегишли давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тиббиёт, таълим, маданият ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда профилактик эмлашдан ўтказиладиган шахслар эътиборига етказилади.
Бунда профилактик эмлашдан ўтказиладиган шахслар мазкур қарор ҳақида ёзма ёки электрон тарзда ёхуд оммавий ахборот воситалари, радио, телевидения ва интернет тармоғидаги расмий ахборот ресурслари орқали хабардор қилинади.
7. Юқумли касалликларнинг янги ҳолатлари кузатилиши тўхтаганлиги аниқланган кундан бошлаб уч иш куни ичида, ҳудудий санитария-эпидемиология органлари томонидан Бош давлат санитария врачига профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарорнинг амал қилишини тугатиш ҳақида таклиф киритилади.
Бош давлат санитария врачи мазкур таклифни ўн беш иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда профилактик эмлашни давом эттириш зарурати мавжуд эмаслиги тўғрисида хулоса қилинган тақдирда, профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарорнинг амал қилишини тугатиш ҳақида қарор қабул қилади.
8. Профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарорнинг амал қилишини тугатиш ҳақида қарор Бош давлат санитария врачи томонидан имзоланган куннинг ўзида тегишли давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тиббиёт, таълим, маданият ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар эътиборига етказилади.
Бунда аҳоли мазкур қарор тўғрисида оммавий ахборот воситалари, радио, телевидение ва интернет тармоғидаги расмий ахборот ресурслари орқали хабардор қилинади.
3-боб. Профилактик эмлаш ўтказиладиган шахслар гуруҳини аниқлаш ва профилактик эмлашни режалаштириш
9. Профилактик эмлаш тадбирлари биринчи навбатда юқумли касалликларни ўзига юқтириш ёки уларни бошқаларга юқтириш хавфи юқори бўлган шахслар гуруҳи, шунингдек юқумли касалликлар ўчоғида бемор билан мулоқотда бўлганлар ҳамда эпидемиологик кўрсатма бўйича профилактик эмланиши лозим бўлган шахслардан бошланади.
10. Профилактик эмлаш ўтказиладиган шахслар гуруҳи эпидемик кўрсаткичлар, юқумли касалликларнинг тарқалиш хусусиятлари ва юқтириш хавфи ҳамда вакцина қўллаш бўйича тиббий йўриқномадан келиб чиқиб, Бош давлат санитария врачи томонидан қабул қилинадиган профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарорда белгиланади.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари томонидан профилактик эмлаш тадбирларини ўтказиш режаси ишлаб чиқилади.
11. Профилактик эмлаш тадбирларини ўтказиш режасида қуйидагилар назарда тутилади:
профилактик эмланиши лозим бўлган шахслар сони;
профилактик эмлашни ўтказиш муддатлари;
профилактик эмлаш ўтказиладиган жойлар;
профилактик эмлашни амалга оширувчи тиббиёт ходимлари;
зарур вакциналар миқдори;
профилактик эмлашдан олдинги тиббий кўрикни ташкил этиш;
профилактик эмлашдан кейинги тиббий кузатувни ташкил этиш.
4-боб. Профилактик эмлашни ташкил этиш ва ўтказиш
12. Профилактик эмлаш давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари томонидан профилактик эмлаш тадбирларини ўтказиш режасига мувофиқ ташкил этилади ва амалга оширилади.
13. Профилактик эмлаш тегишли малака ва кўникмага эга тиббиёт ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилган ва тиббиётда қўлланилишига рухсат этилган вакциналардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Профилактик эмлаш ўтказиладиган шахслар гуруҳини давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларига жалб этиш мазкур муассасалар томонидан амалга оширилади.
14. Профилактик эмлашдан олдин шахс тиббий кўрикдан ўтказилади.
Тиббий кўрик натижасига кўра шахснинг профилактик эмлашга монелик қилувчи тиббий ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқланади.
15. Профилактик эмлашни ўтказишга монелик қилувчи тиббий ҳолатларга қуйидагилар киради:
вакцина таркибидаги компонентларга юқори сезувчанлик;
илгари тегишли вакциналар қўлланилганда оғир аллергик реакция кузатилганлиги;
вакцинани қўллаш бўйича тиббий йўриқномада белгиланган ва бошқа қарши кўрсатмаларнинг мавжудлиги.
16. Тиббий кўрик натижасига кўра профилактик эмлашни ўтказишга монелик қилувчи ҳолатлар вакцинанинг муайян турига тааллуқли бўлган тақдирда, профилактик эмлаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилган ва тиббиётда қўлланилишига рухсат этилган бошқа вакцина билан амалга оширилади.
Профилактик эмлашга монелик қилувчи ҳолат барча вакциналарни қўллашга тааллуқли бўлган тақдирда, эмлаш ўтказилмайди ва шахс юқумли касалликни юқтириш ёки бошқаларга юқтириш хавфини камайтиришга қаратилган профилактик ва эпидемиологик тадбирларга жалб этилади.
17. Вакцинани қўллашда унинг ишлаб чиқарувчиси томонидан белгиланган қўллаш усули, дозаси, ёшга оид чекловлар, профилактик эмлашлар ўртасидаги интерваллар ва бошқа тиббий талаблар инобатга олинади.
18. Профилактик эмлашдан олдин шахсга тиббиёт ходими томонидан профилактик эмлашнинг мақсади, қўлланиладиган вакцина, унинг эҳтимолий таъсири, профилактик эмлашдан кейинги кузатув ҳамда профилактик эмлашни рад этишнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида маълумот берилади.
19. Профилактик эмлашни амалга оширган тиббиёт ходими эмлашдан ўтказилган ҳар бир шахс тўғрисидаги профилактик эмлашга оид маълумотларни (эмланган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, эмлаш санаси, вакцинанинг номи ва серияси ва бошқалар) профилактик эмлаш ўтказилганидан кейин шу вақтнинг ўзида Ягона тиббиёт ахборот тизимига киритади.
20. Профилактик эмлашдан ўтказилган шахс эмлашдан кейинги ҳолатини кузатиш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган ножўя ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида дастлабки 30 дақиқа давомида тиббиёт ходими кузатувида бўлади, кейинги 3 кун давомида шифокор ва патронаж ҳамшира томонидан кузатилади.
21. Профилактик эмлашдан кейинги нохуш ҳолатлар аниқланганда шахсга давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилади.
22. Профилактик эмлашни амалга ошириш учун давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари томонидан қуйидаги хавфсизлик чоралари кўрилиши лозим:
давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларининг тиббиёт ходимларини шахсий ҳимоя воситалари (тиббий халат, тиббий ниқоб, тиббий қўлқоп) билан таъминлаш;
профилактик эмлаш хонаси шамоллатиладиган бўлиши;
профилактик эмлаш хонаси бошқа даволаш хизматлари хоналаридан алоҳида бўлиши (алоҳида кириш жойи билан);
профилактик эмлаш хонаси олдида одамларнинг тўпланишини чегаралаш ва зарурат бўлган тақдирда қўшимча профилактик эмлаш хоналарини ташкил қилиш ҳамда аҳолини хавфсиз профилактик эмлашни таъминлаш;
профилактик эмлашдан ўтказиладиган шахслар ўртасида кутиш вақтида камида 1 метр масофа сақланишини таъминлаш.
23. Давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари профилактик эмлашни ўтказиш жараёнида эмланган шахсларда эмлашдан кейин юзага келиши мумкин бўлган ножўя ҳолатлар учун интенсив терапия ва реанимация ёрдами кўрсатилишини таъминлаши, шунингдек шошилинч ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари захирасини яратиши лозим.
5-боб. Якуний қоида
24. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.09.2026 й., 10/26/3936/0915-сон)